Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

159-модда ўзбекнинг бошида болтами?

159-модда ўзбекнинг бошида болтами?
02 Kasım 2017 - 22:40 'да юкланди ва 962 марта ўқилди.

159-МОДДА ЎЗБЕКНИНГ БОШИДА БОЛТАМИ?

Йигирма олти йил Каримовнинг оғзига қараб яшадик. Бу йиллар ичида олдинга қараб бир қарич ҳам силжимадик. Аксинча, ҳар кун орқага кетдик.

Зулмлар ва таҳқирлар остида Совет йилларида ҳарна орттирилган тажрибалар ҳам, бир телбанинг инжиқликлари боис тамоман бой берилди.

Мустақиллик даври, ерларимизни қонга қориб, босиб олган рус истилочилардан мерос қолган бир тутам ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳам кунпаякун этди.

Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқулари поймол қилинган йигирма олти йиллик давр, биргина диктатор “Каримовнинг мустақиллик даври” бўлди, бу давр унинг оиласи ва оиласи атрофидагиларга “рўшнолик” олиб келди.

Худбинлик асосига қурилган бошқарув туфайли миллатнинг соғлом ва қўлидан иш келадиган навқирон қатлами бошсиз подадай ер юзига сочилди, мамлакат ичида яшаётганлар бир гуруҳ кимсаларнинг қулига айландилар.

Аслида, соғлом ва қўлидан иш келадиган, ёт ўлкаларда хор-зорликда бир бурда нон топиб, узоқларда қолган яқинларини боқаётган мана шу асосий қатлам, ичкарида мамлакатнинг тараққиётини ва миллатнинг шонли келажагини таъминлаши учун зарур эди.

Юртда чинакам Мустақиллик рўй берган бўлса, ўзини халқнинг раҳнамоси ҳисоблайдиган Каримов уларнинг орасидан миллатнинг ор-номуси учун курашадиган ҳақиқий шахслар – тижоратчилар, фермерлар, зиёлилар, мухолифат ва ҳакозалар етишиб чиқиши учун замин ҳозирлаши лозим эди.

Бутун масъулият ана ўшаларнинг зиммасига юкланса, чиранишга ҳожат қолмасди. Мамлакат инқирозга юз тутмас, ёлғон ва куракда турмайдиган ўйинларга эҳтиёж туғилмасди.

Акси, мустабид Каримов уларни қонунларда кўрсатилган барча ҳуқуқларидан маҳрум этди. Боз устига “дангасалар” дея, уларни ҳақорат этишдан тилини тия олмади.
Мустақилликнинг илк йилларидан юқоридагилар кучга тўлиб келаётган ёш авлоднинг кўзи очилишини истаган эмас.

Мухолифатни йўқотиш учун тиш-тирноғи билан кураш бошлаган ҳукумат, сиёсий рақобатни сўндирмасдан, бу ишни амалга ошира олмаслиги мумкинлигини сезиб, ўзига мақбул бошқарув тизимини жорий этиш учун, ўзи четда туриб, портлашлар уюштирган ва “диний оқим”ларга замин қурган. Бузғунчи гуруҳларнинг бузғунчиликларига зимдан шароит яратиб берган.

Уларнинг биринчи мақсади соғлом табақани муҳожирликка йўллаб, ташқаридан жўнатилаётган пуллар эвазига давлатнинг камомадларини қоплаб туриш эди.

Иккинчи ёқдан иш ўринлари танқислиги сабаб, бекорчиликдан муаммо келтириб чиқариши мумкин бўлган норозилар потенсиалини радикал ҳаракатлардан чалғитиб, мамлакат ичкарисида барқарорлик (ўзларига қулай бўлган муҳит)ни таъминлаш эди.

Ўтмишу келажакка, урф-одатлар ва дину диёнатга ҳам шу битта шахс дунёқарашидан келиб чиқиб, муносабат билдириладиган бир замон бошланган эди.

Биз ҳаммасига “мардонавор” чидадик.

Қўрқоқлигимиз, “бағрикенглик” деб аталди.

Мағлубиятларимизга “тантилик”, “сабр-бардош” деб ном бердик.

Атрофимиздаги қардош республикаларда бир неча йиллардан буён қонли жанглар давом этаётгандай, “Каримов тинчликни сақлаб турибди, шукур қилиш керак” деб бир-биримизни овутиб келдик.

“Жимлик”ни “тинчлик”ка алмаштириб қўйиб, муаммоларга орқа ўгириб олдик. Елкамизга масъулият олиб, ватан олдидаги бурчни қойиллатиб адо этиш ўрнига, инон-ихтиёримизни бир кимсанинг қўлига бериб қўйиб, замоннинг масхарабозлигига қўшилиб, ўз зараримизга кўп ишларни амалга оширдик.

Ҳолбуки, инсонийлик шаъни ҳаққи-ҳурмати қонунларнинг пештоқида устивор туриши шарт бўлган ҳамма маънавий унсурларимиздан мосуво қилинган эдик.

Биз эса, энг оддий ва таъмалли ҳақларимиз бўлмиш моддий эҳтиёжларимиздан бошқасига қайрилиб ҳам боқмадик.

Биргина, қорин тўйдириш ва қандай бўлмасин яшаб қолиш ғамида бўлдик.

Аслида, ич-ичимиздан шундай бир қалтис замонда жонимизни асраб, тирик юрганимиздан хурсанд эдик. Диктаторнинг бир кун бошига муқаррар ўлим шамшири етиб, доруломон кунлар келишини кутиб яшар эдик.

Йигирма олти йил давомида диктаторнинг “Мустақил” деб аталмиш “ЎЖК 159-моддаси” рақамли “Ўлим машинаси” ичидаги “Турғун театр”да исталмаган ролни ижро этдик, холос.

Кимдир қотил, кимдир жабрдийда ролини қойилмақом қилиб ўйнади.

Нафсиламбирини айтганда, ҳамма бир вақтнинг ўзида ҳам қотил, ҳам жабрдийда эди. Оёқлар бошга, бошлар оёққа дўнган эди.

Оч ҳам тўқ ҳам, шоҳ ҳам гадо ҳам шунга маҳкум этилганди.
Аслида, сўнгги тўрт аср давомида бўлгани каби, ҳаммаси бизнинг ношудлигимиз, оғзи олалигимиз, сиёсий саводсизлигимиз сабабли рўй берди.

Жадидларнинг ўз вақтида йўқ қилиниши узун йиллар жамиятнинг фикрини чалғитиб, миллатимизнинг оёғидан чалиб келди. Ўз қутбларини чалкаштириб юборган ўзбекка қутбларни созлашга имкон бермадилар. Қаддини ростлашга уринган маёқларни ҳали учқун сачратишга улгурмасидан, уриб чилпарчин этдилар. Бу муштумзўрлик Совет давридан кейин “Каримов мустақиллиги” даврида авж нуқтасига кўтарилди.

Бу ўйинда, насибасини олмаган кимса қолмади. Оддий фуқаро сингари мулозим ҳам, ҳатто МХХ ва бошқа соҳа соҳиблари ҳам, “эртага нима бўлар экан” дея ишончсизлик туйиб, юрак ҳовучлаб яшади.

Коммунист сарқитлар ўртага келтирган “ўлим машинаси”, уларнинг ўзларини ҳам аямади. Ҳукумат бошидагилар ўзлари орзу қилган ихтиро қаршисида ҳар доим қўрқиб-қақшаб турди.

Шу кунларда бу даҳшатли гилотина, худди Кафканинг (“Колонияда”) ҳикоясидаги каби, ўз ихтирочиси бўлмиш МХХ раиси Рустам Иноятовнинг боши узра соллана бошлади.
Рустам Иноятов таасаввур қилиб бўлмайдиган ваҳшатли бир қўрқув ичида, ҳар кун юз марталаб ўлиб-тириляпди. Уни ҳатто Мирзиёв ҳам қутқариб қололмайди, чунки қотилликнинг натижаси шундай булади. Вулқон оғзига кўкрак босиб, отилажак оловни тўсиб бўлмагани сингари, ўзи содир этган жиноятлардан ўзини асраб қололмаслигини у билса-да, вақтни чўзишга, қандайдир мўъжиза содир бўлишига умид боғлаяпти.

Аммо, бутун Ўзбекистон бир бўлиб, Каримов кўмиб кетган мина ўпқонига кўкрак берганда ҳам, барибир кутилмаганда бир кун бу даҳшатли портлаш рўй беради. Рустам Иноятовнинг давлат мулозимларини қўрқитиб, жиловлаб, уларнинг тилини боғлаш учун пеш қилаётган компраматлари яқин орада ҳеч нимага арзимай қолади.

Ўзбек халқи ҳақиқий Мустақил бўлиш учун соҳир карвонлардек узоқ манзилларни кўзлаб йўлга чиқадиган кунга оз қолди.

Ҳурлик ва Озодлик, унинг Аллоҳ берган Ҳаққи, Ҳуқуқи. Аммо, ҳақ-ҳуқуқ берилмайди. Улуғларимиз эътироф этганларидек, улар олинади, бошқа чораси йўқ.

“Охири тенг бўлар фил пашша жангги” деганларидек, диктатор Каримов ва унинг оиласи ҳам унинг ўзи бошлаган шу ўйинларнинг қурбони бўлди.

Жабҳада ғолиб бўлмагани каби, мағлуб ҳам бўлмаслиги аён бўлмоқда. Фақат йигирма етти йиллик зулм, эрксизлик, таҳқир ва қама-қамалар бутун бир миллатнинг чорак асрини елга совурганини ҳамма ҳис қилиб турипди.

Ота-боболаримиз амалга оширган ишлардан бизлар қанчалар фахрланиб келган бўлсак, келажак авлодлар бизларнинг ношудлигимиздан афсуланиб бизларни ёдга оладиган бир тарих пайдо қилдик. Фаолиятимизнинг тарихдаги ўрни “аросат” ролини қиёмига етказиб ўйнаганлигимиз билан эътиборга молик.

Оғиз кўпиртириб мақтанишлар, “дунёда, биздан зўр йўқ” деб ҳаволанишлар, диктатор ўлган куни сароб сингари ҳавога учди. Йигирма етти йил боримизни муштимизда асраб келганимиздан гумонимиз йўқ эди. Кафтимизни очиб, бугун бу йиллар асносида барча нарсаларимиздан айрилиб қолганимизни англаяпмиз…

Аммо биз бу шармандаликлардан хулоса чиқармаганга ўхшаймиз.

Шавкат Мирзиёев давлат бошига келганда, “Аллоҳга шукр, ҳаммаси ортда қолди” дея енгил нафас олгандик…

Бироқ яна ҳаммаси эски йўлда давом этаётгандай туюла бошлади.

Ўтган бир йилга яқин вақт ичида қуруқ гапдан бўлак ҳеч нарса ўзгармагандай…

2016 йил ёз ойида Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси билан ижтимоий тармоқларда мақолалар ва шеърлар эълон қилиб келаётган Акром Маликов (1990 йил туғилган) қўлга олинди. Тўғрироғи, МХХ тарафидан ўғирлаб кетилди.

Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган бу истеъдодли йигитни МХХ чекистлари Фитратларни, Чўлпону Усмон Носирларни овлаган каби ҳуқуқларини поймол қилиб, ашаддий бир террорчини овлаган каби овлади.

Уни бир йилдан кўпроқ МХХнинг тергов ҳибсхонасида қийноқлар остида гизли тергов қилиб, бўйнига қилмаган жиноятларни илишга ҳозирландилар. Ундан ўн тўрт йилдан буён қидирилаётган Усмон Ҳақназаров ясамоқчи бўлдилар.
Ҳолбуки, Акром Маликовнинг Ҳақназаров ишига умуман алоқаси йўқ. Мен Акром Маликовни танимаганим каби, у ҳам Усмон Ҳақназаров – Бобомурод Абдуллаевни умуман танимасди.

Бу навқирон ва жасур йигитнинг зукколиги ва ўткир қалами уни МХХнинг душманига айлантирганди.

У маддоҳ, хоин ва манқурт бўлганда эди Миллий Хавфсизлик Хизматидагилар унга қайрилиб ҳам боқмасдилар. Чунки МХХ жиноятчилардан эмас, ҳур фикрловчи инсонлардан қўрқади.

Каримов ҳаракатга келтирган ўлим машинасига фақат ҳур фикрлилар зарба бериши мумкинлигини улар яхши тушунадилар.

Усмон Ҳақназаров – Бобомурод Абдуллаев МХХнинг энг катта ўлжаси бўлди. Бунга севинган МХХчилар бир хафта байрам қилиб, бўкиб қолгунча ароқ ичганлари ҳақда хабарлар олдик. Чунки Усмон Хақназар Каримов ва унинг ўлим машинаси ижодкори булмиш кимсага қарши аёвсиз курашган бир қаҳрамон эди. Энг жасур журналист – “ўлик жонлар” диёридан отилиб чиққан тирик ва кескир овоз эди.
У ўзбек журналисткасида зулмга, адолатсизликка қарши сўзини қурол қилиб, янги бир даврни бошлаб берди.

Бобомурод президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошига келганидан бениҳоят хурсанд эди. Унинг ислоҳотлари яқин келажакда ижобий натижаларга олиб келишига қаттиқ ишонарди. Ўзбекистон давлати уни “овлаши” эмас, эл-юрт олдида унинг қилган меҳнатларига муносиб баҳо бериши керак эди.

Барчаси, тескари бўлди. Бутун воқеалар мустабид Каримов давридаги сингари қонунсизлик пардаси ортида ривожланди.

Бу ҳолат нафақат Ўзбекистон ташқарисидаги қатламларни, мамлакат ичидаги қатламларни ҳам гангитиб қўйди. Бугун ҳамма, бу воқеа нима билан тугар экан, дея вазиятни кузатиб турипди.

Биз бу ерда фақат икки жабрдийда хусусида фикр юритаяпмиз. Аслида, бу сингари ноҳақ жабр тортаётганларнинг сони юзлаб экани ҳеч кимга сир эмас.

Мен ўзим ҳам ноҳақ қамалдим. Қамоқхонда қилмаган айбим ва соғлигим эвазидан мислсиз товон тўладим. Кўп таҳқирларни бошимдан кечирдим. Қанчадан-қанча таҳқирланганларнинг юрак розларини тингладим.

Қутулиб чиқиб, кўрган-билганларим, эшитганларим ҳақида бир неча китоб ёздим.

Шавкат Мирзиёев давлат бошига келганда, “янги бир давр бошланди”, деб ўйлаб тахаллусдан воз кечдим ва номимни очиқладим. Яширин номлар остида мақолалар эълон қилишни тўхтатдим. Имкон туғилди деб ўйлаб, мамлакат тараққиётида фаол иштирок этиш учун ошиқдим.

Аммо, қаттол замон менинг самимиятимни тўғри қабул қилмади.

Дўсту биродарлардан ташвишли хабарлар кела бошлади.
“Сени қидирувга беришибди”, “сенга 159 илишибди” деган хабар олдим.

Мен ҳайрон бўлмадим, изтиробга тушмадим.

Чунки Ўзбекистонда кутилмаганда бир бало рўй беришига биз кўниккан инсонлармиз.

Ўзбекистонда “159” деган бир “подшоҳ” бор. Каримовнинг меросхўри. У ҳали ўлгани йуқ, ўлдиришда давом этаяпти. У куч-қудратда, вазиятни у бошқараяпти.

Аммо, қўлимда расмий маълумот бўлмагани учун “ундай бўлмаса керак”, деб ўйлагандим. Чунки мен “159”нинг ғазабини қўзғатадиган бирор бир ҳаракат қилмаганман, деб ўйлагандим.

Аммо иш жиддийга ўхшайди. Хар ҳолда, таҳлилчилар тахмин қилганидай, Усмон Хақназар –Бобомурод Абдулла сценарийсини каттайтириш учун персонаж сонини кўпайтириш ташвишига тушган шекилли МХХ.

Миризёевга ишониб, Тошкентга қайтган ёзувчи Нуруллоҳ Отахонга нисбатан ҳали ҳам тергов давом этаётган бир ўлкадан мен нимани ҳам кутишим мумкин?

ИСЛОМ ХОЛБОЙ
02.11.2017

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Тугри суз ва тугри тахлиллар! Аслида вазиятга жуда юмшок ва силлик тахлил беришдир! Хакикатда вокиъ бундан Жуда купол ва хунукдир!!!

    03/11/2017 05:59
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар