Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бу, хафвсизлик ташкилотларининг вазиятни бошқараётганидан дарак…

Бу, хафвсизлик ташкилотларининг вазиятни бошқараётганидан дарак…
11 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1645 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

17-қисм

Улар кутилмаган тўсиққа дуч келгандилар. Буёғига Амира Кимё билан маслаҳатлашмасалар, ишнинг пачаваси чиқарди. Баҳромнинг ўртадан чиқиб қолиши режада йўқ эди. У нозик жойдан ушлаганди. Ишизловчиларнинг кўзлари очилиши мумкин эди. Шундай бўлса, ишнинг якунида чиқим катта бўларди. Нозима Мунис Саидмат Сотти билан Амира Кимёнинг бир тукига зарар еткиза олмаса ҳам, хавфсизлик ташкилотидагиларга кўпроқ пул ундириш учун баҳона топиларди. Амира Кимё ҳомийларига келишилганидан ортиқ тўласа, шотирларининг уйини куйдирарди. Хизмат ҳақларидан чегириб, уларнинг бурнини ерга ишқарди.

– Кечадан буён қаерларда йўқолиб қолдингиз, укажон? – деди елкасидан тоғ ағдарилган Нозима Мунис. – Гап уқмаслар мени едилар!

Барчаси вақтинчалик эди. У буни ўйламасди. Тўғрироғи, ўйлашни истамасди. Уларнинг чекиниши галдаги ҳужумга тайёргарлик учун эди.

Бир кимса қаттиқ йўталса миршаблар етиб келадиган бир мамлакатда, қизиқ ҳолатлар рўй бераётганди. Ўттиздан ошиқ одамнинг Нозима Мунисникига бостириб кириб шовқин-сурон кўтарганидан ҳамма бехабар эди. Амриқо ва Япония элчилари яшайдиган кўчада шу каби ғалати ҳодиса содир бўлганди. Бу, хафвсизлик ташкилотларининг вазиятни бошқараётганидан дарак берарди. Нозима Муниснинг буни идрок этиши учун миясида бўш жой йўқ эди. Бу бир томондан ёмон бўлса, иккинчи томондан яхши эди. У буни пайқаса, юраги ёрилиб ўлар, натижада Саидмат Сотти билан Амира Кимё бошлаган ишлар осонлик билан якун топарди.

Улар катта кўчага чиқиб такси кира қилдилар. Отақулнинг эргашгани Баҳромга ёқмади.

–  Ширкат олдида, учрашамиз! – деди у Таваккал билан Раҳматга. – Сиқилишиб нима қилдик?

– Сиз ортиқ у жойларга борманг! – деди Нозима Мунис машинага ўтиргач, Баҳромга. – Ўзимиз гаплашиб оламиз. Унгача, таниш адвокатингиз бўлса, топсангиз, дарров учрашардик. Миллий хавфсизликдагилар, адвокат ёлламасангиз бўлмайди, дейишяпти. Тўғрисини айтсам, Саидмат Соттининг пулларни қайтаришига ҳам, Курапаткинанинг тан олишига ҳам ишонмайман.

– Маъқул! – деди Баҳром. – Мен адвокатни яқин орадаги қаҳвахоналарнинг бирига таклиф этаман, чиқиб, қўнғироқ қиласиз.

– Соткам йўқ! – деди хомуш тортган Нозима Мунис. –  Қизим Настянинг ёнини олиб, уни деворга уриб синдирди.

– Ҳечқиси йўқ, бошқасини сотиб оласиз, дуч келган телефондан қўнғироқ қилаверинг!

 Баҳромнинг Хуршид деган таниш адвокати бор эди. Унда ўзбекпарварлик етарли эди. Ўзбекларни назар-писанд қилмайдиганларнинг оғзига уришга устамон эди. Баробарида, миллатни бошқалардан юқори қўймас, ўзгаларни камситадиган гап айтиб, калтафаҳмлик этишни ёмон кўрарди. Унинг адвокат сифатида нималарга қодирлиги Баҳромга ноаён эди. Иккаловларини таништирган Самандар у ҳақда яхши гапларни гапирганди. Улар учрашув жойини белгиладилар.

У вақтида етиб келди. Воқеалар тарихини бафуржа ўтириб, диққат билан тинглади.

– Кейинги йилларда бунақанги ҳодисалар кўп рўй берадиган бўлиб қолди! – деди сўнгра. – Хавфсизлик идоралари ходимлари аҳволини тушунса бўлади. Уларга ҳам қийин. Бошлиқлар, иложини топса, уларни йигирма тўрт соат ишлатмоқчи бўладилар. Улар дам олиш нималигини билмайдилар, дуч келган жойда, ётиб-туриб, дуч келган жойда еб-ичиб кетаверадилар. Дипломларини қўлларига олганларича, пул сочганлари етмаганидек, хизмат жараёнларида ҳам юқоридагиларга чўтал бериб туришлари керак. Президентнинг ва даврнинг талаб-эҳтиёжлари улардан бир-бирларини сотишни, эзишни, алдаш ва чув туширишни тақазо қилади. Аммо пул бўлса, бу маконларда ўлимдан бошқасининг давосини топса бўлади…

У сўзини тугатмасдан, Нозима Мунис тўкилай-тўкилай деб турган эски бинога ўхшаб, тушкун бир кайфиятда кириб келди. Сўзларига кўра Саидмат Сотти умуман унинг даъволарини тан олмаганди. Бориб Курапаткинанинг уйини сотганини билгач эса, унинг ичига ўт тушганди. Курапаткинанинг уйида бошқа биров яшаётганди. Барча ишларнинг бир кунда жойба-жой бўлганини англаб у афсус торта бошлади. Калтабинлиги Саидмат Сотти билан Амира Кимёга қўл келганди. Унинг аҳволи жон таслим этаётган кимсанинг аҳволидан юз чандон ёмон эди.

Хуршид қайноқ қаҳвани лабларига теккизар-теккизмас қайтариб қўйди.

– Бу барчаси табиий. Амира Кимёни эшитганман! – деди у. – Саидмат Соттини яхши танийман. У сизга ўхшаган юзлаб кишиларнинг ёстиғини қуритган устаси фаранг фирибгар. Ҳалигача жабрланувчилар бошларини хавфсизлик ташкилотлари деворларига минг бора уриб ҳам унинг бир тукини тушира олмадилар. У қилғиликларни буюртма асосида амалга оширади. Аммо сизни катта пулга туширипди. Орқангизда минглаган ишизловчилар бор экан, умидсизликка тушмасангиз ҳам бўлади. Беш-ўнтаси сиз билан елкама-елка туриб, якдиллик билан мардона, рўй-рост сўзласа, шодкам бир иш чиқар. Ҳомийлари жуда катта маблағларни ўзлаштиргани боис, изни йўқотиш учун Саидмат Соттини йўқ этишлари ҳам мумкин. Унгача бормасдан, устидан жиноий иш қўзғатишга эришсак, дуруст бўларди.

Унинг сўзлари ишни қабул қилиб олганини билдирарди. Илтимосга ҳожат қолмаганди.

– Отни қамчилашимиз учун нима қилишимиз керак? – дея сўради  Баҳром.

–  Вақт бой бермасдан Нозима опа барча воқеа-ҳодисаларни бафуржа ёзсин! – деди у. – Мен ўқиб чиқиб, зарур жойларига тузатиш киритаман. Кейин кўчириб, аризани шаҳар ички ишлар бошқармасига топширасизлар.

Улар миллий хавфсизлик масаласида адвокатга ҳеч нима демадилар. Бекзоднинг талаби шу эди. Адвокатнинг била туриб ички ишлардан ишни бошламоқчилиги ғалати эди.

– Ички ишларнинг ўзидагилар бу ишларга бош-қош бўлаётганини айтдик-ку! – деди Баҳром.

– Ҳечқиси йўқ. Аризани китобга қайд қилгач, улар ишни кўриб чиқишга мажбурлар. Бунинг қўрқадиган жойи йўқ!

– Барибир хавфли! – деди  Баҳром. – Шаҳар прокурорга ёзсак бўлмайдими?

– Бўлаверади, нима фарқи бор? Нозима опанинг, эримни ёзмайман, деётганидан ташвишдаман. Иш очилса, унинг номи ҳам айтилади. Нозима опа кўра-била жиноятни яширган бўлиб чиқади. Сўнгра барча уни эри билан тил бириктирган деб ўйлайди!

– Ҳайвон бўлса ҳам, тўнғиз бўлса ҳам эрим, нима қилай? – деди ноқулай аҳволга тушган Нозма Мунис. – Болаларимнинг отаси!

– Ўзингиз биласиз! – деди Хуршид хайрлашаркан. – Қўлимдан келганини қиламан. Тезроқ ариза ташлаш керак. Биринчи бўлиб ариза ташлаган одам ютади. Қонунда унинг қамалмаслиги ёзиб қўйилган.

Хуршид кетгач, улар ёлғиз қолдилар.  Нозима Мунис тилхатларни Саидмат Сотти қўлидан тортиб олиб, йиртиб ташлаганини айтди.

– Парчаларини бўлса ҳам йиғиштириб олдингизми? – дея сўради Баҳром.

– Хотиржам бўлинг! – деди у. – Аслини ишончли жойга яшириб қўйганман, йиртилганлари нусхалари эди.

– Бўлмаса турдикми? – деди кўнгли жойига тушган Баҳром.

– Уйимга бориб нима қиламан, бирпас суҳбатлашиб ўтирайлик. Сизга дардимни тўкмасам, бошқа биров мени эшитмайди. Настя туфайли қизларим билан гаплашолмайдиган бўлдим!

– Уларга ҳам қийин, уйингизни қаланғи-қасанғилар босиб кетди.

– Ҳаммаси Настянинг иши. Кеч англадим. Қизларим буни тушунмайдилар. Уларга Настяни Курапаткинаникида кўрганимни айтиб, қувиб солмоқчи эдим, катта қизим ёқамдан олиб, бошимга мушт солди.

Унинг нима учун бошини ўраб олганини Баҳром энди фаҳмлади.

– Наҳотки!

– Шундай бўлди. Ирисмат билан Настя иккаласи уни аллақачонлар заҳарлаган эканлар. Эримнинг бу ишларда қўли борлиги даҳшат. Қизларимга улар пул беряптилар. Катта қизим қимматбаҳо автомобил сотиб олипти. Кўчанинг бошидан қассоббаччасига қассобхона очиб берипти. Кичиклари ҳам янги-янги кийим-кечаклар, соткалар сотиб олиб ётишипти. Менинг ҳеч биридан хабарим йўқ. Ишизловчилардан йиққан пулларимнинг бир қисмини дамимни ичимга ютишим учун ишлатяптилар. Ўзимнинг қўлларим билан ўзимни чўктиряптилар. Қизларим менинг қамалиб кетишимга ҳам розилар!

– Бунчалик эмасдир! Қайси эр ўз хотинини, Настя билан Ирисматни истисно қилганда, қайси бир фарзанд ўз онаизорини қаматтириб юборади!

– Ишонмаслигингиз мумкин, мен қамалгач, ҳаммаси аниқ бўлади. Эрим уйга қайтиб келади. Муродига етган Настя янги уйга кўчиб киради. Ирисматга кераги бўлмай қолган қизим қассобга турмушга чиқиб, орттирган ҳароми боласини туғади. Ирисматнинг лавозими ошиб, қалтис ишлардан қочадиган бўлади. Умрининг охиригача етадиган пули бўлгач, у ҳамтовоқлари сингари эҳтиёткор кимсага айланади. Бироқ улар ҳеч қачон Амира Кимёнинг сиртмоғидан қочиб қутула олмайдилар. У зарур бўлганда барчаларини ишга солади. Улар мени қурбон бериб ўз мақсадларига етдилар. Энди қамалишимни кутадилар. Мен нафсимнинг тузоғига илиндим!

– Қани эди мана шуларни илгарироқ англаганда эдингиз!

– Ҳеч нима ўзгармасди. Мен ҳам ўшаларнинг биттасиман, энди мени фақат қамоқ тўхтади!

– Ноумид шайтон, ундай деманг!

– Сиздан битта илтимосим бор!

– Нима экан?

– Мендан узоқ юришингиз керак. Менинг тақдирим ҳал бўлди ҳисоби. Қамалишим муқарар. Аслида сизнинг қамалмаслигингизга ҳам кафолат йўқ. Саидмат Сотти билан Амира Кимё тинч ўтирмайди. Мени дея уларга ҳазилакам муаммолар туғдирмадингиз, улар қасд олмасдан қўймайдилар. Вақт борида Қозоғистонга  ўтиб кетинг. Маблағингиз бўлмаса, қўлимда борини бераман. Ўн олти минг доллар пулим бор. Қарзларимга тўлайман, десам, урвоқ ҳам бўлмайди. Бу кеманинг ўйилган жойига туянинг терисини ямоқ қилгандек бир гап!

– Керакмас, йўли топилар. Шу гапни айтганингизнинг ўзи мен учун катта гап, умидсиз бўлманг!

– Аҳволим умидсизлик ва тушкунликка тушмайдиган даражада дуруст эмас! Кўзларимга оиламни сақлаб қолишдан ўзга нарса кўринмайди…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар