Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Подшо қароқчи, қози ўғри бўлгач, додингизни кимга айтасиз?

Подшо қароқчи, қози ўғри бўлгач, додингизни кимга айтасиз?
14 Ekim 2017 - 7:00 'да юкланди ва 1452 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

20-қисм

– Демак, халифаликка эҳтиёж бор эканда? Майда-чуйда қилиб ўтиргандан кўра, дунёни бирлаштириш керак. Тамом, вассалом!

– Мутлақо нотўғри! – деди ўйламасдан гапирган Амира Кимёнинг сўзларидан нохушлик туйган Баҳром. – Аввало халифалик ўзи нима, билиб олиш керак. Халифалик деганда тўрт халифа даврини – чорёрлар ҳукмронлик этган замонларни тушуниш жоиз. Кейин, халифаликнинг бутун туриш-турмуши араб имперализмига айланди. Баъзи бир замонлар бундан мустасно, албатта. Халифалик ислом ўзанида тўғри оққанда эди, Чингиз мусулмонларни қақшата олмасди, овруполикларнинг мусулмон мамлакатлари чегараларидан босиб ўтишларига юраклари дов бермасди. Амриқо тупроқларида мусулмонлар ҳукмронлик юргизаётган бўларди.

Христианлар исломнинг ютуқларини ўзлаштиришга мувафақ бўлдилар. Исломни тўғри англаган овруполикларнинг бизлардан ўзиб кетганларига беш асрдан ошди. Улар бизнинг хато ва камчиликларимиздан тўғри хулосалар чиқарганлари учун ҳам, бунга ҳақлидирлар. Исломни таназзул ёқасига судраган араб имперализмининг рус ва инглиз имперализмидан тафовутланадиган жиҳатлари жуда кам. Ҳозирги давлат бошлиқлари, айниқса, президент халифалик деганда араб имперализмини назарда тутади. Унинг ўзга чораси йўқ. У зўровонлик билан бошқариладиган тизимдан бошқасини кўз олдига келтира олмайди, у демократ бўлолмайди. Унинг адолати – анархия ва зулмга асосоланган. Биз назарда тутган халифалик ер юзидаги бутун мусулмонларни ислом атрофида бирлаштирадиган руҳий уюшма бўлиши керак. Унинг бош идораси пайғамбаримиз киндик қони тўкилган Макка шаҳрида жойлашса, мақсадга мувофиқ бўлади. Маккада мусулмон оламини уйғунлаштириб турадиган иккинчи “Каъба”нинг яралиши мусулмонлар томирига ҳақиқий тириклик муждаларини ташийди, дунё яшаради. Бизларни инқирозга олиб келган нарса ислом ақидаларини тўғри тушунмаслигимиздан келиб чиққанини ҳис эта олсак, руҳий бирликка эҳтиёж сезамиз. Ҳақиқий халифаликнинг вазифаси тўғри фатво беришдан ва мусулмонларни бир-бирларига яқинлаштиришдан бошланиши лозим. Ички низоларга батамом барҳам берилиши зарур. Рақобатни кучайтириш жоиз, низо билан рақобатнинг фарқига борадиган вақт етганига беш аср бўлди. Дунё мамлакатлари билан ҳар жиҳатдан алоқаларни йўлга солиш мусулмонларни қувватлантиради. Ўзгалар ерига кўз олайтирмаслик умрларга умр бағишлайди. Ҳақиқий жиҳод илм-фанга қаратилиши зарур, жиҳодни ижтиҳодга қаратиш зарур. Ўзга диндагиларга раҳм-шафқатли бўлишни исломнинг афзаллиги деб қабул этсак, хафв-хатардан холи бўламиз. Халифаликни тузиш учун қўлга қурол олиш, қон тўкиш шарт эмас. Мақсад аниқ, ният холис бўлгач, барчаси ўз-ўзидан ўртага келади. Шакл БМТга ёки Ватиканга ўхшаш бўлса, зарар қилмайди. Фақат янаям жидийроқ, янаям собитқадамроқ бўлиш талаб этилади. Ишчи гуруҳ аъзо мамлакатлар уламоларидан тузилади. Раҳбар овоз бериш йўли билан сайланади. Унинг миллатига ва қаердан келиб чиққанига эътибор бермаслик жоиз. Кимлиги, билим савияси, шахси асос этиб олинса, бас. Мазкур йўналишда иш давом эттирилса, Амриқо ва Русияга ўхшаган давлатларга мусулмонлар ўртасида иш қолмайди. Ҳозир-чи? Агар улар бизларнинг ўртамизда соқчилик этмаса, бир-бирларимизни еб битиришдан ҳам тоймаймиз. Халифаликнинг асосий вазифаси онг ва тафаккурни ўстиришдан иборат бўлиши зарур. Онг ўзгарса, тафаккур пайдо бўлади, тафаккур тушунчалар ва муносабатлар силсиласини вужудга келтиради. Тўғри тушунчалар тўғри турмуш тарзини шакллантириб туради. Тўғри турмуш тарзи тамаддун – тараққиёт, ўсиш демакдир. Буларнинг барчаси менинг фикрларим, албатта. Халифаликнинг афзал тизимлари ҳам бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, ўртада адолат ва тенглик ҳукм сурмоғи керак. Адолат мезонларига путур етган жабҳаларда ислом бузилади. Барча нарсалар тескари айлана бошлайди. Ҳар бир оддий мусулмон каби менинг фикр билдиришга ҳаққим бўлгани билан, бу каби долзарб масала устида, ислом алломалари ва йўлбошчилари бош қотиришлари лозим. Ислом назарий жиҳатдан дунёдан жуда олдинда бўлса-да, амалиётда жуда орқада қолди. Бирлик ва ташкилотчилик ўлганига минг йил бўлди. Ислом олами ташаббусларга ташна, ташкилотчиларга зор. Мусулмонларнинг орзу-ниятларини, мақсад-муродлари ва муддаоларини ер юзи халқларига англатиш вақти етди. Англаш бошланса, алоқалар шаффофлашади, муносабатлар самимийлашади. Чунки келишмовчиликлар ва жанжаллар тушунмасликлардан келиб чиқади. Ер юзидаги ҳар бир одам ўзининг ақидаси, Олам ва одамга бўлган нуқтаи назарини энг тўғри деб ҳисобласа-да, уларнинг қарашлари бир-бирлариникидан унча ҳам узоқ эмас. Уларни бир-бирларига яқинлаштириш зарур…

– Унақада бутун ер юзидаги одамларни бир мамлакатга бирлаштириб, барчани бир тилда сўзлашадиган қилиб қўйса бўлмайдими?

– Бўлади! Жараён поёнига етмасдан, инсоният инқирозга учрайди. Тил – миллатнинг жони. Навоий “Тилга эътибор – элга эътибор”, деб бекорга айтмаган. Тили борнинг дили бор, тили йўқнинг дили йўқ. Тилини йўқотган миллатини, бошини йўқотади. Миллатсиз одам ҳидсиз ва рангсиз гулга ўхшайди. Илдизи йўқ дарахт, пойдевори йўқ бино янглиғ омонат бўлади. Ҳазил ўз ўрни билан, албатта. Тиллар ва урф-одатлар ранг-баранглиги инсониятнинг яшовчанлигини таъминлайди. Тил миллатнинг иммун тизими ҳисобланади. Тилга нуқсон етса, миллат чиришни бошлайди. Битта миллат ер юзидан йўқолдими, бошқа миллатларнинг ҳам умри биттага қисқарди деяверинг. Ўзини миллатпарвар санаб, ўзга миллатларга ўлим истайдиганлар, аслида ўзларига ўзлари ўлим тилаётган бўладилар. Миллатпарварлик ва миллатчилик миллатпарастликкача олиб келдими, ўша миллат орасида ўлат бошланади. Миллатчилик ҳисси тилга ва миллий урф-одатларга садоқат рамзи сифатида намоён бўлиши керак. Бизнинг давримизда миллатчилик туйғулари билан миллатпарастлик қусурлари эт билан тирноқдек бир-бирига ёпишиб кетяпти. Миллатчилик билан миллатпараслик орасида Хитой деворини тиклаган миллатлар тозарадилар, яшарадилар. Тиклай олмаганлар нураб боряптилар.

– Ажойиб! – деди суҳбатдан кўнгли тўлган Амира Кимё. – Бу гапларни бизларга на ота-онамиз, на ўқитувчиларимиз айтган…

 У Баҳромнинг кўзларига Тўрси Содиқ ва Ойхон Сурхунчаларга ўхшаб кўрина бошлади. Улар эътиқодларини либос сингари ҳар нафасда ўзгартириб турардилар. Бироқ Тўрси Содиқ билан Ойхон Сурхунчага ўхшаганларнинг минглаганлари Амира Кимёнинг қўлига сув қуя олмасди. Ойхон Сурхунча билан Тўрси Содиқ кечагина шўроларни шеърга солиб, қўшиқ куйлаганди. Бугун улар мустақилликка маддоҳлик этаётгандилар. Эртага Хитой бостириб келса, улар Маога бағишлаб шеър ёзардилар. Бағри кенг ўзбекнинг эса ҳаммасини тинглашга бардоши етарди. Амира Кимё ўтаган мактаб ўзбек зиёлилари ўтаган университет ва институтлардан ҳар жиҳатдан юқори турарди. Университет ва институтларда етмиш йил худосизлар ўйлаб топган ёлғон ақидалар ўқитилган бўлса, Амира Кимё сабоқ олган ҳаёт мактаби азалда яратилган қонун-қоидаларга йўғрилиб, илгариларди. Унга атрофдан қанча аралашилмасин, у айланиб-дўланиб қозиғини топган от сингари ҳар сафар ўзанига тушиб оқарди. Шунинг учун академиклари ва казо-казолари бисёр миллатнинг куни Амира Кимё каби бир жиноятчига қолдими, дея фикрлаш нотўғри бўларди.

– Кеч бўлди, менга рухсат, кетаман! – деди Баҳром.

– Бунча шошасиз? – деди Амира Кимё. – Кечамизнинг кўнгил очар қисми энди бошланади!

У қарс урди. Несибе билан хизматкор йигитлар пайдо бўлди.

– Опажон, буюринг! – дея Несибе қўлларини кўксига қўйди.

У йиғлаганга ўхшамас, кўзлари кулиб турарди.

– Бокиралар билан ғунажинлар саф тортсин!

– Бир оғиз сўзингиз! – деди шай турган Несибе.

– Сизлар тарқалинглар! – деди Амира Кимё хизматкорларга.

Ғунажинлар уларни долонда кутиб олган қизлар эдилар, бокираларга Баҳром учинчи қаватда дуч келганди. Уларни бунақа ишлар учун деган хаёл унинг ён-веридан ҳам ўтмаганди. Ғунажинларнинг лаблари очилмаса ҳам, кўзлари беҳаёликдан ёнар, нигоҳларида макр-ҳийла яширинганди. Бокираларнинг туриш-турмушларидан болаликнинг ҳиди анқир, кўзлари онасидан айрилган полопонларники сингари жовдирарди.

– Наригилари ғунажинлар! – деди Амира Кимё. – Мана булар ўн гулларидан бир гуллари очилмаган бокиражонларим. Кичиги ўн учда, каттаси ўн олти ёшда. Хоҳланг, ғунажинлардан уч-тўртини танланг, хоҳланг, бокиражонлардан бирини танланг. Бугун белимга ҳиммат камарини боғлаганман, фойдаланиб қолинг…

– Илтифотингиз учун раҳмат! – деди Баҳром. – Чарчаганман, уйимга бориб дам олмоқчи эдим!

Сўзи бўлинган Амира Кимёга унинг ўзини бундай тутиши ёқмади.

– Айтганларидан кўра ҳам ғалатироқ экансиз-ку! – деди у. – Бокираларнинг бир кечаси ўн беш минг доллар туришини биласизми?

– Рости, билмайман! – деди Баҳром.

– Анойингизни топтингиз! – дея у хохолаб кулиб юборди.

– Нимага ишонмайсиз?

–  Муддаога ўтайлик! – деди қизларга жавоб бериб юбориб, у. Унинг ҳафсаласи пир бўлганди. – Сизни ақлли-ҳушли йигит десам, ўйлаганимдек эмаскансиз, ихтиёрингиз. Мақсадим, ўзингизга алоқаси бўлмаган ишларга ўралашманг. Жувонмарг бўласиз. Ҳалиги таклиф, кучида турипти!

– Мен ҳам фикримда турипман! – деди  Баҳром. – Қўлимдан келмайдиган ишга бош суқа олмайман. Мен Нозима Мунисни дея балчиққа ботишни хоҳламайман.

– Дуруст! – деди ғазаби юзига кўпчиган Амира Кимё. – Сиз Нозима Мунисни дея балчиққа ботиб бўлгансиз, вазият тақазо этса қамаласиз. Аммо мен буни истамасдим.

– Қўлимдан нима келарди? Пешонамдаги кўраман!

– Ундай бўлса, сизга бир яхшилик қилай, вақти етиб, қўлга олинганингизда, менинг даъвойимни кескин рад этинг. Мен билан юзлаштиришларини талаб қилиб тураверинг. Босимларга бардош бера олсангиз, даъвойим пучга чиқади. Сабаби, сиз билан юзлашиш учун унақа ифлос жойларга оёғимни босмайман.

Амира Кимёнинг сўзларини эшитган Баҳромнинг бутун тан-бадани музлаб кетди.

– Орамизда олди-берди йўқ, қандай айб қўйишингиз мумкин? – деди у.

– Ўз қўлингиз билан ўн икки минг доллар олдим, деб ёзиб берган тилхатингиз қўлимда турипди!

– Мен сиздан бир тийин ҳам пул олмаганман, тилхат ҳам ёзиб бермаганман! Аммо бошқалар учун ширкатга пул берганман!

– Шундай, тўғри айтяпсиз! – деди Амира Кимё. – Ҳаммасидан хабарим бор. Олганмисиз, берганмисиз, энг асосийси асос бор. Зарурат туғилса, олган, бўлмаса берган деб ишлатилаверади. Буёғи ўзингизни қандай тутишингизга боғлиқ. Сизни тўрт-беш ой ушлаб туришга шунинг ўзи етарли. Жоиз бўлса, беш-ўн йил қамалишингиз ҳам мумкин. Сайилгоҳ кўчасидаги рассомлар дастхатга қараб тилхат ёзсалар, сиз тугул “аканг қарағай” деб кўкрагига муштлаб юрган ҳоким ва вазирларни қамайдилар. Подшо қароқчи, қози ўғри бўлгач, додингизни кимга айтасиз?

– Ҳар нима бўлганда ҳам, Нозима Муниснинг тақдири ҳал бўлганга ўхшаяпти. Бу ишлардан ортиқ фойда йўқ!

– Мен учун ҳам бу нарсанинг қизиқ жиҳати қолмади. Манзилга яқин қолди, шекилли. Қолаверса, менинг режам нелигини сиз қаердан билиб ўтирипсиз? Муҳими, Амира Кимёнинг сўзи ерда қолмаслиги керак. Оғзимдан чиққан сўз, отилган ўқ. “Туф” деган тупигини қайтиб оғзига олган одамдан ҳайвон яхши…

У ҳеч бир сирни яширмасдан гапирарди. Иш охирлаб қолган, Баҳромнинг ортиқ қўлидан ҳеч бир иш келмаслигини у тушунса ҳам, унинг нимани кўзлаётгани қоронғи эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар