Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Расулуллоҳнинг ахлоқлари

Расулуллоҳнинг ахлоқлари
25 Kasım 2017 - 7:00 'да юкланди ва 360 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 239

(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ АХЛОҚЛАРИ

Пайғамбаримизнинг ахлоқлари ҳақида онамиз Оишадан саҳобалар сўрадилар. Анда ул муҳтарама:

— Хулқлари Қуръондир (яъни, Қуръон кўрсатган яхши ахлоқларнинг ҳаммаси Расулуллоҳда бор эди),— дедилар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳни ахлоқларини ўзи мақтаб Қуръонда шу оятни келтирди: «ва иннака лаала хулуқин азимин», яъни: «Сенинг хулқинг кўп яхши, ниҳоят улуғдир».

Қисқаси шулки, Худо яратган инсонлардаги яхши сифатларни камоли билан Расулуллоҳга ато қилмиш эди. Илмда, сабрда, саҳоват, шижоат, адолатда камолига етган эдилар. Шу сифатлардан бирортасига киши эга бўлар экан, унинг номи чиқиб оламга машҳур бўлмишдур.

Шундоқки, саховатда Хотамнинг, адолатда Нуширавоннинг номлари кўтарилди. Булардан бириси адолатга, иккинчиси саховатга эга бўлмиш эдилар. Аммо Расулуллоҳ Худо яратган олий сифатларнинг барчасига эга эдилар. Чунки, Аллоҳ таоло бу зотни бутун оламга пайғамбар қилди. Шундоқ улуғ хизматни бажариш учун бу зотни комил қилиб яратди.

«Ва алламака ма лам такун таълам. Ва кана фазлуллоҳи алайка азима», яъни: «Билмаган нарсаларни Аллоҳ сенга билдирди. Худонинг фазл карами сенга ниҳоят улуғдир».

Бу оятнинг мазмунига қаралса, Қуръонга иймон келтирган ҳар бир одам Пайғамбаримизнинг даража ва мартабалари Худо олдида қандоқ улуғ эканига яхши тушунади.

Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари ичида энг улуғи ақлдур. Бу улуғ неъматни Худо яратганича Расулуллоҳга бериб, шу ақл неъмати орқалик бутун фазли камолга эга бўлиб, икки дунё давлатига умматларини эриштирмакка йўл кўрсатдилар.

Хоҳи диний, хоҳи дунёвий ҳар бир ишда кишиларнинг ўзларига қараб, ақлига яраша муомала қилар эдилар. Аллоҳ таоло халқни ички ва ташқи сифатларини қолдирмай Расулуллоҳга билдирган эди. Шунга кўра уларга тарбият берар эдилар, чунки бандаларнинг Худо даргоҳига лойиқ бўлишлари учун шайтоний сифатлардан уларни пок қилиб, ҳайвоний сифатларини ислоҳ қилиш лозимдур.

Бу иллатларнинг табиби, биринчи, пайғамбардур. Худо тарафидан келтирган руҳоний дорилари билан инсонларнинг ички-ташқи куфр, нифоқ дардларига даво қила оладилар. Пайғамбарлардан сўнгра авлиёлар, ҳақиқий олимлар бу хизматни бажарадилар.

Бутун инсонларнинг ҳаёт кечиришларида ҳам зоҳирий, ҳам ботиний, ахлоқларини тузатиш учун Худо тарафидан Расулуллоҳ юборилмиш эдилар. Шу учун Аллоҳ таоло халқнинг ички-ташқи ёмон сифатларидан Расулуллоҳни хабардор қилмиш эди. Шунга кўра ҳар кимнинг дардига қараб даволадилар.

Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло зоҳирий илмини берган эди. Умматларининг қилган ишлари шариат зоҳирига келса, шунга қаноат қилар эдилар. Аллоҳ таоло Хизр алайҳиссаломга ботин илмини ато қилиб, шунга амал қилишга буюрган эди.

Бизнинг Пайғамбаримизга Аллоҳ таоло ҳар икковини ҳам берди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халқнинг зоҳирига ва ботинига қараб, муомала қилар эдилар. Расулуллоҳ муомаласи қўпол бўлган аъробийлар билан суҳбатлашсалар, уларга кўрсатган яхши ахлоқ, яхши сўзлар таъсиридан алар шу мажлис ўтмай туриб, кўнгиллари иймонга мойил бўлар эди.

Таврот олимларидан Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтди:

— Ўтган пайғамбарларга Худо тарафидан берилган китоблардан етмиш биттасини ўқиб туширдим. Расулуллоҳнинг сифатларини шуларнинг ҳаммасида кўрдим. Худо томонидан Расулуллоҳга берилмиш ақл олдида бошқаларнинг ақллари дарёдан бир томчи сув мисоли, деб ёзилганини ўқидим.

Аллоҳнинг одати шулдурки, қайси бандасига ақлни кўпроқ берар экан, шунга яраша қолган яхши феъл-хуйларни ҳам унга кўпроқ беради. Киши хулқининг кенглиги ҳам, унинг ақлининг кенглигига яраша бўлади.

Шунинг учун Расулуллоҳнинг олдида бирор кишини мақтасалар, унинг ақли қандоқ экан, деб сўрар эдилар. Энди Расулуллоҳнинг ақллари қандоқ камолига етган бўлса, у зотда бўлган бошқа сифатлари ҳам шундоқ камолга етган эди.

— Кишининг иймони сабр билан камолга етади. Жасадга бош қандай зарур бўлса, иймонга сабр шундай зарурдир, — дедилар.

Расулуллоҳга пайғамбарлик келгандан сўнгра ўн уч йил Маккада турдилар. Бу муддат ичида Макка мушриклари, Қурайш кофирлари Расулуллоҳга кўрсатмаган кулфатлари, қилмаган жабр-жафолари қолмади. Шуларнинг барига сабр қилдилар.

Ҳақиқатда ҳам ўтган пайғамбарлардан ҳеч қайсилари ўз қавмларидан Расулуллоҳдек қаттиқ азиятлар кўрмаган эдилар. Айниқса, ҳимоятчи амакилари Абу Толиб, ғамгузор ёри меҳрибонлари онамиз Ҳадича икковларининг вафотларидан кейин еру кўк титрагудек, юраклар эзилгудек, кўзлар қон йиғлагудек азиятлар кўриб, сабр-сабот билан барини ўтказдилар.

Буларнинг ҳар бирини ўрни билан юқорида баён қилиб ўтдик. Ўқувчиларга маълумдирким, Уҳуд тоғида бўлган урушда эрса кофирлар муборак бошларини ёриб, тишларини синдирдилар. Бутун танларида тиғ тегмаган, жароҳат бўлмаган жойлари қолмаган эди. Ҳазрати Али ва Ҳазрати Фотима йиғлаб туриб бош кўзларидан қонларини ювдилар. Оққан қонларини ерга туширмай, ўзлари артиб турдилар:

— Агар бир қатра қоним ерга тушса, осмондан азоб тушиб, ҳаммани ҳалок қилур, — дедилар.

Бу ишга саҳобалар чидаёлмай:

— Ё Расулаллоҳ, дуо қилинг ер устида кофирлар қолмай қурисинлар, — дедилар эрса, Расулуллоҳ:

— Мен халққа Худодан лаънат ёғдиришга келмадим, — деб, алар ҳақларига шундай дуо қилдилар:

— Эй бор Худоё, буларни тўғри йўлга ҳидоят қилиб, гуноҳларини кечиргил. Булар билмайдилар, бу ишни билмасликдан қиладилар.

Расулуллоҳ ўзларига тегишлик нарсаларда, яъни ўз ҳақлари бўлиб, ўзларини ранжитиб, азият берган кишиларнинг хатоларини афв этиб, гуноҳларини кечар эдилар, аммо Худо амрини бузиб, шариат ҳукмини хор тутган кишиларга қаттиқ ғазаблари келур эди.

Ҳандақ урушида мушриклар ҳужум қилиб, намоз ўташга фурсат бермадилар. Расулуллоҳнинг намозлари шу куни қазо бўлди. Шунда ғазаблари келиб: «Булар бизни намоздан қолдирди. Аллоҳ уларнинг қоринларини, қабрларини ўтга тўлғазсин», деб қарғадилар. Бу ғазаблари эрса ўзлари учун эмас, балки Худо учун эди. Аммо бошлари ёрилиб, тишларининг синиши ўз ҳақлари бўлгани учун уни афв қилдилар.

Шуни ҳам билмоқ керакким, ҳар бир инсоннинг етмиш учта яхши қилиғи бўлиб, буларга қарши яна шунча ёмон қилиғи ҳам бордур.

Фаришта, ақл, дин — бу уч нарса инсонни доим яхшилик томонига тортадилар. Нафс, шайтон, куфр — булар эса доим уни ёмонликка бошлайди. Мўмин одам доим шу икки тортишув орасида турганликдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни «улуғ жиҳод» деб атадилар.

Қачонки мўмин банда бу жиҳод майдонида ғалаба қозониб, етмиш уч ёмон феълларини ўзидан чиқариб ташлаб, улардан кўнглини холи қилса, улар ўрнига етмиш уч яхши хислатларни ўрната олса, у одамнинг иймони комил бўла олади. Инсон шул мақомга етди эрса, авлиёликнинг биринчи даражасига қадам қўйган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалимликлари шу сифатнинг энг олий даражасига етган эди.

Шундоқки, Расулуллоҳ Зайд ибн Саънаҳ деган мадиналик яҳудийга хурмо бермоқчи бўлиб ундан пул олдилар. Бир неча кунга муҳлат берган эди. Ваъдаси тўлмай туриб яҳудий хурмо сўраб келди. Расулуллоҳнинг ёқаларидан ушлаб:

— Эй Муҳаммад, ҳақимни шу чоққача нега бермайсан? Ҳошимийлар муомаласи яхши эмас деб эшитган эдим, тўғри экандур, — деди:

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бошлиқ барча улуғ саҳобалар шу ерда эдилар. Ҳазрати Умарнинг ғазаблари келиб:

— Эй Худо душмани, сизлар билан ўртамиздаги аҳдноманинг бузилишидан қўрқмасам эди, бошингни ҳозир кесиб ташлар эдим, — деб қиличига қўл сунди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулимсираб:

— Эй Умар, бу икковимизга айтиш учун мундин яхшироқ сўз бор эди. Мени яхши муомала қилиб беришга ва уни яхши гапириб олишга буюргил. Ваъдамизга уч-тўрт кун бор эди. Энди, эй Умар, мунинг ҳаққини сен бериб тугатгил. Уни қўрқитганинг учун йигирма сў ошиқча хурмо қўшиб бер, — деб буюрдилар.

Бу сўзни эшитгач, яҳудий ҳайрон бўлиб:

— Эй Муҳаммад, Таврот, Инжилда охирзамон пайғамбари сифатларини ўқиб эдим, уларнинг ҳаммаси сенга тўғри келган эди. Синалмаган ёлғиз шу иш қолмиш эдиким, китобда дейилмишдур: «Ўзи учун ғазаби келмагай». Энди буни ҳам синаб кўрдим. Сенинг охирзамон пайғамбари эканлигингда ҳеч қандай шубҳа қолмади, — деб шу вақтда дарҳол иймон келтирди.

Яна Анас ибн Молик ривоят қилиб айтди:

Бир куни Расулуллоҳ билан бирга бораётиб эдик. Бир аъробий кетимиздан келиб, Расулуллоҳнинг ёқаларидан тутиб қаттиқ тортди. Унинг силкиб тортганидан бўйинларидаги ридо четлари ботиб, излари тушди. Сўнгра ул аъробий:

— Эй Муҳаммад! Икки туя юки менга дон бергил, уни ўз молингдан ёки отангдан қолган молдан сўрамайман. Закот, садақага йиғилган худонинг молидан сўрайман, — деди.

Расулуллоҳ унга кулиб:

— Тўғри айтурсан, мендаги моллар ҳаммаси Худонинг молидур. Мен Худонинг қули эрурман, бироқ сен қилгандек мен ҳам сенинг ёқангдан тутиб, силкиб қасосимни олурман, — дедилар эрса, Аъробий айтди:

— Мен билурман, сен бундай иш қилмагайсан, ёмонлик қилган кишиларга яхшилик қилгайсан.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир туя хурмо, яна бир туя арпа беришга буюрдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар