Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Фикр – фитна эмас

Фикр – фитна эмас
13 Ekim 2017 - 15:39 'да юкланди ва 995 марта ўқилди.

“Усмон Ҳақназаров” ахборот оламида ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмаган. У эркин сўз айтиш ҳуқуқи чекланган ёпиқ жамият мевасидир. Танқидга очиқ, сўз эркинлиги кафолатланган жамиятларда ҳар ким ўз фикрини ўз исми билан қўрқмасдан билдираверади.

Бобомурод Абдулла – “Усмон Ҳақназаров” мақолалари учун ҳибс этилишини ҳуқуқ нуқтаи назаридан хато деб биламан. Журналист Конституция берган ҳуқуқидан фойдаланиб айрим амалдорларни ҳамда ўзи қинғир деб билган ишларни ўткир танқид қилиб келган, холос.

Танқидга учраган шахс ёки ташкилот агар журналистнинг фикрини ҳақсиз, ёлғон ё туҳмат деб ҳисобласа, бундай ҳолда энг оқилона йўл – ўз шаъни ҳимояси учун маҳкамага арз қилиши лозим эди. Маҳкама ишни холис, пухта ўрганиб, иккала томоннинг конституцион ҳуқуқига риоя этган ҳолда ажрим чиқарар эди. Қонун устувор бўлган давлатларда шундай қилинади.

Бобомурод Абдулла – “Усмон Ҳақназаров” ҳолатида нима бўляпти?

1. Амалдор ўзини халқ хизматидаги бир шахс деб эмас, нақ давлатнинг ўзи деб ҳисоблаяпти.
2. Натижада шахсига ва ишларига қаратилган танқидни “давлатга қарши ҳаракат” деб баҳолаяпти.
3. Танқидга учраган томон ўзини ҳақ деб билса, ҳақлигини қонун йўли билан исботламасдан – маҳкамага мурожаат этмасдан, давлатнинг қудратидан фойдаланиб танқид қилувчини ҳибсга оляпти.

Булар хатодир.

“Фитна чиқаришга уриниш” айблови ҳам ҳар томонга тортса бўлаверадиган мавҳум, ҳуқуқ жиҳатидан анча хом моддадир. Қўйиб берса, бунга кўра ҳар қандай танқидни фитнага йўйса бўлаверади. Бунақада амалдорнинг катта жиноятларини кўриб туриб ҳам ғиқ этиб бўлмай қолади. Халқ назорат этиб турмаса амалдор тез айнийди.

Фикрнинг ўзи ҳали фитна эмас. Салбий ҳаракат келтириб чиқарсагина уни фитна деб баҳоласа бўлади. Унгача фикрга қарши фикр билан курашилади.

Масалан, “Усмон Ҳақназаров” мақолаларини 15 йилдан бери ёзиб келар экан, унинг танқидларидан таъсирланиб қачон ва қаерда халқ кўчага чиқди?! Қачон ва қаерда фитна қўзғалди, тўпалон чиқди?! Мен эсламайман.

Хуллас, Ўзбекистон Конституциясида ҳамда Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги Қонунда белгиланган сўз эркинлиги ҳурмат қилиниши лозим.

Бобомурод Абдулла тутқунликдан қанча тез озод бўлса, шунча яхши.

Президентимиз бу ишга шахсан аралашишини ва муаммони ижобий ҳал этишини орзу қиламан.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
2017 йил 13 октабр

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар