Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

У кўринмас бир ўтда ёнмоқда эди…

У кўринмас бир ўтда ёнмоқда эди…
10 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 942 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

16-қисм

Еттинчи боб

Султонбоғида казо-казоларнинг ҳашаматли ҳовлилари қад ростлаганди. Нозима Муниснинг қўшнилари орасида ҳукумат мулозимларини, ҳар хил таниқли одамларни учратиш мумкин эди. Бухороча услубда ўйиб ишланган нақшинкор дарвоза ланг очиқ турар, дарвоза каби нақшбанд услубда ясалган картда ўтирган Нозима Мунисни ишизловчилар ўраб олгандилар. Рўй бериши муқаррар ҳодиса содир бўлганди. У бошини рўмол билан сиқиб боғлаганди. Қовоқлари шишиб, кўзларини ости ароқхўрники сингари салқиганди. Туриш-турмушидан хомушлик анқир, қиёфасидан бахтсизлик ёғиларди. Ишизловчилар ва ўртакашлар ундан берган пулларини талаб этаётгандилар. Юк остида қолган эшакнинг миндувига халалагандек, уни сўз билан савалардилар. Унинг жони чиқаётган бўлса ҳам, қони чиқмас, қони зардобга, қурумга айланганди, томирларида йиринг оқар, қарашларидан азоб кўпчирди, юраги сувга ботмас ўпка каби бўғзига тиқилганди. У кўринмас бир ўтда ёнмоқда эди. Музлаганди, балолар ичра қолганди, чорасиз эди, нима дейишини билмасди. Чунки у айтадиганларини юз марталаб, минг марталаб айтиб бўлганди…

Қизлари ичкарида қамалиб олгандилар. Настя икки ўртада кайвонилик этиб юрарди. Нозима Муниснинг уни ҳайдаб солишга қурби етмаганди. Қизлари унга ишонмай, ўзини муттаҳамга чиқаргандилар. Вазият Амира Кимё чизган чизиқ бўйлаб оқарди. Барчасини у парда ортида туриб бошқарарди. Баҳром унинг атрофидагилардан Таваккални, Ноилани, Айидани ва Малакхоннинг эрини танирди. Бошқаларнинг кўпчилигини биринчи марта кўраётганди. Малакхон пулини фоизи билан ундирган бўлса ҳам, эри Нозима Муниснинг устида кўкрак кериб, ундан қарзини қайтаришни талаб этаётганди. Амира Кимёнинг бундай йўл тутиши Нозима Муниснинг ёзини қаҳратон қишга айлантириш учун жуда муҳим эди. Шу йўл билан бутун айбни унинг бошига тўнкарарди.

Карт ёнида курси қўйиб ўтириб олган Ноиланинг йилтиллаб турган сарғиш юзларидан тинмай тер томчиларди. Семизлик уни адойи тамом қилганди. Қийиқ билан юзидаги ва бўйниларидаги ёғ аралаш терларни артган билан адо бўлмас, чашмадек  қуйилиб келарди.

–  Пулларимизни кимга берганингизни аниқ айта оласизми? – дея сўради у.

 Эрталабдан буён Нозима Мунис бу сўзни юз марта, минг марта эшитаган, жавоб беравериб чарчаган, энди эшитса кўнгли айниб, қусгиси келарди.

– Жо-он опажон! – деди давом этиб Айида. – Қайтариб олиб бермасангиз, қарздорлар уй-жойимизга қўшиб бола-чақамизни ёқиб юборадилар. Бизга раҳмингиз келмаса, уларга раҳмингиз келсин!

Унинг қон урган пўтстдумбага ўхшаш кўкимтир юзидан маъно уқиш мушкул эди. Бироқ Нозима Мунисдан катта қарзи борлиги учун Ноила каби ботиниброқ сўз айтолмас, бошқаларни гиж-гижлаш учунгина оловга мой сепиб қўярди. Тек ўтирса, Амира Кимёдан таъзирини ерди.

–  Бошқалар билан ишим йўқ! – деди юзига қони тепган Малакхоннинг эри. – Пулимни топсанг топасан, топмасанг ошхонанинг ўтмас пичоғи билан қизларингнинг катта киндигидан тортиб бўғзигача йиртаман. Охирида ўзингни тилиб, тузлаб, гўштингни қизларингни кўтанрўдасига тиқиб қази этаман. Суякларингни уйингнинг томига отиб, жони жаҳонингга ўт қўяман. Бола-чақа боқамиз дея уйни гаровга қўйиб, ҳам уйдан, ҳам пулдан айрилиб ўтирипман. Одамларнинг кўзига қандай қарайман? Малакхонни Ғиждувонда етти ёшдан етмиш ёшгача барча танийди. Бизнинг кимлигимизни биласанми ўзи?

–  “Сен”сирамай ўл, минг марта айттим, нимага тушунмайсан? Пулни Марат олган. У сенга берганини айтди. Ўлдирсанг ўлдир, нимага қараб турипсан? Жонимдан ҳам тўйиб кетдим!

Орада ҳурмат-иззат қолмаганди. Аввал бир-бирларини ялаб-юлқашга тайёр бу одамлар эндиликда бир-бирларини “сен”сирашга тушгандилар, бир-бирларининг бошларидан мағзава тўкардилар.

– Хайрият, тилинг бор экан, гунграркансан-ку! – деди заҳарханда қаҳқаҳа отган Малакхоннинг эри. – Хотиним пулни сенга санаб берган, Маратга эмас. Ўша хотинбоз этикдўзни кўп гапирма. Қўл-қўлни, шариат йўлни танийди, пулни мендан олгансан, менга қайтарасан. Маратга пул берган бўлсанг, ўзингнинг муаммойинг. Мени бировларнинг бош оғриғига аралаштирма!

– Бор, билганингдан қолма, ҳезалак! – дея Нозима Мунис бақириб юборди. – Ўша этикдўз мулойим хунукнинг хотинбозлигини ёқтирмаскансан, хотининг билан нега қўшиб қўйипсан? Ҳувайрилигингни мендан нарида қил, бошсиз ҳайвон!

– Манжалақи, ўлдираман сени! – дея Малакхоннинг эрини кўзлари ола-кула бўлиб, муштларини дўлайтириб, оғзидан тупик сочди.

Қўққисдан Нозима Мунисга ташланганида, уни тутиб қолишди.

Шунда ҳар кимнинг оғзига бир қараб лаллайиб ўтирган Таваккал тилга кирди.

– Ҳело-ҳело, қимонгла. Теомдаги қуруқ хешок сингери ҳўл-қуруқ беб-баровар ёниб кетомиза, Худо кўрсетмесин. Гадалалупанинг сериели ҳам буни олдида бир тийин бўлиб қолмесин теғин!

Ҳовлида одам кўп эди. Бири кўчага чиқса, бири қайтиб кирарди. Биров-бировга эътибор бермасди. Баҳромнинг келганини Настя йигирма дақиқалар ўтгандан кейин пайқади.

Таваккал ҳовлиққанидан шевада гапириб қўйганини билмай қолганди. Хўмрайиб ўтирган қарздорлар кулиб юбордилар. У ўсал бўлган кимса сингари ўзини ноқулай ҳис эта бошлади. Мийиғида кулиб, барчага бир-бир кўз югуртирди.

– Э ока, ўзлери ҳам шайда эканларда! – деди Баҳромга назари тушганда. – Кечадан буён соткалари ўчирилган, қайларда юриптилар?

Ҳамма унга қаради.

–  Инон-ихтиёрим ўзимда! – деди у. – Хоҳлаган жойимда юраман. Сизга ҳисоб беришим керакми?

– Мени Нозима Мунис билан сиз таништиргансиз. Бошимга кулфат тушгач, ўзингизни четга олмоқчимисиз? Номерингиз ўтмайди, ўртоқ. Нозима Мунис билан ишим йўқ, сизнинг ёқангиздан ушлайман!

–  Менга “ҳело-ҳело” қилманг! – деди  Баҳром ҳам. – Таништирган бўлсам, ширкатнинг водий вилоятларида тайёрлов марказларини очиш учун таништирганман. Бошида, сувни кўрмасдан иштонни ечманг, эҳтиёт бўлинг, деганман, тўғрими?

– Тўғри бўлгани билан бизларни опангиз алдадида!

– Мен сизга фирибгарлар билан тил бириктириб, ишизловчиларни талон-торож қилинг, деб айтмаганман. Сиз, ширкат бир четда қолиб, Анна Курапаткинага одамларнинг пулларини ташмалаб ётипсиз. Малакхоннинг эри айтганидек, қўл-қўлни, шариат йўлни танийди. Йиғилиб Анна Курапаткинанинг уйига бориб, барчанинг кўзи ўнгида берган пулларингизни ундан талаб қилинглар. Кейин ширкатга бориб, Саидмат Соттидан аввалги пулларни олинглар. Нозима опанинг бошига чиқиб юз йил ёнғоқ чаққан билан бир иш чиқмайди. Беҳуда нарсаларга уннаб, имконни бой берасизлар!

– Анна Курапаткинани деб Москвага борамизми?

– Қанақа Москва? – деди Баҳром. – У Чилонзорда туради. Ҳақиқий исми Мая Михайловна. Уйи қаердалигини Нозима опа билади. У сизларни бошлаб боради. Берса берди, йўқса, ҳомийларини топади. Бўлмаса, тезлик билан маҳкамага арз этиш керак. Пулларни ундиришнинг бошқа чораси йўқ!

Буни эшитиб бошқаларнинг ҳам тори суст тортди. Кўпларнинг вазифаси ишизловчилар ва ўртакашларни чалғитиш бўлиб, Баҳромнинг таклифи жабҳада жиддий муаммо туғдириши мумкин эди. Диққат-эътиборни ҳақиқий манзарага қаратиш жиноят ташкилотчилари билан думбул ижрочилар ўртасидаги пардани кўтарарди. Ишизловчилар кўриб, кўзлари очилгач, хавфсизлик ташкилотлари масалага бошқача ёндашишга мажбур бўлардилар. Шунинг учун малайлар ишни ўринлата олмасалар, манфаатдорликларини таъминлаб турганлар уларни балоларга гирифтор этарди.

– Ука, ўзингизга алоқаси бўлмаган ишга бурин тиқманг! – деди терларини артаётган Ноила елпинаркан. – Сизни ким чақирди ўзи?

– Мен чақирдим! – деди шунда Нозима Мунис. У ишизловчиларга юрак бетлаб бу сирни очишга истеҳола қилганди. – Ҳозироқ Курапаткинаникига бориб, берилган пулларни талаб қиламиз. Менда унинг тилхатлари бор, рад қилса маҳкамага борамиз. Тузоққа бирга тушдикми, бирга чопамиз, қутулсак бирга қутуламиз, куйсак, бирга куямиз! Ишизловчиларлардан олган пулларингиздан бир қисмини ўзларингизга қайтариб берганман. Бировдан беш минг олиб, тўрт минг келтириб берган бўлсангизлар, олганимни ёзиб берганман, эртага ҳаммаси очилади, баб-баробар жавоб берамиз. Мени тилини тишлаб ўтираверади, деб ўйламанглар, бўлганини рўй-рост айтаман. Емоқнинг қусмоғи бор!

–  Курапаткинани танимаймиз! – деди Ноиланинг рангги ўчиб. – Пулни сизнинг қўллингизга санаб берганмиз, қаерга борсангиз ўзингиз бораверинг. Бермаган пулларимиз учун ўзимиз жавобгармиз. Югур-югур қиласизми ёки ишни ўтирган жойингизда ҳал қиласизми, ўзингиз биласиз. Миршаббозликка тоқатимиз йўқ. Энди эл-кунга шарманда бўлмаганимиз қолганди!

Ноиланинг бу гапларини эшитиб ишизловчилар жонланиб қолдилар ва Курапаткинани умуман танимасликларини айттилар.

– Бу ердагиларнинг кўпчиликлари уни танийди! – деди Нозима Мунис. – Айниқса, Нойила. Настя билан Айида ҳам у билан пинҳона учрашиб юрган…

У шундай деяркан, кечаги бўлиб ўтган воқеаларни ипидан игнасигача айтиб берди. Улар, ўламиз саттор, уни танимаймиз, ҳаммаси ёлғон, дея оёқ тиркаб олдилар.

– Болаларимнинг гўштини ейки, уни танимайман! – деди баттар терлаб-пишган Нойила.

– Бунақанги ишларда қўлим бўлса, эрим талоғимни берсин! – деди Айида. – Амира Кимё деганлари ким? Номини ҳам эшитмаган эканман. Санамай саккиз деяверарканларда, тавба!

– Настя апами номини тилингга олма! – деди деразадан сакраб тушган Нозима Муниснинг катта қизи онасини “сен”сираб. – Сени авраб ҳар кўчага солаётган анави одам. Ё ўшани дейсан, ёки бизларни!

У бармоғини бигиз этиб Баҳромни кўрсатаркан, ишизловчилар унга тикилдилар. Уларнинг чалғиганини кўрган Нойила билан Айида эркин нафас олди.

– Ҳақиқат букилади, эгилади, аммо синмайди! – деди Ноила. – Ичингиздан чиққан қизингиз сизга душман эмасдир. Жилла қурса, унинг сўзларига қулоқ тутинг, кўзингизни очинг!

– Опажонгинам! – деди Айида. – Бизлар сизга душман эмасмиз, фойдангизни кўзлаб гапирсак, тушунмайсиз-а!

– Майли! – деди Баҳром. – Бошида ҳар битта одам қўлидан беш юз доллардан ким йиғди? Ҳужжатларингизни қаерга топширдиларингиз? Сизларни марказларда кимлар ўқитди? Сизларга ваъда берганлар кимлар? Ширкатми? Саидмат Соттими? Меҳнат вазирлиги қошидаги “Агентство”нинг мулозимлари сизлардан имтиҳон олди. Имтиҳонлардан мувафаққиятли ўтганларни, хорижда ишлаб келиш ҳуқуқини қўлга киритдингиз, дея табриклади. Нозима опанинг бу ерда қанақа роли бор? Уни чўмич қилиб, сизларни суздилар, холос. Ким нима деса, ўша ёққа қараб кетаверасизларми? Ўзларингизда бош йўқми? Ўйламайсизларми? Фикр қилмайсизларми, ахир?!

– Чунки Нозима Мунис милёнлаган пулларни санаб олганда, кафолат берган. “Иш битмаса, бирор нарсани рўкач қилмасдан, пулларингизни қайтараман”, дея тилхат ёзиб берган, Баҳром жўра! – деди биров бухороча талаффузда. – Нозима опани тунов кун ширкатга олиб бориб, Саидмат Сотти билан юзлаштирдик. Бу киши у ердан ҳужжатларимизни қайтариб олган экан. Пуллар ҳам бу кишининг ўзида экан. Ўзи Саидмат Соттининг айтганларини тасдиқлаб турганидан кейин, биз у одамга нима дея оламиз?

– Биз билан ҳам худди шундай воқеа содир бўлди! – дея Таваккал унинг сўзларини қувватлади. – Нозима опа бўйнига олмаганда, бизлар берган пулларимизни Саидмат Соттидан талаб қилган бўлардик. Энди қандай қилиб унинг олдига борамиз?

– Ўшанда йигит ўлгур, шундай дейсан, деб мени авраганди! – деди Нозима Мунис. – Сизларни Норвегия элчихонаси Ослога жўнатадиган бўлса, етишмаган пулларни ўзаро келишиб у тўлайдиган бўлганди. Аслида, у менга бир сўм ҳам пул қайтармаган. Ҳужжатлардан ҳам нусха кўчиртиргандим, асли ширкатда турипди. Унинг қармоғига илинганимни энди англаяпман. Ҳозир ширкатга борсак, барчасини кўзларингизнинг олдида рўй-рост айтаман!

– Қўлингизда топширган пулларингизни тасдиқлайдиган бирор-бир ҳужжат борми? – дея сўради бухоролик йигит.

Бу йигитни Баҳром энди эслади. У Бухоро ўқув марказининг биринчи битирувчиларидан эди. Баҳром у билан бор-йўғи бир марта учрашиб, суҳбатлашганди. Эслаганига сабаб Отақул эди. У Раҳматнинг орқасига беркиниб олганди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. У Баҳромга айтиб, ишни тезлатаман, дея ишизловчилардан мўмай пулларни ўзлаштирганди. Унинг бу иши очилиб қолиб, ўртада кўнгилсиз суҳбат бўлиб ўтганди.

– Саидмат Соттининг олган пулларини ҳисобчи билан ғазначи ёзиб, муҳр босиб берган! – деди Нозима Мунис. – Барчаси қўлимда турипти.

– Ундай бўлса, нима учун эрталабдан буён бу ерда машмаша қилиб ўтирипмиз? – деди таажжубланган Раҳмат. – Кетдик, бу ерда ўтиргандан фойда йўқ. Кўпчиликдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, энди у биздан қочолмайди.

 Таклифга Таваккалдан бошқа ҳеч ким рози бўлмади.

– Эрта эрталаб келиб пулимизни сиздан санаб оламиз! – дея қолганлар Нозима Мунисга дўқ-пўписа этиб чиқиб кетдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар