Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Расулуллоҳнинг тан тузилишлари

Расулуллоҳнинг тан тузилишлари
23 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 617 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 238

(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ ТАН ТУЗИЛИШЛАРИ

Аллоҳ таоло Аршдан тортиб Фаршгача барча яратган нарсаларни инсон учуняратмишдур. Инсон ичидаги энг улуғлари улардан чиққан пайғамбарлардур.

Қайси замон, қайси даврда бир пайғамбар юбормоқчи бўлса, уни энг яхши одамдан юбориш Аллоҳнинг одатидур. Ҳар замонда пайғамбар бўлган киши ўшал замоннинг энг олими, энг ақлли, доноси бўлиши устига ҳар бир яхшилик сифатга, энг олий ахлоққа эга бўлиши шартдур. Лекин бу фазилатлар уларнинг ҳаммаларида баробар эмасдур.

Ҳар бир яхши ахлоқ сифатларда барча пайғамбарларнинг ортиқроғи бизнингПайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар. Ахлоқ вафазилат осмонида Расулуллоҳ гўёки қуёш бўлсалар, қолган пайғамбарлар қуёшатрофидаги юлдузлар кабидур. Пайғамбаримизнинг сифатларини Худодан ўзга ҳеч кимҳамма томонларини айтиб тугата олмайди. Ой нурни Қуёшдан олгандек, барчапайғамбарлар ҳам ўз нурларини Расулуллоҳдан олгандурлар. Қисқаси шулки, барчаяратилмиш нарсаларнинг сараси инсондур. Инсоннинг энг ортиғи пайғамбарлардур.

Пайғамбарлар ортиғи бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар.

Пайғамбарларнинг ҳаммалари зоҳирий кўринишларида ҳусн-жамолга, ботиний яратилишларида олий ахлоққа эга эдилар. Пайғамбаримизнинг жисмоний тузилишлари эрса ҳаммадан келишимроқ ва ҳам соғлом эди.

Аллоҳ юборган барча пайғамбарларнинг юзлари чиройлик, қадди-бастлари кўркам, товушлари ёқимлик эди. Айниқса, бизнинг Пайғамбаримиз ҳаммаларидан ҳам чиройлик, яхши унлик эдилар. Бўйлари эрса ўртачадан озгина узунроқ эди. Лекин ҳар қандай новча одамлар билан бирга юрганларида, бошқалар кўзига улардан эгизроқ кўринар эдилар. Ёлғиз юрганларида ўрта бўйлик эканликлари билинур эди.

Бошлари катта, икки елка оралари ва кўкрак-кўксилари кенгроқ бўлиб, сочлари ўсганда елкаларига, ўсмаганда қулоқ юмшоқларига тушар эди. Умрлари ичида тўрт марта соч олдириб, сочларини саҳобалар табаррук қилиб, ўрталарида бўлишиб олганлар. Муборак юзлари оқ бўлиб, қизил билан суғорилган эди. Манглайлари (пешоналари) кенг, қошлари эгилган, ингичка, ораси қўшилмаган, бурун устилари эгизроқ, ҳам озгина қангшарлик эди. Муборак юзлари текис, юз суякларида дўмбоқлик йўқ эди. Тишлари инжудек тизилган, ялтироқ, соқоллари сийрак эмас, қалинроқ, кўзлари қора, ҳам каттароқ эди. Юзлари кулча юзлик, тегаракроқ эди.

Кўкрак олдилари текис, қурсоқлик (қоринлик) эмас, бўйинлари унча узун эмас, ўрта бўйинлик эди.

Абу Ҳурайра айтди:

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўркам, чиройлик кишини мен ҳеч кўрмадим. Юзлари тўлин ойдек ё қуёшдек, агар кулсалар, тишларидан чиққан нур шуъласи деворга тушар эди. Расулуллоҳни биринчи кўришда ҳар қандай одамни ҳайбатлари босар эди. Улфат олиб ўрганишгандан сўнгра Расулуллоҳга жонфидо бўлиб, муҳаббат билан кўнгли боғланур эди. Қисқаси шулки, у зотни кўриб сифатларини билган кишилар ҳусн-жамолларининг кўркамлигида, феъли-хуйларининг яхшилигида бу зотга ўхшаган кишини ҳеч кўрмаганмиз, — дер эдилар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг руҳларини қандай пок яратган бўлса, танларини ҳам шундай яратмиш эди. Пайғамбаримизнинг ўзларига хослаган, бошқаларда бўлмаган бир неча хислатлар бор эди. Шулардан бири, муборак танларига кир юқмас, энгил-бошлари кирламас, бурга-битга ўхшаш жониворлар яқинларига келмас эди. Ўзлари доим тозалик, покизаликни севар эдилар. Бу табиий тозаликни шариат поклиги билан қувватлаб, «Ислом дини поклик узра қурилмишдур», деб мусулмонларни тозаликка ундар эдилар.

Хуш ислик нарсалардан суртилсин-суртилмасин, доим ўзларидан яхши ҳид чиқиб турарди. Расулуллоҳнинг хос ходимлари ҳазрати Анаснинг айтишларича, мушку анбар, атирийпорнинг исидан Расулуллоҳнинг ислари яхшироқ эди.

Ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳ:

— Расулуллоҳ менга муҳаббат қилиб, юзимни силаб қўйиб эдилар, ийпор солган халтадан қўлларини янги чиқаргандек бўлиб, шундоққина ҳамма ёғим ийпор ҳидидан ҳидланиб кетди.

Агар Расулуллоҳ бирор киши билан қўл ушлашиб кўришган бўлсалар, шу кишининг қўлидан бир кун атир иси кетмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларни бек севар эдилар. Айниқса, етим болани кўриб қолсалар, уни эркалатиб:

— Мен ҳам етим эдим, етимни кўрсанглар, мени етимлигимни эсга олиб бошинисиланглар, кўнгилларинг юмшайди, — деб бошини силар эдилар. Анда ул боланинг нечакунгача бошидан атир ҳиди кетмас эди. Кўп болалар ичида турса ҳам «Мунинг бошигаРасулуллоҳнинг қўллари теккан экан», деб ҳаммалари билар эдилар.

Агар Расулуллоҳ бир кўчадан ўтиб кетган бўлсалар, у кўча атир ҳидларига бурканиб, Расулуллоҳнинг ўтганликлари маълум бўлур эди. Бу китобда бизнинг ёзганларимиз бошқаларга қараганда юздан бири ҳам келмайди. Худони сифат қилишдан бандалари ожиз қолгандек, Расулуллоҳни сифат қилувчилар ҳам ожиздурлар.

Кўзларининг нурини Худо шундоқ қувватлик қилмиш эдиким, Меърож кечасида Худо жамолини кўришга тоқат қилдилар. Ҳолбуки, Мусо алайҳиссалом Тур тоғига тушган бир жилвага тоғ сингари тоқат келтиролмай, беҳуш бўлиб йиқилдилар.

Аллоҳ таоло Қуръонда «Ма зағол басару ва ма тағо» деган ояти билан Расулуллоҳни сифатлади. Яъни, Меърож кечасида кўрган нарсасидан Муҳаммад кўзи қамашмади.

Қамашган кўз эрса, кўрган нарсасини аниқлай олмайди. Муҳаммад кўзи Меърож кечасида нима нарсани кўрди эрса, аниқлаб кўрди, демакдур.

Расулуллоҳ нимага қарасалар, ўшал нарсани ҳақиқати билан кўрар эдилар. Кеча-кундуз баробар бўлиб, тун қоронғуси кўз нурларига тўсқинлик қилолмас эди. Олдидаги нарсани қандай кўрсалар, орқадаги нарсани ҳам шундай кўрар эдилар. Кўришда олди-орқалари баробар эди. Имом Бухорий, имом Муслим ҳар икковларидан бу тўғрида ривоят бордур. Бу ишлар эрса Расулуллоҳнинг мўжизаларидандур. Ҳар қандай кўзи ўткир одам Ҳулкарга қараса, беш-олти юлдуздан ошиқ кўролмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ўн юлдуз санар эдилар.

Расулуллоҳ йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврларида Жаброил алайҳиссалом билан йигирма тўрт минг марта кўришдилар. Аммо ўз суратида икки қайта кўрдилар. Ўтган пайғамбарларнинг ҳеч бировлари Жаброил алайҳиссаломни ўз суратида кўролмадилар ва улар олдига уч мингдан ортиқ келмаган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари узоқни кўргандек, қулоқлари ҳам йироқдан эшитар эди. Товушлари эрса узоққа етар эди. Соялари ерга тушмади. Қуёшда, ойдин кечаларда ҳеч кўланкалари кўринмас эди. Ҳожатга ўлтирсалар олди ва орқаларидан чиққан нарсаларини ер ютиб, ҳеч кимарса уни кўролмас эди.

Расулуллоҳнинг оталари Абдуллоҳдан мерос қолган додаклари Умму Айман шундоқ ривоят қилур:

— Бир кеча уйқудан уйғониб, кўп чанқаб кетган эканман, қарасам, уй бурчагида бир кўзада сув турган экан. Унинг хушбўй, хушмазалигидан чанқоғим қонганча ичдим. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзани тўкиб қўйгил, деб менга буюрдилар.

— Ё Расулаллоҳ, у нима эди? Мен уни ичиб қўйганман, — дедим.

Расулуллоҳ кулиб:

— Эй Умму Айман, энди умринг ичида қорин оғриғи кўрмайдурсан. Бу кеча туриб укўзачага мен кичик ҳожат чиқарган эдим, — дедилар.

Расулуллоҳ айтганларидек Умму Айман қорин оғриғи ва бошқа касаллардан умрида касал бўлмади.

Ҳазрат Оиша онамиз:

— Ё Расулаллоҳ, сиз ҳожатга борасиз, аммо ўлтирган жойингизда ҳеч нарса кўрмаймиз, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Ё Оиша, пайғамбарлардан чиққан нарса ер устида қолмайди, уни ер ютиб юборади, — дедилар.

Банка қўйиш, қон олиш илгариги арабларда ҳам бор эди. Расулуллоҳнинг қонлари кўпайганликдан бошлари оғриб эди. Абу Тийба деган киши келиб қон олди. Олиб бўлгандан кейин Пайғамбаримизнинг аммалари Сафия ўғли Зубайр ибн Аввомнинг ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳозир эди.

— Қонни киши кўрмаган жойга тўкиб кел, — деб унга буюрдилар эрса, Расулуллоҳ қонларини ерга тўкишга кўзи қиймай ўзи ичди.

Расулуллоҳ ундан:

— Қонни нима қилдинг? — деб сўрадилар.

— Кўмиб ташлашга кўнглим бўлмай уни ичдим, ё Расулаллоҳ, — деди.

— Эй Абдуллоҳ, ўзингга ҳам қийин бўлди, кишиларга ҳам қийин бўлди, — деб унга кўп ачиндилар.

Расулуллоҳ айтганларидек, шу қонни ичгандан сўнгра ҳиммати кўтарилиб, шижоатбаҳодирлиги кўпайди. Ҳазрати Муовия ўлгандан кейин Язидга ва бошқаларга итоат қилишга ҳимматлари қўймай ўзлари халифа бўлдилар: Ҳижоз, Яман, Ироқ, Хуросон мамлакатлари бу кишига байъат беришиб, саккиз йил халифаликда турдилар. Ул чоғда Абдулмалик ибн Марвон Шомда подшо эди. Ҳажжож қўмондасида бу кишига қарши аскар юбориб, ҳар икки халифа ўртасида уруш бошланди.

Шом аскари Маккага келиб, шаҳарни қамал қилдилар. Уруш узоққа чўзилиб, Макка халқи олти ой қамал остида қолди. Ҳар ёқлама қийинчиликлар бўлиб, охири бу кишининг тарафдорлари тарқалиб кетдилар. Ўзи ёлғиз қолгунча душманга қарши урушиб, энг сўнги кунгача чидамлик билан туриб шаҳодат топди. Разияллоҳу анҳу. Онаси Асмо Абу Бакр Сиддиқ қизи, ҳазрат Оишанинг опаси эди.

Шаҳид бўлганида ёши етмиш иккида эди. Етмиш учинчи ҳижрий тарихида бу воқеа бўлди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар