Баҳорга сафар

Баҳорга сафар
69 views
29 November 2017 - 8:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

2.БАҲОРГА САФАР

Энди сира менинг кўнглим бўлмас ғаш,
Интизорлик менга бахш этди шиддат.
Туғёнга айланди баҳорни қўмсаш,
Бирдан ўз кучини йўқотди муддат.

Сабр деган олтин чиқиб қолди мис,
Қуруқ тоқат мени қилмайди бахтли.
Бошдан новда ўсар, оёқдан илдиз
Кутиб тураверсам агар шу тахлит.

Дарахтлар баҳорни кутар шу ҳолда,
Менинг эса дарахт бўлгим йўқ бугун.
Ахир, елкамдаги эмас-ку халта
Қанотдан иборат бору йўқ юким.

Қаттиқ севганимни сездириб қўйдим,
Ғурурланиб келмай кетди ёнимга.
Фақат орзулардан эса мен тўйдим,
Фақат умид эса тегди жонимга.

Баҳор ҳақда энди сўз сўзламайман,
Тилим тўла сукут, мен жим кетаман.
Гўзал ўйларимни кўз-кўзламайман,
Қўшиқларда эмас, йўқ, чин кетаман.

Мен муштоқ бормасам, бормасам ташна,
Баҳор баҳорлигин эсламайди ҳам.
Қайлардадир юрар парвосиз яшнаб,
Юракка ташрифин тезламайди ҳам.

Ўтиб кетар фарқсиз яхши-ёмонга,
Бир маром, бир зайл, бир хил, бир йўсин…
Йўқ, ўзим кетаман баҳор томонга,
Баҳор ҳам ўзини бир кўриб қўйсин!

(давоми бор)