Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бир бегуноҳни ўлдириб қўядилар…

Бир бегуноҳни ўлдириб қўядилар…
30 Kasım 2017 - 8:00 'да юкланди ва 669 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

4-қисм

Иморат пештоқига ўрнатилган чироқлар хоналар ичини ғира-шира ёритса-да, ҳовли ичини чароғон этиб юборганди. Шотирлар хоналаридан ишизловчиларга мўлжалланган учта хонани навбати билан узлуксиз кузатиб турардилар. Фаррош учун кеча билан кундузнинг фарқи йўқ эди, у тун-кун, тимирскиланар, қиладиган ишининг тайини бўлмаса ҳам, бир зум тинмасди. На кундузи, на кечаси унинг ёстиққа бош қўйганини биров кўрмаганди. Чарчаса, кароватида деворга орқа бериб, беш-ўн дақиқа мизғиб олиб, туриб кетаверарди. Ўзгаларни кўрганда бало-қазо каби ёприладиган хўроз, бу кампир кўринса, кабутар жўжаси сингари чуғурлаб, қанотларини силкитарди. Ҳеч қачон эътибор бермайдигандай кўринадиган кампир унга қайрилиб ҳам қарамасди. Винодан бўкиб ичиб, қайт қилгиси келганда, ҳамиша девор тагида турадиган сирланган тоғорчага қусарди, холос. Бу ҳолат ҳар куни икки-уч марта такрорланар, унинг орқасидан соядек эргашиб юрадиган хўроз эса тоғарчани ҳар сафар иштаҳа билан тозаларди. Муроди ҳосил бўлса, бир муддат кампирга қарамай қўярди. Хумори қўзимагунча уни танимасди. Ширакайф бўлгач, у ваҳшийлашар, занжирдаги итдек қутуриб, ҳунарлар кўрсатишга киришарди.

Унча-бунча ишлардан хабардор Қўзи оғанинг сўзларига қараганда, бу жойларнинг ҳақиқий эгаси Дуйсенбай деган кимса эди. У Чимкентдаги таниқли корчалонлардан бири бўлиши билан бир қаторда, узоқ йиллар депутатлик мандатини ҳам қўлдан бермай келаётганди. У кампирни атай бу ерга келтириб қўйганди. Қовоғини очмайдиган мана шу фаррош бир замонлар унинг касодга учраган бобосининг оёққа туришига сабаб бўлганди.

Бобоси Чимкентда ном чиқарган қиморбоз эди. Қиморда ютқазгач, у бор бисотидан айирилади. Хотини ва болалари кўчага ҳайдаганда, бозор ҳожатхонасини тозалайдиган Марусия исмли дайди жувон ёнига паноҳ истаб келади. Ўша Марусия фаррош кампир эканлигини бугун ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмайди. Хўрози чемпион бўлиб, Дуйсенбайнинг бобоси қўлига пул кирмагунича, унинг ёнида қолиб кетади.

Бобосининг ишларини жўнаштириб юборган хўроз кимнингдир сотишга олиб келган бир ҳафталик жўжаси бўлиб, бозорда тўрвадан тушиб қолганди. Бу жўжани топиб олган Марусия уни боқиб катта қилади. Бор дунёсидан айирилган Дуйсенбайнинг бобоси ўша кунларда ҳаддан зиёд ғам-андуҳга ботганди. Шунинг учун ҳали йигирмага ҳам кирмаган Марусия билан куну тун тўйиб ичар, аксар ҳолларда улар кўп ичганларидан ўз қусуғларига беланиб, ҳушларидан кетиб, ухлаб қолардилар. Уларнинг оғизларини пашша-чивинга ўхшаш ҳашаротлар босиб ётарди. Қаровсиз қолиб кетадиган жўжахўроз улар қайт қилган исқиртлар билан жон сақлашга мажбур бўларди. Уларнинг оғзи-бурнида ғужғон ўйнаётган ҳашаротларни териб ер эди.

Бобо бир гал хўрозлар жангига ҳали туллаги ниш урмаган хўрозни қўлтиқлаб бориб, бор бисотидан мосуво бўлганидан сўнг, орадан тўққиз ой ўтиб ғалабага эришади. Унинг “хашаки” дея ҳеч ким назарига илмаган бу хўрози унга бой берилган обрўсини тиклаб беради. Қўли мўмайгина пул кўради. У топганини фаррошга едириб-ичириб, уни тез-тез қусишга мажбурлайди. Тўйгунча сарқит еяётган хўроз дуркунлашади, кундан-кунга баджаҳл бўлиб, тажанглашади, вақти-соати етиб чемпионликни қўлга киритади.

Довруғи қулоқларга етгач, водийдан талабгор бўлиб келган қўқонликлар Дуйсенбайнинг бобосига катта пул ютқазиб, шармандаларча орқаларига қайтиб кетадилар. Шу-шу, мана мен деган хўрозбозларни Дуйсенбайнинг бобоси бирин-кетин синдиради, хўрознинг наслини кўпайтиради. Хўрознинг бир жангда икки кўзи оқиб ўлмасдан бурун, унинг номи тилларда достон бўлади. Барчасини Марусияни шарофатидан деб билган бобо фаррошни умр бўйи бошида кўтариб юради. Ўла-ўлгунча ундан қўл узмайди.

Орадан қирқ йил ўтиб бобо ўша хўрозни тушида кўради. Хўроз унинг икки кўзини чўқиб ташлайди, у кўр бўлиб уйғонади. Болаларига қайтиб хўроз уруштирмаслик хусусида панд-насиҳатлар бергач, ўзи ҳам ўлади. Кўрганлари ҳаддисини олган Дуйсенбайнинг отаси ўгитига амал қилмагач, бобонинг сўзлари барчанинг хотирасидан кўтарилади. Отасидан сўнгра бу ишни давом эттираётган Дуйсенбайга ҳам бу пеша омад олиб келади. Бобоси ўлганига йигирма йил ўтган бўлса ҳам, у Марусияни ўзидан узоқлаштирмайди. Шу касб орқасидан мол-давлат, эл ичида обрў-эътибор орттиради. Ҳаётда у ушбу хўроз туфайли ўрнини топади. Мансабга, депутатлик мартабасига эришади. Энг асосийси, “пешат”га эга бўлади. Фаррошнинг қусуғини у дуру жавоҳирларга айлантиради. Орқасидан маҳобатли салтанатини тиклайди.

 Дуйсенбайнинг хўрозбозлик ҳунари ёнига кейинги вақтларда расм бўлган итбозлик ҳам қўшилди. Итлари сабаб, Турон ҳудудларидаги давлатлар тугул, Русия, Украина, Бразилия ва Мексикада ҳам уни танимайдиган итбоз қолмади. Аммо барча мувафақиятларга у хўроз орқасидан эришди. Бобосини урушқоқ хўрозлари асли Тошкентнинг бабақ – даканг хўрозлари наслидан бўлиб, устаси фаранг Дуйсенбайнинг корчолонлиги туфайли бу насл Бразилия, Филиппин ва Қуриянинг урушқоқ хўрозлари билан чатиштирилди. Натижада янаям ушоқроқ, чидамли ва шиддат билан жанг қиладиган зотлар яралди. Кампирнинг саъй-ҳаракатлари уларни янаям ваҳший ва бетамиз бир махлуққа айлантирди.

Дуйсебайнинг хўрозлари билан даврага тушган хўрозлар, ўлмай туриб, жанг майдонини тарк эта олмайдилар. Омон қолганлари кўзидан ёхуд қанотларидан айириладилар. Бироқ унинг бошқа хўрозлари орасида ҳам яққол ажралиб турадиганлари бор эди. Шулардан бири ҳовлида гердайиб юрадиган Житириқ лақабли хўроз бўлиб, Дуйсенбайнинг бутун диққат-эътибори шу кунларда унга қаратилганди. У Житириқнинг тўкис ҳаёт кечириши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширарди. Шунинг учун кампирнинг каровати таги вино билан колбасадан аримайди. Дуйсенбай унинг тинмасдан еб-ичиб, тез-тез қусишини жон-дилидан истагани боис,  пулни аямайди. Кампир бетоб бўлса, у ҳам бетоб бўлади, унинг иштаҳаси бўғилса, Дуйсенбайнинг ҳам иштаҳаси бўғилади. Кампирнинг ўлиб қолиши мумкинлигини эсласа, бошига осмон ағдарилаётгандек туюлади.

Кампир ошхонадан чиқиб, девор тагига қўйилган тоғорачага бориб қусди. Хўроз ийиб, қанотларини палопонлар сингари силкитди, ғалати овоз чиқариб, ўз хуморини қондирадиган муддат келганини билдирди. Сўнгра сарқитни чўқалаб, лаққа-лаққа юта бошлади. Бу пайт Баҳром орқасини деворга суяб, ҳовлига эҳтиёжи туфайли чиққан одамларни тепиб чўқиётган хўрозни томоша қилиб ўтирарди. Уйқуси қочган Сангин билан Фирдавснинг ҳам икки кўзи ҳовлида эди. Баланд қурулган иморат ҳайбатидан осмон кўринмасди. Ҳожатга ёки ошхонага сув ичгани кириб-чиқадиган ишизловчиларга қутурган ит сингари ташланадиган хўроз сояси иморат деворларида филдан-да каттароқ кўланка пайдо қиларди. Мавҳумот ичра нафас олаётган ишизловчилар юрагида бу нарса ваҳима уйғотарди.

Қўшни ва қардош бир юртда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари бўлмаган бу бечоралар, аслида, ўзларининг сояларидан ҳам қўрқардилар. Билиб-билмай ножўя қадам боссалар, балоларга қолиб кетишларини яхши билганлари учун хўрознинг жонсиз кўланкаси ҳам уларга таҳдид нишонидек туюларди.

Бирор-бир ножўя қадам дегани аслида жиноятни англатмасди. Уларнинг ўзларини эмин-эркин тутишлари ҳам маҳаллий халқ учун кечирилмас қоидабузарлик эди. Қусуқ еб, кайфи тароқлигидан кўрганига ташланадиган битта хўрознинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларникига таққосланганда, жуда юксакда эди. Улар хўрознинг тепкилари ва уятсиз қилиқларига жаҳллари чиқиб туриб ҳам, кулги ва елкаларини қисиб қочиш билан жавоб берардилар. Шу кабиларни ўйлаётган Баҳром, ичидан хўрозга шеър тўқирди:

                            Совуқнинг заҳридан  вужудим карахт,
                            Пинжимга тиқилар жоним қуш мисол.
                            Жулдур чопон каби танимда йўқ тафт,
                            Деворлар ортидан кўринмас ҳилол.

                            Ҳовлида изғийди қора бир соя,
                            Дев каби кўланка кезар беаёв.
                            Бу шарпа ҳовлида йўқ эди боя,
                            Ярим тун кечганда бошланмоқда ов.

                            Арвоҳдек ғимирлар кампир тўсатдан,
                            Кўнглини беҳузур этганда ароқ.
                            Тўкилиб кетгудек бўлади бадан,
                            Қусуқдан бўғзига тиқилар чавоқ.

                            Кампирнинг оғзига тикилиб хўроз,
                            Битта оёғини кўтарар бир зум.
                            Биз шарпа атаган бетамиз шоввоз
                            Қусуқни донадек чўқиб қилар гум.

                            Хуморга ўрганган жиғилдон ҳар тун
                            Хўрозга осойиш бермайди асло.
                            Кампирдан хўрознинг умиди бутун,
                            Сарқитдан яхшироқ хўрак йўқ гўё.

                            Хўрозга дунёда шу важдан бўлак
                            Муқаддас нарсанинг ўзи йўқ бирор.
                            Нафсни деб тун бўйи бўлади ҳалак,
                            Ҳар сафар мастликдан топади қарор.

                             Азалда бўйнига юкланган бурчни
                            Унутган батамом – неча йил олдин.
                            Сарқитга қаратган у бутун кучни,
                            Унингсиз бир лаҳза ола билмас тин.

                            Одамларга теккан тубанлик,  пастлик
                            Эгасидан юққан унга ҳам чоғи.
                            Жонини олади энди бу мастлик,
                            Кўзларида ёнар ваҳшат сиёғи…

– Бу ҳаромхўрнинг росмона хўроз сингари вақти-соатида қичқирганини эшитмаганман, – деди Қўзи оға. – Илгариги хўроз ҳам худди шунга ўхшарди. Хумори тутса, кампирни кўрса ёхуд маст бўлганда, кетини узмасдан қичқиришни бошларди.

Шу пайт ҳожатхонадан чиққан бир аёлга хўроз тағин ташланиб қолди. Баҳром бу аёлни дарров таниди. У бошқа аёлларга нисбатан ўктам ва шаддод, тили бурро эди. Хиёл қизаринқираган юзларидан соғломлиги бўртиб тургани учун кўзга тез ташланарди. Дуркун қомати кўрганнинг кўзини ёқарди. У кеча Сангин билан Фирдавснинг суҳбатига бурнини тиққани учун ҳам, Баҳром уни яхши эслаб қолганди.

У қўлини ювишга чоғланганда, хўроз унинг елкасига сакраб чиқди. Рўмолидан чўқиб, товуқ каби босмоқчи бўлди. У қаддини ростлаб, қочмоқчи эди, депсиниб йиқилиб тушди. Боши деворга тегиб, бир нафас гангиб қолди. Бундан фойдаланган хўроз дарров унинг бошига тепиб, чўқилашга тушди. Ҳамияти қўзиган аёл ғазабга тўлиб, қон тўлган кўзларига ҳеч нима кўринмай қолди. Хўрознинг кекирдагидан ушлаб ўрнидан турди. Уни ўлимтик каби судраклаб, жони-жаҳди билан деворга урди. Бахшилло ҳаш-паш дегунча шотирлар хонаси деразасидан сакраб ҳовлига тушди. Аёлга мушт солиб йиқитди-да, дуч келган жойига аёвсиз тепкилай кетди. Шунда қандайдир бир ёввойи куч Баҳромни ҳам сапчишга мажбурлади. У ҳам шотир сингари хонадан оёқяланг отилиб чиқди. Бора-сола зўравоннинг чап ёқасидан ушлаб, ўзига тортиб, ўнг оёғи билан чап оёғи тўпиғига тепиб, уни силтаб отиб юборди.

Кейин “вой-вой”лаб ётган аёлни турғазиш учун энгашганди, оч биқинига еган тепки зарбидан гандираклаб кетиб, боши билан деворга урилди. Шу ондаёқ ўзини ўнглаб олиб, маймун каби ирғиб Бахшиллони  чотига тепди.

– Вуй-вуй, единг-ку, аблаҳ! – дея шотир ғужанак бўлиб қолди, икки қўли билан олдини чангаллаганча, лунжларини шишириб, бўйнини ичига тортди.

Қолган шотирлар уйғониб кетган, бу можородан хабар топгандилар. Улар уяси бузулган арилардек ғувлашиб ҳовлига отилдилар ва Баҳромни дўппослай кетдилар. Тепки остида қолган бечоранинг инграшга ҳоли келмасди.

– Бир бегуноҳни ўлдириб қўядилар. Қўйга ўхшаб қараб тураверасизларми?! – дея аёл жон ҳолатда қичқира бошлади.

Сангин ўрнидан туриб эшикка отилди, унинг ортидан Фирдавс эргашди.

– Қийзини с…ларинг боласи.., устихона етирди. Маразлигам эвиминанда! – дея Қўзи оғаники қўзиди.

Учта шериги унга жўр бўлди.

Ҳовлида қиёмат қўпди. Олтита ишизловчи саккиз шотирни ер тишлатди. Оёқлар остида қолган Баҳромни аёл амаллаб чеккага тортиб, юз-кўзидаги қонларни бошидаги рўмоли билан артди. У карахт бўлиб қолган, ҳеч нарсани сезмасди.

Шунда ҳовлига миршаблар бостириб кириб, ғимирлаган жон борки, шолтўқмоқлар билан савалаб, чўзилтириб ташладилар. Хўроз бир чеккада қанотларини кўтаролмасдан қақақлаб ётарди. Уни шошилинч равишда ветеринарга олиб кетдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар