Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пайғамбаримизнинг ўғиллари Иброҳимнинг вафоти

Пайғамбаримизнинг ўғиллари Иброҳимнинг вафоти
15 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 439 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 231
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ЎҒИЛЛАРИ ИБРОҲИМНИНГ ВАФОТИ

Шу ўнинчи йили рўза ҳайитининг йигирма тўққизинчисида Пайғамбаримиз ўғиллари Иброҳим вафот топди.

Ёши бир ривоятда ўн олти ой саккиз кунлик, иккинчи ривоятда ўн саккиз ойлик эди. Бу ўғиллари туғилганида Расулуллоҳ бек суюнган эдилар. Вафот бўлганида қаттиқ қайғуриб:

— Эй Иброҳим, сенинг фироқингдан кўнглимиз ғамга тўлди, — деб муборак кўзларидан ёш тўкдилар. Буни кўриб Ҳазрати Умар:

— Ё Расулаллоҳ, ўлганга йиғлашдан бизни қайтарган эдингиз, нега энди ўзингиз йиғлайсиз? — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Қачон сизларни кўз ёшидан қайтардим? Мусибат янгидур, кўнглимиз юмшайди, кўзимиз йиғлайди. Худо рози бўлмаган сўзларни айтмагаймиз. Ёқа йиртиб, соч юлиб йиғлашдан, дод-вой қилиб, ноҳақ сўзлар айтишдан қайтардим, — дедилар.

Бу ўғиллари Мория исмлик чўриларидан туғилган эди. У Миср подшоҳи Муқовқисдан Расулуллоҳга ҳадя бўлиб келмиш эди. Мундан бошқа Расулуллоҳнинг барча болалари онамиз ҳазрати Хадичадан туғилмиш эдилар.

Ўғиллари ёшлигида вафот бўлишиб, Фотимадан бошқа қизлари ҳам ўзларидан илгари вафот топган эди. Фотима эрса Расулуллоҳдан олти ой кейин вафот топди. Бошқа оналаримиздан бола бўлмаган эди.

Шу учун Иброҳим туғилганда барчаларнинг рашклари қўзғалмиш эди. Иброҳимнинг жанозасини Расулуллоҳ ўзлари ўқидилар.

Яна шу куни қуёш тутилиб, оламни қоронғулик босди. Халқ бу воқеани Расулуллоҳ ўғли Иброҳимнинг мотами учун бўлди, деб ўйладилар. Муни англаб Расулуллоҳ минбарга чиқиб:

— Эй одамлар! Бу ой-кун эрса Аллоҳнинг улуғ қудратини билдиришга икки аломатдур. Бировнинг ўлиши ёки туғилиш учун кун куйиб, ой тутилиш деган иш йўқдур, — деб мундоқ ўринсиз эътиқод қилишдан сақланиш кераклигини уларга билдирдилар.

Яна шу йили, яъни ҳижратнинг ўн биринчи йили, сафар ойининг аввалларида Расулуллоҳнинг буйруқлари билан тўрт минг кишилик аскар қўшини тузилди. Мунинг устига Усома ибн Зайдни бош қўмондон қилиб қўйдилар. Ундан икки йил илгари Усоманинг отаси — Пайғамбаримизнинг асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳорисани тўрт минг аскарга бош қилиб Шом ерида Мўта ғазотига юборган эдилар. Бунинг баёни эрса юқорида ўтди. Бу аскарни ҳам яна шу жойга бориб ғазот қилишга буюрдилар.

Саҳобаларнинг катталаридан бу аскар ичида Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Абу Убайда, Саъд каби бир қанча кишилар ҳам бор эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Усомага туғ топширган чоғда:

— Эй Усома, Аллоҳ ёрдами билан анинг йўлида ғазот қилғайсан. Худо ризолиги учун сўзидан тонган кофирларга қарши савашурсан, — дедилар.

Ёши ўн саккиздан ўтмаган ўспирин йигитни бундай улуғ ғазот қўшини устига, айниқса, Ҳазрат Али, Ҳазрат Абу Бакр, Ҳазрати Умар каби катта саҳобалар олдида амир қилиб қўйганларини ёқтирмасдан ўзаро сўз қилишганлар ҳам бор эди.

Бу сўз тарқалиб Расулуллоҳга етди эрса, қаттиқ ғазаблари келиб:

— Эй одамлар! Усоманинг амирлигига рози эмас кишилар бор деб англадим. Бу қандоқ ишдур? Мунга рози бўлмаган кишилар эрса, бундан илгари отаси Зайд бин Ҳорисани Мўта аскарига қўмондон қилганимда, унга ҳам рози бўлмаганг эдилар. Аллоҳ ҳаққи, Зайд, Усома — ота-ўғил ҳар иккови ҳам амирликка лойиқ кишилардур. Айниқса, Усома менга ҳаммадан яқин, ҳаммадан суюклик кишидур. Ҳар яхшилик булардан келгусидур. Бу тўғрида қилган топшириқларимни қабул қилинглар, — дедилар.

Шу билан бошқа сўзлар босилиб, бу тайёрланган қўшин юриш устида турганда Расулуллоҳнинг бетобликлари бошланиб қолди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар