Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Расулуллоҳнинг бетоб бўлишлари

Расулуллоҳнинг бетоб бўлишлари
16 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 541 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 232
(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ БЕТОБ БЎЛИШЛАРИ

Энди бутун оламга, айниқса, мусулмонлар бошига тушган бу улуғ қайғулик, мунглиғ мусибатни кўз ёшимиз, кўнгил дардимиз билан чор-ночор баён қилиб ўтамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилган қулларидан Мувайҳа деган киши бор эди. Бир куни ярим кечада уни чақириб:

— Мен билан юргил, Бақиъ гўристонига бориб, ўлганларга дуо қилиб келайлик. Аллоҳ мени шунга буюрди, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ у билан Бақиъ қабристонига чиқиб, анинг ичига киргач:

— Ассалому алайкум, эй қабрда ётганлар! Бу ётиш сизларга муборак бўлсин. Аллоҳ сизларни қандай ёмон фитналардан қутқарди. Кошки муни билган бўлсанглар эди, тун қоронғуси қоплагандек бутун халқни қоплагувчи, узилмасдан кетма-кет келгувчи фитна-балолар келишга юзланди. Бу фитналарнинг кейингилари олдингиларидан ёмонроқдур. Эй Мувайҳа! Дунёда абадий яшаб бутун ер усти хазиналарига эга бўлиш, ё жаннатга кириб Худо дийдорини кўриш — бу икковидан қайси бирини хоҳлашлик ихтиёрини Худо менга берди. Мен жаннатга кириб Худо дийдорини кўришни ихтиёр қилдим, дунёда мангу қолиб, унинг хазиналарига эга бўлишни хоҳламадим, — дедилар.

Яна бир ривоятда Уҳуд тоғида ўлдирилган шаҳидларга ҳам бориб уларга яна дуо қилдилар. Шу ердин қайтишларида муборак бағриларига оғриқ пайдо бўлди. Бетобликнинг бошланиши шул эди. Сўнгра уйга келдилар эрса, онамиз Оишанинг ҳам боши оғриб ётиб экандур.

— Эй Оиша, агар мен тириклигимда сенга ажал келса, сен учун улуғ неъматдур. Чунки ўзим жанозангни ўқийман, ўзим гўрга қўяман, — дедилар.

Бу сўзни онамиз Оиша оғир олиб:

— Менинг ўлишимни яхши кўрар экансиз. Агар мен ўлсам хотинларингиз уйларида кечакунлаб ётиб куёв бўлмоқчига ўхшайсиз, — дедилар.

Расулуллоҳ бу сўзга жавоб айтмай, кулимсираб қўйдилар. Расулуллоҳнинг бетобликлари эрса ҳижратнинг ўн биринчи йили сафар ойи бошларида бошланмиш эди. Касалликлари ўн уч кун давом этиб кундан-кунга кучайгали турди. Шундай бўлса ҳам, оналаримиздан қайси бирларининг навбати келган бўлса шунинг уйида бўлдилар.

Онамиз Маймунанинг навбати келган кунда Расулуллоҳнинг бетобликлари оғирлашди. Шу куни оналаримизни чақиртириб, қолмиш кунлари онамиз Оишанинг уйида бўлиш учун улардан рухсат олдилар. Бетоб бўлмасдан бир-икки кун илгари минбарга чиқиб шу ваъзни айтган эдилар:

«Аллоҳ бир бандасини дунёда абадий яшаб, унинг нозу неъматларини кўриш билан Аллоҳ олдига бориш орасида ихтиёрлик қилиб эрди, ул бандаси дунёда қолиб унинг нозу неъматларини кўришини ихтиёр қилмай, Аллоҳ олдига боришни хоҳлади».

Ҳазрати Абу Бакр бу сўзни англагач:

— Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, — деб йиғладилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Абу Бакр! Йиғламагин, ёлғиз тириклигимда эмас, ўлганимда ҳам сизларга яхшилигим етади. Чунки ҳар вақт умматларимни қилган ишларини кўрсатиб турадилар менга. Агар яхшилик бўлса, Аллоҳга шукр қилурман, агар ёмон иш қилган бўлсалар, Аллоҳдан гуноҳларини сўрайман. Эй одамлар! Ҳамма кишилардан кўра Абу Бакрнинг менга қилган хизмати кўпдур. У мендан ҳеч нарсани аямади, Худо йўлида бутун мол-дунёсини сарф қилди. Абу Бакр Сиддиқдан бошқа кимнинг эшиги масжид ичидан очилган бўлса, ҳаммасини беркитинглар, — дедилар.

Шу билан масжид тарафидан қўйилган ҳамманинг эшиги беркитилди. Муни кўриб баъзи саҳобалар «Расулуллоҳ бизларнинг эшигимизни беркитдиргач, нега Абу Бакр Сиддиқ эшигини очиқ қўядилар», деб сўз қилдилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Мен Абу Бакр эшигида нур чиқиб турганини кўрурман. Бу нурни сизларнинг эшигингизда кўрмадим. Яна мен дастлаб чиқиб халқни динга даъват қилганимда одамлар мени ёлғончи қилдилар. Абу Бакр мени рост айтадур, деб дарҳол иймон келтирди. Бошқалар мендан мол-дунёларини аядилар, у эрса мендан ҳеч нарсасини аямади» — дедилар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансор саҳобалари ҳақида васият қилиб, уларни муҳожир саҳобаларга топшириб шундай марҳамат қилдилар:

— Эй муҳожир саҳобалар! Ансорлар ҳақида сизларга қилган васиятларимни ўрнига қўйинглар. Қаттиқчилик кунларда улар менга бошпана бўлганлар. Мен учун мол-жонларини қурбон қилганлар. Буларнинг яхшиликларини ҳурмат қилинглар, ёмонликларини авф қилинглар.

Бу сўзларни айтгач, Расулуллоҳ онамиз Оиша ҳужрасига кириб ётдилар. Иситмалари энг юқори даражага кўтарилган эди. Шу орада ҳазрати Билол хуфтон намозига азон айтдилар.

Азон эшитилгач, устларидан совуқ сув қуйишга буюрдилар. Оналаримиз Расулуллоҳни дос идишга ўтказиб чўмилтирдилар. Бироз сергигандек бўлиб, намозга бориш учун туриб эдилар, яна кўнгиллари кетиб ўзларини билмай қолдилар. Бир оздан сўнгра ўзларига келгач:

— Намоз ўқилдими? — деб сўрадилар.

— Йўқ, ҳали ўқилмади, ё Расулуллоҳ, сизга қараб турамиз, — дедилар саҳобалар. Намозга чиқмоқчи бўлиб ғусл қилиб эдилар, яна ҳушлари кетди. Шундоқ бўлиб, уч қайта ғусл қилиб, уч қайта ҳушсиз бўлдилар.

Жамоат намозига чиқолмагач, ҳазрати Билолга:

— Абу Бакр Сиддиққа айтгил, намозга имом бўлиб, ўқиб берсун, — дедилар.

Анда онамиз Оиша:

— Ё Расулуллоҳ, отам Абу Бакр Сиддиқ кўнгли юмшоқ, кўзи ёшлик кишидур. Сизнинг ўрнингизда туриб имом бўлмоққа тоқат қила олмағай, у кишини йиғи босиб ўқиган қироатини орқада турган жамоат эшита олмағайлар, — деди.

Шу хилда сўзни онамиз Оиша икки-уч қайтариб айтган бўлсалар ҳам сўзларини рад қилиб, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқни имом бўлишга буюрдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар