Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Дунёга алданмаслик

Дунёга алданмаслик
05 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 596 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(41)
(давоми)

ДУНЁГА АЛДАНМАСЛИК

Зайд бин Собитдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом, шундай деган:

“Кимнинг ақли, фикри оҳиратда бўлса, Аллоҳ унинг (дунёвий) ишларини йўлга қўяди, қалбини бой қилади. Ўзи истамаган ҳолда, дунёни оёғига келтиради.

Кимнинг фикри-зикри дунёда бўлса, Аллоҳ унинг ишларини юритмас, фақирлиги кўз ўнгидан кетмас, у фақат Аллоҳ насиб этгани қадар дунёлик қўлга киритиши мумкин”. (Муслим)

Жундубдан ривоят этилишича, бир кун Ҳазрати Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига кириб, унинг юзига ботган қаттиқ ёстиқ изини кўриб, йиғлаб юборди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ё Умар, нега йиғлаяпсан?”, деб сўради.

– Ё Расулуллоҳ, Эрон ва Бизонс (Византия) ҳукмдорларини эсладим. Бир ёнда улар сурган кайф-сафо, бир ёнда, Аллоҳнинг расули бўлишингга қарамасдан, сенинг юзингдаги бу изни ўйладим,- деди Ҳазрати Умар.

– Улар кайфу-сафолари олдинга олиниб, дунё ҳаётида берилган кимсалардир. Биз эса кайфу-сафоси кечиктирилиб, охиратда берилажак кишилармиз,- деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

Забиднинг айтишига кўра, Ҳазрати Али (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай дейди:

“Сиз ҳаққингизда икки нарсадан қўрқаман. Бу узун мақсадли амаллар билан нафс орзусига берилмакдир.

Узун мақсадли амаллар Аллоҳни унуттиради. Нафс орзулари эса ҳақ йўлдан оздиради.

Ҳам дунёнинг, ҳам охиратнинг ўғиллари бордир. Сизлар охиратнинг ўғилларидан бўлингиз. Бугун амал бор, ҳисоб йўқ. Аммо эртага ҳисоб бўлажак, амал бўлмаяжак”.

Ҳасан Басрий дейди: Бир кун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тўрт йил давомида ҳар жума куни берган хутбасини ахтардим, аммо тополмадим. Ниҳоят, ўша хутба ансордан бирининг ёнида бўлиши мумкин, дедилар.

Мен уни ахтариб, айтилган жойга борганимда, у киши Жобир бин Абдуллоҳ экан. Ундан “Пайғамбаримизнинг ҳар жума бергани хутба эсингдами?”, деб сўрадим. У менга “ҳа, мен Пайғамбаримизнинг шундай деганини эшитгандим”, деди ва Пайғамбаримизнинг хутбасини нақл этди:

“Эй, инсонлар, бораётган йўлингизнинг ишорат тошлари бор, бу тошларнинг кўрсатмасига риоя қилинг. Сизнинг бир оқибатингиз бор, унга қараб юрингиз. Мўмин икки йўналишли қўрқувнинг ўртасидадир: бир ёндан умрининг ўтган қисми учун қўрқар, чунки ўтмиши учун унга Аллоҳ қандай муомалада бўлишини билмайди. Иккинчи ёндан келажак ҳақида андишилидир, чунки Аллоҳ унинг пешонасига келажаги ҳақида нимани ёзганини билмайди.

Демак, қул ўз нафсидан-ўзига, ҳаётидан-ўлимига, ёшлигидан-кексалигига ва дунёдан-охиратига йўл озиғи тайёрлаши керак.

Чунки дунё сиз учун ва сиз ҳам охират учун яратилдингиз.

Нафсимни қудрат қўлида тутган Аллоҳга ямин этаман-ки, ўлимдан сўнгра ҳозирлик қилиш учун борадиган ер йўқдир. Дунёдан сўнгра ё жаннат ёки жаҳаннамга борилажакдир.

Сизларга бу сўзларни сўйлар экан, ҳам ўзим, ҳамда сизлар учун Аллоҳдан авф тилайман”.

Айтилишига кўра, Саҳл бин Абдуллоҳ Тустарий молини Аллоҳга ибодат йўлида харжлар эди. Бу сабабли онаси билан ака-укалари Абдуллоҳ бин Муборакка бориб, Тустарийни шикоят этдилар:

“Бу одам қўлида ҳеч нарса тутмайди, бир куни фақирликка тушишидан қўрқамиз”, дейишди.

Бу шикоятчиларга ёрдамчи бўлмоқ истаган Абдуллоҳ бин Муборакка Саҳл шундай деди: “Ё Абдуллоҳ, шаҳарда яшаган бир одам қишлоқда яшашга қарор берса, у молини шаҳарда қолдириб кетадими?

Бу сўзларни эшитиб, Абдуллоҳ бин Муборак Тустарийнинг онасига шундай деди:

“Бу одам, “дунёдан кўчиб, охиратга жойлашмоқ истаган кимса, дунёда молини ташлаб кетадими?”, деяпти”.

Яъни ақли бошида бўлган инсон қорни тўяжак қадар ризқ қозониб, қолган кучини охират амалларига сарфламоғи керак.

Жувайбирнинг Даҳҳокка таяниб билдиришига кўра, Ҳазрати Одам алайҳиссалом билан Ҳазрати Ҳавво ер юзига иниб, дунёнинг қўланса ҳидидан нафас олгани заҳот, ҳушидан кетиб, ерга йиқилдилар ва қирқ кун беҳуш ётдилар.

Ривоятга кўра Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Абадийлик юрти бўлган охиратга ишонган ҳолда, ёлғончилик юрти бўлган дунё учун ишлаганларга нақадар ҳайрон қолса оздир!”

Муҳаммад бин Мункадирнинг айтишига кўра, Жобир бин Абдуллоҳ (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: бир кун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига оқ кийим кийган, оқ юзли, гўзал сочли ва порлоқ рангли бир одам келди. Аввал Пайғамбаримизга салом берди, Пайғамбаримиз ҳам унинг саломини олди.

Сўнгра келган одам:

–  Ё Расулуллоҳ, дунё надир?,- деди.

– Дунё ухлаётганларнинг кўраётгани бир рўёдир. Дунёга келиб-кетганлар эса, ё мукофотланажаклар ёки жазоланажаклар,- деб жавоб берди Пайғамбаримиз алайҳиссалом

– Охират надир?

– Охират абадийлик юртидир. У ерга борганларнинг бир қисми жаннатга, бир қисми жаҳаннамга киражакдир.

– Ё Расулуллоҳ, жаннат надир?

– Жаннат, дунё неъматларини ҳеч писанд қилмасликнинг бадалидир.

– Жаҳаннам надир?

– Жаҳаннам дунёга ва дунёликларга қатъий боғлиликнинг бадалидир.

– Бу умматнинг энг хайирлиси ким?

– Дунёдаги умрини Аллоҳга ибодат этиб, кечирган кишидир.

– Инсон дунёда қандай бўлиши керак?

– Тўрвасини олиб, карвонни кутаётган йўловчи каби бўлиши керак.

– Хўп, инсон дунёда қанча қолади?

– Карвонга етишолмай қолган бир йўловчи қанча қолса, шунча қолади.

– Дунё билан охират орасидаги вақт нақадар тез ўтади?

– Кўз очиб-юмгунга қадар,- деб жавоб берди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

Бу савол-жавоб тамом бўлган заҳоти оқ кийимли одам ғойиб бўлди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

– Бу кўрганингиз одам Жаброил эди. Сизни дунёдан совутиб, охиратга қизиқтириш учун келди,- деди.

Айтилишига кўра, Ҳазрати Иброҳим (а.с.) га қандай қилиб Аллоҳнинг дўсти бўлишга муяссар бўлгани сўралганида, у шундай жавоб берди:

“Бунга шу уч нарса туфайли муяссар бўлдим:

1.Икки нарсадан биттасини танлашга мажбур бўлганимда, доим Аллоҳ учун бўлганини танладим.

2.Аллоҳнинг ўз зиммасига олгани ризқ тўғрисида ҳеч ўйламадим.

3.Ҳеч бир нонуштамни ва оқшом емагимни меҳмонсиз (мусофирсиз) емадим”.

Аҳли ҳикматдан бир зотга кўра, қалбнинг тириклиги илм, ризо, қаноат ва зуҳдга боғлиқдир.

Илм қалбни ҳушнуд этади.

Илм соясида ризога эришилади.

Ризо даражаси қаноатга юксалтиради.

Қаноат эса зуҳд мартабасига етказади.

Зуҳд-дунёни писанд қилмаслик даражасидир.

Зуҳд шу уч нарсадан иборатдир:

1.Дунёни танигандан сўнгра, ундан юз ўгирмоқ.

2.Аллоҳга ҳизмат этмоқ ва ҳизмат адабига риоя этмоқ.

3.Охиратни соғиниб, унга толиб бўлмоқ.

Яҳё бин Муоз ар-Розийга кўра, ҳикмат кўкдан қалбларга уфланади. Аммо у шу тўрт касалликка чалинган қалбларда яшай олмайди:

1.Дунё севгиси.

2.Эртанинг ғамини ейиш.

3.Бахиллик, ҳасад.

4.Шон-шуҳрат ҳирси.

Яна Яҳё бин Муоз дейди: “Ақлли ва ўрнида ҳаракат қилган киши шу учта нарсани қилган кишидир:

1.Дунё тарафидан тарк этилмасдан аввал дунёни тарк этмак.

2.Ўлишдан аввал ўз мозорини ҳозирламак.

3.Яратувчиси билан учрашмасдан олдин Унинг ризосини қозонмоқ (олмоқ).

Ривоятга кўра, Ҳазрати Али (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай дейди:

Шу олти хусусиятга соҳиб бўлган киши жаннатга толиб бўлиб, жаҳаннамдан қочиш учун қўлидан келган ҳар нарсани қилган бўлади:

1.Аллоҳни таниб, унга керакли тарзда қуллик этмоқ.

2.Шайтонни таниб, унга қарши чиқмоқ.

3.Ҳақни таниб, унга бўйсинмоқ.

4.Ботилни таниб, ундан қочмоқ.

5.Дунёни таниб, уни рад этмоқ.

6.Охиратни ўрганиб, унга толиб бўлмоқ.

Жаъфар бин Муҳаммаднинг отасидан, отасининг эса бобоси Ҳазрат Алидан(Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Ё, Али, шу тўрт нарса ёмонлик ва бадбахтлик аломатидир:

1.Кўздан ёш чиқмаслиги.

2.Қаттиқ юраклилик.

3.Дунё севгиси.

4.Узоқ мақсадли амал”.

Ривоят этилдишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Агар дунёнинг Аллоҳ наздида бир пашша қанотичалик қадри бўлсайди, дунёда бирорта кофирга бир ютум сув ҳам ичирмаган бўларди”.

Абдурраҳмон бин Усмондан  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кеча йўлчилигида бир қабиланинг ахлат ташлайдиган еридан ўтиб кетар экан, қурт босган бир қўй лошини кўрди. Ва саҳобийларга ўгирилиб, “нафсимни қудрат қўлида тутган Аллоҳга ямин этаман-ки, шу қабила шу қурт босган қўй ўлигига қандай аҳамият бермаса, Аллоҳ таоло ҳам дунёга шу қадар аҳамият бермайди”, деди.

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Дунё мўминнинг зиндони, қабр эса –қалъаси, жаннат уйидир. Ва аксинча, дунё кофирнинг жаннати, қабр зиндони, жаҳаннам уйидир”.

Яҳё бин Муознинг дунё ҳақида шу гаплари бор: “Дунё Аллоҳнинг томорқаси, инсонлар бу томорқанинг мевалари, ўлим-ўроғи, Азроил ўроқчиси, қабр-экинлар тўпланган ер. Қиёмат-хирмон. Жаннат ва жаҳаннам-омборлардир. Инсонларнинг бир қисми жаннатга, бир қисми жаҳаннамга кетадилар”.

Айтилишига кўра Луқмони Ҳаким ўғлига шундай насиҳат қилган: “Ўғлим, дунё инсонларнинг бўғилиб ўлаётгани бир теран денгиздир. Бу денгиздаги кеманг-тақво бўлсин”.

Ривоят этилишига кўра, Исо алайҳиссалом шундай деган: “Сизга ҳайратланаман. Дунёда ишламасангиз ҳам ризқингиз берилишини билган ҳолда ишлайсизлар, аммо фақат амалингиз қаршилигида бериладиган охират ризқи учун ишламайсизлар”.

Абу Убайда Асаддан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Кимнинг қалбига дунё севгиси жойланса, унга шу учта нарса юқади:

1.Машаққати тугамайдиган бир иш.

2.Етиб бўлмайдиган бир амал.

3.Азобли бир эҳтирос”.

Аҳли ҳикматдан биттаси шундай деган: “Бойликни мол-мулкда изладик, ҳолбуки, у-қаноатдадир.

Ҳузурни кўп бойликда изладик, ҳолбуки у озидадир.

Шарафни халқ тарафидан севилмоқда изладик, ҳолбуки у тақводадир.

Саодатни ейишда, кийинишда изладик, ҳолбуки, саодат-исломда, гуноҳларимизнинг авфидадир”.

Ривоятга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Кимнинг эрталаб турган заҳоти ақлига дунё келса, Аллоҳ шу уч ҳисни унинг қалбидан чиқармайди:

1.Ҳеч тугамаган андиша.

2.Қутулаолмайдигани бир машғулият.

3.Давомли йўқсиллик”.

Анас бин Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

Аллоҳ таоло шундай буюради:

“Мўмин қулим дунёда мўл-кўлликни кўриб, севинади. Ҳолбуки, мўл-кўлликда яшаш уни Мендан узоқлаштиради. Мўмин қулим дунёвий бир машаққатга дуч келса, хафа бўлади. Ҳолбуки, бу қийинчилик уни Менга яқинлаштиради”.

Пайғамбаримиз шундан кейин ушбу оятларни ўқиди: “Улар Бизниг уларга бераётганимиз мол-мулк ва фарзандларни яхшиликларни тезлатишимиз, деб ўйлайдиларми? Йўқ, улар (буларнинг бир имтиҳон эканини) сезмайдилар”. (Мўминлар 55-56)

Яна Анас бин Моликнинг айтишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни Абу Заррнинг қўлидан тутиб, унга:

Ё, Абу Зарр, фақат юки енгил бўлганларнинг (гуноҳи оз бўлганларнинг) ўтиши мумкин бўлган тойинчоқ бир кўприк бор”, деди.

Абу Зарр “Ё, Расулуллоҳ, мен енгил юклиларданми ёки оғир юклиларданми?”, деб сўради.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан:

– Бир кунлик озуқанг борми?,- деб сўради.

– Ҳа, бор,- деди Абу Зарр

– Эрта учун ҳам озуқанг борми?

– Ҳа бор

– Индин учун-чи?

– Йўқ,- деди Абу Зарр.

– Агар уч кунга етадиган озуқанг бўлсайди, оғир юклилардан бўлардинг,- деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар