Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мусибатларга сабр этмоқ

Мусибатларга сабр этмоқ
08 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 588 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(42)
(давоми)

МУСИБАТЛАРГА САБР ЭТМОҚ

Саҳобийлардан Муоз бин Жабал (Аллоҳ ундан рози бўлсин) шундай бир воқеани айтиб берди:

“Ўғлим ўлганда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом менга шу мактубни ёзди:

“Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Муоз бин Жабалга:

Аллоҳнинг саломи бўлсин. Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд этаман. Аллоҳ ажрингни мўл айласин, сенга сабр илҳом этсин, бизга ўзига шукр этишни насиб этсин.

Шуни билишинг керак-ки, нафсларимиз, оиламиз, болаларимиз ва уларнинг моллари Аллоҳнинг бизга берган бир омонатидир. Уларни фойдаланишимиз учун бизга вақтинча бериб, вақти келганда биздан олади. Шуни билишимиз керак-ки, Аллоҳ бизга бир нарса берса, унга шукр этиб, уни олса, сабр этмоғимиз фарз қилингандир.

Шу сенинг ўлган ўғлинг Аллоҳнинг сенга берган бир ҳадяси, омонати эди. Бир муддат сени севинч ва меҳр билан бу омонатдан фойдалантирган Аллоҳ, уни – агар сабр этсанг – эвазига катта ажр-мукофот бериш учун сендан олди.

Ё, Муоз, зинҳор фарёд этиб, ажрдан маҳрум бўлма, ва бу маҳрумликдан кейин пушаймон бўладиган ҳолга тушма!

Агар бу мусибатнинг савобини кўз олдингга келтирсанг, бошингга тушган мусибат ўша савоб олдида ҳеч нарса эмаслигини кўрасан.

Яна шуни бил-ки, фарёд этиш на ўликни қайтариб олиб келади, на-да ўлим туғдирган қайғуни кетказади.

Бир кун сенга ҳам келажак бўлган ўлимни “келди” санаб, қайғунгни кетказмоғинг керак. Вассалом”.

Анас бин Моликнинг (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоятига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Ким дунёга боғлиқ бир мусибат сабабли хафагарчилик ичида тонг оттирса, Роббидан хафа бўлиб, тонг оттирган бўлади. Ким бошига тушган мусибатдан шикоят қилса, у Аллоҳдан шикоят қилган бўлади.

Ким бир бойнинг қўлидаги молдан ҳисса олиш учун унга ҳушомад қилиб, бўйин эгса, яхши амалининг учдан иккиси ўчирилади.

Кимга Қуръони Карим ўрганмоқ насиб бўлса-ю, барибир Жаҳаннамга киришга лойиқ бўлса, Аллоҳ уни ўз раҳматидан узоқлаштиради”.

Ваҳб бин Мунаббиҳ дейди: “Шу тўрт сатрни “Таврот”да бирин-кетин жойлашганини кўрдим:.

1.Ким Аллоҳнинг китобини ўқиса ҳам гуноҳларининг кечирилмаганини ўйласа, у Аллоҳнинг оятларини ҳазилга олган бўлади.

2.Ким бошига келган бир мусибат сабабли бошқаларга ёзғириб, дардини айтса, Аллоҳдан шикоят қилган бўлади.

3.Ким бойга у бой бўлгани учун бўйин эгса, динининг учда иккиси кетади (иймони заифлайди)”.

Абу Ҳурайранинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Кимнинг ҳаётлигида учта боласи ўлса, у фақат Аллоҳнинг ямини бажо келтирилиши учунгина Жаҳаннамга кириши мумкин”.

Маълумки, Аллоҳ таоло шундай буюради:

“Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир.”. (Марям 71)

Ривоятга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейди:

“Қанчалар эски бўлса бўлсин, бошига тушган бир мусибатни эслаб, яна бир марта “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” дея, Аллоҳга сиғинган инсонга мусибат янги пайтидаги бергани қадар ажр беради”.

Айтилишига кўра, Ҳазрати Усмон (ундан Аллоҳ рози бўлсин) янги туғилган фарзанди етти кунлик бўлганда, уни қучоғига оларди. Унга нега бундай қилишини сўрашганида Ҳазрати Усмон: “қалбимда унга севги ўйғонишини истайман, ки агар у ўлса, ажрим кўпроқ бўлсин”, дерди.

Анас бин Моликнинг (ундан Аллоҳ рози бўлсин) айтишига кўра, бир кишининг боласи ўлганди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобийлари билан унинг уйига борди ва у кишининг жуда мотамсаро эканини кўриб: “Қиёмат куни сенинг кичик ёшда ўлган бир болангга “қани, Жаннатга кир”, дейилганда, бола “ё Робби, ота-онамни ҳам ёнимга олишни истайман”, деб туриб олади, сизларга шафоатчи бўлади. Ва ниҳоят шафоати Аллоҳ тарафидан қабул қилиниб, ҳаммангиз бирга Жаннатга кирасизлар, бунга хурсанд бўлмайсанми?,- деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.

Одам бу сўзларни эшитиб, қайғусини озайтирди.

Ҳасан Басрийнинг нақл этишига кўра, Ҳазрати Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога “Ё Робби, хастани зиёрат этганга қандай мукофот берасан?”, деб савол берди. Аллоҳ таоло унга “уни бутун гуноҳлардан тозалаб, худди онасидан янги туғилган каби сийлайман”, деди.

“Жаноза маросимида қатнашган одамничи?”, деди Ҳазрати Мусо (а.с.).

“У одам ўлганда, уни қабрга қадар кузатадиган бир гуруҳ малак юбораман”, деди Аллоҳ таоло.

“Ё Робби, бошига бир бало келган кишига тасалли берган одамга қандай мукофот берасан?”, деб сўради Ҳазрати Мусо (а.с.).

“Менинг Аршимнинг соясидан бошқа ҳеч бир соя қолмайдиган Кун уни Аршимнинг соясига оламан”, деди Аллоҳ таоло”.

Анас бин Моликнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Қулнинг ютунишлари ичида Аллоҳнинг хуш кўргани икки ютуниш бор:  Биттаси ўз жаҳлини орқага қайтариб ютингани, иккинчиси мусибат тушганда сабр қилиб, ютинганидир.

Томчилар ичида Аллоҳнинг хуш кўргани икки томчи бор: Биринчиси Аллоҳ йўлида оққан қон томчиси, иккинчиси қоронғи тунда, ҳеч ким кўрмайдиган жойда Аллоҳ учун тўкилган кўз ёшидир.

Одимлар ичида Аллоҳнинг хуш кўргани  икки одим бор:  Биринчиси фарз намозларни қилиш учун ташланган одим, иккинчиси,қариндошларни зиёрат қилиш учун ташланган одимдир”.

Анас бин Моликнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Мусибат келганда тиззага уриб фарёд этмак ажрни йўқ қилади. Илк зарба пайтида сабр этмоқ ажрни каттайтиради. Ажрнинг катталиги келган мусибатнинг катталигига кўра бўлади. Ақлли инсон бошига тушган мусибатнинг савобини ўйламоғи лозим”.

Аллоҳ таоло мусибатга учраган бир қулнинг бу мусибатга Аллоҳ ризосини ўйлаб сабр этгани учун савоб беражагини ваъда этиб, шундай дейди:

“Ва албатта сизларни ҳавфу-хатар, очлик, молу-жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда, “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга ҳушхабар беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот ( мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”. (Бақара 155-157)

Саид бин Жубайрга кўра, мусибат қаршисида “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” дейиш, фақат бу умматга маҳсусдир. Агар шундай бўлмасайди, бу Ҳазрати Ёқуб (а.с.)га берилган бўларди.

Унинг  “Эй, бечора Юсуф-а!”, деганини эсланг!”, (Юсуф 84)

Ривоятга кўра, ўғли Иброҳим ўлганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўзлари ёшланиб, йиғлади. Буни кўрган Абдурраҳмон бин Авф (ундан Аллоҳ рози бўлсин) “Ё Расулуллоҳ, сен йиғлаяпсан, бизга йиғламасликни ўргатган эдинг-ку?”, деди.

“Йўқ, менинг тақиқлаганим нарса – фарёд этиш, баланд овоз билан марсия ўқимоқдир. Мен фақат шу иккита ахмоқона ҳаракатни маън этдим. Яна юз тимдалаб, ёқасини йиртиб, шайтон саси билан инграшни таъқиқладим. Чунки булар ўйиндир, шайтон чақирувларидир.

Менинг йиғлаганим эса, Аллоҳнинг марҳаматли қуллари қалбларига қўйгани бир марҳаматдир. Марҳамат қилмаган киши марҳамат кўрмас. Қалб қайғуланади, кўз ёш тўкади, аммо Роббимизни ғазаблантиражак бир сўз айтмаймиз”,- деди.

Ҳасан Басрий дейди:

“Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ таоло сизнинг унутиб, қийналиб, мажбур бўлиб ишлаганингиз гуноҳлардан масъул тутмайди. Сизга кучингиз етмайдиган нарсани бермайди. Яна У сизга шу беш нарсани ҳадя қилгандир:

1.У зот дунёни сизга бадалсиз бериб, қарз ўлароқ қайтиб олишни истайди. Сиз Унга дунёнинг на қадарини қайтарсангиз, унинг 700 мислини, ҳатто Аллоҳ таолонинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган қадар мукофотни сизга беражакдир.

2.Баъзи нарсаларни У сиздан сўрамасдан олгандир. Аммо бунга Унинг ризоси учун сабр қилганингиз туфайли сизга ҳадялар ва раҳмат бергандир.

3.Агар берганларига шукр этсангиз, сизга янада кўпроқ бермоқдадир.

4.Орангиздаги гуноҳкорлар куфрга боражак қадар гуноҳ ишласалар ҳам, агар тавба этсалар, Аллоҳ тавбаларини қабул этар. Ҳолбуки, “Албатта  Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади”. (Бақара 222)

5.Аллоҳ сизларга берганини Жаброилга ва Микоилга берсайди, уларга жўмардларча бир ҳадя берган бўларди”.

Яҳё бин Жобирнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Қулнинг Аллоҳга тақдим этаолиши мумкин бўлган энг мақбул ҳадя ўн икки ёшида ўлган боласидир”.

Сабр илк онда муҳимдир. Бир муддат сўнгра, хох сабр этсин, хох этмасин, фарқи қолмайди.

Ибн Муборакнинг ўғли ўлганда, унга таъзия билдиришга бир мажусий (оташпараст) келди ва шундай деди: “Жоҳилларнинг беш кун сўнгра қилажагини ақллилар бугун қилишлари керак”.

Ибн Муборак бу сўзни эшитиб, яқинларига “бу сўзни ёзинглар”, деди.

Ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Мусибатга учраган кимсага тасалли берган киши, мусибатга учраган киши каби савоб қозонади”, деган.

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом шуларни айтган:

“Сабр уч турлидир:

1.Ибодатда сабр (сабот).

2.Мусибатда сабр.

3.Гуноҳлардан сақланишдаги сабр.

Ким мусибатда сабр қилиб, уни бошдан кечирса, Аллоҳ унинг дафтарига уч юз даража ёзади.

Ким ибодатда сабр (сабот) кўрсатса, Аллоҳ унинг амал дафтарига олти юз даража ёзади.

Ким гуноҳдан сақланишда сабр кўрсатиб, ўзига ҳоким бўлса, Аллоҳ унинг дафтарига тўққиз юз даража ёзади”.

Ибн Аббосга кўра (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Лавҳул Маҳфузнинг бошида шу жумлалар ёзилган: “Мен ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳман ва Муҳаммад Менинг Расулимдир.

Менинг ҳукмимга таслим бўлиб, берганим балога қарши сабр этган ва неъматларимга шукр этган кишини дўстларим рўйхатига ёзаман. Қиёмат куни у Менинг дўстларим билан Маҳшарга келади.

Менинг ҳукмимга таслим бўлмасдан, балога сабр этмаган, неъматларимга шукр этмаган киши, Мендан бошқа илоҳ ахтарсин”.

Ибн Муборакка кўра, мусибат биттадир. Аммо мусибатга учраган киши фарёд этса, у иккита бўлади.

Яъни фарёд сабабли савобнинг йўқотилиши – иккинчи мусибатдир. Бу биринчи мусибатдан оғирроқдир.

Ҳазрати Алининг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоятига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Мусибатга учраган киши  бошига келган мусибатни менинг бошимга келган мусибат билан тенглаштирсин. Чунки менинг бошимга келган мусибат энг оғир мусибатлардандир”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар