Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Расулуллоҳнинг мўжизалари

Расулуллоҳнинг мўжизалари
03 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 500 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 223
(давоми)

ҚИРҚ ЕТТИНЧИ МЎЖИЗА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимнинг ҳақида нима деган бўлсалар, қандай дуо қилсалар, худди шундай бўлур эди. Муҳожир саҳобаларнинг катталаридан Абдураҳмон ибн Авф бир хизмат бажариб келганида, Расулуллоҳ унинг ҳақида «Ишларинг баракалик бўлсин», деб дуо қилдилар. Сўнгра нима иш қилди эрса, ундан барака чиқаверди. Бу киши айтди:

— Шундай бўлдиким, агар ердин бир тош олур бўлсам, остидан олтин чиққай.

Абдураҳмон ибн Авф вафот бўлгач, мерос қолган олтинларини оиласи кураклаб бўлиб олдилар. Никоҳида тўрт хотини бор эди. Мерос молнинг саккизидан бирини шариат бўйинча булар бўлиб олғайлар. Ҳар бирига юз минг тилладан мерос тегди. Бошқаларга қанча текканлиги эрса шундан маълумдир.

Ўлиш олдида, эллик минг тилла фақир-мискин ва етимларга васият қилди. Тириклигида қилган хайр-эҳсонлари эрса ҳисобсиз эди. Бир кун ичида ўттизлаб-қирқлаб қул озод қилган чоғлари ҳам бор эди.

Етти минг туялик бир карвонни бутунлай устига ортилган озиқ-овқати, турли моллари билан садақа қилиб фақир-мискинларга тарқатганлиги машҳур ҳадисларда ёзилмишдур.

Ислом янгидан бошланишида ҳар томондан етишмасликлари кўп эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бой кишиларни садақа қилмоққа қаттиқ ташвиқ қилдилар эрса, саҳобалардан Абдураҳмон ибн Авф тўрт юз танга садақа келтириб:

— Ё Расулаллоҳ, саккиз юз танга сармоям бор эди, тўрт юзини оилам учун қолдирдим, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Келтирганингга ва қолдирганингга Аллоҳ баракот берсин, — дедилар.

Мана шу кундан бошлаб у кишини барака босиб, мол-дунёси кўпайгани турди.

Яна саҳобалардан Абу Қатода деган киши бир хизматни бажариб келганида ундан рози бўлиб:

— Юзингни Аллоҳ баракотлик қилсун, — деб дуо қилдилар.

Бу киши эрса етмиш ёшга кирганида ҳам, соч-соқолларидан бир тола туки оқармади. Юз-кўзлари ўн беш яшар боладек кўринур эди.

Яна Набиға деган шоир келиб, араблар одатларича Расулуллоҳни мақтаб, Ислом динини сифатлаб, узун шеър ўқиди. Унинг кўнглини кўтариб:

— Овозинг ўзгармасин, тишларинг тушмасин, — дедилар.

Бу шоирнинг ёши юзга етди эрса ҳам бир дона тиши тушмаган эди.

Абдуллоҳ ибни Жаъфар, бу киши эрса Ҳазрати Алининг акаси Жаъфар ибн Абу Толибнинг ўғлидур. Бунинг ҳаққига ҳам савдо ишларинг баракали бўлғай, деб дуо қилдилар. Шундан кейин бу киши қайси бозорга борса, ўттиз-қирқ минг танга фойда топмасдин чиқмас эрди.

Яна саҳобалардан Ғарқад деган кишининг туяси қочиб, ҳеч бир ҳийла билан уни ушлаёлмадилар. Расулуллоҳга келиб айтди эрса, дуо қилдилар. Хиёл ўтмай қаттиқ шамол туяни ҳайдаб келтирди. Ани ушлаб эгасига топширдилар.

Яна бир куни Ҳазрати Алини ғазот учун сафар қилишга буюрдилар. Кун совуқ бўлиб, кийгудек чопонлари йўқ эди.

— Иссиқ-совуқ сенга ўтмасин, — деб дуо қилдилар.

Шу дуодан сўнг Ҳазрати Алига қиш ва ёзнинг фарқи йўқ эди.

Расулуллоҳнинг қизлари Фотима ҳузурларига очликдан шикоят қилиб келди.

Анда Расулуллоҳ:

— Аллоҳ сени оч қўймасин, — дедилар.

Шундан бери есин-эмасин очликни билмади.

Туфайл ибн Амр улуғ бир қабила раиси эди. Иймон келтириб қайтар чоғида қавмига ҳужжат бўлгудек Расулуллоҳдан бир нишона беришларини сўради. Дуо қилдилар эрса, манглайига бир нур пайдо бўлди.

Анда:

— Ё Расулаллоҳ, душманларим Муҳаммад олдига бориб юзи ўзгариб келмишдур демасинлар, — дейиши билан у нур қамчиси учига тушди. Қоронғу кечани ёритур эди.

Ҳижратнинг саккизинчи йили атрофдаги подшоларни Ислом динига даъват қилиб нома ёздилар. Эрон подшоси Хисрав Парвиз Расулуллоҳ номаларини ўқиб кўрмасдан, йиртиб ташлади. Расулуллоҳнинг муборак номлари номада илгари ёзилгани учун ғазаби келиб, шу адабсизликни қилди.

Расулуллоҳ уни англаб, унинг ҳам давлати йиртилсин, деб дуо қилдилар. Ҳазрати Умар халифалик даврларида бутун Эрон фатҳ қилиниб, Расулуллоҳ айтганларидек бўлди. Аммо Рум подшоси Қайсар Ҳиракл ўзи иймон келтирмаган бўлса ҳам, Расулуллоҳнинг номаларини ҳурматлаб олтин қутичага солиб хазинада сақлади. Расулуллоҳга кўп ҳадялар бериб номаларига жавоб ёзиб, элчиларни яхши кутиб қайтарди.

Расулуллоҳ айтганларидек, шу кунгача Ғарбий Рум, яъни Италияда уларнинг ҳукумати сақланиб қолди.

Яна Қурайш раисларидан Ҳакам ибн Абу ал-Ос иймон келтирмасидан илгари, Расулуллоҳ сўзласалар оғиз-бурнини қинғир-қийшиқ қилиб бошқаларга кўрсатиб, Пайғамбаримизни масхара қилиб ўлтирар эди. Бир куни унинг шу адабсизлик ишига кўзлари тушиб қолиб:

— Шундоғ бўлиб қолсин, — дейишлари биланоқ, юз-кўзлари қинғир-қийшиқ бўлиб тортишгани турди.

Кейинги кунларда иймон келтирган бўлса ҳам ўлгунича бу иллатдан қутила олмади. Чунки бошқаларга ибрат бўлиши учун шундай бўлиши лозим эди. Яна ибн Раъий деган кишининг чап қўли билан таом еб турганини кўриб:

— Ҳой киши, ўнг қўлинг билан егил, — дедилар.

— Бу қўлим билан еёлмайман, — деб Расулуллоҳ сўзларини оғир олди.

— Ёлғон бўлса, шундай бўлғай! — дедилар.

Ул эрса бу сўзни ёлғон айтмиш эди, сўнгра умри бўйи қўли оғзига етмади. Яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир бўлук аскарни ғазот учун бир қабила устига юбордилар. Омир ибн Азбат деган кишини аскар бошлиғи қилмиш эдилар. Булар ичида Муҳлим ибн Жусома деган бир киши эскидан қолган душманлиги учун Расулуллоҳ қўйган аскар бошлиғини кечаси уйқуда ётганида ўлдириб қочди.

Расулуллоҳ буни англаб қаттиқ қайғуриб, ўлдиргувчини қарғадилар эрса, етти кунга етмай у ҳам ўлди. Қабрга қўйсалар, гўр қабул қилмади. Неча қайта қўйдилар, ташқари чиқариб ташлайверди. Буни Расулуллоҳ англаб:

— Ундан ёмонларни ҳам гўр қабул қилур эрди. Сизларга ибрат учун Аллоҳ буни кўрсатди, — дедилар-да, сўнгра уни бир чуқурга ташлаб, устига тош уйиб қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам отини сотиб эди, сўнгра сотганим йўқ, деб сўзидан тонди.

— Расулуллоҳ бу отни сотиб олдилар, — деб саҳобалардан ҳазрати Ҳузайма гувоҳлик берди. Лекин ўзи кўрмаган эди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Ҳузайма, кўрмаган ишга қандоқ гувоҳлик берурсан? — дедилар.

— Арш устидан келтирган ҳар бир сўзингизга ишонурмиз. Энди ер устида айтган сўзингизга нечун ишонмаймиз? — деди Ҳузайма.

Бу сўзи эрса Аллоҳга хуш келиб унинг гувоҳлигини икки гувоҳ ўрнига олдилар. Шундай бўлса ҳам, ул отни олмай, эгасига қайтариб бердилар:

— Сўзи ёлғон бўлса, ундан баракот топмас, — дедилар.

Эрталаб қарасалар, от оёғини ерга қўёлмай чўлоқ бўлиб қолмиш эди. Расулуллоҳ айтганларидек, ёлғоннинг шумлигидан ўзига ҳам от асқотмади.

Пайғамбарлик даври йигирма уч йил ичида шунга ўхшаш ишлар ҳисобсиз кўпдир. Булар ҳам Расулуллоҳнинг мўжизаларидан саналғусидир. Саллаллоҳу алайҳи васаллам.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар