Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Сурхондарёда тадбиркорлар мажбурий тарзда пахтага сафарбар қилинмоқда

Сурхондарёда тадбиркорлар мажбурий тарзда пахтага сафарбар қилинмоқда
10 Ekim 2017 - 11:07 'да юкланди ва 492 марта ўқилди.

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, “Ўзбекнефтегаз” миллий компаниясининг қарорига асосан, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар, нонвойхоналар халқга узлуксиз нон маҳсулотлари етказиб туриши мақсадида қишги мавсумда газ тармоғини узилмаслиги тўғрисида фитнограммаси вилоятларга юборилган бўлсада, Сурхондарё вилояти “Жанубгаз”бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан 2017 йилнинг 1 октябр куни барча ошхона, ресторан ва кафелар газ тармоғидан узиб ташланган.

“Шунингдек, 9 октябр кунига ўтар кечаси соат 1:30 дан эрталабгача Термиз шаҳридаги 40 дан ортиқ нонвойхоналар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз газ тармоғидан узиб ташланди. Нонвойчиларнинг кечаси тайёрланган хамирлари ачиб кетиш оқибатида миллионлаб зарар кўришди. Тадбиркор ва ҳунармандларнинг шаҳар Газ таъминоти бошлиғи Амантўраев Бахром қабулига кириш имкони бўлмаяпди. У бизни қабул қилмаяпди.”, дейди Сурхондарёлик тадбиркор.

Тадбиркорнинг айтишича, Газ тармоғидан келган ходим, Ғиёс Бурхоновдан сабаби сўралганда, “юқорини топшириғини бажардим”, деб, нонвойларни Жиззах вилоятида пахта теришга мажбурламоқда экан.

“Биз ахир пахта теримчиларга ва аҳолига нон етказиб бермоқдамиз”, десак ҳам, биз тадбиркорларга ҳеч ким қулоқ солмаяпди”, дейди суҳбатдош.

Сурхондарё ҳокими Эркинжон Турдимов бўлиб ўтган селектор йиғилишидан кейин, 2017 йилнинг 8 октябр куни кечаси соат 22:00 да Давлат солиқ инспекцияси, вилоят Газ таъминот бошқармаси, Прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва ҳоказо давлат ташкилотлари раҳбариятларига тадбиркорларни барчасини Жиззах вилоятига мажбурий пахта теримига поезд эшолонига тиқиб, сафарбар қилишга оғзаки буйруқ берган. Натижада ҳозир вилоят бозорларида ишлашга қўйишмаяпди.

Шунингдек ҳозирда Термиз шаҳри вокзали ва Тошкентдан кириб келишдаги Шимолий дарвоза йўл ёқасидаги тадбиркорларни дўконлари бир тийин ҳам бермай бузилмоқда. Минглаб оилаларни уйларини совуқ кунлар келишига қарамай мажбурий тарзда буздириб ташлашга мажбурланмокда.

“Бошпанасиз қолган аҳоли қаерга олиб бориб яшашини билмаяпди. Термиз шаҳар ҳокимлиги, “биз билмаймиз уйингни буз”, дейишдан нарига бормаяпди. Термиз шаҳрининг қоқ марказидаги уйни бузиб, 15-20 км чўл, қум, суви йўқ, гази йўқ, электр йўқ, шўр босган ҳудуддан атига 4 сотохдан ер ажратилаяпди”, дейди Сурхондарёлик тадбиркор.

“Аҳоли ҳеч бўлмаса биз шаҳарликларни қишлоққа, чўлга, қум ерга олиб борганларингизга яраша кўпроқ ер беринглар, мол-хол, экин қилармидик, дейишса ҳам ҳеч ким уларни дардини эшитмаяпди. Икки қаватли дўкони бузулган тадбиркорларга “бино пулини бермай ер берамиз, акс ҳолда кунингни кўкга совурамиз”, деб дўқ пўписа қилишаяпди. Ёзув-чизув қилсанг қамаласан, деб қўрқитиб ҳокимят буздириб ташламоқда. Авваллари ҳеч бўлмаса озгина, “мизерный” пул тўлашарди. Энди буям йук. Тадбиркорлардан тўхтовсиз солиқ идораси орқали мажбурий ҳомийлик қилиш талаб қилинмоқда. Бўйин эгмаганларни текширувдан боши чикмай, ишлашга кун берилмайди. Нима қилишимизни ҳам билмаймиз. Жойимизни сотайлик десак харидор йўқ, чунки Архитекторлар ҳамма жой бузилади деб сотишга ҳам йўл қўймайди. Ҳамма қўрқувда!!! Ҳаммани асаби таранг. Пул йўқлигидан бир-бирини ўлдириш, уриш-жанжал ва шунга ўхшаган жиноятлар авж олмоқда”, деб таъкидлайди тадбиркор.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар