Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

«Ҳаммага раҳмат етказиш учун сени юбордик»

«Ҳаммага раҳмат етказиш учун сени юбордик»
26 Kasım 2017 - 11:30 'да юкланди ва 376 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 240

(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ АХЛОҚЛАРИ-2

Онамиз Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо айтадурлар:

Расулуллоҳ ўзларига етган зулм учун ҳеч кимдан қасос олмадилар. Балки ҳаммани афв қилиб, гуноҳларидан кечар эдилар. Ўз оилаларига, бошқа ҳеч бир одамга тил, қўллари тегмай дунёдан ўтдилар. Кишилар билан қилган муомалалари, уларга қилган яхши одатлари ҳаммага ёқимлик эди. Расулуллоҳ билан суҳбатлашган кишилар:

«Расулуллоҳ ҳеч кимни биздан ортиқ яхши кўрмасалар керак», деб ўйлашар эди».

Саҳийликлари тўғрисида ҳазрати Жобир шундай айтадур:

«Расулуллоҳдан ким бир нарса сўраса «йўқ» деганини эшитмас эдик. Айниқса, Рамазон кунларида бошқа кунлардан кўпроқ Жаброил алайҳиссалом билан кўришар эдилар. Ана шу чоғда Расулуллоҳнинг саховатлари, шамол эсганда барчага баробар текканидек, ҳаммага бир текис етиб турар эди.

Бир аъробий келиб:

— Ё Расулаллоҳ, бир туяга муҳтож бўлиб қолдим. Шуни сиздан сўраб келдим, — деди.

Шу куни унга бергудек ҳеч нарсалари йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, йўқ демасдан:

— Меним устимдан ўзингга ярагудек бир туя сотиб ол. Баҳосини мен тўлайман, — дедилар.

Анда Ҳазрати Умар:

— Ё Расулаллоҳ, қўлда йўқ нарса бўлса, қарз қилиб бировга беришга Худо буюрмагандур, — деди.

Расулуллоҳга бу сўз ёқмади.

Анда ансорлардан бири:

— Ё Расулаллоҳ, Худо йўлида аямай сарф қилаберинг, Арш эгаси улуғ Аллоҳ ҳеч қачон сизни унутмайди, — деди.

Мунинг сўзини англаб, суюнганларидан кулиб:

— Аллоҳ мени шундай қилишга буюргандур, — дедилар.

Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тоиф, Ҳунайн ғазотларида тушган ҳисобсиз ўлжа молларни тақсим қилишлари, қонларига ташна бўлган душман аскарларига кўрсатган меҳрибончиликлари саховат ва мурувват бобида қандоғ улуғ даражада эканликларига очиқ далилдур. Буларнинг ҳар бирини ўз ўрнида ёзиб ўтганмиз.

Аммо Расулуллоҳнинг шижоат-баҳодирликлари бўлса, ҳаммага маълум эди. Бу улуғ сифатни ҳам Аллоҳ таоло камоли билан Пайғамбаримизга бермиш эди. Худо йўлида бўлган урушларда ўзларидан уч-тўрт баробар ортиқ душман қаршисида тоғдек тебранмай турар эдилар. Ўзлари бош бўлиб чиққан урушларнинг ҳеч қайсисида бир қадам ҳам орқага чекинмадилар. Ҳар қандай катта баҳодир бўлса ҳам уруш майдонида олға интилиш, орқага чекиниш бўлмасга чора йўқдур, ёлғиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир урушда орқага қайтмадилар. Ё уруш ўрнини сақлаб турдилар, ёки олдинга қараб қадам қўйдилар.

Ҳазрати Али айтур:

— Уруш майдони қизишиб, баҳодирлар ҳайқиришиб, қўрқоқлар юраги бўғзига тиқилиб келган қўрқинчлик чоғларда ҳаммамиз Расулуллоҳга қараб қолур эдик. Олдимизга тушиб, душманга энг яқин турар эдилар. Биз Расулуллоҳни пана қилиб урушар эдик.

Яна Расулуллоҳ бек ҳаёли эдилар. Ҳаё иймоннинг йўлдоши, иймон дарахтининг энг улуғ шохи эрур. Абу Саъид Ҳудрий ривоят қилур:

«Пардасидан чиқмаган қизнинг ҳаёсидан ҳам Расулуллоҳнинг ҳаёси кучли эди. Кўп сўзларни кишилар юзига айтмасдан уялиб гапирмасдилар. Агар бирорта киши нотўғри иш қилган бўлса, дарҳол уни юзига солиб, отини айтмас эдилар. Балки фалон қавм, ё баъзи кишилар нега шундай қиладилар, деган сўз билан ул ишнинг тўғри эмаслигини билдирардилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоят хушқилиқ, истаралари иссиқ, қарасанг кулимсираб турган, сўзлари силлиқ, кишига ёқимлик, очиқ юзлик, кенг кўнгиллик, чин сўзлик эдилар. Барчага бирдай очиқ юз, ширин сўз эдилар. Лекин синалмаган кишилар билан ўлтириш-туришда зийраклик йўлини тутар эдилар.

Саҳобалар ва суҳбатдошлари ҳолидан доим хабардор бўлиб, бетобларини сўраб, кўринмаганларини йўқлаб, муҳтожларига ёрдам берар эдилар. Агар киши Расулуллоҳ билан кўришмоқчи бўлиб қўлларини ушласа, ундан илгари қўл тортмас эдилар. Ҳожат учун келган одам ўзи кетмагунча уни ташлаб кетиб қолмас эдилар. Чақирган жойга борардилар. Озми-кўпми ҳадя берса олардилар. Сўнгра уларга ҳам қайтарардилар. Бировни айблаш ёки бировни мақташ Расулуллоҳга одат эмас эди.

Саҳобалар билан аралашиб, улфатлашиб, уларга тегишиб, ёш болаларни суйиб, қучоқларига олиб ўлтирардилар. Қул, чўри, бой, камбағал, — ким бўлсин чақирса, уйига борардилар. Шаҳар четларида, узоқ маҳаллаларда бетоб ётган кишилардан бориб, ҳол сўрар эдилар. Мажлисларда оёқ узатиб ўлтирганларини ҳеч ким кўрмаган эди. Йўлиққан одамларга илгари салом бериб, қўл олиб кўришар эдилар. Ўзлари келганда бошқа кишиларнинг ўрнидан туриб таъзим қилишларини ёқтирмас эдилар. Лекин саҳобалар бир-бирларини ҳурматлашиб ўринларидан туришганларини яхши кўрар эдилар. Устларига кирган кишини ҳурматлаб, унинг тагига бирор нарса солиб, қистаб ўлтиргизардилар.

Кўнгиллари юмшоқ, раҳмдил, ҳамманинг иймон келтиришига муштоқ, катта-кичик барчага шафқатли, мўминларга меҳрибон эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ олдиларига бир аъробий келиб садақа сўради. Унинг сўраганидан ортиқроқ бериб:

— Энди рози бўлдингми? — дедилар.

— Йўқ, мен дегандек яхшилик қилолмадинг, — деди.

Муни эшитиб, саҳобаларнинг аччиғи чиқиб, уни урмоқчи бўлдилар. Расулуллоҳ уларни босиб, аъробийга яна бир қанча нарса қўшиб бериб:

— Энди қандай? — дедилар.

Анда аъробий:

— Сизга, хонадонларингизга раҳмат айтиб, кўп ташаккур қилурман, — деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзлардин қувониб:

— Шу сўзларингни саҳобаларим олдида айтгил. Кечаги айтган сўзинг хафалиги улар кўнглидан кўтарилсин, — дедилар.

Ул ҳам қабул қилиб, эрталаб Расулуллоҳ олдиларига келди, ҳамма саҳобалар у ерга йиғилган эдилар. Булар олдиларида ҳам ўзининг рози бўлганини билдириб, ташаккур қилди.

Сўнгра Расулуллоҳ марҳамат қилдилар:

— Агар бу аъробий шу норозилигича кетиб, шу аҳвол билан ўлса ёки ўлдирилса, дўзахга кетар эди. Уни аяганимдан бу ишни қилдим.

Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръонда «Вама арсалнака илла Раҳматаллилаламин», яъни, «Ҳаммага раҳмат етказиш учун сени юбордик», деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлади.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар