Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бу иллатдан нима қилсак қутиламиз?

Бу иллатдан нима қилсак қутиламиз?
27 Kasım 2017 - 10:04 'да юкланди ва 777 марта ўқилди.

Ўзбек миллатининг фожеаси
(учинчи мақола)

Ўзбек миллатининг фожеаси – хасислик, бахиллик, зиқналик!!!

Бу гап фақатгина биз ўзбекистонликларга тегишли эмас, бу бутун инсониятнинг фожеаси. Бежизга Қуръондаги Ҳашр сурасида «Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, нажот топибди» -дейилмайди.

Бахиллик, бахиллик!

Бу иллат мамлакатимиз ва жамиятимиз ичида шунақанги катта томир бойлаб кетганки, билсангиз. Балким ҳаммасини айтмаганим маъқулмикан? Агар ҳаммасини бирваракайига айтсам, ваҳимага тушиб курашга чиқмай қўясиз деб хавотир оляпман. Шу сабабли, аста-секин, ётиғи билан тушунтиришга уриниб кўраман, дўстим!

Бу иллатдан нима қилсак қутиламиз? Бахиллик, хасислик, зиқналик! Бу муаммога эътибор қаратаётганим шу балодан қутилиш йўлларини қидирайлик.

Топсак. Бир фикрга келсак жуда яхши! Яхши хулоса қилсак, бу муаммо ечимининг ярми!!!

Бу ердаги дўстларим турли туман дунёқарашдаги инсонлар. Динимизни тушунадиган инсонлар учун биттагина гапнинг ўзи кифоя. Масалан «саҳийлик инсонга буюрилган беш амалнинг бири». Яъни, ЗАКОТ.

Ҳа, закот – саҳийлик дегани.

Закот фалон ойдагина берилади дея, саҳийлик йўлини тўсманг!!! Саҳийликни ҳар ой, ҳар куни, ҳар соат ва сонияда қилаверинг!!!

Иккиланманг! Майли ин ша Аллоҳ бу ҳақда кейин гаплашамиз!

Бугун Ўзбекистонда ишчи ўринлари яратишнинг энг осон усуллари ҳақида гаплашсак.

Бундан беш олти йил аввал, милицияда ишлаб нафақага чиққан бир дўстимни маршрут таксида кўриб қолдим.

–Америкага кетяпман! –деди у дабдурустдан.

–Э, ўзимизда иш қуриб қоптими?

–Ўзимиздаги барча бизнес ёпилган экан. Эгаллаб олишибди. Ўша ёқларда ишлаб келаман.

–Нима иш қиласиз, у ёқларда?

Аслида бу саволим ноўрин эди, чунки дўстим қўлигул ошпаз йигит.

–Америкаликларга ўзбекча палов нималигини кўрсатиб келаман!

Орадан анча вақт ўтгач, дўстимни учратиб қолдим. «Уларнинг яшаш тарзини ҳазм қилолмадим» бир жумла билан бутун саёҳати тафсилоти якунланди. Мен ҳам бошқа нарса сўрамадим.

Австралияга кетиб ишлаётган бир танишим бор. Ўзи Афғонистонлик ўзбек. Ўтган йили Тошкентдаги ўртоғига телефон қилиб нолибди «Австралияда ҳаёт тарзини ушлаб туриш учун эрталаб соат еттидан кеч соат 22-00гача оёқдаман. Ўзбекистонда тушгача ишласам кифоя эди».

Ўзбек ишбилармонларининг идроки баланд. Озгина тадбиркорликка танқидий ёндашув ва давлат томонидан ёрдам бериш бошланганди уларнинг ақл-заковати қанақа баланд даражадалигини кўриниб қолди.

Биологик ўғитларни топишибди, экинни тез ва соз етилтирар экан! Сомондан қоғоз ишлаб чиқарадиган технология неча йиллардан буён Наманганда ишламасдан ётганмиш, куни кеча фарғоналик бир тадбиркор «Ўзбекистон тоғлари тошидан қоғоз чиқарса бўлади»,-деса тилим лол бўлиб қолди.

Хасисликнинг битта жуда ёмон тури биздаги Интернет ва уяли телефоннинг қимматлиги ва тезлиги пастлиги!

Ҳа, майли бугунча нафсимиз хасислиги ҳақида гапирмай ишчи ўринлари ҳақида гапирай.

Ҳар бир жойнинг тош-у тарозиси бор деганларидек, Ўзбекистонда ишчи ўринлари яратишнинг энг осон, содда ва қулай, ўзимизга мослари ҳақида гаплашсак.

Менимча ишни бундай бошлаш керак. Тошкентдан – Нукусгача, Тошкентдан Фарғона водийси бўйлаб, Тошкентдан Термезгача бўлган йўлларнинг ҳар эллик километрида АЁҚШларини тартиб билан ўрнатиб чиқиш. Ўша ерда битта ошхона, дам олиш хонаси (кемпинг), шифокорлик пункти, автомашина созлаш ва ювиш, кийимларни кимёвий тозалаш, сартарошхона, таҳоратхона, ибодатхона, милиция пункти, интернет кафе, компьютер хизматлари, озиқ-овқат дўкони ташкил этилиши керак. Хизмат кўрсатиш соҳасида камида 50 киши банд бўлиши керак. Мисол учун Тошкентдан Термезгача 1000 километр масофада йигирмата тўхташ пунктида 1000 киши иш билан банд бўлиши керак.

Республикамизнинг барча туманларидаги автотураргоҳлар ноль қийматида тадбиркорларга бепул берилиши керак. Агар тадбиркор юқоридаги каби хизмат кўрсатишнинг инфратузилмасини бир йил ичида яратмаса, ноль қийматда берилган объект бўйича тузилган шартнома бекор қилиниши лозим. Ана шу автошоҳбекатлар такси хизмати учун кунлик ёки ойлик патент идоралари ҳам бўлиши керак ва ҳоказо…

Кейинги иш. Республикамиздаги барча туманлари ҳокимиятлари ёнида кинотеатрлар, концерт дастурлари ўтказиладиган клублар қуриш керак. Шанба, якшанба кунлари бу объектларда сайиллар ташкил этилиши, спектакллар қўйилиши, оркестр мусиқалари янграб туриши керак.

Спорт инфратузилмалари ва ўйинлари ҳам яхшигина ишчи ўринлари яратиш учун ажойиб имкониятлар берадиган база. Тез-тез уюштириб туриладиган коммерция турнирлари ҳам керак.

Ишчи ўринларни яратишнинг катта бир имконияти – сиҳатгоҳлар ҳисобланади. Бизнинг тоғли зоналаримиздаги об-ҳаво ҳавас қилса арзигудек! Бунинг учун тоғ йўлларимизни тузатиш керак.

Яна бир катта база турли туман конкурслар ўтказиб турилиши. Йилнинг энг яхши кинофильми, спектакли, ҳужжатли фильми, мультфильми, режессёри, йилнинг энг яхши, ёзувчиси, ҳикоячиси, романнависи, шоири, энг яхши мақомчиси, эстрада куйчиси, Лазги рақси ижрочиси, Андижон полкаси ижрочиси, рассоми, фотографи, журналисти ва ҳоказо. Буларнинг қаторига йилнинг энг ширин палов тайёрловчи ошпази ёки энг мазали тандиркабоб тайёрловчиси ва бошқа.

Тозаликка қатъий риоя қилиниши керак албатта. «Кийимларингизни тоза тутинг»-буям Қуръон қонуни. Ҳар бир туман, балки кўчада кийимларни, чойшабларни кимёвий йўл билан тозалайдиган жойлар бўлиши керак. Иккинчиси инсоннинг танаси ҳам тоза бўлиши керак. Таҳоратхоналар деярли ҳамма масканларда бўлиши керак, мачитлардан ташқаридагиси пуллик бўлсин.

Хуллас барча ишчи ўринлар хизмат кўрсатиш соҳасида бўлади.

Майли, аввалбошда даромади камроқ бўлар, аммо пул айланиб туриши керак. Пул қанчалик тез оборот қилинса, бир қўлдан иккинчисига ўтиб турса, унинг қилаётган савоб ишлари кўп бўлади. Тараққиёт деганлари аслидаям шу.

Бунинг учун қилинадиган биринчи энг КАТТА ИШ, фуқароларимизнинг БЎШ ВАҚТИни кўпайтириш.

Армия, милиция, хавфсизлик идоралари сменаларда алмашиб йил ўн икки ой, кеча-ю-кундуз ишласин.

Аммо, иқтисодиёт эмас. Йўқ пул айланадиган соҳаларда умуман тўхташ бўлиши керак эмас.

Маданият, маърифат муассасалари фақат ўз ишлари билан шуғуллансинлар.

Иқтисодиётдаги ишлар оқил-у донолик, хотири жамлик, юксак маданият, ҳалоллик, поклик, адолат – олийжаноблик билан амалга оширилиши керак. Конституциямизда белгиланган ҳафтасига 41 соатлик иш амалда бўлсин. Ўз ишини эплолмайдиган кишиларнинг ишдан кейин қолиши, шанба, якшанба кунлари ишхонага келиши нопрофессионаллик деб қаралсин. Кейин ишчи ўрин яратган тадбиркор, савоб иш қилгани учун бир минимал окладдан давлатга солиқ тўламасин, тўласин, аммо камроқ бир минимал окладнинг ўндан бири миқдорида. Транспорт ҳайдовчилар учун патентлар ҳам бир минимал окладдан ошмаса, ҳамма ўзи бориб ўзи бу суммани тўласа, бюджет даромади ошади. Умуман бюджетни тўлдиришнинг прогрессив усулларига йўл очилди. Чиройли рақамларни сотишни айтяпман. Хуллас буям алоҳида мавзу…

Мамлакат ва давлатнинг энг катта ютуғи унинг аҳолиси – БЎШ ВАҚТИ. Давлатнинг бош вазифаси аҳолининг Бўш вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш борасида иқтисодий тиргакларни ишлатиб, иқтисодиётга аҳолининг эркин пул маблағларини жалб этиш.

Анвар Шукуров

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар