Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Халқ артисти президентдан Бобомурод Абдуллаевни озод қилишни сўради

Халқ артисти президентдан Бобомурод Абдуллаевни озод қилишни сўради
13 Ekim 2017 - 0:14 'да юкланди ва 1047 марта ўқилди.

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Халқ артисти, дирижёр Зоҳид Ҳақназаров президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ҳибсда қолаётган мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаровни озод қилишни сўраган. Озодлик билан суҳбатда Ҳақназаров Мирзиёевни ҳукуматни собиқ совет замонидан мерос қолган тизимдан қутулишга чақирди.

Халқ артисти президентга ёзган мактубини Facebook тармоғида эълон қилди.

Мактубида у Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаровни “ўзбек халқининг жонкуяри, қаҳрамони», деб атади ва «журналистни Ўзбекистон МХХ чангалидан озод қилинишини талаб қиламан», деб ёзди.

“56 йил рус чоризми мустамлакачилигини, 70 йил болшевиклар репрессияларини (улар ҳам руслар), 26 йил мобайнида жаллод Ислом Каримов буйруғи билан қотилликларни бошидан кечирган ўзбек халқини, ўзбекларни ҳимоя қилаётган мард йигитимизга минг раҳмат дейишимиз ва бугуннинг ўзидаёқ унга ҳайкал қўйишимиз керак. Қачонгача бир биримизни бошини еб бошқа халқлар олдида шарманда бўлиб юрамиз? Уят!” деб ёзди Ҳақназаров.

Қуйида Зоҳид Ҳақназаров билан суҳбатни тингланг:

2017 йилнинг 27 сентябрида Тошкентда қўлга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодекси 159-моддасининг 4-қисми асосида ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариш мақсадида фитна қўзғашда айбланмоқда. ​

Бобомурод Абдуллаев, дастлабки тергов хулосасига асосланган ҳолда, 1 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан 10 кун МХХ ҳибсхонасида сақлашга ҳукм қилинди.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов “Озодлик” радиосига тақдим этган суд қарорида ëзилишича, “Абдуллаев “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” функционери сифатида шу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан 2011 йилдан буён Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган”.

3 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист эканини маълум қилган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар