Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ўзбекистонда нотанишларни намозга чақирсанг қамалишинг мумкин”

“Ўзбекистонда нотанишларни намозга чақирсанг қамалишинг мумкин”
31 Ekim 2017 - 10:37 'да юкланди ва 665 марта ўқилди.

Нью Йоркда истиқомат қилувчи асли покистонлик Саъад Малик Ўзбекистонга саёҳати ҳақида блог ёзган. Истарали одамлар, арзончилик ва гўзал маданиятни мақтаган нафақадаги муҳандис сайёҳ Ўзбекистонда Ислом динига бўлган назоратларга ҳам эътибор қаратган.

Тошкентдан Самарқандга тезюрар “Афросиёб” поездида оиласи билан боришни истаган америкалик инглиз тили борасида бироз муаммога дуч келганини ёзади. Унинг айтишича, аэропортдан тортиб, темир йўл вокзалигача барча ахборотлар ўзбек ёки рус тилида ёзилган.

Бироқ вокзалда унга инглизчани биладиган бир ёш йигит учраб чипта олишдан тортиб, поездгача чиқариб қўйганини, ҳатто унинг исмини ҳам билишга улгурмаганини айтади у tribune.com.pk сайтида.

Сайёҳ Ўзбекистондаги оддий одамлар унга хушмуомала бўлганини ва текинга ёрдам берганини мамнуният билан ёзади.

“Бухорадаги меҳмонхона эгаси биз билан инглиз тилини биладиган 12 ёшли қизчаси орқали гаплашди. Аммо у меҳмондорчиликни жой-жойига қўйди. У нафақат бизни эрта кириб, кеч чиқишимизга рухсат берди, балки ўзининг кичкинагина Спарк машинасида бизни вокзалга олиб чиқаман, деб туриб олди. Кетишимизда йўлда еб кетасизлар деб нон ҳам берди. Миннатдорчилик билдираман, деб пул бермоқчи бўлганимда рад этди. Ўрнига қўлларимни ушлаб юзларимга суртди, Шу йўсинда дуо қилишимни сўради”, деб ёзади Саъад Малик.

Саёҳ ўзбекистонликлар кўча, ҳовли ва хиёбонларни тоза тутишига эътибор қаратган. Йўлда чиқинди кўрмаганини айтади.

Яна Ўзбекистонда овқатланиш сайёҳ учун жуда арзонга тушган. Самарқанда бир неча таомлардан иборат тушлик 4 кишига 15 долларга тушган. У ўзбекларнинг паловни севиб истеъмол қилишига ҳам эътибор қаратган.

“Ўзбекистоннинг 90 фоиз аҳолисини мусулмонлар ташкил қилади. Шунинг учун ҳам “Ассалому алайкум” , деган саломимизга одамлардан “ваалайкум ассалом”, деган жавоб олдик. Шундай бўлсада, жомеъ масжидлар сони оз экан”, деб ёзади у.

Сайёҳ масжидлар сонининг озлигини Советлар даврида Ўзбекистонда Ислом дини босим остида бўлгани билан изоҳлайди.

Унинг ёзишича, мустақиликка эришилгандан сўнг ҳам эътиқод масаласи ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида.

“Мен Тошкент, Самарқанд ёки Бухорода азон овозини эшитмадим. Самарқанддаги йирик мадрасада ёшлардан иборат кичик гуруҳнинг шом намозига йиғилганини кўрдим. Бизнинг такси ҳайдовчимиз, таржимон ва йўлбошчимиз Шоҳруз Жума намозини ўқиш учун Самарқанддаги кичик масжидга олиб борди”, дейди у.

Нафақадаги муҳандиснинг ёзишича, мусулмон ўлкаларида жума намози вақтида кузатиладиган гавжумликни Самарқандда кўрмаган. Одамлар сони кам бўлган.

“Одамлари ўзини мусулмон дейишдан фахрланади, бироқ диндорликни намойиш қилиш олқишланмайди, амру маъруф қилиш эса қатъий чегараланган. Шоҳрузнинг айтишича, мен танимаган одамимни ароқ ичишга таклиф қилишим мумкин, бироқ уларни намоз ўқишга чақирсам устимдан милицияга шикоят қилишлари мумкин экан. Милиция бунинг учун мени қамаши мумкин экан”, дейди у.

Сайёҳ Ўзбекистонни тарк этаётган маҳал аэропортдаги текширишларни Ислом динига бўлган қаттиқ назоратга мисол тариқасида келтирган.

“Қизимнинг сумкасини текшираётган хавфсизлик ходимлари ундан Қуръони Каримнинг инглизча маънолар таржимасини топиб олишди. Улар китобни қаердан, қачон сотиб олгани ҳамда унинг касби ҳақида саволлар беришди. Бу катта муаммоли вазият бўлмаса-да, шу биргина ҳолат ҳукуматнинг динга бўлган ҳиссиётини намойиш қиларди”.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар