Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Расулуллоҳ дунёдан ўтдилар эрса, умматларига уч нарсани қолдириб кетдилар…

Расулуллоҳ дунёдан ўтдилар эрса, умматларига уч нарсани қолдириб кетдилар…
21 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 485 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 237

(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ БЕТОБ БЎЛИШЛАРИ-6

Мунофиқларнинг иғвоси билан халифалик бизда бўлсин, деб, ансорлардан талаб қилувчилар бўлди. Шунинг учун саҳобалар, айниқса, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, бу ишни тезроқ битиришга шошилдилар.

Бирор фитна чиқиб қолишидан қўрқишиб катта-кичик ҳаммани йиғиб, сайлов ўтказишга улгуролмадилар. Агар шу йиғинда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиққа байъат берилмай тарқашганларида, ансорлардан Саъд ибн Убодага ўз қавмларининг байъат қилишлари эҳтимолга яқин эди.

Бундай бўлганда муҳожирлар унга рози бўлмасалар, у чоғда мунофиқлар томонидан бирор фитна қўзғалиб қолиши мумкин эди. Шунинг учун байъатни кечиктиришга Ҳазрати Умар йўл қўймадилар.

Ҳақиқатда эса бу иш Аллоҳнинг улуғ инояти бўлди. Расулуллоҳ вафот бўлган кун — душанба куни Ҳазрати Абу Бакр халифа бўлиб сайландилар. Шу куни эрталабки намоздан сўнг Ҳазрати Абу Бакр минбарга чиқди эрса, Ҳазрати Умар минбар олдида Аллоҳга ҳаму дсано айтгандан сўнгра халққа қараб:

— Эй мўминлар! Аллоҳ бу ишни ичимиздаги ишонган энг яхши кишига топширди. Расулулоҳнинг сирдоши, ғор ичида бирга бўлган йўлдоши Расулуллоҳ ўринларида халифа бўлди. Кечаги байъатда ҳозир бўлмаганлар, энди байъат қилинглар, — деди.

Ҳаммалари туриб байъат қилдилар. Байъат тугагач, Ҳазрат Абу Бакр Худога ҳамду сано айтгандан сўнгра халққа қараб:

— Эй одамлар! Мени Расулуллоҳ ўрнида халифа сайлаб бу ишга эга қилдинглар. Лекин мен ичинглардаги энг яхшинглар эмас эдим. Шундоқ бўлса ҳам бу улуғ ўринга ўтирдим. Агар яхшилик қилсам, менга ёрдам беринглар. Агар ёмонлик қилсам, мени тўғриланглар. Чин сўз омонатдур, ёлғон хиёнатдур. Ҳаққига еткизганимча кучсизлар меним олдимда кучликдур. Ҳақсизлик қилган кучликлар менинг олдимда кучсиздур. Иншааллоҳ, сўзим шудур. Қайси қавм Худо йўлида ғазот қилишдан қочар экан, Аллоҳ уларни хорликка қолдиргай. Қайси халқ ичида гуноҳ ишлар кўпайса, уларни бало қоплагай. Агар мен Худога, унинг пайғамбарига итоат қилмас эрсам, менга итоат қилиш сизларга лозим эмасдур, — деб минбардан тушди.

Ҳазрати Абу Бакр халифа сайланиб, байъат иши битгандан сўнгра чоршанба кечаси Расулуллоҳни қабрга қўймоқчи бўлдилар. Ювиш тўғрисида бошқа майитлардек яланғоч қилишми ёки кўйлак-иштонлари устидан ювиш лозимми, дейишиб маслаҳат қилишганларида, уй бурчагидан: «Расулуллоҳ покдур, ювманглар» деган товуш эшитилди эрса, оналаримиз: «Бу сўз тўғридур, Расулуллоҳ пок бўлгач ювдирмаймиз», — деган сўзга келдилар.

Ҳазрати Аббос: «Нима эканлиги бизга маълум бўлмаган овозга ишониб, Ислом одатини қандай ташлаймиз?», деб турганларида, ғойибдан яна бир товуш келиб: «Либос устидан ювинглар, мен Хизрдурман», деди.

Қандоқ бўлса ҳам кўйлак-иштон устидан сувга олдилар. Бу муборак хизматга кирганларнинг ҳаммалари қариндошларидан: амакилари ҳазрати Аббос, Ҳазрати Али, ҳазрати Аббоснинг ўғиллари Фазл ва Қусам, яна Расулуллоҳнинг икки озод қилган қулларидан бири Усома ибн Зайд ва Шақрон эди. Мана шу номлари ёзилган олти одам муборак хизматга киришдилар. Лекин Расулуллоҳнинг қутлуғ жасадларига қўл урган киши Ҳазрати Али эди.

Расулуллоҳ васият қилиб:

— Мени Али ювсин, ўзга одам ювмасинким, ундан бошқа кишининг кўзи авратимга тушиб қолса кўр бўлиб қолгай, — деган эдилар.

Усома билан Фазл кўзлари боғлиқ парда орқасидан туриб ҳазрати Алига сув узатиб турдилар. Ҳазрати Аббос ва Қусам сув қуйишиб, ўнгга-сўлга ағдаришиб Алига ёрдамлашдилар. Ҳужра ичига Расулуллоҳни ювиш учун бир чодир тикилган эди. Шу чодир ичида ювдилар. Биринчи ҳижратларида келиб тушган Қубо қишлоғидаги Ғарас қудуғидан сув олиб келдилар. Расулуллоҳ ҳаётларида кўпроқ шу қудуқ сувидан ичардилар. Бу қудуқ яхши, бунинг суви жаннат булоғидан келади, деган ривоят ҳам бордур.

Шундоқ қилиб, Расулуллоҳни уч марта ювдилар. Биринчи, қуруқ сув билан, иккинчиси сидр қўшилган сувда, учинчиси кофур қўшилган ҳидлик сув билан ювдилар. Сажда қилганда ерга тегадирган жойларига кофур суртдилар. Сўнгра уч қават оқ бўздан тикилган кафан қилдилар. Ювишда, кафан қилишда Расулуллоҳга қандай қилинган бўлса, умматларига ҳам шундай қилиш суннат бўлди.

Расулуллоҳни қайси жойда дафн қилиш маслаҳати бўлиб, баъзилари масжид минбари олдига, баъзилари Бақиъ гўристонига дейишди.

Анда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ:

— Пайғамбарлар қайси жойда вафот топсалар, шул жойда дафн бўладилар, деган сўзни Расулуллоҳдан эшитган эдим, — деб онамиз Оишанинг уйида ўзлари ётган тўшаклари тагидан қабр қазишдилар. Ювиб бўлгандан сўнгра сарирга солиб, устиларини ўраб қабр оғзига келтириб қўйдилар. Ҳозир бизнинг жаноза ўқишимиздек, Расулуллоҳга жаноза ўқилмади. Балки тўрт тўп бўлишиб, кириб ҳар қайсилари имомсиз ўзлари такбир айтиб, саловот ўқиб чиқар эдилар. Энг аввал Расулуллоҳнинг яқинларидан амакилари Аббос, Ҳазрати Али бошлиқ Бани Ҳошимнинг эркаклари жаноза устига кириб такбир айтиб, дуо қилиб чиқдилар.

Сўнгра хотинлар, қуллар, чўрилар, болалар, ҳар қайсилари ўз тўплари билан киришиб дуо қилиб, такбир айтишиб, йиғлашиб чиқар эдилар. Ҳар ким ўз билганича сўз айтиб, дуо қилар эди. Баъзи бирлари:

— Расулуллоҳ, сиз Худо амрини бизга етказдингиз, ҳақ йўлни кўрсатиб, ҳақ динни бизга ўргатдингиз, Худо олдида гувоҳлик берамиз, — дер эдилар.

Шу тартиб ила жаноза ўқилгач, қабрга ўз уруғларидан ҳазрати Аббос ва ўғиллари Фазл ва Қусамлар тушдилар. Ўринларига қўйиб чиқишларида Қусам ибн Аббос ҳаммаларидан кейин чиқди. Тўққиз дона хом ғишт билан қабр оғзини беркитдилар. Тупроқ солиш вақтида ҳазрати Фотима Расулуллоҳ устларига келиб: «Тупроқ ташлашга қандай кўнглинглар чидайди?» деб ўзи йиғлаб, ҳаммани йиғлатди. Сўнгра қабр тупроғидан бир сиқим олиб кўзига қўйиб, ушбу шеърни ўқиб йиғлади:

«Суббат алайя масойибу лав аннаҳо,
Суббат алал айёми сирна лаёлиё».

Маъноси:

Тушди бошимга мусибатдан қора кунлар, бу кун,
Бу ёруғ олам кўзимга қоп-қаро тунлар бу кун.

Сўнгра ҳазрати Билол бир меш сув келтириб қабрга сепиб, оқ, қизил майда тошлардан устига териб қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадлари ётган жой ер-кўкдаги барча табаррук жойлардан, балки Арши Аъзамдан ҳам ортиқдур. Бу масалада ҳамма уламолар бир иттифоқдадурлар, ҳеч хилоф йўқдур.

Расулуллоҳнинг ходимлари ҳазрати Анас айтадур: «Расулуллоҳни қабрга қўйиб, қўл тупроғини қоқмасдан туриб, диллар ўзгарди, кўнгиллар ғамга тўлиб, кўзга олам қоронғу бўлди. Шу жойдаги кишилар бир-бирларимизни кўролмай қолдик». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ таоло бир умматга яхшилик хоҳлар экан, у умматнинг пайғамбари улардан илгари ўлади», деб ўз умматларига тасалли берган эдилар.

Оҳ, юз оҳ, минг оҳким, Расулуллоҳнинг вафотлари умматларига энг улуғ мусибатдур, айниқса, муборак дийдорларини кўрмаган умматлари учун тугалмас армондур. Ёлғиз умматлари эмас, Раҳматанлилоламин бўлганликларидан бутун олам аҳлини бу мусибат қайғуси қопламиш эди. Расулуллоҳнинг фироқларига чидаёлмай миниб юрган Яъфур деган эшаклари ўзини қудуққа ташлаб ўлди. У зотдан ажраганига мотам тутиб туялари ҳеч нарса емасдан, охири очликдан ҳалок бўлди.

Расулуллоҳ дунёдан ўтдилар эрса, умматларига уч нарсани қолдириб кетдилар:

Биринчиси, Аллоҳнинг сўзи — Қуръони карим; иккинчиси, ўзларининг сўзлари — Ҳадиси шарифдур.

Агар уммат бу икковидаги сўзларга амал қилиб, булардаги кўрсатилган йўлдан чиқмасалар, қиёматгача ҳақ йўлидан адашмайдилар, ҳеч нарса уларга зарар келтира олмайди.

Учинчиси, саҳобаларни умматларига қолдирдилар. Расулуллоҳнинг сўзлари — ҳадиси шарифлар шу зотлар орқалик бизларга етиб, шуларнинг ҳимматлари билан Ислом дини ер юзига тарқалди. Инсон оламида кўп жонфидоликлар кўрсатиб, мўминлар дилидаги ўчмас иймон чироғини шулар ёндириб кетдилар, разияллоҳу анҳум.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар