Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзини танимаганни дунё танимайди

Ўзини танимаганни дунё танимайди
13 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 963 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

19-қисм

Несибе хизматкорларни чақириб, ҳовза бўйидаги шиша хонтахта устига дастурхон тузашни буюрди. Хизматкорлар ёш ва баққуват йигитлар бўлиб, барчалари бир хил кийимда эдилар. Уларнинг қай бирлари фаррош, қай бирлари ошпаз ёки дастёрлигини билиб бўлмасди. Шуниси аён эдики, улар биринчи ўринда танқўриқчилар ва исловатхона хавфсизлигини таъминловчи кимсалар эдилар. Дуркун гавдалари кийимлари остидан бўртиб, мушаклари ўйнаб турарди. Ажабланарлиси, уларнинг қаердан пайдо бўлганини Баҳром пайқамай қолганди.

Ҳаммомдан чиққан Амира Кимё бўмази[1] халатга бурканганди. У ўзи учун атай тузатилан кенг-мўл креслога чўкди. Иссиқдан унинг юзи бўрсиқиб, кўзлари қизариб кетган, манглайи ва бўйинларидан тер қуйиларди. У бўйи икки қулоч, панжалари белкуракдек келадиган дастёр қўлидан бир коса совуқ кўк чойни олиб, бир кўтаришда симирди. Унинг бошига қозондек қилиб ўралган сочиқ гавдасига нисбатан кичик бошини янаям кичрайтиргандек эди. Стол устини ноз-неъматлар билан тўлдирган йигитлар бир қатор бўлиб ҳовза бўйида сафланиб олдилар. Амира Кимё уларга беписанд қараб қўйди.

– Эллик минг доллар берсам, Нозима Мунисни тинч қўясизми? – деди у кутулмаганда.

Унинг бундай дейиши Баҳромнинг етти ухлаб тушига кирмаганди. У Амира Кимёнинг муддаосини лаҳзалар ичида англаган эса-да, нима деб жавоб қайтаришга қийналди. Таклиф замири қоронғи эди. Хўрак илинган қармоқдан кўра уни ушлаб турган қўлнинг нимани кўзлаётгани қизиқарлироқ эди. Бу нарса юракда қўрқув пайдо этарди. Ваҳимага солиб, руҳиятни қақшатарди. Мудҳиш ҳиссиётлар қаршисида эллик минг доллар кўзга хасча ҳам кўринмасди.

– Нозима Муниснинг инон-ихтиёри ўзида! – деб юборганини Баҳром билмай қолди.

– Юз минг доллар етадими?

        Баҳромнинг боши қотди. У бундай қалтис вазиятга тушмаганди.

– Рости, мен ҳеч нарсани тушунмаяпман. Нозима Мунис мендан сўраб иш қилармиди?

– Сизсиз у ҳеч ким! – деди аёл қатъий оҳангда. – Ўзингизни гўлликка солманг. Улушингизни олиб, ундан олисроқ юринг!

– Унда менинг ҳеч қанақа улушим йўқ. Шундай ҳам бизлар бир-биримиздан олислашиб кетдик, қиладиган ишнинг ўзи қолмади.

 Амира Кимё кафтини чаккасига босгач, бошини қийшайтириб Баҳромга тикилди. У майдалашишни ёмон кўрарди. Унинг бу ҳолатини кўриб, хизматкорлари киприқ қоқмай турар, гўё ҳайкалга айлангандилар, атрофда чивин учса, эшитиларди. Икки дақиқача ўтиб, йиғи товуши эшитилди. Бир нима сукунат бағрига ханжардек санчилиб, вақт эшалонлар каби силкиниб кетди. Шунда юракларнинг миллари чўлоқ чумолидек имиллаб, ҳамма энтикиб нафас ола бошлади. Ҳамманинг диққати картина остида тикка турган Несибега қаратилди. Энди у овоз чиқармасдан йиғлар, аммо ҳеч ким бунинг сабабини билмас эди.

– Бор, биров кўзи тушмайдиган жойга бориб кўнглингни бўшат! – деди Амира Кимё.

Биргина у ҳайратланмаётганди. У шунга ўхшаш юзлаган ҳодисалар гувоҳи бўлавериб, сабабларни англашга бўйни ёр бермаса ҳам, оқибатлар келтириб чиқарадиган вазиятларни қандай бартараф этишни яхши биларди. Кейин у саф тортган йигитларга кўз югуртирди.

Унинг “Тарқалинглар!” деган буғруғини эшитган йигитлар кўз юмиб-очгунча сувараклардек тўрт томонга сочилиб, ғойиб бўлдилар.

У Баҳром билан холи гаплашмоқчи эди. Баҳромнинг бу каби муаммога дуч келмаганини, чўчиётганини бу аёл сезиб турарди. У тулкидек қув, бўридек ёвқур эди. Чойнакни тортиб, чойни шопирди. Кейин қуйиб, Баҳромга узатди.

– Хоҳласам, сизни қаматтираман, хоҳласам, йўқ қилдиртириб юбораман! – деди сўнгра.

– Унда муаммо нимада? – деди ич-ичидан титрашни бошлаган  Баҳром.

– Сабрли бўлинг, укам! – деди у. – Муаммо шундаки, қирқ йилдан буён шу каби ишлар билан шуғулланаман. Фаолиятим давомида хавфсизлик ташкилотлари ва жиноят оламига очиқдан-очиқ қарши турган биринчи одамни учратяпман. Англаб қадам ташлаяпсизми, англамасданми, менга қоронғи. Бу йўлда нафсингиз билан қарашларингиз кесишганда, сизни хавфсизлик кучларидагилар аллақачон гумдон қилардилар. Бизга навбат ҳам етмасди. Шу омил сабаб, Саидмат Соттининг қўли калталик қилди. Бўлмаса сизни қиймалагичдан ўтказарди. Ўйлаганингиздек, уюшган жиноятчиларнинг ва хавфсизлик ташкилотидагиларнинг ҳаммалари ҳам очофат ёки виждонсиз эмаслар. Ичларида турли тоифадагилар керагича топилади. Афсус, уларнинг инон-ихтиёрлари ўз қўлларида эмас, ҳукуматга бўйсунадилар. Аммо, ҳар нима бўлганда ҳам, ўзбекка ишониб бўлмайди…

Ҳар галгидек Амира Кимёнинг ғазаб найзасининг учи асосан ўзбекларга қаратилганини ҳис қилиб турган  Баҳром, у сўзини тугатиши билан:

– Ҳамиша ўзбеклардан нолинасиз! – деди. – Улар сизга нима ёмонлик қилган, билмайман?!

– Бунинг сизга нима кераги бор? – дея Амира Кимё ҳайрон бўлди. – Ўзингиз ҳам менга ўхшагансиз-ку!

– Тушунмадим!

– Нимага тушунмайсиз? – деди у. – Туркманлар доим ўзбеклардан жабр кўриб келганлар-ку!

– Сиз туркманмисиз?

– Тожикман!

– Бу гапларнинг туркманларга нима алоқаси бор?

– Туркманлар ҳам тожикларга ўхшаб, ўзбеклар зулмини кўп тортган халқ демоқчи эдим!

– Бу гапларнинг ҳаммаси уйдирма! – деди Баҳром. – Барчасини Туркистоннинг душманлари ўйлаб топганлар. Ўзбекнинг тожикдан, тожикнинг туркмандан, туркманнинг қирғиздан, қирғизнинг қозоқдан, қозоқнинг қорақалпоқдан, қорақалпоқнинг уйғурдан фарқланадиган томони йўқ. Тарих битта, руҳият битта. Тил, маънавий-ижтимоий устунлар, ўтмиш ва келажак битта. Яхши-ёмон кун, тўй-маърака, ор-номус, шон-шуҳрат, мағлубиятлар ва зафарлар битта. Илдиз битта, япроқлар битта, фожеа битта, кулфат битта, муаммо битта, ечим битта!

– Тожик тили билан ўзбек тили масаласида адашяпсиз! – дея Амира Кимё эътироз билдирди. – Тожик тили – форсий тил. Ўзбек тили турк тиллари оиласига мансуб. Иккаласининг қурилишида катта фарқ бор.

– Буни биламан, сиз ўзбек билан тожик бор жойда форсдан ҳам, туркдан ҳам гапирманг. Ўзбек тили билан тожик тили икки рангли битта тил. Либоси турли-турли, вужуди, ичак-чавоғи бир хил. Маъно-мазмун жиҳатдан бири – Ҳасан, бири – Ҳусан. Сиз икки халқнинг бирлигига улар ижод этган зафарли чўққилардан туриб қаранг. Шашмақомни иккига бўлиб бўладими? Ёки сиз шашмақомни тожиклик назари билан тинглайсизми?

– Ўйлаб кўрмаган эканман! Шашмақомнинг бу нарсага нима алоқаси бор? Умуман, мақомларни тожикчада ҳам, ўзбекчада ҳам эшитавераман. Ҳар икки тилда қўшиқ тинглаш мен учун қийинчилик туғдирмайди!

– Тўй қилсангиз, ўзбекча қиласизми ёки тожикча? Ўғлингиз ўзбек қизга уйланмоқчи бўлса, уйланмайсан, дея буйруқ бера оласизми?

– Ўзбекни тўйи билан тожикни тўйининг бир-биридан қанақа фарқи бор? Иккаласи ҳам бир гўр. Ўғлимнинг хотини бухоролик, ўзбек. Ўзимнинг момом ҳам, тоғамнинг хотини ҳам ўзбек бўлган. Холамнинг икки қизи, аммамнинг бир қизи ўзбекка турмушга чиққан. Хўп, шундай бўлса, нима бўпти?

–  Сизнингча, Сомоний билан Ибн Сино тожик бўлганми, ўзбек?

Мавзунинг ўзгариши муносабатларнинг илиқлашаётганидан дарак берарди. Амира Кимёнинг отамонларга хос бўлмаган бу қадамидан унинг нияти ёмонмаслигини англаш мумкин эди. Кўр тутганини, кар эшитганини қўймас, деганларидек, аслида отамонлар ушлаган жойидан кесишни суярдилар. Қаҳр-ғазаб ва зўровонлик уларнинг асосий қуроли бўлиб, улар шу йўл билан обрў, мол-дунё орттирардилар. Бу гал Амира Кимё одатига хилоф иш тутганди.

– Шу-да! – деб юборди у. – Сибир, Ўрол бўйлари, Олтой ва Мўғулистон тарафлардан келган бу ёввойилар ерларимиз тугул, ота-боболаримизни ҳам ўзлариники этиб олдилар!

– Хўп, Сомоний, Ибн Сино тожик экан, Хусрав Деҳлавий, Жалолиддин Балхий ва Бедил каби тожик-форс адабиётининг забардастлари ким бўлдилар унда?

– Уларнинг тожиклигини кўчанинг итлари ҳам беш қўлдай билади-ку!

– Сизнинг кўз қарашингиз билан қараб, сизнинг тилингиз билан айтадиган бўлсак, бу улуғларнинг тожик халқига умуман алоқаси йўқ. Менинг кўз қарашим, менинг тилим билан айтсак, улар ўзбек-тожик тамаддунининг маҳсули ўлароқ, башарият эътироф этган даҳолар саналадилар. Ҳақиқатан, уларнинг оталари турк бўлган бўлса бордир, ёки сиз айтганингиздек, тожик бўлгандир. Муҳими, бу нарсаларнинг бир чақачалик қиймати йўқлигида. Қолаверса, у замонларда ўзбек ва тожик деган номнинг ўзи бўлган эмас. Аюҳаннос солаётганлар бу икки халқнинг душманлари бўладилар. Уларнинг миллатфуришлигини ниятлари фош этиб турипди. Ўзбек-тожик – икки тилли бир миллат, улар Туроннинг ўтмиши, Туркистоннинг келажагидирлар. Ўзбеклар форслашган турклар бўлсалар, тожиклар турклашган форслар бўладилар. Улар қадимда бугундаги каби “тожбек” ёки “ўзтож”ликларидан номус қилмаганлар. Аксинча, янги тамаддун яратганларидан фахрланганлар. Улар Туронзамин кенгликлари – Марказий Осиё, ҳозирги Русия, ва Қофқоз бўйи миллатларининг онглари, турмуш тарзларига илғор ғоялар олиб кирганларидан мамнунлик туйганлар. Мазкур минтақаларнинг бугунги юксак тараққиётида ўзларининг роли борлигини ҳам улар яхши англайдилар. Ўзбек билан тожик ўша замонларда ўзини бугунгидек тутганида, авлодлар бутун олам эътироф этган ютуқларнинг бирор-биттасига эриша олмаган бўларди. Уларнинг ота-боболари амалга оширган ўша замондаги миссияга бугун ислом, қолаверса, бутун дунё ташна бўлиб турипди. Халқларимизнинг сўниб бораётган мумтоз қалбларида ўша замонларнинг салоҳиятини, жўшқинлигини бугун йўқ деб айтиб бўлмайди. Кул остида ётган чўғни алангалантириш биз авлодларнинг бурчимиз. Шунинг учун бобокалонларимизни тинч қўйиб, ўзимизнинг ишимизни қилмоғимиз керак. Ўзини танимаганни дунё танимайди. Бизлар тўрт асрдан буён ўз исмимизни, кимлигимизни билмаймиз. Бир-бирларимиз билан ўзимизга тегишли бўлмаган нарсалар устида жиққамушт бўлишни яхши кўрамиз. Бобокалонларимиз тирилиб қолсалар, бизни оқ этар, бизни бузғунчи фаҳмлаб, бу жойлардан қувиб соладилар. Юрт сарватини, бирлигини сотган фарзандларни улар фарзанд демайдилар. Ўзлигимизни англасак, бирлашсак, яна бухорийлар, фарғонийлар ва хоразмийлар туғиладилар. Йўқ нарсани талашишдан кўра, борини камолга келтиришга тиришмоғимиз зарур!

– Саволларингиз замирини энди англадим! – деди Амира Кимёнинг қовоқ-тумшуғи очилиб.

– Жомий Навоийнинг пири эканлигини эшитгансиз! – деди руҳланган Баҳром ҳам. – Унинг буйруғи билан Навоий шоҳ асари “Хамса”ни битган. Туркчада – бугунги ибора билан ўзбекчада битилган хамса турк тилининг гўзалликларини ва ўзбекларнинг ҳассос қалбини дунё халқларига очиб берди. Катта-кичик ҳар қандай халқ тилида ўзига яраша нозиклик, файз-тароват бўлишини исботлади. Адабиёт оламида маълум бўлмаган имкониятларни кашф этди. Натижада араб ва форс адабиётидаги жараёнлар турк тилига ҳам кўчди. Ҳар қандай тилнинг умумбашарий мулк эканлиги, ҳар бир халқнинг қайталанмас мўъжизалиги кун тартибига чиқди. Адабиёт миллат қалбининг оинаси бўлиб, руҳий кечинмаларни таржима этиш учун даҳоларча саъй-ҳаракат жоизлиги намоён бўлди. У замонларда Турон мулкларида тожик-ўзбек йўқ эди, иккита туғишган ака-ука бор эди. Бирининг исми Ҳасан, иккинчисининг исми Ҳусан эди. Ҳасан қайси, Ҳусан қайси, ҳеч ким билмасди, улар икки томчи сувдек бир-бирларига ўхшардилар. Шу боис душманлар уларнинг қулоғига ғийбат етказишдан қўрқардилар. Фитна йўқ эди, риё йўқ эди. Кимнинг кимлигини билмай, адашсалар, тиллари кесиларди, кўзлари ўйиларди. Бугун бизларни қассобнинг ити ҳам аврай олади. Бир-биримизга гиж-гижлаб, улар истаганларини қилиб юраверадилар. Жомий Навоий билан Бойқарога пир эди. (Минг йил муқаддам ҳам шунақа бўлган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиши керак). Бойқаро билан Навоий илм аҳлларига устозу ҳомий эди. Турку-тожик, арабу яҳудийдан тортиб, барчалар уларнинг меҳр-муҳаббати, ғамхўрлигидан баҳраманд бўлардилар. Шундай бўлмаганда, Ҳилолий, Беҳзод, Кошифий, Хондамирларга ўхшаган юзлаган дилбар шахсларни бугун ким танирди? Дунё улар бунёд этган маънавий ёдгорликлардан бебаҳра қолмасмиди? Улардан ҳам олдин ўтган Нақшбанд ким эди? Ғиждувоний-чи? Улар турку тожикнинг жигарбандалари эмасмидилар? Нима учун уларни талашмаймиз? Чунки бундай номақулчиликка юрагимиз дов бермайди. Уларни ўйлаганимизда, Тангрини эслаймиз, сезгиларимиз ғимирлаб, Қуръонни кўз олдимизга келтирамиз, Муҳаммад пайғамбар ёдимизга тушади. Улар бани инсоният камолоти учун жон фидолик этгандилар, улар учун миллат, бой-камбағал, шоҳ-гадо йўқ эди. Раҳмон бор эди, инсон бор эди, имон бут, мақсад олий эди, масъулият тоғ эди. Муҳаммад пайғамбардан Абу Бакр (р.а.) билан Солмони Форсийга боғлаган олтин занжир Нури юрагимизда жилваланарди, ўзимиз билмасдик, англамасдик. У Нур Солмони форсийдан Қосим бин Муҳаммад бин Абу Бакр (р.а.) Жаъфари Содиқ (р.а.)га уланганди. Боязид Бистомий бу нурни Абул Ҳасан Ҳарақонийга (қ.с.)га ўтказганди. Уни Абу Али Формадий (қ.с.), Юсуф Ҳамадонийга, у эса Абдухолиқ Ғиждувонийга муҳрлаганди. Ориф Ревгарий (қ.с.) Маҳмуд Анжир Фағнавийга, Али Ромитаний (қ.с.) Муҳаммад Бобо Самосийга боғлаганди. Саййид Амир Кулол бу Нурни Баҳоуддин Нақшбандга икки қўллаб, қошининг устида етказди. Юрагимизга ўшанда иккинчи бора чўғ тушганди. Ичимиздаги Нур ўшандан эди. Қўрқув шундан қолганди. Нур илм ва ҳунарга айланмагач, ваҳимага туширишини билмасдик. Жаҳолат ботқоғига ботгандик. Ўша замонларда бутунлай бошқача эди. Илмимиз, шижоатимиз бор эди. Шу фазилатлар бўлмаганда, бизларнинг орамиздан Амир Темур чиқмасди, Берунийлар, Сомонийлар, Ибн Синолар, Бойқаролар, Жомийлар, Навоийлар, Шайбонийлар, Ҳилолийлар, Кошифийлар чиқмасди. Бугун бизларни яна ҳамкорлик, бирлик, илм кишанлардан халос этишини биламиз. Бу озодлик дегани, ҳурлик дегани. Бу йўл – боболар йўли, исломнинг йўли…

– Бунақада икки халқни қўшиб, буюк бир мамлакат тиклаш керак! – деди завқдан юраги ҳаприққан Амира Кимё.

– Йўқ! – деди Баҳром. – Бу тажовуз дегани. Мустақил бир халқ устидан ҳукм чиқариш жиноят. Қўшилиш дегани диктатура демакдир. Тенглар ва хайрихоҳлар иттифоқини тузиш лозим. Нафақат икки халқ, балки бутун Туркистон давлатлари Оврупо иттифоқига ўхшаган бир демократик ташкилотга уюшишлари зарур. Шунда тўрт юз йиллик аросатдан қутуладилар, озод ва эркин бўладилар. Туронзаминнинг ҳар жойида тараққиёт бўй кўрсатиб, илм-фанда инқилоб бошланади. Кучли давлатлар қаршисида раҳбарлар дум булғашдан қутуладилар, кучсиз ва кичик халқларга чиранмайдилар. Халқлар маҳаллий мустабидларнинг хорликлари ва зулмларига муносиб жавоб қайтаришга эришадилар. Дунёга сочилиб кетган туркистонликлар ўз ватанларида қадр-қиммат топадилар, ўз тупроғида мусофирга айланганлар ҳақиқий фуқаро бўладилар. Ўз юртларида корхоналар очадилар, боғлар яратадилар, ҳалол меҳнатлари билан ўлка тараққиётига ҳисса қўшадилар. Буюк келажак яратилади. Бунинг учун бизда зарурий нарсаларнинг барчаси муҳайё, ҳатто керагидан ҳам ошиқ. Туркистонликлар Оврупо иттифоқи мамлакатлари фуқаролари сингари бир-бирлариникига эмин бориб-келсалар, қандай яхши. Алоқалар уларни яқинлаштиради, бир-бирларини кашф этиб яшашларига имкон беради…

– Оврупо иттифоқининг ўзи тўкилай-тўкилай деб турипти-ку!

– Иш бор жойда, тараққиёт бор жойда муаммо бўлади, депсиниш ва силжиш бўлади. Асосийси, ният поклиги, йўлнинг тўғрилиги. Ўсиш кузатилмаган маконларда муаммо ҳам, рўшнолик ҳам йўқ. Улар депсинишни билмайдилар, силжишни тушунмайдилар. Уларнинг бош чаноқлари ичида биқиқлик ва турғунлик ҳукм суради. Фуқаролар музлатилган балиққа, йўлбошчилар қўриқчига ўхшайдилар. Уларга жон ҳам инмайди, сузмайдилар ҳам, ўлиб-ўлмайдилар ҳам, кулиб-кулмайдилар ҳам. Худди бизлардаги каби…

[1] Бўмази –патли.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар