Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

HRW: Прогресс нимадан иборат?

HRW: Прогресс нимадан иборат?
12 Kasım 2017 - 12:12 'да юкланди ва 598 марта ўқилди.

Бугунги Ўзбекистон,  фуқаролар ва уларнинг ҳуқуқлари… Ню-Йоркда асосланган “Human Rights Watch” (HRW) 2010-йилдан бери республикага кира олмай келар эди.  Тошкент бу ташкилотни оддий қилиб айтганда,  душман деб билар эди.  HRW эса Ўзбекистон ҳукуматини дунёдаги энг шафқациз,  ҳуқуқбузар тузумлардан бири дея тамғалаган эди.  Ҳозирга келиб,  муносабатларда катта бурилишларни кузатаяпмиз.  “Skype” орқали HRWнинг айни дамда Ўзбекистонда юрган эксперти,  вакили Стив Свердлов (Steve Swerdlow) билан мулоқот қилдик.


Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Ким ҳам ўйлаган эди шундай кунлар келишини… Икки йил олдин ҳукумат ва бошқалар билан мулоқот у ёқда турсин,  ҳатто мамлакатга кириш сиз учун тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат эди.  Тошкентда идора очаяпсизми? Ҳаракатлар қандай кетаяпти?

Стив Свердлов,  HRW:  Охирги марта сиз билан суҳбатлашганимдан бери вазият 180 градусга ўзгарди.  Ўзбекистон эшиги биз учун очилгани қувонарли ҳол.  Ҳукумат билан мулоқот бошладик ва мамлакатда фаолиятимизни қайта йўлга қўяяпмиз.  Идора очиш учун асталик билан ҳаракат қиламиз.  Бу борада ҳукумат билан ишлаяпмиз.  Шу билан бирга изланишларимизни ҳам олиб бораяпмиз,  чорак асрдан бери бу мамлакатни кузатиб келамиз.

Бу ерда эканимиздан хурсандмиз.  Ажойиб.  Мазмунли вақт ўтказаяпмиз.  Аҳволни шу ерда туриб кузатиш,  ўрганишга нима ецин.  Олдинлари интернетда,  Скайп орқали гаплашиб юрган ҳамкорларимиз билан энди юзма-юз мулоқот қилиш имкониятига эгамиз.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Бошқа мавзуларга ўтишдан олдин,  31-октабр куни Ню-Йоркда содир бўлган террор хуружига тўхталсак.  Америкаликсиз.  Ўзбек тилини биласиз.  Ўзбек-америкаликлар билан яхши танишсиз.  Радикализм,  экстремизм ва Марказий Осиё давлатлари бу муаммоларга қарши қандай курашиб келаётганини биласиз.  Қандай фикрдасиз?

Стив Свердлов,  HRW:  Аввало фожиадан жабр кўрганлар,  яқинларини йўқотган одамларга ҳамдардлик ва таъзия билдираман.  Бу ҳамма учун даҳшатли воқеа.  Ўзбекларнинг дардига ҳам шерикман.  Жамоа учун оғир дамлар.  Уларни хавотир ва қўрқинч қамраб олгани табиий.  Президент Трамп айтаётган гаплар айниқса уларни саросимага солаётган бўлса ажабмас.

Радикализм,  ўзингиз биласиз,  жуда мураккаб масала.  Бу шахсни бундай қонли,  шафқациз хуружга нима етаклади,  буни билмайсиз.  Унинг ўзбек эканига ортиқча урғу бериш,  миллатини айблаш адолацизлик бўлади.  Ўзбекистондаги вазиятни тушуниш ва уни тўғри таҳлил қилиш керак.  Радиода эшитдим.  Ғарб ахборот воситалари мавзуни жуда саёз ва ўта умумийлаштириб ёритмоқда.  Ўзбекистонни экстремизм ўчоғи деб кўрсатиш катта хато.  Бундан ҳеч ким фойда кўрмайди.  Бу фақат қўрқинч уйғотади,  эгри сиёсатга етаклайди.

Туркия,  Чвеция ва Россияда ҳам ўзбеклар бу йилги террор хуружларида айбланди.  Бу жиддий муаммо ва ўзбеклар нима учун бундай ишларга қўл ураётгани,  радикаллашаётганини изчил ўрганиш керак.  Бир нарса аниқ:  бу шахслар Ўзбекистонда эмас,  хорижда радикаллашган.  Улар ёлғиз ҳаракат қилган мигрантлар.  Улар ватандошлар жамоасидан ажралиб қолган инсонлар эканини биламиз.

Ўзбекистондаги вазият ҳам муҳим омиллардан бири.  Мамлакатда узоқ вақт инсон ҳуқуқлари топталгани,  коррупсия чуқур илдиз отгани,  қашшоқлик,  ижтимоий-иқтисодий муаммолар кенг қанот ёзгани миллионлаб ёшларни чет элдан иш излашга мажбур қилди.  Улардан бир қисми,  жуда оз сонда,  “Исломий давлат” ва бошқа радикал тўда ва оқимларга қўшилгани ҳеч кимга сир эмас.  Бу омилни ҳисобга олмай бўлмайди.

Президент Трамп АҚЧда доимий яшаш ва ишлаш имкониятини берувчи грин-карта лотереясини бекор қиламан дея бонг урмоқда.  Бу жуда муҳим дастур.  Марказий Осиёдан минглаб одамлар лотереяни ютиб АҚЧга боради.  Америка орзусига эришган,  у ерда муваффақият қозонган кўплаб ўзбекларни биламан.  Грин-карта дастурини ёпиш фожиа бўлади деб ҳисоблайман.  Ўзбекистонга чекловлар қўйиш ҳам улкан хато бўлади.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Стив,  Ню-Йоркдаги хуружнинг Тошкент ва Вашингтон сиёсатига таъсири ва оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

Стив Свердлов,  HRW:  Ўзингиз “Twitter” тармоғида ёзганингиздек,  Ўзбекистоннинг АҚЧдаги элчихонаси илк бор баёнот берди.  Президент Мирзиёев ҳамдардлик изҳор этган куни.  Бундай фаолликни олдин кўрмаганмиз.  Ҳукумат тез ҳаракат қилди.  Воқеани қоралаб,  ўз позициясини тушунтираётгани ва ҳамкорликка тайёр экани бағоят конструктив ёндашув.

Албатта,  терроризмга қарши ҳозиргача қўлланилган чораларга гувоҳ бўлишимиз мумкин,  масалан,  АҚЧда тинтувлар,  Ўзбекистонда тинтувлар.  Терроризм баҳонаси билан одамларнинг ҳуқуқларини поймол этиш номақбул сиёсат.

Ҳозирча бунга гувоҳ эмасмиз.  АҚЧ томонидан қандай қадамлар қўйилиши мумкинлиги ҳақида Президент Трампдан эшитаяпмиз.  Грин-картани йўқ қилмоқчи.  (Сайфулло Соиповни) Гуантанамога юбормоқчи.  Бу қонунга ва бош қомусга қарши иш бўлади.  Бу масала билан,  қонунга кўра,  АҚЧ федерал адлия тизими шуғулланиши керак.  Исбот-далил,  суд деган нарсалар бор.  Радикализм ортидаги сабабларни тушунишимиз учун ҳам бу жараён жуда муҳим.  Бу тергов иши ва суд жараёни бизга янги маълумотлар бериши ва ечим топишда кўмаклашиши керак.  Ўзбек-америкаликлар ҳам бошқа америкаликлар қатори эъзозланиши ва асло бирор жиҳатдан нишонга олинмаслиги керак.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Стив,  Тошкентдасиз,  нималар дейишаяпти у ерда? Мулоқотларда қандай мулоҳаза ва фикрлар янграмоқда? Сизга нима дейишапти бу борада?

Стив Свердлов,  HRW:  Одамлар даҳшатда.  Уялишаяпти буни эшитиб.  Қандай қилиб шу ишни қилди,  дея ҳайрон.  Биздан борган одам-а,  дея ҳайратда.

Ким билан бу ҳақда гаплашган бўлсам,  шунга ўхшаш фикрларни эшитдим.  Одамларда етарлича маълумот йўқ.  Кўп нарса юзаки таҳлилда.  Лекин лоқайдлик,  илмсизлик,  имконияцизлик,  вазиятни тушунмаслик… бу муаммолар кўпларнинг оғзида.

Бу мулоқотлардан яна бир ҳақиқат аён:  таълим тизимидаги камчиликлар ва ижтимоий муаммоларга қарши курашиш керак.  Йошлар тўғри йўлда бўлиши учун ҳамма ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Ва албатта,  бу муаммолар бошқа мамлакатларда ҳам бор.  Бироқ ўзбекистонликлар учун бу воқеа қаттиқ зарба бўлгани аниқ.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Стив,  Ўзбекистондаги бугунги вазият ва давлатнинг янги раҳбари ҳақида гап кетганида эскпертлар,  журналистлар ва халқаро ҳамжамият вакиллари прогресс деган сўзни тез-тез тилга олмоқда.  Инсон ҳуқуқларига келганда,  прогресс нимадан иборат?

Стив Свердлов,  HRW:  Эҳтиёткор оптимизм деган сўзларни ишлатаяпмиз.  Ўзгаришлар сезилмоқда,  лекин орқага ҳам қадам ташланмасин,  деймиз.  Мамлакат тараққиётини ва инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатиб келаётган бир мутахассис сифатида факт ва далилларни таҳлил қиламан.  Ўзбекистон узоқ давр мобайнида инсон ҳуқуқлари жуда қўпол равишда бузиладиган давлат бўлиб келди.  Бу йўналишда қилинаётган ижобий ишларни кўриб чиқиб,  ўтган бир йил мобайнида ҳукумат анча ижобий қадамлар қўйганини кўриб турибмиз.

Бу ишлар давом этиши ва систематик жараёнларга айланиши керак.  Структурада туб ўзгаришлар бўлиши лозим.  Тузум янги услубларни ўзлаштириши ва бу услублар унинг ажралмас қисмига айланиши зарур.  Янги ҳисоботимизда ҳукуматни шу йўлдан боришга ундаймиз.

3-4 соҳада реал,  конкрет прогрессга гувоҳмиз.  Биринчидан,  сиёсий маҳбуслар озод этилгани.  Камида 10 сиёсий маҳбусга эркинлик берилди.  Лекин минглаб сиёсий маҳбуслар ҳамон панжара ортида.  Бироқ таниқли ва узоқ вақт мобайнида қамоқда ўтирган инсонлар қўйиб юборилгани салмоқли ўзгариш.  Муҳаммад Бекжон,  мухолиф газета бош муҳаррири бўлган одам,  масалан.  Мен сентабр ойида Ўзбекистонга келганимда қамоқдаги журналист Солижон Абдураҳмоновнинг рафиқаси билан учрашган эдим.  Орадан сал отмай,  бу инсон озод бўлди.

Ҳукумат ва халқ бир-бирига яқинлаша бошлагани,  назаримизда,  иккинчи сезиларли ўзгариш.  Президент мутасаддиларни одамлар билан мулоқот қилишга,  ижтимоий тармоқларда фаол бўлишга ва масъулият билан ишлашга ундаб келаётгани ҳам ижобий ҳол.  Каримов даврида ҳам шундай гаплар янграб турар эди,  лекин ҳозир амалда ҳам кўзга кўринарли ишлар қилинмоқда.  Масалан,  халқ қабулхоналари ташкил этилгани.

Изланишларимиз шуни кўрсатмоқдаки,  президентнинг қабулхонасига мурожаат қилганларнинг кўпи масаласи ҳал этилгани ёки этилаётганини айтмоқда.  Газ йўқлиги,  коррупсия,  мулк ёки паспорт билан боғлиқ муаммолардан норози омма давлатга мурожаат қилиб,  жавоб олаётгани қувончли ҳол.

Олдинги Ўзбекистонда бундай муаммолар деярли тан олинмас эди.  Фуқароларга ҳукумат бефарқ эди.  Нолиганларни урушишар эди.  Фуқарони писанд қилишмас эди.  Ислом Каримов ҳатто милионлаб фуқароларни чет элга кетгани учун ёмонлаб чиққан.  Улар ахир имконият излаб,  тирикчилик йўлида кетган эди.  Ҳозирги президент ҳозирги ёндашувини ўзгартирмаслиги керак.  Президент давлатни масъулият билан ишлайдиган тузумга айланиши учун қўлидан келган барча чорани кўриши керак.

Ахборот ва матбуот эркинлиги йўналишида ҳам айрим ижобий ўзгаришлар сезилди ва сезилмоқда.  Жонли теледастурлар эфирга чиқа бошлагани илиқ кутиб олинди.  Уларни кейин бош вазир аралашуви билан тўхтатишди,  бироқ халқ орасида бундай шоуларга талаб борлиги аён бўлди.  Лекин олдин кўтарилмаган муаммолар майдонга чиққани,  муҳокама қилина бошлангани жуда муҳим.  Бу жараёнлар давом этади деган умиддамиз.  Давлат ахборот воситаларида ҳам озгина бўлса-да жасорат сезилмоқда.  Онлайн манбалар,  масалан,  Кун. уз анча илдам ҳаракат қила бошлади.  Журналистлар ва уларнинг ташкилотлари учун синов даври.  Чеклов қаерда эканини билишга ҳаракат қилишмоқда.  Президент берк йўлларни очишда ёрдамлаша олади.

Салбий ўзгаришлар ҳам бор.  Сентабр ва октабр ойларида журналистлар қамоққа олинди.  Эски усуллар асосида олиб борилаётган терговлар,  текширувлар,  тазйиқлар ҳақида маълумотлар олдик.  Журналист Бобомурод Абдуллаев бедарак кетди ва кейинроқ билдикки,  унга оғир айбловлар қўйилмоқда.  20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

27-сентабрда Туркиядан қайтган адиб Нуруллоҳ Рауфхон ҳибсга олинди ва экстремизмда айбланди.  Кейин уни қўйиб юборишди лекин иш ёпилмади.  У олдин қора рўйхатда бўлган ва “олиб ташландингиз” деган маълумотга ишониб қайтган.  Йозувчининг “Бу кунлар” деган китоби олдинги раҳбар Ислом Каримовни танқид қилади,  лекин уни экстремист адабиёт деб тамғалашган.  Бизнинг вазифамиз инсон ҳуқуқлари поймол этилган ҳолларга эътибор қаратиш ва бундай ҳоллар,  афсуски,  ҳамон кўп.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган доирани қандай баҳолайсиз? Ким билан ишлашни истайсиз,  шерикларингиз ким Ўзбекистонда? Биламиз,  ҳукуматдагилар,  қонунчилар,  хусусий сектор,  фуқаро жамияти ва мустақил фаоллар билан мулоқотдасиз.  Ким сиз билан ҳамкорлик қилишга мойил?

Стив Свердлов,  HRW:  Ҳозир сиз айтган томонларнинг ҳаммаси билан ишлаган бўлар эдик.  Ўзбекистоннинг ажойиб жиҳати – аҳолининг ёш экани.  Уларнинг аксарият қисми қишлоқ жойларда яшайди.  Биз жуда кўп йўналишларда ишлаймиз,  жумладан,  деҳқон ва фермерлар ҳуқуқлари ҳимояси.  Биз ҳамма билан ишлашга шаймиз.

Олий Мажлис фаоллашиб,  бош қомусда белгиланган ваколатлари асосида ва мустақил орган сифатида оёққа туришни бошлагани ижобий ҳол.  Биз парламент,  хусусан унинг ҳуқуқ билан боғлиқ қўмиталари билан ишлашни хоҳлаймиз.  Давлатнинг бошқа органлари билан ҳам ҳамкорлик қилишни истаймиз.

Каримов даврида бу орган кучсизликда айбланар эди.  Заиф,  дер эдик.  Бугунга келиб,  қонунчилар ҳам,  ҳукумат ҳам буни ўзгартиришга бел боғлагандек.  Учрашувларда бу яққол сезилди ва биз мамнунмиз.

Ички ишлар вазирлиги ва диний ишлар бўйича қўмитада қизғин баҳслар кечди.  Сиёсий маҳбус деган атама устида тортишдик.  Ҳукумат “бизда сиёсий маҳбус йўқ” дейди,  биз бунинг аксини айтамиз.  Лекин биз бу органлар билан ишламоқчимиз.  Мақсад ахир мамлакатда ҳуқуқ ва қонун устуворлиги билан боғлиқ вазиятни яхшилаш.  Шундай экан,  ролимиз бошқа-бошқа бўлгани билан,  ҳамкорлик қила оламиз.  Фуқаро жамияти ва журналистлар билан ҳам шерикмиз.  Улар ҳар бир давлатда энг кўп нарсани биладиган одамлар.  Шунингдек,  блогерлар ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллар.  Вилоятлардаги ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам бизнинг азалий ҳамкорларимиз.  Улар ҳамма нарсадан хабардор,  фуқаро равнақи учун тиним билмайдиган одамлар.  Пахта далаларидаги вазиятни кузатаётганлар ҳам шулар.  Хуллас,  шериклар рўйхати узун.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Стив,  лекин кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари тазйиқ ва босим остида чиқиб кетган ёки қамалган.  Ҳуқуқ ҳимояси билан машғул одамлар жуда кам ҳозир Ўзбекистонда… Янги авлод ҳақида гапириш мумкинми?

Стив Свердлов,  HRW:  Янги авлод кўрина бошлаган.  Лекин улар ҳамон сояда.  Фуқаро жамияти ва ҳуқуқ ҳимояси деган нарсаларни одатда жуда тор маънода тушунамиз.  Активист бўлишингиз шарт эмас.  Лекин ўз маҳаллангизда муаммолар ечими ва адолат учун курашиб келаётган бўлишингиз мумкин.  Чет элда ўқиб келиб,  илмини амалда қўллашга уринаётган,  турли ташаббуслар билан чиқаётган одамлар бор.  Айримларга қараб лол қоласиз.  Тасанно,  дейсиз.  Таржимонлар дейсизми ёки умуман бошқа соҳадаги одамлар,  лекин ватани ва халқи фойдаси учун хизмат қилаётган фидокор инсонлар.  Инсон ҳуқуқлари оёқости қилинмасин,  улар бузилган ҳолларда адолат таъминлансин,  реал вазиятга лоқайд бўлмайлик деб юрган мутахассислар бор.

Ҳуқуқ ҳимоячилари сифатида майдонга чиққанлар босимга учраётганига ҳам гувоҳмиз.  Масалан,  Малоҳат Эшонқулова.  Пахта теримини яқиндан кузатишга уринган фаол.  Қийноқлар масаласини кўтариб чиққан.  Лекин пропискасиз юрибди.  Ҳукумат,  хусусан президент,  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган фуқароларга тазйиқ ўтказилмасин,  уларга қарши куч ишлатилмасин деб чиқиши керак.  Президент улар билан мулоқотни йўлга қўйиши зарур.  Парламент балки бу инсонлар дардини тинглаши керак.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Ўзбекистон ҳукумати ва сизнинг орангизда ишонч ҳосил бўлиши учун,  бир-бирингизга нисбатан конструктив муносабатга эга бўлишингиз учун нималар қилаяпсиз ва қилмоқчисиз? Тил топишиш жуда қийин ва орада кескин келишмовчиликлар бор.  Бу жараённи қай йўсинда эпламоқчисиз?

Стив Свердлов,  HRW:  Ҳукумат бизни яхши тушунади деб ўйлайман.  Учрашувларда шунга амин бўлдимки,  улар бизнинг мақсадимизни билишади ва биздан бошқа нарсани кутишмаяпти.  Яъни,  “Human Rights Watch” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилот.  Мустақил ташкилот.  Бизни танқидчи орган сифатида қабул қилишади.  Биз бундан мамнунмиз.  Долзарб мавзуларни кўтараверамиз.

Президент Мирзиёевдан ҳуқуқ бобида ижобий қарорлар чиқаришни кутиб қоламиз.  Қамоқдаги фаолларни озод этишни давом эттириш керак.  Шунингдек,  Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси мамлакатдаги фаолиятини қайта йўлга қўяди деган умиддамиз.  БМТ махсус вакиллари учун ҳам эшик очиқ туришини истаймиз.  Яқинда диний эркинликлар бўйича махсус вакил келиб кетди.  Бу жуда яхши.

Президент Мирзиёев фуқаро жамияти билан яқиндан ишлаб,  мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларга ҳам даврани очиши керак.  Улар ҳам ислоҳотларга ҳисса қўшиши учун замин яратилиши лозим.

Раҳбарият ва бутун ҳукумат танқиддан қўрқмаслигини кўрсата олиши зарур.  Танқид системани тўғри йўлга солиб,  ўша ерда туришида муҳим рол ўйнайди.

Умидга тўламиз.  Халқаро ахборот воситалари учун ҳам эшик очилиши керак,  масалан “Америка Овози”га.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Биз буни жуда хоҳлаймиз.

Стив Свердлов,  HRW:  “Озодлик” ва ББC ҳам қайтиши керак.  Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар ва матбуот қанчалик фаоллашса,  жамият шунчалик очилади.

Навбаҳор Имамова,  “Америка Овози”:  Раҳмат,  Стив.  Суҳбат учун катта раҳмат.  Мавзу кўп,  вақт эса ҳар доимгидек оз.  Ўзбекистонга сафарингиз мароқли ва сермазмун ўцин.

Стив Свердлов,  HRW:  Сизга ҳам катта раҳмат!

Манба: Америка Овози

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Fazliddin Yokub ;

    Yakindagina Amerikaning Tehas shtatidagi hujumni nima deyish kerak ? Bu hujumni bir yosh nasroniy dinidagi yigit kilganligini hamma eshitdi … Nimagadur cherkovga kirib 20 dan ortik odamlarni oldirgan bu nasroniy yigitni hech kim terrorist deb yozmadi ? Nimaga ? Nimaga matbuotlar ham jim bolib koldilar ? Stiv Sverdlov degan odam – ukoridagi savollarga oydinlik kiritsa yahshi bolarmidi ?

    12/11/2017 15:07
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар