Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Барака деган нарса нимадур?

Барака деган нарса нимадур?
01 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 456 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 222
(давоми)

ҚИРҚ ОЛТИНЧИ МЎЖИЗА

Бир куни Расулуллоҳнинг ходимлари ҳазрати Анаснинг онаси Пайғамбаримиз ҳузурларига келиб:

— Ё, Расулаллоҳ, хизматчингиз ўғлим Анаснинг ҳаққига дуо қилинг, — деди.

Расулуллоҳ дуо қилиб:

— Эй бор Худоё, Анаснинг мол-дунёси кўпайсин, бола-чақаси ўсиб-унсин, унга берган неъматларинг эрса баракотлик бўлсин, — дедилар.

Ҳазрат Анас:

— Расулуллоҳнинг дуолари қабул бўлди, шу замоннинг бойларидан бўлдим. Тириклигимда мендин тарқалган болаларим эрса юздан ортиқ бўлдилар. Ўлганлари ҳам бундин оз эмас эди. Кўрган неъматларим барчаси баракотлик бўлди. Кўриб турасиз шу кунларда мендан роҳатлик бой киши йўқдур, — деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Анас ҳақида қилган дуолари ичида унга берган неъматларинг баракотлик бўлсин, деб эдилар.

Энди шуни билмоқ керакким, одамнинг мол-дунёси кўпайиб, бошқалар кўзига бой кўрингани билан, агар баракаси бўлмаса, ундоғ бойликнинг дунё-охиратда ҳеч кимга фойдаси йўқдур. Балки икки дунёда ҳам ундин зиён кўргайлар. Шунга ўхшаш агар бир киши юз йил умр кўрса ёки етмиш турли илм-ҳунар ўрганса, агар унга барака берилмаса, умрининг узунлигидан охири хорликка қолиб, безор бўлғай. Илм-ҳунарнинг кўплигидан бошқалар бу ёқда, ўзи қонғудек ҳам фойда ололмагай.

Энди барака деган нарса нимадур? Ҳар ишнинг игилилиги, ҳар ишдан чиққан яхшилик натижасидур. Бу эрса Худо томонидан бўлур. Иймонлик кишиларгина мунга ишонурлар. «Умрингдан барака топгур», деб дуо қилиш энг улуғ олқишдур.

Барака Худо томонидан бўлур дедик. Мунинг маъноси шулдурким, ҳар қандай инсон бир ишга киришмоқчи бўлса, энг аввал шариат буюрганча ўз ниятини тўғрилаши фарздур.

Агар дин илмини ўқимоқчи экан, билганига биринчи ўзи амал қилсин, билмаганини сўрасин, билганларини ўргатишга ният қилсин. Ўқиши ва ўргатиши Худо учун бўлсин. Бу тўғрида ҳеч кимдан таъма қилмасин. Бировнинг елкасига юк бўлиш эмас, балки бировнинг юкини енгиллатиш кўйини тутсин, қисқаси шулким, қайси фанни билса, қандай ҳунарни ўрганса, бошқаларга ёрдам етказиш, инсон оламига бир улуш фойда киргизишни ўйласин. Ёлғиз ўзи кўриб, ўз фойдасинигина кузатиш эса, исломиятга очиқ хиёнат, инсониятга улуғ жиноятдур.

Агар киши Расулуллоҳ айтганларидек, иш бошида ниятини тўғрилаб, халқ фойдасини кутмас экан, етмиш турлик илм-фан билгани билан ўла-ўлгунча ишдан қўли бўшамайди, кўнгли ғам-қайғудан чиқмайди. Агар баракалик бўлур экан, иши оз бўлса ҳам унумлик бўлиб, анинг яхшилиги ўзидан ошиб бошқаларга ҳам етади.

Инсон олами яратилгандан бошлаб шундай баракалик кишилардан бутун халқ фойдаланиб келмоқдадур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар