Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳажжатул видо

Ҳажжатул видо
12 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 473 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 229
(давоми)

ҲАЖЖАТУЛ ВИДО

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга тўлганларида ер устидаги барчаи нсонларга ва ҳам жинларга пайғамбар бўлдилар. Ўн уч йил Маккада тургандан сўнгра бу ердан Мадинага ҳижрат қилиб кетмакка Аллоҳдан амр бўлди. Маккада турган муддат ичида кофирлар билан жиҳод қилишга Худодан буйруқ бўлмаган эди, балки улардан ҳар қанча кулфат кўрсалар ҳам сабр қилмоққа буюрилмиш эдилар. Расулуллоҳнинг ўзларига ва саҳобаларига кофирлар томонидан ҳар қанча жабр-жафо етса ҳам унга сабр қилмоқдан бошқа чоралари йўқ эди. Чунки у чоғда жиҳоднинг вақти келмаган, шароити тўлмаган эди.

Уларнинг қийноқлари остида ўлган кишилар ҳам бор эди. Иш шу ҳолга етганда ҳам кофирларга қарши қурол қўлланиб, улар билан урушмоққа рухсат йўқ эди.

Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилиб келишлари билан ишлар бутунлай ўзгарди. Аввалда эрса кофирлардан ким урушса, шунгагина қарши жиҳод қилмоққа буюрилган эди. Кейинроқ жиҳод шароити тўлиқлашгандан кейин бутун кофирларга қарши жиҳод қилмоқ мусулмонларга фарз бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бош бўлиб, йигирма етти марта жиҳод сафарига чиқдилар. Қолганларига эса аскар юбордилар. Ҳижратнинг еттинчи йилида Арабистонга чегарадош бўлган барча подшоларга Исломга даъват қилиб нома ёздилар. Саккизинчи йили Макка фатҳ бўлгач, Қурайш мушриклари Ислом динини қабул қилдилар ва шу йили барча араб қабилаларидан Расулуллоҳга элчилар келди. Булар орқали Ислом дини бутун Арабистонга тарқалди.

Ҳижратдан ўн йил ўтгандан кейин Аллоҳ амри билан ўша йили ҳаж қилмоқчи бўлдилар. Мадина атрофидаги мусулмонларни хабарлагач, юз мингдан ортиқ киши йиғилди. Ҳижратнинг ўнинчи йили зулқаъда ойидан олти кун қолганда, пайшанба куни эрталаб йўлга чиқдилар.

Ислом динида ҳаж фарз бўлгандин кейин Расулуллоҳнинг биринчи қилган ҳажлари шул эди. Шунинг учун мунга «Ҳажжатул Ислом» деб ном қўйдилар. Расулуллоҳ шу ҳажда умматлари билан хайрлашганлари, видолашганлари учун буни «Ҳажжатул видо» деб ҳам атадилар. Шундан сўнг ҳаж қилмоққа умрлари етмади. Энг охирги қилган ҳажлари шул бўлди. Ҳамма оналаримиз бу сафарда бирга эдилар. Онамиз ҳазрати Оишанинг минган туялари юрадиган, ўзи енгил, юки камроқ бўлиб, Сафиянинг минган туяси юки кўпроқ бўлиб, аскарга етишиб юра олмас эди. Шунинг учун Расулуллоҳ ҳазрати Оишага келиб юмшоқлик билан:

— Эй Оиша, сен минган туянинг енгил ҳам ўзи юрамолдир. Сафиянинг мингани эса юки оғир, ўзи қашанг экан. Аскарга етиб юра олмай қолди, унга қараб қўшин юриши ҳам секинлашди. Шунинг учун юкингларни алмаштирмоқчи бўлдик, — дедилар.

Оишанинг аччиғи келиб:

— Сиз ўзингизни Аллоҳнинг пайғамбари биласиз, на учун адолат қилмайсиз? — деди.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ шу ерда бор эди. Бу сўзга ғазаби келиб, қизлари Оишанинг юзига бир тарсаки урдилар. Буни Расулуллоҳ оғир олиб, уни ёмонладилар. Анда Абу Бакр Сиддиқ:

— Ё Расулаллоҳ, буни айтган сўзини эшитмадингизми? — дедилар.

— Эшитдим, лекин кундошлик устида гапирган хотинлар эса, сўзнинг ўй-чуқурига қарамайдилар, — дедилар Расулуллоҳ.

Бу сафарда Расулуллоҳ билан Абу Бакр Сиддиқ икковлари қўшдош (бирга) эдилар. Макка йўлида Арж деган жойга карвон келиб етди. Эрталаб турганда қарасалар, озиқ-овқат юкланган туялари йўқ. Бу туя эса хизматчи қулнинг қўлида эди.

— Туянг қани? — деб сўрасалар:

— Кечадан бери излаб тополмадим, — деди.

— Бир туяни кутолмай, йўқотиб ўлтирган қандай кишисан? — деб Абу Бакр Сиддиқ қулни қамчи билан урдилар эрса, Расулуллоҳ:

— Манови эҳромлик кишининг қилаётган ишини кўринглар? — деб, бошқа гапирмай кулимсираб қўйиб, ҳаж сафаридаги кишиларга бу хилдаги иш дуруст эмаслигини билдирдилар.

Саҳобалардан баъзи бирлари эшитиб дарров таом тайёрлаб, Расулуллоҳ олдиларига келтиришди.

Абу Бакр Сиддиқ эрсалар, туялари йўқолгани аламига аччиғланиб ўлтирган эдилар:

— Эй Абу Бакр, ўзингни кўп койитма. Ҳар иш сен билан биз айтгандек бўлавермайди, мунга сендан кўпроқ бу ўғил хафадур. У йўқолган таом ўрнига Худо ундан яхшироғини еткизди, келгил, — дедилар Расулуллоҳ.

Шу орада Сафвон ибн Муъаттал йўқолган туяни юклари билан топган экан, етаклаб келиб, чодир олдига чўктирди. Бу одам аскар ортида юрадиган чиндовул бўлиб, эсдан чиққан, қолган, йўқолган нарсаларни йиғиб юриш унинг вазифаси эди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Абу Бакр, юкларингни қараб кўргилчи, йўқолган ҳеч нарса борми? — дедилар.

— Ё Расулаллоҳ, бари нарсамиз тугал экан, ёлғиз сув ичиб юрган бир идишимиз йўқ, — деганида хизматчи ўғил:

— У нарса менда, мана, — деб кўрсатди.

Бу ердан чиққач, юриб ўлтириб бир неча кун ичида Маккага етиб, тушга яқин шаҳар ичига кирдилар. Расулуллоҳнинг дастлабки қилган ишлари Байтуллоҳни тавоф қилиш бўлди. Каъбани етти марта айланиб, тавофни тугатгандан кейин Мақоми Иброҳимда икки ракат тавоф намозини ўқиб, сўнгра зам-зам қудуғидан сув ичдилар. Қудуқдаги сувга оғизларини чайқаб, яна уни қайтариб зам-зам қудуғига тўкдилар. Қудуқдан сув тортиб берган киши амакилари ҳазрати Аббос эди.

Анда Расулуллоҳ:

— Зам-зам сувини қудуқдан ўзим тортиб олмоқчи эдим. Мендан кейин умматларим қудуқдан сув тортиб ичишни суннат дейишиб талашиб юрмасинлар, деб ўзим тортмадим, — дедилар.

Сўнгра Сафо, Марва тоғлари орасида юриб, у куннинг ибодатини қилиб тугатдилар.

Қурбон ойининг саккизинчи куни «Явму тарвия» дейилади. Шу куни Маккадан чиқиб Мино тоғига бориб ётмоқ суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ жамоат билан Минога келиб шунда ётдилар. Бомдод намозини ўқиб жума куни Арафотга қараб юрдилар. Ана шу йили «ҳажжи акбар» бўлди. Ҳожилар жума куни Арафотда бўлсалар, «ҳажжи акбар»ни топадилар. Арафотда бир азон икки такбир билан пешинга аср намозини қўшиб ўқидилар. Бу икки намозни қўшиб ўқиш шундан бери умматларига суннат бўлиб қолди.

Расулуллоҳ Қасво деган туяларига миниб олти юз минг чамалик ҳожи йиғилган Арафот тоғида туриб хутба ўқиб, узун бир ваъз айтдилар. Бу жойда айтган энг сўнги ваъзлари шу эди. Бу ердан қайтиб уч ой ўтгандан кейин оламдан ўтдилар. Демак, шу ҳажларида ҳозир бўлган ва ғойиб бутун умматлари билан хўшлашган эдилар.

Энди биз бу ўринда Расулуллоҳнинг ўқиган хутбалари ва айтган ваъзларининг қисқача мазмунини баён қиламиз.

«Ҳамду-сано Аллоҳга бўлсин. Уни улуғлаймиз, унга ҳамд айтамиз, ундан ёрдам сўраймиз ва мағфират тилаймиз, унга тавба қиламиз, ёмон амалларимиздан, ўз нафсимизнинг шарридан Аллоҳ паноҳига қочамиз. Аллоҳ йўлга солганни адаштиргувчи йўқдир. Оламни яратган у ёлғиз ўзидур. Унинг шериги йўқдур. Гувоҳлик бераманким, Муҳаммад унинг қули ҳам пайғамбаридир. Эй Худонинг бандалари! Сизларннг тақволик бўлиб, Худодан қўрқишларингни тилайман.

Ҳаммангизни Аллоҳнинг тоат-ибодатига ундайман. Сизларга нима нарса фойдалик бўлса, шуни айтурман. Эй одамлар! Мендан шу сўзларни аниқлаб олинглар. Шу йилдан сўнгра яна бу ерда сизлар билан кўришмоғимиз менга маълум эмасдур. Шунинг учун бу куни сизларга кўп нарсаларни айтиб, топширгайман.

Эй одамлар! Сизларнинг қонинглар ва молинглар бир-бирингларга ҳаромдир. Шу кундан бошлаб қиёматгача бу ҳукм ўзгармасдур. Шу ойда шу шаҳарда бу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар. Ҳар кимга бир кимса омонат қўйса, унга ҳеч хиёнат қилмай эгасига топширсин. Бу кундан кейин ҳеч ким судхўрлик қилмасин. Ислом динида бу иш ҳаромдур. Исломдан илгари берилган ижара пулларини йўқ қилдим. Амаким Аббоснинг ижарага берган пулларини йўқотиш билан бу ишни бошлайман. Жоҳилият замонида бўлган қон даъволарини йўққа чиқардим. Ислом даврида ундай даъволар сўралмайдур. Дастлаб ўз амаким ўғли Рабиъанинг қон даъвосини қолдирдим.

Қурол тутиб, қасд қилиб киши ўлдирганни қасос қилиб ўлдирурлар. Қасд қилганлиги аниқланмаган, таёқ-тош билан уриб ўлдирганларга хун баҳо тўлатиб, улардан юз туя олинглар.

Эй одамлар! Хотинларнинг сизларда бир қанча ҳақлари бордур. Алардин бири шулки, тўшагингларни бошқага бостирмасинлар. Эрларидан рухсатсиз уларнинг уйларига бегонани киргизмасинлар. Никоҳ хиёнатидан ўзларини йироқ тутсинлар. Агар шулардан бирортасини қилар эканлар, уларни қийнашга Аллоҳ рухсат беради. Шундоқким, аввал улар сўз билан ўкта (насиҳат) қилинглар, агар бу билан тузалмасалар, ўрин ва тўшакни бошқа солинглар.

Мунда ҳам бўлмаса, ёрмай, кўкартмай уринглар. Агар тузалиб тўғри бўлсалар, уларни едириб-ичириб, бутун нафақасини бериб туриш сизларга вожибдур.

Эй одамлар! Шуни билингларким, хотинларингиз сизларнинг ёрдамчиларингиздир. Уларнинг бошларига эга бўлолмагайсиз. Аллоҳ омонати билан аларни олдингиз. Аллоҳ амри билан сизларга ҳалол бўлдилар. Шундай бўлгач, хотинларга зулм қилишдан сақланинглар!

Эй одамлар! Мўмин мўминнинг қариндоши, оғасидур. Мўминлар бир-бирларига ўзлари суюб бермасалар, ризосизлик билан олган моллари ҳамромдур. Менинг бу сўзларимни англадингларми? Эй бор Худоё, сенинг буйруқларингни бандаларингга етказдим, бунга ўзинг гувоҳдурсан.

Эй одамлар! Яратган Худойинглар бирдур. Барчанглар бир Аллоҳнинг бандаларидурсиз. Отанглар бирдур. Баринглар Одамдан тарқалдинглар. Одам тупроқдан яратилди. Ким тақволик бўлса, Худо олдида қадри шудир. Арабнинг Ажамдан ортиқлиги йўқдур. Ким тақволи эрса, шу ортиқдур. Эй бор Худоё, ўзинг гувоҳ бўл, сенинг амрингни бандаларингга етказдим. Меним шу сўзларимни ҳозирлар ғойибларга, уққанлар уқмаганларга етказсинлар.

Эй одамлар! Ҳар бир ворисга меросдан тегадиган ҳиссасини Худо Қуръонда ўзи тақсим қилиб қўймишдир. Меросдан ворисга васият қилиш дуруст эмасдур. Худо бўлган нарсани яна бандаси қандай бўла олади? Мерос молининг учдан бирига васият юради. Ҳар ким ўз отасини ташлаб, бошқага бола аталса, ёки ўзини озод қилган хўжасидан тониб бошқага боғланса, ундай одамга Аллоҳнинг, фаришталарнинг, барча инсонларнинг лаънати бўлсин! Ундай одамнинг тоат-ибодатлари қабул бўлмайди.”

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар