Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Иложи бўлса, беш юз қўшсангиз, ишни михлардик!

Иложи бўлса, беш юз қўшсангиз, ишни михлардик!
15 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1213 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

21-қисм

Тўққизинчи боб

Баҳром кун яримида уйқудан турди.

– Тонг отгач ухламасдингиз? – дея сўради қайноқ чойга чойқалпоқ кийдирган хотини.

– Билмасам, – деди у. – Ухлапман-ку.

Уни тонгги тўртларда уйига ташлаб кетишганди. Тунда бўлиб ўтган воқеа унинг дунёсини ағдар-тўнтар этиб ташлади. Амира Кимё нима учун олиб кетиб, нима учун қайтариб келтириб ташлади, деган ўй унга тинчлик бермас, у Амира Кимёнинг муддаосини тўлиқ англаб етмаганди. Хаёллари туман ичра кезаётган хира фонусга менгзарди. Вужуди ўзиники эмас, фикрати карахт эди. У бўкиб, еб, оғзида овқат таъми қолмаган одам сингари ланж, тафаккури танбал тортган, кўрган-билганларидан, эшитганларидан мантиқ қидирса-да, уни тополмасди…

У Катя билан гаплашиб, кечга яқин учрашув белгилагач, Нозима Муниснинг уйига қўнғироқ қилди. Қизидан бетоблигини эшитиб, унинг уйига боришга қарор берди. Ҳовли тўла ишизловчилар эди. Ўтган кунги ҳар бир одам бир-иккитадан “ҳой, баракаллачи”ни эргаштириб келганди. Улар Нозима Мунисни букмоқчи эдилар, саракни-саракка, пучакни-пучакка ажратадиган палла етишаётганди. Унинг ортиқ “кўринмас қўл”лар измига юримаслиги ойдинлашиб қолгач, улар ундан қўл ювгандилар. Унинг кўзи очилиб, барчаси ортида Амира Кимё ёхуд Саидмат Сотти турганини яхши биларди. Шу учун бирор нарсани тасодиф деб бўлмас, ишлар режа асосида кетаётганди.

 Ошхонада куйманаётган оқсоч ҳақиқатан Нозима Муниснинг кўрпа-ёстиқ қилиб ётганини айтди. Баҳром унинг олдига кирди.

– Келдингизми, укажон? – деди, у қуруқшаган лабларини ялаб.

У ер билан битта бўлиб ётар, қизлари билан Настя ёнида эди.

– Нима бўлди, тузукмисиз? – деди, унинг пешонасига кафтини босган Баҳром. – Иссиғингиз баланд-ку, “Тез ёрдам” чақирдиларингизми?

– “Тез ёрдам”нинг кераги йўқ! – деди зардали товушда катта қизи. – Ўзларига келиб қоладилар. Меҳрибон экансиз, кечадан буён қайларда юрипсиз?

– Мен сенга ўхшаган унинг ичидан узилиб тушган жигарпораси эмасман-ку! – деди дашномдан аччиғи чиққан Баҳром. – Мендан нима учун ўпкалайсан?

–  Унга эътибор берманг! – деди лабини дока билан ҳўллаган Нозима Мунис ёстиқдан аранг бошини тикларкан. – Мени шифохонага олиб боринг, ётишим шу бўлса, ўлиб қоламан!

У ўрнидан инқиллаб туриб, кийиниш учун ичкарига кириб кетди. Баҳром ҳовлига чиқди. Уни ишизловчилар ўраб олиб, сабабсиз дағдаға эта бошладилар. У шошиб қолди. Уларнинг атайлаб ўзини синдиришга тиршаётганларини тушунса-да, қай бирига гапиришини билмасди. У чекинса, Нозима Муниснинг сўзсиз таслим бўлишини уларга ҳомийлари уқтиргандилар. Ҳаялламай Нозима Мунис ҳам ортидан чиқди.

– Мен ўлиб қолсам, берган пулларингиздан кечасизларми? – деди у остонада туриб.

– Қиёматда икки қўлимиз ёқангда бўлади! – деди кимдир.

Қолганлар ҳам шу гапни такрорладилар.

– Тинч ўлишга ҳам қўймайди бу одамлар! – деди у. – Ажал келса, мени булар Азроилнинг қўлидан ҳам ажратиб оладилар. Бироқ ҳақ-ҳуқуқларини талаб этишдан қўрқадилар. Маҳкамага арз этишга юраклари бетламайди. Чунки Саидмат Соти билан Амира Кимё, шундай бўладиган бўлса, буларнинг ўзларини қаматтиради.

– Ўзингизни кўпам ақлли қилиб кўрсатаверманг, олган пулларингизни қайтаринг! – деди кимдир.

– Бизлар бу ерга маъруза тинглагани келганимиз йўқ! – деди бошқаси.

– Пулингни олмоқчи бўлсанг, тантиқликларимга кўнасан! – деди Нозима Мунис товуш чиққан тарафга бўйнини буриб. – Ёки бир ғиштни олиб, мен нодонни уриб ўлдирасан, тинасан. Осони, миршабларга бориб устимдан шикоят қилиш: мени қамашади, сўнгра қамоқдан чиқишимни кутасизлар. Мен сизлардан, сизлар мендан қутуласизлар. Чиққунимча ким бор, ким йўқ!

       Бундай кескин жавоб эшитишни кутмаган ишизловчилар ўйланиб қолдилар.

      – Кўрдиларингми! – деди у давом этиб. – Сизларга иссиқ ҳам, совуқ ҳам ёқмайди. Ҳомийларинг нимани уқтирган бўлса, шуни айтишга мажбурсизлар. Сизларнинг кунинг меникидан ҳам оғир!

    Тиқ этган товуш чиқмасди. Ишизловчилар алвираб қолгандилар. Бу Нозима Мунисга куч бағишлади. Унинг сўлғин юзида заҳарли жилвалар ўйнади, кўзларида ўтли шуълалар пайдо бўлди.

– Юринг, ука! – деди у Баҳромга. – Мен зарур бўлсам, кутиб туришади. Бўлмаса кетаверишсин, тўрт томонлари қибла!

Улар катта кўчага чиқдилар.

– Нима учун машинангизни миниб чиқмаяпсиз? – дея сўради у.

– Машина ҳайдашдан чарчадим, – деди Баҳром. – Кун бўйи Жўрақул узуннинг тозисидай, қорага қараб, ҳар тарафга чопган билан нафи бўлмаса, зерикаркансан одам.

– Ҳамишаки борадиган қаҳвахонамизга бориб тамадди қилсак, дегандим! – деди Нозима Мунис.

– Шифохонага бормаймизми? – деди таклифдан ҳайрон қолган Баҳром. – Иссиғингиз баланд-ку!

– Шифохонага боргач, ётишга тўғри келади. Барча ишлар ўлда-жўлда қолса, яхшимас. Нима қилиш хусусида сиз билан бафуржа ўтириб гаплашсак, ёмон бўлмасди. Бундан кейин бизларга бемалол учрашишга йўл бермайдилар. Адвокат айтганидек,  барчасини ёздим, аризани унга етказиш керак!

– Майли! – деди унинг ҳақлигини англаган Баҳром ҳам. – Овқатлансангиз, балким, ўзингизга келиб қоларсиз. Йўлнинг нариги бетига ўтайлик, такси ушлайман.

– Кеча ташлаб кетганингиздан буён туз тотмадим! – дея сўз бошлади Нозима Мунис машинага ўтиргач. – Ўзимнинг уйим ўзимга зиндон бўлди. Настянинг таъсирига тушган қизларим мени ўлдиришга ҳам тайёрлар. Ўзимни чордоққа чиқиб осгандим, оқсоч ўлгур ипни кесди. Ўлсам, барчасидан қутулардим. Ишлар ёпти-ёпти бўларди. Настя деган ифлос уйига кетмаяпти. Болалари билан меникида ётиб қоляпти. Унинг измига кирган қизларим нафсониятимни қора ер билан битта қилдилар. Аҳмоқ қизларимга Амира Кимёнинг ноғорасига ўйнаётганларини тушунтиришдан кўра ўлиш осонроқ бўлиб қолди…

Унинг сўзлари пойма-пой эди. Баҳром қаҳвахонага боргунча индамай эшитиб борди. Киракашнинг эшитиб, қўрқаётганини англагач, ўзи ҳам унинг ақли жойида эмас, дея ўйлай бошлади. У эшитаётганларига ишонмади. Уни иситмаси баландлигидан алжираяпти, дея ўйларди.

– Қанақа чой ичасиз, Нозима опа! – дея сўради у стол атрофида жойлашганларидан сўнгра.

– Ҳар доимгидек, аччиқ кўк чой! – деди у. – Дастёр чучуварани икки ҳисса олиб келсин!

У овқатга ўч эмасди, танламасди. Баҳром, нималар бўлаётганига тушунмай қолди. Аёл ҳаш-паш дегунча барчасини еб битирди. Битта нонни бир ўзи ямлаб ютди.

– Яна бўлса, йўқ демасдим! – деди ортидан.

 Баҳром дастёрни чақирди.

– Тағин бир ҳисса чучувара, яримта нон! – деди.

– Йўқ, икки ҳисса келтиринг, нон бутун бўлсин! – деди Нозима Мунис.

У яна барчасини паққос туширди.

–  Еганим сайин, қорним очқаяпти! – деди, сўнгра.

Баҳромни ваҳима босди. Жинни бўлиб қолмаса гўрга эди деган ўй унга тинчлик бермасди. У икки кунлик меъёрни бир ўтирганда еб битирганди.

– Чой ичинг, еганларингиз ҳазм бўлсин! – деди у.

– Умримда бундай очқамагандим! – дея у ғалати жилмайиб қўйди.

– Кела-келгунча айтларингизни эшитиб, қулоқларимга ишонмай қолдим! – деди Баҳром.

– Ишонмайсизми? – деди у. – Мана арқон изи!

У рўмолини кўтариб, бўйнини кўрсатди. Ип изини кўриб Баҳромнинг пешонасидан совуқ тер чиқди.

– Худо кўрсатмасин, оқсоч қутқармаганда, жаҳаннамга кетардингиз! – деди чойдан қултумлагач.

– Бу дунёдан жаҳаннам тузук бўлиб қолди! – деди у кўзларида шодлик учқунлари порлаб.

Баҳром унинг хурсандлиги боисини тушуна олмай баттар ажабланди.

– Бу дунёнинг бор азоби у дунёнинг бир соатлик азобича йўқ! – деди нима дейишини билмай.

– Ўзим дўзахга тушсам ҳам, болаларимни қутқармоқчиман! – деди у. – Энди уларнинг қўлларида умрларининг охирларигача етадиган пуллари бор. Ўлгунларича бу дунё дўзахидан уларни қутқардим. Ўлсалар, жаннатга тушадилар, ҳи-ҳи-ҳи-и…

Унинг беўхшов кулгуси  Баҳромнинг бошига гурзи каби урилди.

– Нималар деяпсиз, Нозима опа?! – деди у.

– Мени йигитларнинг хўрози Ёқубқори гапиртиряпти! – деди у оғзидан тупук сачратиб. – Ҳезалаклар ҳомийси, марҳум Саидмат Соттига шон-шарафлар бўлсин! Ифлоснинг тили ҳам совуқ эди, …га текканида, жирканиб кетардим. Ичимга илон киргандек муз қотардим. Мен кампирларнинг ҳурлиқоси, қизларнинг малагиман, офатижонман, сарвиравонман… Ҳи-и-ҳи-ҳи-и…

У ақлдан озаётганди. Нима деётганининг фарқига бормас, кўзининг қорачуқлари кенгайиб, хонасидан отилиб чиқай дерди.

– Оналарини ноҳақ ранжитган фарзандларнинг жойлари жаҳаннамда бўлармиш! – деди Баҳром.

У ўсмоқчилаб, аёлнинг руҳиятига човут уриб кўрмоқчи эди.

– Ундай деманг! – деди афт-ангори докадек оқарган Нозима Мунис. – Бошингизда Искандарнинг шохи бўлса ҳам, тилингизни суғуриб оламан!

Унинг ақлдан озганига Баҳромнинг ортиқ гумони қолмади.

– Энди турсак ҳам бўлар! – деди у.

– Қаерга шошасиз, Назирахон? – деди Нозима Мунис сумкасини қучоқлаб. – Ёқубқори деган зўр талабам бор, бир ўртоғи билан келиб иккаламизни олиб кетади. Бу кеча маза қиламиз!

– Қанақа Назира? Мен  Баҳромман, алжираманг, ўзинигизни қўлга олинг!

– Эрингиз билиб ўтирипдими? Унга фалончининг тўйда эдим, дейсиз. Туш биладими, қўрқманг! Бугун эрим Тошкентга кетяпти. Кечқурин болаларимни ухлатиб, эшикни очиқ қолдираман, тўғри уйга кириб бораверинг!

– Бўпти, домулла! – деди уни тинчлантирмоқчи бўлган Баҳром. – Бўлмаса, ҳозир сизни уйингизга олиб бориб қўяман.

– Безовта бўлманг! – деди у. – Ўзим кетавераман. Иккаламизни бирга кўрган одамлар гап-сўз қилиб юрмасинлар. Бухороликлар оёқлари қолиб, тиллари билан юрадиган бўлганлар. Бухоронинг “Бухоройи шариф” деган номидан бошқа нарсаси қолмаган, эсиз!

– Қўрқманг, машинада бизларни ким кўриб ўтирипти!

– Кимдан қўрқаман? – дея  бақириб юборди у. – Ҳали у Саидмат Сотти деган фирибгарбачча экан-ку, мен падари лаънати президентдан ҳам қўрқмайман!

Хўрандаларнинг диққати уларга қаратилди.

– Туринг, ташқарига чиқамиз! – деди, дами ичига тушган Баҳром унинг билагидан ушлаб.

У қўлини силтаб тортиб олди.

– Бировдан муттаҳамлик жойим йўқ! – деди товушини баралла қўйиб. – Рост-да, президентимиз уддабурро бўлганда, яхшироқ яшардик. Ортиқча муаммо бўлмасди. Ўзбек бўлиб туғилганимдан афусланаман. Туғилган кунингдан бошлаб ота-онангнинг ҳаммолига айланасан, кейин елкангга ўқитувчиларинг миниб оладилар. Олтмиш ёшингга довур давлатнинг қулисан, кучинг ва соғлигингдан айрилгач, нафақага чиқарадилар. Ўзинг учун яшашни бошлаганингда ё ўласан, ё қамаласан. Ҳи-ҳи-ҳи-и… Ажаб қиладилар, ўзимиз шунга лойиқмиз. Бизлардан лўлилар ҳам озод ва эмин яшайдилар, ўтирганлар ишонмасликлари мумкин, аммо бу ҳақиқат. Қайта туғилиш имкони бўлганда, лўли бўлиб туғилардим. Лўлилар сингари кўксимни саркаш шамолларга бериб, дунёни қуюндек кезардим. Ўзбекка ўхшаб ўз балчиғимга ўзим ўралашмасдим, ҳи-ҳи-ҳи-и-и… Баттар бўлларинг, устиларига буқаламунни чиқариб олиб, тумшуқларини балчиққа тиқиб ўтирган думсиз эшаклар. Ҳи-ҳи-ҳи-и…

У туриб олиб хўрандаларга қараб гапирарди. Тиззаларига шаппатилаб, қотиб-қотиб куларди. Баҳром яқинлашса, “пашол во-он”, деб қўярди. Бир пайт ичкаридан қаҳвахона хўжайини чиқди.

–  Бу нимаси, укам! – деди у Баҳромга. – Ёки менда қасдларингиз борми? Мени гўрга тиқмоқчимисизлар? Президентни тинч қўйинглар, илтимос!

Юрагига ваҳима тушган хўрандаларнинг баъзилари чиқиб кета бошлади.

Нозима Мунис уларни кўриб, ўзини йиғиштирди.

– Баҳромжон, тўй тугадими? – дея сўради ундан.

– Ҳа! – деди нима дейишини билмаган Баҳром. – Кеч бўлди, биз ҳам кетамиз.

– Келин-куёвни қачон олиб чиқиб кетдилар?

– Анча бўлди! Ўзингиз фотиҳа бердингиз-ку! Юринг, кетдик!

– Табрик сўзим охирига етмади! – деди ҳайрон қолган Нозима Мунис. – Чала ташлаб кетсам, уят бўлмасмикан? Хижолат бўлиб турипманда, ука!

Буни эшитиб, аҳволни англаган қаҳвахона хўжайини вазиятни қўлга олди.

– Опамизнинг табрик сўзлари жудаям мазмунли ва чиройли чиқди! – деди у қарсак чалиб.

Хўрандалар билан қаҳвахона хизматчилари унга жўр бўлдилар.

Нозима Мунис қўлларини кўксига қўйиб, барчага таъзим бажо келтирди.

–  Барака топинглар! – деди у. – Ёшлар қўшгани билан қўша қаришсин, бахтли-тахтли, ували-жували бўлсинлар. Уларга яратган Эгам Зулайҳонинг тахтини, пайғамбарнинг қизи биби Фотиманинг бахтини берсин. Эътиборларингиз учун раҳмат. Кеч бўлиб қолди, бизлар борайлик. Сизлар бемалол тўйни давом қилдираверинглар!

У гулдирос қарсаклар остида қаҳвахонани тарк этди.

– Охирги вақтларда тўйга келиб бундай мириқиб дам олмагандим! – деди у кўчага чиққач. – Саидмат Соттининг орқасидан чопавериб, одамгарчиликдан чиққан эканман. Иш деб на тўйга, на маъракага бормасдим. Аммо тўйнинг ўртакаши жа бамаъни одам экан. Ташқаригача бизларни кузатиб чиқди-я, умридан барака топсин. Тўй кимники эди-я? Хаёлимдан кўтарилипди…

– Хуршидники эди! – дея, Баҳром тили учида турган адвокатнинг номини айтиб юборди.

– Хуршид ичкаридами? – дея сўради уни эслаган Нозима Мунис. – Ёзганларимни унга ташлаб чиқмасам бўлмайди!

– У сиз билан хайрлашиб, келинни кузатиб кетди. Эртага эрталаб учрашамиз, деди!

Ғира-шира чўкаётган қоронғуликка боққан Нозима Мунис, тонг ёришяпти, деб ўйлади.

– Бирпасдан кейин тонг отади! – деди у. – Уйга бор-кел қилиб юрамизми? Бира-тўла ишни битириб кетамиз. Саидмат Сотти ўлгани билан унинг расиво ишлари тугамайди. Гўрида тик ўтиргур ўларкан, орқасини тозалаб кетмайдими?! Амира Кимёга ҳам Тангрининг боққан балоси бордир. Аммо у шум Мудак деган чумолихўрни заб топганда, ҳаром ўлгурга яхши ҳақ тўланса, аёлларнинг жонини суғурармиш. Танбал ўлгур Амира Кимёда пул кўп. Саидмат Соттининг на у ёғи, на бу ёғи тузук ишларди. Икки тарафи ҳам ҳидланган балиқдек совуқ, сўлғин бир балойи кўрим эди. Гўрида чиригур, ҳезалак. Йиққан пулларини кимга ташлаб кетди экан?

– Аризани менга беринг, сизни уйингизга ташлаб, уни Хуршидга етказаман! – деди ҳеч нимани тушунмаётган Баҳром.

– Йўқ! – деди аёл. – Шу чоққача ишонганим етар, ишларнинг п…ни чиқариб ташладиларинг. Бундан кейин ичимдан чиққан болаларимга ҳам ишонмайман!

Уни кўндира олмагач, Баҳром адвокатга қўнғироқ қилди.

 Шоша-пиша таксининг олд ўриндиғига ўтириб олган Нозима Мунис бошида ўзини койиди, сўнгра Ноила билан Айиданинг ўзини жиннихонага олиб бориб ётқизмоқчи бўлгани ҳақида гапирди. Қизининг, жиннихонага ётмасангиз, ҳаммамизнинг бошимизни ейсиз, дея, ўзини турткилаганларини айтгач, ҳиринглаб кула бошлади. У ўзи билан ўзи гаплашаётганди. Буни кўриб ҳайдовчининг ўтакаси ёрилгудек бўлди. Баҳромнинг боши қотиб, ҳаммаси тамом, деб ўйлади.

У қўнғироқни босиши билан елкасига чопон ташлаган Хуршид чиқди. У жингалак сочли, буғдой ранг кимса эди. Танимаган одам уни лўли деб ўйларди. Нозима Мунис аризани бергач, улар ортга қайтмоқчи бўлдилар.

– Шошманглар! – деди Хуршид уларни ичкарига бошлаб. – Ўн дақиқада аризани ўқиб, камчиликларини айтаман, тўлдириб келасизлар. Бу иш бутун шаҳарда, шов-шув бўлиб кетипди. Шиддат билан ишга киришмасак, ютқазиб қўйишимиз ҳеч гапмас.

Зинапоя остида ётган ҳирсдек итни кўрган Нозима Мунис бир газ учиб тушди.

– Ит ўзингизникими? – дея сўради сўнгра.

– Ўзимники! – деди Хуршид. – Бўлмаса, менинг ҳовлимда нима қилади?

– Мен қаердан биламан! – деди унинг олдига югуриб ўтган Нозима Мунис. – Кўзига кўзойнак тақсангиз, раҳматлик Саидмат Соттига ўхшаркан. Итингиз ҳам йигит ўлгур сингари хом семизми, дейман?

– Саидмат Сотти нимага раҳматлик бўлади? – сўради Хуршид. – Нима, у ўлдими?

– Мен эшитмадим! – деди ҳалитдан буён ҳайрон бўлаётган Баҳром. – Нозима опа шундай деяпти.

– Аслида у туғилган эмас! – деди Нозима Мунис зинапоядан кўтарила туриб. – У арвоҳ каби чор атрофда изғиб юрганди, холос. Сояларни қоялар деб ўйлаб алданиб юрганлар сон мингта. Биттаси менман!

– Энди тушундим! – деди Хуршид. – Пардали гапиришингизни қайдан билиб ўтирипман.

– Ҳали ёшсиз, улғайганингиз сари тушуниб бораверасиз, укажон! – деди у беўхшов тиржайиб.

– Қирқ бешга кирдим! Бундан ортиқ туя бўламанми? Искандар Зулқарнайин ўттиз тўрт ёшигача қилганини қилиб қўйган.

– Бизнинг жамиятда одамлар юз ёшларига кирганларида ҳам бола бўлиб қолаверадилар! – дея эътироз билдирди Нозима Мунис. – Президентимизни қаранг, етмишга кирса ҳам етти яшар болачалик ақли йўқ.

Аҳволни адвокатга қандай тушунтирсам экан, деган Баҳромнинг ичи тўла ғулғула эди.

Улар ўтириб олгач, Хуршид аризани овоз чиқариб ўқий бошлади.

Ариза ақл бовар қилмас даражада холис ва аниқ ёзилганди. Нозима Мунис эрини ҳам аямаганди. Баҳром унинг саводхонлигига қойил қолди.

– Ариза юксак даражада ёзилган! – дея адвокат ҳам эътироф этди. – Бу аризамас мириқиб ўқийдиган ҳикоя бўпти. Бирор-бир жойига қалам теккизишга одам уялади. Кўчиртириш қолипди, холос. Эрингизни қўшиб ақлли иш қилипсиз. Бўлмаса сизга ҳеч ким ишонмасди!

– Мен ўзим бирпасда кўчираман! – деди ишнинг тезлашаётганини кўрган  Баҳром.

– Яхши бўларди. Аммо, бир муаммо бор! – деди чайналиб адвокат.

– Қандай муаммо экан? – ҳайрон бўлди Нозима Мунис.

– Бу иш, жуда қалтис иш, югур-югури кўп бўлади. Пулнинг бир қисми олдиндан тўланса, ёмон бўлмасди!

– Қанча?

– Минг! – деди Хуршид. – Ярими бўлса, ордер олиб, ишни бошлардим. Ярмисини кейин берардиларингиз!

Маҳаллий шароитда минг доллар катта пул эди. Икки юз доллар қўлига теккан ҳар қандай адвокат мижозга олти ой қуллик қиларди. Хуршид ҳали сўзини охирига етказмасдан, сумкасини кавлаштираётган Нозима Мунис бир минг икки юз долларни санаб стол устига ташлади.

– Хотиржам бўлинг! – деди у. – Мен олдиндан тўлайман. Ишни сифатли амалга оширишингиз учун икки юз доллар қўшдим. Қамалиб кетсам ҳам, сизда қарзим қолмасин!

– Жабрланувчи эканлигингиз аризангиздан билиниб турипти! – деди пулни кўриб оғзининг суви қочган адвокат. – Қамалмайсиз!

– Мен ўзимдан кўра Баҳромдан кўпроқ хавотир оляпман! – деди Нозима Мунис уни чўрт кесиб. – Сайидмат Сотти ўлгани билан Амира Кимё Баҳромни тинч қўймайди. Шуни ҳисобга олиб сиз билан орани очиқ қиляпман, укажон. Кам бўлса, айтинг, яна қўшаман!

– Иложи бўлса, беш юз қўшсангиз, ишни михлардик! – деди унинг қўли очиқлигини сезган адвокатнинг очкўзлиги тутиб.

– Мана саккиз юз доллар! – деди у. – Бир минг беш юз доллар сизга хизмат ҳаққи. Беш юз доллари мукофот! Етадими?

– Етганда қандоқ! – деди ошиғи олчи бўлган Хуршид. – Охирги илтимосим, аризани топширганларингиздан сўнгра, бир нухасини менга ҳам етказинглар.

Улар хайрлашдилар.

Катта кўчага чиққач, Баҳром такси кира қилишга шайланди. Бу пайтда Нозима Мунис ақли-ҳушини тамоман йиғиштириб олган, кеч тушганини, уйига кетаётганини англаганди. Қаҳвахонда содир бўлган ишларни эса эсламасди.

– Бугун шифохонага бора олмаймиз! – деди у. – Кеч бўлди. Мени кўча бошида қолдириб, уйингизга кетаверинг. Эртага аризани топшириб, кейин шифохонага ўтамиз!

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар