Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қуёш янгидан чиқиш учун ботади…

Қуёш янгидан чиқиш учун ботади…
16 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 526 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

22-қисм

Ўнинчи боб

Катя овқат тайёрлаб, уни кутиб турганди Улар индамасдан овқатландилар. Баҳромнинг қорни тўқ бўлса ҳам, унинг кўнгли учун қўл узатиб турди.

– Уйингни тинтиб чиқдим, – деди у овқатланиб бўлиб, чой ичиб ўтирганларида.

– Ўзингни қизиқтирадиган ул-бул нарса топтингми, ишқилиб? – дея Катя мийиғида кулиб қўйди.

– Мактубларингни ўқиб, юксак истеъдодинг борлигидан хабардор бўлдим! – деди ҳаяжонини яшира олмаган Баҳром. – Ишқ бобида Кумушдан ҳам ўзиб кетипсан, роман ёзсанг ҳам бўларкан!

– Хотира жуда ўткир бўлса ҳам бўлмас экан, – деди Катя. – Ўқиган китобларингдаги ёрқин фикрлар миянгда жойлашиб қолгач, қарашларингни мустақил баён этишга қийналаркансан. Қоғоздагиларнинг тўқсон тўққиз фоизи айтилган гаплар. Ичимдагилар улардан-да оловли туюлган бўлса-да, ёзганда улардан ўтказиб ёзолмасдим, шунинг учун уларга таяниб жон сақлардим. Хотиранг ўртамиёна бўлгани учун сен фикрларингни эркин баён этишга қийналмайсан. Ўзгаларнинг кучли фикрлари ҳиссиётларингни босиб кетса, мустақил фикр билдириш жуда мушкул бўлади, бўғилиб қоласан, гунг бўласан, оғир юкдан оёқларинг майишади, руҳинг титраб, қоматинг қайиша бошлагач, таслим бўлганингни сезмасдан қоласан. Барибир қалбинг таскин топади, азоблардан халос бўласан!

– Сени учратган лаҳзаримдан бошлаб олов ичида яшаяпман! – деди Баҳром. – Тутамасдан ёняпман, оқмасдан шам сингари эриб кетяпман, бошим гангиб, нима қилишимни, қаерга боришимни билолмай қолдим. Дунё торайиб, дардларим ҳам энига, ҳам бўйига ўсишни бошлади…

–  Ўткан кунлар ичида ортиқ сенсиз яшай олмаслигимни англадим! – деди Катя ҳам. – Огоҳлантириб турганимда ҳам, Амира Кимё билан кетиб қолдинг. Уйингга қайтиб келгунингча ўнта Ислимани туғдим. Бошингга бир иш тушса, мен нима қиламан дея, на уйқумда, на еган-ичганимда ҳаловат бўлди!

Катянинг барча ишлардан хабари бор эди. Ваколатидан фойдаланиб, Баҳромни қадамба-қадам кузатиб турганди. У билганларини сўзлай кетди. Шунда тушунарсиз жиҳатлар ойдинлаша бошлади. Катяга кўра, Нозима Муниснинг уйидаги оқсоч миллий хавфсизликнинг хуфияси эди. У кампир ёзиб олган овозларни эшиттирганда, Баҳромнинг эси оғай деди. Нозима Муниснинг чордоққа чиқиб ўзини осгани ҳақиқат эди. Ёзувларда барчаси аниқ-тиниқ акс этиб турарди. Оқсочнинг жон ҳолатда инқиллаб ипни кесаётганидаги товуши қалбни жунбушга келтирарди. Айниқса Настянинг, “Сайидмат Соттини машина уриб ўлдирипди. Лаҳат ютгурдан қутулдингиз, жиннихонага ётиб олинг, ишизловчилардан ҳам қутуласиз. Амира Кимё ўлгач, сизни у жойдан олиб чиқамиз”, дея авраганларини эшитган кимса нафратини ичига юта олмасди. Нозима Муниснинг қизлари душманларини қўллаб-қувватлардилар. Айида билан Нойила оловга мой пуркаб турарди. Буларни эшитиб Баҳром Нозима Муниснинг бугунги қилғиликларининг замирини энди англай бошлади.

– Унга кечаги ишлар хусусида ҳеч нима демадингми? – дея сўради ундан Катя.

– Нима дейман! – деди Баҳром. – У бирор нимани қабул қила оладиган ҳолатда эмас-ку!

– Тўғри! – деди кўнгли жойига тушган Катя. – У буни ҳазм қила олмайди. Хиёнатга йўяди, ҳам сендан шубҳаланади. Тушкунликка тушиб, ўзини бир нима қилиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Тушунганда ҳам, энди фойдаси йўқ, унинг тақдири ҳал бўлган. Уни ё жиннихонага, ёки қамоқхонага тиқишади энди!

– Таниш дўхтиринг йўқми? – дея сўради хавотирга тушган Баҳром. – Уни тезда шифохонага ётқизмаса, ҳақиқатан Амира Кимё бир ёқлик қиладиганга ўхшайди.

– Отамнинг яқин бир дўсти марказий шифохонада бош ҳаким бўлиб ишлайди, илтимос қилсам, йўқ демаса керак.

– Бу масала ҳам ҳал бўлди ҳисоби! – деди таҳликага тушиб қолган Баҳром. – Энди, унга суяниб бир иш қилиб бўлмайди. У билан маслаҳатлашиш ёки бирор ишни режалаштириш фойдасиз. Нима қилишни билмай бошим қотди!

– Вақт борида ўзингни чеккага олишинг лозим! – деди шуни эшитишни хоҳлаб турган Катя. – Натижа яхши бўлса, омадинг чопгани, ишлар ёмон томонга кетса, пешонангдан кўрасан. Эрта бир кун имкон пайдо бўлишини кутишдан ўзга чоранг қолмайди.

– Четга чиқиб кетсам-чи? Бир муддат ўтиб, қайтиб келардим. Унгача машмаша якун топарди.

– Сени ўзим билан жон-жон деб Амриқога олиб кетардим, аммо бунинг иложи йўқ. Қидирув эълон қилинса, сени ушлаб беришади. Ҳужжатлар жойида бўлмагач, мусофир юртларда юришнинг ўзи бўладими?! Энг зўр чора мамлакат ичида яшириниш. Ғазалкентда отамнинг далаҳовлиси бор, ўша ёққа бориб турсанг бўлади. Ишларинг тинчимагунча мен ҳам Амриқога кетишни тўхтатиб тураман.

– Амриқога кетмоқчимисан?

– Ишдан бўшаш учун бугун ариза бердим. Сен билан топишгач, муаммоларим ҳал бўлди, қиладиган иш қолмади. Бироқ сен хавотир олма, хоҳлаганингча ёнингда туришга қурбим етади. Аслида икки йил илгари кетишим керак эди. Шу кунларни кутиб қолиб кетгандим. Бу дардисар мамлакатда, нима қиламан…

– Ва сен тушимга кирмаган муаммоларга гирифтор қилдинг!

– Йўқ, ундай эмас. Сен учун мен жонимни беришга ҳам тайёрман. Қанийди ота-онам ва Ислима тағин Тошкентга қайтиб келса, шу ерда яшасак. Бундан ортиқ бахт бўлмасди. Бу жойлардан қочиб қутулганлар қайтиб келишни хоҳламайдилар!

Катя Баҳромнинг кўксига бошини қўйди. Баҳром уни ўзига тортиб, бағрига босди. Елкаларига тўкилиб ётган қўнғироқ сочларини кўтариб, ялонғоч бўйни ва елкаларини силади. Хўрлиги келган Катя унинг пинжига тиқилиб, унсиз йиғлади.

– Нимага йиғлайсан, йиғлама?! – деди у.

– Хотининг ва болаларингни, Қозоғистонга кетяпман, деб ишонтир! – деди Катя кўзёшларини артиб. – Ён-атрофингдагилар ва қўни-қўшниларинг мамлакатдан чиқиб кетганингга ишонсалар, хуфиялар хавфсизлик ташкилотларини ишонтира оладилар. Бўлмаса уйингдагиларни безор қилишади. Улар чалғиса, хавф-хатардан холи бўласан…

 Эртаси Баҳром Нозима Мунисни шаҳар прокуратурасига олиб бориб, шикоят  аризаси топширди. Ўша кун 12 сентябр эди. Кейин шифохонага йўл олдилар. Катя қўнғироқ қилиб қўйганди, уларни бош ҳакимнинг ўзи қаршилади. Кўп ўтмай орқаларидан адвокат етиб келди. Бош ҳакимнинг сўзларига кўра Нозима Муниснинг аҳволи яхши эмас эди. Зудлик билан муолажалар бошланмаса, у ақдан озиши мумкин эди. Устига-устак, катта қизи пиёла отиб унинг бошини ёрган, бошидан оққан қон сочига қатрондек ёпишиб, қотиб қолганди. Юз-кўзлари ари талаган кимсаники сингари шишиб кетганди.

– Ука, сиз тезда мамлакатдан чиқиб кетинг! – деди у палатага жойлашгач. – Эрим қизларимга қўнғироқ қилиб, уларга сизнинг устингиздан маҳкамага ариза беришни тайинлади. Унинг Настя билан тили бир эканлиги ошкор бўлди. Настя Амира Кимёнинг режаси бўйича иш олиб боряпти. Уйга пулларини талаб этиб келаётган ишизловчиларга ҳам улар сизни ёмонотлиқ этишга киришдилар. Эмишки, мен йиққан пулларнинг асосий қисми сизнинг қўлингизда экан. Бутун фирибгарликларнинг орқасида сиз турган эмишсиз!

– Шундай бўлиши табиий! – деди гапга қўшилган адвокат. – Ишизловчилар чалғиса, хавфсизлик ташкилотлари чалкашади. Шунинг учун сиз кўзга кўринмай туринг.

– Нозима опани бундай ташлаб кетиб бўлмайди-ку! – деди Баҳром.

– Бу ёғини менга қўйиб беринг! – деди адвокат. – Сизнинг ортиқ қиладиган ишингиз қолмади, муаммо туғдирасиз, халос.

– Бўпти! – деди Баҳром. – Бугуноқ Қозоғистонга чиқиб кетаман!

У  шифохонадан тўғри уйига борди.

Қарорини айтганида, хотини хафа бўлиш ўрнига суюниб кетди.

– Қандоқ яхши! – деди у кўз ёшларини сидириб.

Кўчларини йиғиштириб чиққан Баҳромни пастда Катя кутиб турарди. Улар Ғазалкентга йўл олдилар. Далаҳовли ихчам ва гўзал қилиб қурилганди. Катя шу жойдан ишга қатнай бошлади. У ҳар куни икки юз чақиримча йўл босарди. Серғайратлиги боис чарчаш нималиги билмас, Баҳром билан яшаётганидан терисига сиғмасди. Баҳром қизи билан танишиб олгач, Худонинг берган куни у билан бир-икки марта телефонда гаплашарди. Ота-қизларнинг кундан-кун бир-бирларига меҳрибон бўлиб бораётганини кўрган Катянинг боши осмонда эди.

Нозима Мунис қирқ кундан ортиқ шифохонада ётди. Катя тахмин қилганидек, уни на хавфсизлик ташкилотлари, на Амира Кимёга ўхшаган бирор-бир кимса безовта этмади. Катя миллий хавфсизликнинг ўрта бўғин мулозими сифатида воқеалар ривожини ичкаридан кузатарди. Унинг фикрига кўра бу ёмон аломат бўлиб, Баҳромга зимдан фитна тайёрланаётган бўлиши мумкин эди. Охирига келиб унинг ҳам ҳеч нарсага ақли етмай қолди. Икки ойга яқин вақт ўтиб ҳам Нозима Муниснинг шаҳар прокурори номига ёзилган шикоят аризасини биров текширмаган, Баҳромнинг президент номига ёзган аризаси ҳам дом-дараксиз кетганди. Катянинг, “фойдаси йўқ”, деганига қарамай, у президент номига навбатдаги шикоят аризасини йўллади. Бу сафар ҳам ариза сувга тушган тошдек ном-нишонсиз йўқолди.

Катя, Баҳромнинг ишлари бир ёқлик бўлгач, далаҳовлини ҳам, шаҳардаги уйини ҳам сотиб, бутунлай Амриқога кетишни мўлжалларди. Баҳром унинг олдида ўзини хотиржам ҳис қилар, китоб ўқишдан бош кўтармасди. Ноябрнинг баданни жунжиктирадиган салқин кунларининг бирида Амриқодан келган совуқ хабар барча режаларни ўзгартириб юборди. Ислима автоҳалокатга учраганди. Бу шум хабарни эшитган Баҳром Катяга қўнғироқ қилди. Катянинг Тошкентга йўлга чиққанига ўн дақиқа ҳам бўлмаганди. У зум ўтмай ортига қайтиб келди.

– Ёмон туш кўрганим бекорга эмас экан-да! – деди у бу хабарни эшитган заҳоти. – Энди нима қиламан? Бошимда бу кўргулик ҳам бормиди?!

– Зудлик билан учишинг керак! – деди  Баҳром. – Унинг ёнида бўлмасанг бўлмайди!

– Сени ташлаб қандай кетаман?! Кетсам, аҳволинг не кечади? Иссиқ-совуғингга ким қарайди? Бола-чақаларингнинг аҳволидан ким хабар олади?

– Мен билан ишинг бўлмасин! Сенсиз ҳам шу пайтгача кунимни кўриб келаётгандим, бундай кейин ҳам бир амалларман. Бугуннинг ўзида бу жойни ҳам, Тошкентдаги уйингни ҳам сотиб, Амриқога учмасанг бўлмайди!

– Бўпти! – деди Катя ниҳоят. – Аммо дала ҳовлини сотсам ҳам, Тошкентдаги уй билан машинани сотмайман.

– Қайтиб келиш ниятинг бўлмагач, барча нарсаларингни сотиб, орқангни тинчитишинг лозим! – деди  Баҳром.

– Ишларинг бир ёқлик бўлмагунча бундай қила олмайман! – деди у. – Сен шу ерда экансан, қайтиб келмасдан иложим йўқ. Ҳали ишдан бўшашим хусусида буйруқ ҳам чиқмади. Сенга яшаш учун жой зарур бўлади. Битта калит сенда бўлса, иккинчи калит қўшним Зоя опада туради. Унинг Артур деган ўғли бор. Машинада айтган жойингга олиб боради.

Уч кун ўтиб Катя Амриқога учиб кетди. Унинг шаҳардаги уйига жойлашган Баҳромга ундан айрилиш оғир эди. Катя етиб борган куниёқ қўнғироқ қилди. Ислима ҳушига келганди. Шундай бўлсаям, Баҳром бир ҳафтага довур қуруқ нон кавшаб, сув ичиб ётди. Катя етарлича пул ташлаб, музлатгични озиқ-овқатга тўлдириб кетган бўлсаям, унинг томоғидан қил ўтмади. Бир куни Катянинг ҳамкасабаси унга қўнғироқ қилиб, Амира Кимёнинг шаҳар ички ишлар бошқармасига унинг ва Нозима Муниснинг устидан шикоят аризаси ташлаганини айтди. Ўн кун ўтиб, 28 ноябрда Нозима Мунис қамоққа олинди. Ғиёс билан алоқада турган Баҳром Болдирбойнинг хонасида у билан учрашди. Бу хонадаги суҳбатни биринчи китобимизда ўқувчиларга батафсил сўзлаб бергандик. Алалоқибат Амира Кимё Нозима Муниснинг икки ой муқаддам ёзган шикоят аризасини чиппакка чиқарди. Миллий хавфсизлик идорасидагилар Нозима Мунисни алдадилар, прокуратурадагилар томошабин бўлиб турдилар…

Баҳром ноҳақлик ва тенгсизликдан жунбушга келди. Сохтакорлик ва ёлғонга қурилган жамиятдан ҳафсаласи пир бўлгач, режасини ўзгартиришга қарор берди. У қоронғилик чўкиши билан Қозоғистон сари йўлга чиқди. Катяга қўнғироқ қилиб, уни хабардор этишга ҳам бардоши етмади. У сарсон-саргардонликлар ва азоб-уқубатлар диёрига йўл олаётганини билиб турган бўлса ҳам, масалани узил-кесил ҳал этганди. Миракизм залолати туфайли оёғига чаплашган балчиқ уни ҳали кўп замонлар таъқиб қилишини у яхши англарди. Ғишткўприк чегара масканига қараб бораркан, қулоқларида Катянинг овози янграрди…

Ботаётган қуёш… Қуёш янгидан чиқиш учун ботади, куч йиғиш учун кучлироқ нур таратиш учун ботади, ботган тонглар яна отадилар…

11. 2010 йил, чоршанба куни.
Соат – кундузги, 12. 39. 24.
Тошкент шаҳри.

Тугади

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар