Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Янги Ҳақназаров пайдо бўлдими?

Янги Ҳақназаров пайдо бўлдими?
10 Ekim 2017 - 15:14 'да юкланди ва 1471 марта ўқилди.

Ўзбекистон халқ ҳаракати ўз сайтида Асадбек Ҳақназаров тахаллуси остида иш бошлаган муаллифнинг мақоласини чоп қилди. Туркияда юритилувчи мазкур сайт ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳга тегишли бўлиб, у шу кунгача Усмон Ҳақназаров мақолаларини нашр қилиб келган.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ўзбек ҳукуматига қарши танқидий мақолаларни ёзишда гумон этилаётган журналист Бобомурод Абдуллаев эса қарийб икки ҳафтадирки Миллий хавфсизлик хизматининг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Сайтда янги мақола қуйидагича тақдим этилган:

“Таҳририятимиз почтасига Бобомурод Абдуллаевни қўллаб-қувватловчи кўплаб мактуб ва мақолалар келиб тушмоқда. Бундан адолат ва эркинликни истайдиган инсонлар Ўзбекистон ичида янада кўпайиб бораётганини кузатиш мумкинки. Ана шундай мақолалардан бири, Бобомурод Абдуллаев фикрларига хайриҳоҳ бўлган, унинг ватан ва халқ озодлиги йўлида ёзган мақолаларини қўллаб-қувватловчи Асадбек Ҳақназаров тахуллуси остидаги бир ёш йигитдан келди. Биз унинг мақоласини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишга қарор қилдик.”

Асадбек Ҳақназаровнинг мақоласи “Бобомурод Абдуллаевга қарши тезкор амалиёт тафсилоти” дея номланган.

Унда гўёки Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти Тошкентда Бобомурод Абдуллаев, ёзувчи Нурилло Отахонов, ҳамда Киевда журналист Назрулло Охунжоновларнинг ҳибсга олинишини қандай уюштиргани тасвирланади.

Ўзбекистон халқ ҳаракати вебсайти Туркиядан юритилади.

Ўзбекистон халқ ҳаракати вебсайти Туркиядан юритилади.

“Янги” Ҳақназаров мақоласида ҳам аввалги мақолалардаги ёзиш услуби, хусусан, “шундай қилиб…” каби иборалар сақланган.

Мақолада Бобомурод Абдуллаевнинг тергов жараёнидаги “вахшийларча қийноқ”қа тутилаётгани даъво қилинади ва мазкур ишга гўёки бошчилик қилаётган МХХ ходими исми келтирилади.

Муаллиф ўзининг кейинги мақоласида МХХ ходимлари борасида янги тафсилотларни очиқлашини ваъда қилади.

Асад Ҳақназаров ким?

Би-би-си янги Ҳақназаровнинг ким эканлигини сўраб Муҳаммад Солиҳга мурожаат қилди ва қуйидаги жавобни олди:

“Усмон Ҳақназаров Каримов даврида 14 йил давомида ёзган мақолалари билан ўзбек халқининг кўнглидан муносиб ер олди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, Ҳақназаров халқ манфаатини кўзлаб ўз жонини фидо қилган бир қаҳрамонга, бир афсонага айланди. Шу қадарки, мана бугун унга тақлид қилиб ёзаётган ёшлар пайдо бўлмоқда. ЎХҲ редакциясига келган “Асад Ҳақназар” тахаллуси остида ёзилган бир мақола муаллифи шубҳасиз Бобомурод Абдулланинг романтик сиймосидан илҳомланган бир муаллиф.

Бобомурод Абдуллаев Тошкентда ғойиб бўлиши ва ҳибсда сақланаётгани аниқ бўлиши ортидан Муҳаммад Солиҳ 3 октябрь куни Истанбулда матбуот анжуманини йиғиб, Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган сирли муаллиф эканини даъво қилди.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар