Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қозоқ-Қирғиз можароси кескинлашмоқда

Қозоқ-Қирғиз можароси кескинлашмоқда
16 Ekim 2017 - 16:26 'да юкланди ва 660 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, ҳар икки томондан янграган янги айбловлар ва огоҳликлар манзарасида ўтган дам олиш кунларида бу икки қўшни давлат ўртасидаги танглик янада кучайган.

Президент сайлови куни эканига қарамай, Қирғизистоннинг амалдаги раҳбари Алмазбек Атамбаев хос баёнот билан чиққан.

“Агар, Қозоғистон ўзаро чегарадаги чекловларни бекор қилмаса, мамлакати Евросиё Иқтисодий Иттифоқидан чиқиши” билан пўписа қилган.

Қозоғистон Қирғизистон, Россия, Арманистон ва Беларусь билан бирга ушбу иттифоқнинг аъзолари саналишади.

Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги муаммолар шу йил 10 октябрь куни бошланган.

Қозоғистон бир тарафлама ўзаро чегарадан ўтиб-қайтиш тартибини кучайтирган, аммо сабабини расман очиқламаган.

Орадан саноқли соатлар ўтиб, Қирғизистон Давлат Чегара хизмати ҳам ўзларининг кучайтирилган тартибда ишлашга ўтганликларини маълум қилган.

Аммо бунинг сабабини 15 октябрь кунги президент сайлови билан боғлаб тушунтирган.

Қозоғистон томонининг бу каби изоҳсиз саъй-ҳаракатлари манзарасида ўзаро чегарада одамлар, юк машиналари ва бошқа транспорт воситаларининг узундан-узоқ навбатлари вужудга келган.

Орада Қирғизистон Бош вазири МДҲ га аъзо давлатлар раҳбарларининг Сочи йиғини теграсида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевни ўзаро чегарадаги вазиятдан шахсан ўзи бохабар қилгани, қозоқ раҳбари ҳукуматига барча муаммоларни ҳал этишга буйруқ берганини маълум қилган.

Аммо, Қирғизистондаги мухбирларимизга кўра, қарийб бир ҳафтадирки, ўзаро чегарадаги вазият деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Қирғизистон ҳукумати навбатда туриб қолган фуқароларига ҳар томонлама кўмак кўрсатишда давом этмоқда.

Сабаб ва изоҳлар…

Кеча якшанба куни Қозоғистон Ахборот ва коммуникация вазирлиги матбуот хизмати ўзига хос изоҳ билан чиққан.

Қозоғистон нега Қирғизистон билан чегарасида тартибни кучайтиргани сабабини Евросиё Иттифоқи қонунчилигида кўзда тутилган талаблар билан тушунтирган.

“Бунинг режа асосида, “соя” импорти кўламини камайтириш учун қилинаётган иш экани”ни айтган.

Бунга жавобан худди ўша куни журналистлар билан учрашуви чоғида Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ҳам чегарадаги вазият, Қозоғистон билан муносабатлар ва Евросиё Иттифоқи билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтган.

Агар, Қозоғистон билан чегарадаги вазият шу туришича қолаверса, Қирғизистон Евросиё Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларининг муддатидан илгари йиғинини чақиришга ҳақли эканини баён қилган.

Аён бўлишича, орада, Қирғизистон Ўшда шу йил май ойида юз берган ер силкиниши ва лой кўчкилари ортидан ўзи Қозоғистондан сўраган инсонпарварлик ёрдамини ҳам қабул қилмаган.

Қозоғистон эса, якшанба куни Қирғизистоннинг сут маҳсулотларини тақиқлашини маълум қилган.

Ундан сал аввал қозоғистонлик сайлов масъуллари якшанба кунги овоз беришларни кузатиш учун Қирғизистонга режаланган ташрифларини расман бекор қилишган.

Улар ҳам президент Атамбаевни Қозоғистонни “асоссиз айблаш”да танқид қилишган.

Бу икки қўшни давлат ўртасидаги “даҳанаки” жангга Қирғизистон раҳбарининг шу ой бошида қилган баёноти сабаб бўлган.

Президент Атамбаев қозоғистонлик ҳамкасбини Қирғизистон ички ишлари ва сайловига аралашишда танқид қилган.

Ўз айбловида Қозоғистон президенти ва мухолиф номзод Ўмурбек Бабанов ўртасидаги бироз аввал бўлиб ўтган учрашувга ишора қилган.

Расмий Остона бунга жавобан кескин раддия билан чиққан, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Қирғизистон билан ўзаро чегарасида ўтиб-қайтиш тартибини кучайтиргани кузатилган.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар