Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ҳарам”

“Ҳарам”
12 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 979 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

18-қисм

Саккизинчи боб

Баҳром Нозима Мунисни олиб бориб қўйгач, йўлда таксидан тушиб қолди. Уйига киргиси келмади. Унинг юрагига ҳеч нима сиғмасди. Тун қоронғусига бурканаётган дунё кўзларида зимистонга айланганди.

Соткаси чақирди. Катя қўнғироқ қилаётганди.

– Баҳром, тузукмисан? – деди у.

–         Ёмонмас, ўзинг яхшимисан?

–         Қаердасан?

– Кўчада айланиб юрипман!

Содир бўлаётган воқеалардан у хабардор эди. Баҳром буни сезмасдан қолмади, албатта.

– Эҳтиёт бўл! Амира Кимё, хилват жойда гаплашиб оламиз, деса, рози бўла кўрма!

У соткани ўчиришга улгурмасдан, иккинчи сотка жиринглади.

– Дадаси, келасизми? Овқат тайёр! – деган хотинининг овози янгради бу телефондан.

– Овқатланаверинглар! – деди у. – Яқин атрофда сайр қилиб юрипман.

 У президент ҳар куни икки марта ўтадиган йўналишга чиқди. Сўнгра Яланғочга қараб юра бошлади. Йўлнинг икки тарафи миршаблар билан иҳоталанганди. Улар катта йўлга орқа ўгириб, симёғочлардек қотиб турардилар. Кўприклар ва муюлишларда елкаларида ғилофга солинган автомат кўтарган фуқаролик кийимидагилар турарди. Президент ўтиши учун тозалаш ишлари кетаётганди. Боқиб, миршабларнинг юзларида уфуриб турган қулликни пайқаса бўларди Улар ўзларининг қайси миллат, қайси динга мансубликларини билмасдилар. Улар яқингинада “Ленин бобомлар, менинг бобомлар”, дея чуғурлашардилар, энди “ота”нинг фарзандларига айланган эдилар. Эрта бир кун Амриқо бостириб кирса, мустақиллик майдонида “Озодлик ҳайкали”ни бунёд этишда жонбозлик кўсатардилар. Мустақилликка эришгач улар “ўзбек”, “ислом” деган сўзга урғу беришни ўргандилар. Бу сўзларнинг маъно-моҳияти сўраб-суриштирилса, ҳеч нима айта олмасдилар. Улар шунинг учун яшаётгандилар, шунинг учун ишлаётгандилар. Бу нарсаларни тушунганларида миршаб бўлиб ишламасдилар, ишласалар ҳам, ишдан ҳайдалар ёки қамалардилар. Бу юртга ақллар сиғмасди, даҳолари мусофирликда ўлиб кетардилар, йиллар ўтгач, улар улуғланардилар. Раҳномалар ўзларининг номаъқулчиликларини хаспўшлаш учун уларни қуйруқ сингари халқнинг оғзига тутардилар. Фуқаро, кўкракка ширниккан чақалоқ каби уларга кўр-кўрона ружу қўярди…

                                     Минг йилларки, барчага аён,

                                     Замон ардоқлайди даҳони.

                                     Вале аввал ўлдириб, сўнгра,

                                     Қадрлайди – берар баҳони.

                                     Совуқ тошдан, йўндириб ҳайкал,

                                     Пойларига гулларни тўшар.

                                     Хотирига нутқ сўзлаб чучмал,

                                     Етмаганин ёнидан қўшар.

                                     Миллат айтар даҳога олқиш,

                                     Орден берар йўқ жонга қўша.

                                     Уялади ҳайкал бояқиш,

                                     Юзларига хижолат тоша.

                                     Мақтовлардан ийиб бадани,

                                     Тошни босар шунда совуқ тер.

                                     Нотиққа кўз тикади, яъни:

                                     “Мени қайта кашф этдинг сен”, дер.

                                     Оламоннинг меҳри-ла тошни

                                     Жонлантирар минбардан нотиқ.

                                     Юрай деса, тирик даҳони

                                     Осадилар, буниси ортиқ.

                                     Тишин қисиб тош қурғур, бесас,

                                     Қовоқ уйиб туради мағрур.

                                     Замонларга даҳолар эмас,

                                     Салобатли ҳайкаллар зарур.

 У оёқлари толгунча юрди. Уйига яқинлашганда соат кечки тўққиз эди. Кўча бошида уни Амира Кимёнинг югурдаги кутиб турарди. Сочини орқасига тараб, мўйловларини яқинда текислаган Мудак унинг кўзларига хунук кўринди. У ҳақидаги ёқимсиз тасаввурлар хаёлини тоғдек босиб келди.

– Баҳромжон, сизни Амирахон кутаётганди! – деди у машинага ишора қилиб.

Амира Кимё уни анчадан буён кутарди. У Катянинг сўзларини эслади. Аммо энди учрашмаса бўлмасди. У бироз ҳайиқаётган бўлса ҳам, ўзини қўрқоқ деб ўйлашларини истамасди.

Бориб машинага ўтирди.

– Мен аёлларнинг эркагиман! – деди Амира Кимё. – Сиз билан холи гаплашмоқчиман.

 Мегажиннинг барча нарсадан хабари бор эди. Чўчқадек семиз бўла туриб ҳам унинг ғайрати ичига сиғмасди.

– Нимани гаплашамиз? – деди  Баҳром.

– Муҳим бир масала хусусида! – деди у.

– Менинг юқори қаватдаги уйимда ҳеч ким йўқ, юринг ўша ёққа!

Унинг қулоқларида Катянинг овози борҳо янграб, у узоқ кетмасликка тиришарди.

– Бола-чақадан нарироқда гаплашганимиз маъқул! – деди Амира Кимё. – Жиддий одамларнинг қилаётган ишлари ҳам жиддий бўлиши керак.

– Юқорида ҳеч ким йўқ, оилам иккинчи қаватда туради. Бизга ҳеч ким халақит бермайди!

– Биламан! – деди у. – Қўрқяпсизми? Очиғини айтаверинг, менинг қўрқоқлар билан қиладиган ишим йўқ!

– Нимадан қўрқаман? – деди Баҳром. – Қаерда гаплашмоқчисиз?

Мудак такси ушлаб уйига кетди. Баҳромни олган Амира Кимё биринчи йўлчироқдан чапга қайрилди. Тўғрига юриб, кўчанинг бошига чиқди. Бироз юргач, ўнгдаги кўчага кирди. Машина ҳеч қанча юримасдан пастак бир уй олдида тўхтади. Дарвозани кекса бир киши очди. Ҳовлининг охиридаги баланд қурилган девор нариги ҳовлининг маҳобатидан хабар берарди. У деворга машинани тумшуғини тиркади. Нима қилмоқчи экани тушунарсиз эди.

– Ҳали етиб келмадик! – деди у.

 Баҳром тўрт томонига аланглади. Дарвозани ёпган чолнинг мункиллаб илгакларни ташлаётганини кўрди. Шунда қулоғига ғинғиллаган бир сас кирди. Девор ён томонга силжиб, олдинда боғ пайдо бўлди. Боғ ўртасидаги йўлакнинг икки тарафида анвойи гуллар очилиб ётарди. Тўғрида маҳобатли бино бор эди. Баланд кўтарилган ишкомларда кузак елларидан шира олишга киришган узумлар осилиб турарди.

– Тушамиз! – деди моторни ўчирган Амира Кимё.

Кимдир ёрдамлашмаса, у тушишга қийналарди. Бошини чиқарганда, ярим бели тиқилиб қолди. Бўлмагач, ростланиб, ўтирғични охиригача сурди. Сўнгра суянчиқни ётқизди. Бошида машинадан чап оёғини, кейин амаллаб, ўнг оёғини чиқазди. Тушмоқчи бўлганда, думбаси рулга урилиб, яна ўтириб қолди. Шундай пайтларда Мудакка қўл чўзишга ўргангани боис, у  Баҳромга тикилди. Нажот бўлмагач, ўнг қўли билан эшикка ёпишиб, чап қўлининг кафтини ўтирғичга тиркади. Бир чираниб машинадан чиққач, қаддини ростлади. Унга ғурури куч бағишлаганди. У лапанглаб юриб кетди. Баҳром унга эргашди.

 Долонга киргач, лифтнинг тугмачасини босди.

– Қани, чиқинг! – деди Баҳромга лифтнинг эшиги очилгач.

У Баҳромнинг ортидан кирди. Лифт тўхтаб, эшиги очилди. Баҳром ўзини ертўлада кўриб қўрқиб кетди. Ертўла жуда кенг, оёқлар остида синиқ ғиштлар, сувоқнинг учган парчалари қалашиб ётарди. Пойдевор тагида эски стол бор эди. Устида битта челак билан иккита белкурак турарди. Лифт пештоқидаги хира чироқ атрофни базўр ёритиб, деворга Амира Кимёнинг бесанақўй кўланкаси соя соларди. Бу ерда ҳам ҳовлидаги сингари тирик жон кўринмасди. Аммо кимларнингдир қаерлардандир кузатаётгани маълум эди. Баҳром, Амира Кимёнинг хотиржамлигини ҳис этаётган бўлса ҳам, юрагига ваҳима оралади, лекин қўрқаётганлигини билдирмасликка тиришар, бундан оёқ-қўллари баттар шалвирарди…

Амира Кимё боя машинасини деворга қандай тиркаб тўхтатган бўлса, ўзи ҳам шу янглиғ пойдеворга манглайини тираб тўхтади. Баҳром, пойдевор ҳам силжиса керак, деб ўйлади. Тагида ғишт бўлаклари, лойсувоқ қалашиб ётган пойдеворнинг қўзғалмаганига минг йиллар ўтканга ўхшарди. Нима учун бу ерда турипмиз, дейишга у улгурмади, қандайдир овоз чиқиб пойдевор силжий бошлади. Очилгач, Амира Кимё оёқ остидаги ғишларга тегиб кетишдан эҳтиёт бўлиб, оёқларини бир-бир кўтариб нарига ошиб ўтди. Улар ўтиши билан пойдевор яна силжиб, ёпилиб қолди. Бу томон ҳам нариги томондаги сингари ертўла эди. Фарқи, бу томонда пойдеворга суяб қўйилган стол ва устида турган битта челак билан иккита белкурак йўқ эди. Қолган нарсалар икки томчи сувдек менгзаш эди. Лифтдан улар юқорига кўтарилдилар. Чиқишлари билан уларни долонда қизлар ўраб олди. Улар Амира Кимёнинг юзларидан, қўлларидан ва билакларидан ўпиб, унга садоқатларини билдирдилар.

– Қани, қизларим, бўлди қилинглар! – деди у. – Бунақада ийдириб, кўкрагимга сут келтирасизлар. Жонимни қоқай, қоқиндиқларим менинг.

Шунда қизларнинг орасидан ўрта ёшлардаги хушсуврат жувон ажралиб чиқди.

– Қани, хоналарингизга тарқалинглар! – деди у қизларга.

Қизлар Амира Кимёга таъзим бажо келтириб, ён томондаги узун даҳлизга кириб кетдилар.

– Яхши келдингизми? Хуш келипсиз, опажоним! – деди сўнгра хушсурат жувон.

– Дуруст! – деди Амира Кимё. – Ўзинг тузукмисан, Несибе? Нима гап, мени ҳеч ким сўрамадими?

– Йўқ, ҳеч ким сўрамади. Меҳмонларни кутиб олиш учун бутун тайёргарикни кўриб қўйдим. Буйруғингизни кутишяпти. Улар шу атрофда ўтириптилар экан. Ҳоким азонда Сурхандарёга қайтиб кетармиш. Билишимча, шунга бироз шошишяпти!

– Барчасини эртага қолдир! – деди Амира Кимё. – Бу кеча ўзим бироз дам олмоқчиман. Ҳаммом тайёрми?

– Ҳамом тайёр, опажон!

Несибенинг фикри-зикри Амира Кимёнинг сўзларида бўлса ҳам, олазарак кўзлари Баҳромда эди. У Амира Кимёни бу тунда унинг билан бирга бўлади, деб ўйлаётганди. Шу сабаб азбаройи қизиқиши ортганди.

– Ҳамомга кириб чиққунимча, бу йигитга ҳарамни томоша қилдир. Гўзал нарсаларни кўриб кўзларини чархласин, яхшини кўрган савоб дейдилар!

– Хўп бўлади, опажон! – деди Несибе, қўлларини кўксига қўйиб.

Баҳром Амира Кимёнинг муддаосини ҳалигача тушуниб етмаётганди. Унинг ҳар бир босган қадамидан тортиб айтган сўзларигача синоат эди. Уни бу каби мавҳумотлар ҳайратга солиши баробарида қўрқитар, ўйлатарди. Қўрқув билан қизиқишнинг орасига тушиб қолган руҳиятида ваҳший бир ҳиссиёт уйғонаётганди. Юрагидаги йиртқич ҳислари томирларида ўкиришни бошлаб, бутун борлиғи қоронғи ўрмон сингари шовулларди.

Уни дея Амира Кимёнинг ҳокимга кишт бериши жумбоқ эди. “Ҳарам” деб аталадиган бу жойнинг ҳақиқий номи, “исловатхона” бўлиб, бу ерда маиший бузуқликлар амалга ошириларди. Қурбонлар ўн гулидан бир гули очилмаган сара қизлар эдилар. Уларнинг кушандалари мамлакатнинг олий ловозимлардаги мансабдорлари, бой-бадавлат корчалонлари, отамонлари эдилар…

 Несибе уни ҳарам билан таништириш учун қизлар кириб кетган узун даҳлизга бошлади. Зинапоялардан учинчи қаватга чиқдилар. Учинчи қаватдаги даҳлизнинг икки томонида бештадан ўнта эшик бор эди. Кирилгач, ички ва ташқи иккита хона пайдо бўларди. Улар қимматбаҳо гиламлар ва мебеллар билан жиҳозланганди. Деворларда ғаройиб картиналар осиғлиқ турарди. Ваннахона ва ҳожатхонанинг эшиклари ёнғоқдан ясалганди. Уларнинг биттаси ичидаги асбоб-укуналар нархи мактаб ўқитувчисининг емай-ичмай қирқ йил ишлаб топган маблағига тенг турарди. Ўн хонанинг безаклари ва жиҳозлари ўн турли эди. Баҳром ўнг чеккадаги хонага кираркан, тўртта қизни кўриб қотиб қолди. Улар ўн тўрт-ўн олти ёшидан ошмагандилар. Баҳром уларни опа-сингиллар бўлсалар керак, деб ўйлади.

– Кечирасизлар! – дея у даҳлизга қайтиб чиқди.

– Нимадан уяласиз? – дея сўради Несибе.

– Уялаётганим йўқ, ноқулай! – деди Баҳром.

  Несибе хохолаб кулиб, даҳлизнинг бошига қараб йўл бошлади.

Улар иккинчи қаватга тушдилар. Ҳашаматли меҳмонхона тоқига ҳайбатли қандил осилганди. Деворларда Тўрткўлнинг қамари териларидек қалам-қалам бўлиб жилоланаётган гулларни кўриш мумкин эди. Сув қочган қирғоқдаги қумларда ва тўлғаниб оқаётган Амударёнинг бетида ҳам сирли шамоллар шундай манзара ҳосил этарди. Хона Хоразмнинг мўъжаз тимсоли эди. Баҳром, ҳайқириб оқаётган дарёга тўранғиллар остидан термулаётгандек, уларга ютоқиб термулди. Кўзларига дарё бўйларида ёйилиб, ўтлаб юриган қўй-қўзилар кўринди. Барханлар оша кетаётган туяларнинг қораси чалинди. Қайлардандир қулоқларига Комилжоннинг илоҳий овози қуйила бошлади. Унинг кўзлари порлаб, юзларидан шуъла ёғилди. Юраги завқ-шавққа тўлиб кетди ва беихтиёр жилмайди. Буни кузатиб турган Несибе оёқларининг учида туриб, унинг лабидан ўпди. Баҳром сесканиб тушди.

– Нима қиляпсиз? – дея сўради ундан.

– Нима қилсам, қилдимда! – деди у. – Мумкин эмасми?

Унинг ўктамлиги қаршисида Баҳром талмовсиради.

– Билмасам, бунақасини кўрмагандим! – деди сўнгра.

– Мен ҳам сиздақасини биринчи кўришим! – деди Несибе ҳам. – Умрим бино бўлиб, ёлғиз қолдим дегунча, оҳ-воҳлаб, елимдек ёпишмаган бирор эркакни учратмагандим. Бор дейишса, ишонмасдим, бор экан.

 Ўзини қўлтиқлаган Несибени у Катяга тенглаштира бошлади. У Катяни қаттиқ соғинганди. Несибе ҳам Катяга ўхшаб, ўрта бўйли, истараси иссиқ аёл эди. Кўзлари шаҳло, тишлари ақиқдек оппоқ эди. Нигоҳи қадалганда, юракни ўйнатарди.

– Бу хонанинг безаклари ёқдими! – дея сўради у кичик меҳмонхонага кирганларида.

У нозлана бошлаганди, ёзлана бошлаганди, созланарди…

– Ажойиб! – деди Баҳром. – Инсон қўли гул деб шуни айтадилар.

Несибе унинг бўйнидан қўлларини ўтказиб, лабларини лабларига босди. Баҳром ташнанинг оғзига сув теккандек, орзиқиб кетиб, унинг белидан қучди.

– Афв этинг, аҳмоқлик қилиб қўйдим! – деди сўнгра ўзини орқага олиб.

– Йўқ! – деди Несибе. – Маза қиляпман…

Баҳром нима дейишни билмади. Дудиқланди…

– Бошқа хоналарни кўрайлик! – деди ахири у.

– Бошқасига ўт тушсин! – деди ғазаби қўзиган Несибе. – Нимага мендан қочасиз? Еб қўймайман, яқинроқ келсангизчи!

– Эрингиз бордир…

– Менинг Амира Кимёдан бошқа эрим йўқ!

Несибенинг гаплари уни ҳушёр торттирди. Кўзларининг олдига Катянинг қиёфаси келди. Унинг огоҳликка даъвати қулоқларида карвон қўнғироқлари каби янграб, нари юриб кетди. Улар иккинчи қаватга тушдилар. Иккинчи қават пишир-туширга мўлжалланган, овқатланиш учун бир нечта хоналари бор эди. Чеккадаги катта хонада Амира Кимёни кутиб олган қизлар ўзларининг ишлари билан машғул эдилар. Тўрт-бештаси карта ўйнар, тўрт-бештаси телевизир томоша қиларди, қай бирлари расмли журналларни варақларди. Несибени кўргач улар дув этиб, ўринларидан турдилар. Аскарлардек саф бўлиб, бир қаторга тизилдилар.

– Малакларнинг қай бири билан кўнглихушлик этишни истайсиз, жаноб! – деди Несибе расмий тилда қуруқланиб.

– Бунақа ишларга хушим йўқ! – деди Баҳром. – Амира опанинг ёнига тушсак, вақтим зиқ, тезроқ кетмасам бўлмайди.

– Опа, сизни кўзларини чархласин, деган эдилар, бўйин товлаяпсизми? Бу ёғи неча пулга тушди?

– Мен бировнинг амри билан иш қилмайман! – дея жавоб қайтарди у.

Қизларнинг олдида ўзини она маликадек тутадиган Несибега бу ёқмади, албатта. У Баҳромни Амира Кимёнинг Мудакка ўхшаган бир мижози деб ўйлагани унинг ўзини рисоладагидек тутишига монелик кўрсатарди. Бу ерга ташриф буюрадиган бошқа мижозлар камида туман ҳокими ёки прокурор даражасида мавқега эга эди. Фоҳишабоши улар билан эҳтиёткор муомалада бўлишга мажбур эди. У ўзини ипакдек майин кўрсатаётгани билан тўнини тескари кийгач, уфуриб турган ёқимтойлиги йўқолиб, ўрнини тажовузкорлик эгаллади. Бу момиқ қуённинг типратиканга айланиб қолишига ўхшарди.

Биринчи қават ўртасида делфин шаклидаги ҳовза бўлиб, қимматбаҳо тошлар билан безатилганди. Атрофига шишадан ишланган хонтахта ва курсилар қўйилганди. Несибе бир неча қадам юргач, тўхтаб орқасига қайрилди.

– Шу ерда ўтириб туринг. Истагингизни опага етказаман! – деди сўнгра қовоғини уйиб.

Ҳайратланарлиси бу эмасди. Қаватларнинг бирортасида ҳам дераза йўқлиги ажабтовур эди. Ичкарига игнанинг учидай ҳам нур сизиб кирмасди. Бироқ бино ҳавоси тоза эди. Чамаси, бу бино атрофидагиларга девормиён қурилганди. Ташқаридан қараган кимса бунақа жой борлигини пайқамасди. Томи ҳам атрофидаги биноларнинг томи билан қўшиб ёпилганди. Исловатхонанинг тўрт қалъа ичига яширилганида аниқ мақсад ва режа бор эди.

Несибе чиқавермагач,  Баҳром у кириб кетган эшикка қараб юрди. Эшик очиқ турарди.

– Кейинги пайтларда икки тиззамдан пасти қақшаб оғрийдиган одат чиқарди! – деган Амира Кимёнинг овози чалинди. – Шифохонада ётиб даволанишга вақтим йўқ.

Баҳром буни эшитиб, бировнинг гапини пойлаётгандек, ўзини ўнғайсиз ҳис этди. Шунинг учун ўйлаб ўтирмасдан ичкарига кирди. Кирдию, уқалаш столи устида денгиз мушугидай ястаниб ётган Амира Кимёни кўриб, шамдек қотди. Унинг ёғ босган биқинлари бўғин-бўғин бўлиб, супрадек осилиб ётарди. Сонига қучоқ етмас, териси қарий бошлагани сабаб, бужмайиб, куйдирилган каллатеридек қорайганди. У юз тубан ётар, кўкраги остидан кўпчиб чиққан маммалари ахлати тўкилмаган қоринга ўхшарди. Танасига нисбатан кичкина боши ҳар маммасининг тўртдан бирича йўқ эди. Бесўнақай танани шу муштдек бошнинг идора қилаётганига одамнинг ишонгиси келмасди.

Несибе оёқ товушидан унинг кириб келганини пайқади.

– Опа, меҳмонингиз кетмоқчи экан. Шуни айтиш учун олдингизга киргандим! – деди сўнгра.

– Ўзи қани? – деди Амира Кимё бошини кўтариб.

– Шу ерда!

– Бирпас кутинг! – деди у Баҳромни кўргач.

У ортига қайтиб чиқди. Ўйламасдан бостириб киргани учун пушаймон еди. Амира Кимёни уқалаётган ғассол ўрта ёшлардаги бир армани йигит эди. Унинг хотиржамлиги сокин қиёфасидан билиниб турарди. Амира Кимёнинг бошида тикка қотган Несибе унга Баҳромнинг сўзларини етказмаганди. Бу унинг қўрқишини билдирарди. Амира Кимё жуда қаттиққўл эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Бу ;

    Бу Гаплар раман эмас хакикат Гаплар, чунки куп ёш гузал жувон ва кизлар 90-йиллар бошидан йукала бошлаганди. Бу ИАК алайхил-лаънанинг даврида кучайгандан кучайди!!!

    12/10/2017 11:39
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар