Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бобомурод Абдуллаевнинг оиласи адвокат билан боғлана олмаяпти

Бобомурод Абдуллаевнинг оиласи адвокат билан боғлана олмаяпти
10 Ekim 2017 - 14:31 'да юкланди ва 1140 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, расман ҳибсга олинганидан 12 кун ўтиб, журналист Бобомурод Абдуллаевни ким ҳимоя қилаётгани унинг яқинлари учун қоронғу қолмоқда.

Аввалроқ тергов мулозимлари журналистнинг оиласини мустақил адвокатдан воз кечишга мажбурлагани айтилганди.

Юнусобод туман маҳкамасининг Бобомурод Абдуллаевни ҳибс қилиш қарорида номи келтирилган Шарипов Ш.М ҳақида ҳозирга қадар на унинг оиласи ва на журналистни ҳимоя қилишга уринаётган жамоатчилик вакилларига ҳеч нарса маълум эмас.

Би-би-сининг адвокат ҳақида Тошкент шаҳар адвокатлар палатасидан маълумот олиш уринишлари ҳозиргача натижа бергани йўқ.

Журналистнинг аёли Катя Балхибаевнинг сўзларига кўра, у 6 октябр куни тергов расмийларидан адвокат билан учраштиришни талаб қилган, аммо унга рад жавоби берилган.

“Уйингизда ўтиринг, адвокат сизга эртага телефон қилади, дейишди. Эртасига кечгача кутдим, ҳеч ким телефон қилгани йўқ”, – дейди Катя Балхибаева.

Бобомурод Абдуллаевнинг ишини яқиндан кузатаётган инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромовнинг айтишича, давлат томонидан тайинланган адвокатлар кўпинча дастлабки тергов жараёнида гумондорнинг оиласи билан алоқага чиқмайди.

“Чиқса ҳам, ҳеч қандай маълумот бермайди”, – дейди у.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, адвокатлардан тергов жараёнида ҳеч қандай маълумотни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат олинади.

Бобомурод Абдуллаев 27 сентябр куни бедарак кетган, орадан бир кун ўтиб, унинг МХХ изоляторида экани ўртага чиққан эди.

Аммо маҳкама қарорида Абдуллаев 27 сентябр куни соат 19:55 да ҳибсга олингани айтилган.

“Жиноятчи”

Журналистнинг аёли ва онаси ўтган жума Юнусобод туманидаги Гвардейский номи билан билинган МХХ тергов изоляторига Бобомурод Абдуллаевни кўриш учун боришган, аммо маҳбусни уларга кўрсатишмаган.

Катя Балхибаевнинг сўзларига кўра, унинг терговчи Нодир Тўрақулов билан кўришиш талаби ҳам қондирилмаган.

“Унинг ўрнига ёрдамчиси чиқиб, гаплашди. Номини айтишдан бош тортди”, – дейди журналистнинг аёли.

Унинг айтишича, рус тилида гапирган ёрдамчи Бобомурод Абдуллаевни “жиноятчи” деб атаган.

“Тергов кетаётган бўлса нима учуни уни жиноятчи деб атаяпсиз, яхши гап гапирмаяпсиз, дедим. Ҳақиқатни гапирса, жиноятчи бўладими. Биз ҳеч кимга ёмонлик қилмадик-ку, дедим. Кулиб, қайта-қайта шу гапни такрорлайверди. Унақа деманг, онаси ҳам турибди, у хаста, нимага бундай дейсиз, дедим”, – дейди Катя Балхибоева.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев расман “Усмон Ҳақназар”имзоси остида “амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи” мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда “инқилоб қилиш”га уринишда гумонланмоқда.

Бобомурод Абдуллаев “2011 йилдан шу кунгача” “Усмон Ҳақназар” тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг “буюртмаларини бажариб келгани”ни аниқлаган.

Маҳкама аниқловига кўра, “амалдаги тузумни босиб олишга чақирувчи” мақолалар интернет орқали Муҳаммад Солиҳга етказиб турилган.

Маҳкама Бобомурод Абдуллаевни “ЎХХ функционери” деб атаган.

Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбалари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.

Маҳкама қарорида айтилишича, бу икки шахс Бобомурод Абдуллаевнинг танишлари бўлган ва улар “қўриқланадиган шахслар, йирик ишбилармонлар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига кириш имконига эга бўлганлар”.

Маҳкамага кўра, улар ўзлари “етказган маълумотлар ҳокимиятни ноқонуний йўл билан босиб олишда ишлатилишини билганлари ҳолда Бобомурод Абдуллаев учун, унинг топшириғи билан материаллар тўплашган ва унга етказиб турганлар.

“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остидаги илк мақолалар интернетда 2003 йилда пайдо бўлганди.

Муаллиф марҳум президент Ислом Каримовнинг норасмий таржимаи ҳоли, соғлиги ва ҳокимиятнинг юқори эшелонларидаги коррупция ҳамда мамлакатдаги сиёсий репрессияларга доир рус тилидаги мақолаларни чоп этиб келган.

Аммо ҳозирга қадар “сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров” даъво қилган ҳолатларнинг биронтаси на расмий ва на мустақил манбалардан тасдиқланган эмас.

Ўзбек расмийлари ва маҳаллий матбуот ҳеч қачон “Усмон Ҳақназаров”нинг чиқишларига муносабат билдирмаган.

Би-би-си текшируви “Усмон Ҳақназар” манбаларидан бирининг боғбон, иккинчисининг эса Тошкентдаги ресторанлардан бирининг иш бошқарувчиси эканини аниқлаган.

Айни пайтда Бобомурод Абдуллаевнинг тергов изоляторида қийноққа тутилаётган бўлиши мумкинлиги борасида хавотирлар билдирилмоқда.

Халқаро Амнистия ва Ҳьюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан ва шартсиз ҳибсдан озод этишга чақирганлар.

Ўзбекистон расмийлари ҳозирга қадар Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши ва унга қарши илгари сурилаётган айблар юзасидан ҳеч қандай шарҳ бермаган.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Fazliddin Yokub ;

    Bu vokealardan prezidentni habari bolsa – u zamon hammasi rasvo …

    10/10/2017 18:02
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар