Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўз-ўзимга риторик саволлар

Ўз-ўзимга риторик саволлар
09 Ekim 2017 - 15:31 'да юкланди ва 1067 марта ўқилди.

(сўнгги воқеалар борасида)

Бир мен эмас, балки мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган кўпчилик, худди мен каби ўзига шу саволларни бераётган бўлса ажабмас: “адолат душманларини шафқатсиз жазолашга ваъда берган мамлакат президенти мамлакатнинг ватанпарвар ўғлони Бобомурод Абдуллаевга қарши ашаддий адолатсизлик ва сурбетларча айбловни кўриб, қандай позицияни эгалламоқчи?”

Ижтимоий тармоқларда Бобомуродни қўллаб-қувватлаш нафақат хорижда, балки мамлакат ичида ҳам соат сайин ортиб бормоқда. Тошкентлик ёзувчи ва журналистлар таниқли публицист Бобомурод Абдулла-Ҳақназаровнинг ҳибсга олиниши борасида ўз норозиликларини билдиришмоқда. Унга нисбатан кеча эълон қилинган дастлабки айблов хулосаси эса ўзининг бемаънилиги ва ҳаёсизлиги билан кўпчиликни эсанкиратиб қўйди.

Amnesty International ва Human Rights Watch халқаро ташкилотлaри эса Абдуллаев-Ҳақназаровни ҳибсга олиниши ва унга қарши қўйилган айблар сиёсий эканлиги айтиб, уни дарҳол озод этишга чақирдилар. Кам эмас, кўп эмас дунё бўйлаб 35 та фуқаролик жамияти ташкилотлари журналистни ҳимоясига баёнот билан чиқдилар.

Жуда куп инсонлар Абдуллаев-Ҳақназаровнинг ҳимояси учун имзо йиғиш ва шу каби дастаклаовчи ишлар билан шуғулланишмоқда.

Аммо президент томонидан бу “иш”га ҳеч қандай муносабат кузатилмаяпти.

Мен умуман, президент Мирзиёев Каримовнинг “дунё ҳамжамияти фикрига тупуриш” анъанасини давом эттиради деб, ўйламайман. У мамлакатни Каримов режими олиб келган чуқур турғунлик ҳолатидан олиб чиқиш учун, бугун дунё ҳамжамиятининг қўллаб-қувватлаши нақадар муҳим эканлигини тушуниш учун етарли даражада оқил.

У ҳолда гап нимада?

Бу қалтис ҳолат ҳақида икки фикр бор.

Биринчиси: Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ўз раҳбари Иноятов билан ҳали ҳам қудратли ва у президентга фаолият эркинлигини бермаяпти.

Иккинчиси: Йўқ, бу иккита бош ролдаги икки актёрнинг ўйини. Бири миллат халоскори, адолат курашчиси ролини ўйнаётган бўлса, иккинчиси – унинг душмани ролида. Аммо иккаласининг ҳам мақсади бир: авторитар ҳокимиятнинг кво статусини сақлаб қолган ҳолда, мамлакатнинг сиёсий ҳаётида ҳеч нарсани ўзгартирмай, эски режимни ислоҳ қилиб, вақтдан ютиш.

Жамият мана шу икки фикр орасида иккиланмоқда – бориб келиб турибди.

Биринчи вазиятни ҳам,иккинчи вазиятни ҳам тасдиқловчи ҳолатга дуч келмоқдамиз, аммо улар ҳақиқатдан ҳам фақат ҳолат, тенденция эмас. Шу боис, бу мавзуда жамият фикрининг иккиланиши бундан кейин ҳам давом этадиганга ўхшайди.

Реал ҳаётда МХХ (Иноятов) долзарб масалалар бўйича қарор қабул қилишда президентдан кўра фаолроқ.

Публицистга қарши ишни МХХ қўзғатди, уни МХХ қўлга олди, ММХ тергов қилмоқда, МХХ қийноққа тутмоқда, МХХ “хулоса” қилмоқда, МХХ айблов ёзиб, матбуотга бу ҳақда маълумотни ҳам МХХ бермоқда.

Ва шубҳа йўқки бу “иш” МХХ (Иноятов) кўраётган шаклда хулосаланади.

Энди, Юнусобод туман судининг шундай номланувчи “Аниқлови”дан сўнг, кўз ўнгимизда “Абдуллаев-Ҳақназаров иши” бўйича, МХХ (Иноятов) кўзлаган икки мақсад шаклланаяпти: биринчиси – тактик, иккинчиси – стратегик.

Тактик мақсад – бир зарба билан Иноятовчиларни фош қилиб келган Ҳақназаров-Абдуллаевни йўқ қилиш.

Стратегик мақсад – аҳолининг ўзгача фикрловчи, сиёсий ва диний мухолифати билан ҳукумат ўртасида бошланган муносабатлардаги илиқлашув жараёнини тўхтатиш. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат ичида мустақил лидер, хорижда эса ислоҳотчи лидер сифатидаги обрўсини тушириш.

МХХ биринчи мақсадига эришди.

Иноятовчиларнинг ашаддий душмани Ҳақназаров Иноятовнинг қўлида. Биз Тошкентдан тергов остидаги инсон ҳақида қўрқинчли хабарларни олмоқдамиз: қийноқлар натижасида у ҳаттоки ҳожатхонага ҳам боролмайдиган ҳолатда, ҳожатини ётган ерига қилмоқда…Айнан шунинг учун Иноятов унинг олдига МХХнинг қийноққа солувчи ҳайвонларидан бошқа кимсани киритмаяпти.Айнан шунинг учун Абдуллаев-Ҳақназаровни мана 13 кундирки адвокатсиз сўроқ қилишмоқда.

Иноятовчилар, Ҳақназаров иши бўйича дастлабки айбловга менинг исмимни (Муҳаммад Солиҳ) қўшиш билан иккинчи мақсад учун ҳам бир неча қадам қўйди. Чунки Иноятовчилар сиёсий мухолифатнинг ватанга қайтишидан жуда ҳам қўрқишади.

Чунки Иноятовчи қотиллар, полковник Маҳмуд Худойбердиев отряди бошчилигида, 2005 йилнинг 13 май кунги Андижон қирғинини уюштиришган. (М.Худойбердиевнинг вилласи, Иноятовнинг собиқ ўнг қўли, яқинда давлат мулкини ўғирлаш ва наркобаронликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Шуҳрат Ғуломовнинг вилласи билан ёнма-ён жойлашган). МХХнинг даҳшатли машҳур ертўласида Иноятовчилар жуда кўп диний лидерларни қийноқларга солиб, ўлдирдилар. Кўплаб одамлар, уларнинг уйларига МХХ ташрифидан сўнг бедарак йўқолдилар.

Шундай инсонлардан сўнггиси – интернет сайтларида “Абдуллоҳ Нусрат” тахаллуси остида мақолалар ёзиб келган ёш олим Акром Маликов (1990) 2016 йилнинг 29 июлида МХХ ходимлари тарафидан ўғирлаб кетилди ва бугунгача қаерда эканлигидан дарак йўқ.…

Агар мухолифат ватанга қайтса, албатта ҳукуматдан барча қотилларни қонун доирасида жазога тортишини талаб қилади. Иноятов мана шундан қўрқади.

(давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар