Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекнинг бахти қора аёлларига ҳам шундай кунлар насиб қилиб қолар…

Ўзбекнинг бахти қора аёлларига ҳам шундай кунлар насиб қилиб қолар…
01 Aralık 2017 - 7:00 'да юкланди ва 660 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

5-қисм

Миршаблар шотирларни бош кўтарган ишизловчиларга қўшиб жазо камерасига тиқдилар. Бўйи тўрт, эни уч қулоч келадиган жазо камерасига шотирлар хонаси ичига ўрнатилган темир эшикдан кириларди. Орқасидан очилиб-ёпиладиган иккинчи темир эшик ҳовлининг нариги ёғига олиб чиқарди. Ичкари чироқ нуридан порлаб турарди. Оёқ остига кигиз ташланганди. Камера қорасвоқдан чиққан тўрт девор, шифт ва полдан иборат эди. Темир эшик кўксидаги туйнукни ҳисобга олмаганда, хонага бошқа тарафдан тоза ҳаво кирмасди. Бироқ эшик шотирлар хонасига очилгани учун иссиқ, захдан асар йўқ эди. Хонага зўрға сиққан ўн олти кимсадан бирининг қовоғи, бирининг бошқа жойи ёрилганди. Улар икки гуруҳга бўлиниб, бир-бирларини ёқтирмаётганликларини намойиш этишга тиришардилар.

– Нари тур, ўлаксахўр ит! – деди Тўрабика устида серрайиб турган Бахшиллога. У чўнқайиб олиб, Баҳромнинг қош-қовоғи ва бурнидан сизаётган қонга рўмолини босиб турганди. – Сурбетларча, нон еганингдан кўра п.. еганинг яхши эмасми? Бир кун Тожикистонга қайтиб борарсан, биров танимаса, биров таниб қолар. Охир оқибат ит ўлимида ўласан, турқинг қурсин, ҳароми. Қоққан қозиқдай устимда серраймай ҳар бало бўлгур. Даф бўл!..

– Сен жиннисан! – деди Бахшилло ҳам жаҳли чиққанини билдирмасликка тиришиб. – Фаҳм-фаросатинг бўлса, Житириқни урасанми? Худо кўрсатмасин, унга бир нима бўлса, катта хўжайин сени ҳам, мени ҳам бурда-бурда қилиб, гўштимизни итларига ташлатади.

– Мени урган қўлларинг синсин, ифлос, деразадан барчасини ўзинг кўриб тургандинг-ку. Қилиғи қурсин ўша хотинбозни, нима қилишим керак эди?!

– Қўйиб беришинг керак эди. Ишини битириб, атрофингдан бир айланарди-да, қанотларини патиллатиб қичқириб юборарди. Кейин сен ҳам ўрнингдан туриб, курк товуқдек силкиниб, патларингни тўзғитардинг-да, кетаверар эдинг. Бирор жойинг камайиб қолмасди.

– Юзинг қурсин, қозоқнинг итига дум бўлмай ўлиб кет! Яхши кўраркансан, хотинингни бостир, онангни бостир!

– Житириқнинг тагида беш қаричли бир нимаси бордай гапиради. Шошмай тур, фалон жойингга арматура тиқаман, яхшиликни билмаган қанжиқ!

– Вой-вой, менга нима яхшилик қилипдиларки, қилмаган ишларини пеш қилсалар. Ҳар сафар келганимда қоринларини тўйдириб қўйганим ҳисобига тузукроқ кўрпа-тўшак берган бўлсалар, бериптилар-да. Аммо сўкинмасдан, одамга ўхшаб гапир, ит. Арматурани қизингникига ур, қизингники қисқалик қилса, онангникига ур. Мени тепган оёқларинг илоё шол бўлсин, акашак бўлсин, эшитдингми?!

– Аясам, бошимга чиқасан бу жой торда, ҳозир мавриди эмаслигини билиб турипсанда. Шошмай тур, юзларини сийпалаётган шоғолинг билан иккалаларингни бошларингга итларни кунини соламан ҳали. Қандайдир бир эшакни силаб-сийпаб, менга бобиллайсан. У ким бўлипти ўзи? Уни шундай жавратайки, туғилган кунларига пушаймонлар есин. Менинг ёқамдан ушлайдиган кимса ҳали онасидан туғилмаган!

– Бор-бор, қўлингдан беш келмаса, ўн беш қил. Осмон қўлингда бўлса, ташлаб юбормайсанми? Сенга ҳам Худонинг боққан балоси бордир. Сатта оғизга олиб бўлмайдиган сўзларни оғзингга олиб, кўпам вайсайверма. Сатқайи сар кет. Йигит бўлмай ҳар бало бўлгур, пасткаш…

Баҳром икки орада кечаётган даҳанаки жангнинг лаби-лунжини озми-кўпми тушуниб турарди. Тожикчадан хабарсизлар нима бўлаётганига ҳайрон эдилар.

– Сен ҳали тожикистонликмисан, ноинсоф? – дея Сангин Бахшиллога сўз қотди. – Тожик бўла туриб, ҳеч бир айби йўқ тожиклар бошига шунчалар кўргуликларни соляпсанми?

– Ҳа, у тожикистонлик, тожик! – деди Бахшилло индамагач, аламзада Тўрабика. – Ёнидаги икки эшакмия мурдашўй унинг ҳамшаҳарлари, мана бу беш гўлоҳ ўзбекистонлик. Барчалари фаррошнинг сарқитига муккасидан кетган хўроз каби ҳаром еб ўрганган иблислар. Ишизловчиларни қон йиғлатипдиларми, топган-тутганлари ёмон кунларига ярасин, илоё, омин!

– Оғзингни ёп, қанжиқ! – дея Бахшиллонинг орқасидаги пакана шотир Тўрабикага кекирдагини чўзди. – Ҳозир бир уриб ўттиз икки тишингни қоқиб оламан!

– Ўзингни қўлга ол! – дея уни Бахшилло қучоқлаб олди. – Ҳозир мавриди эмас деётганимни тушунмаяпсанми? Барчаси тинчиб, миршаблар кетсин, бу урғочи иблисни олиб кетишмаса, қўл-оёғини синдириб, шу жойдан чиқмайдиган қилиб қўяман. Житириқ каби фаррошнинг исқиртидан тўймагунча, остона ҳатлаб кўчага чиқмайди!

– Вой, вой! Мени қўрқитяпсами, ҳали? – деган Тўрабиканинг гапи оғзида қолди.

– Ўпкангни бос, сен ким бўлипсанки, эрки қўлида бўлган инсонларнинг ҳуқуқларини поймол қиласан! – дея можорога Фирдавс аралашди. – Сен шерикларинг билан биргаликда бу қилмишларинг учун қонун олдида жавоб берасан ҳали. Бугундан бошлаб қамоққа томон ташланадиган ҳар бир қадаминг билан ўзим шуғулланишга сўз бераман!

– Қўлингдан келганини қил! – дея Бахшилло Фирдавсга яраланган тўнғиз мисоли тиш қайради. – Авваллам бор, ўзингни оқлаб, бу жойлардан чиқиб ол, кейин бир гап бўлар.

– Кўрамиз!

– Кўрамиз…

Икки йигит занжирдаги ит каби бир-бирига ўдағайларди. Кўринмас занжирнинг бир учи темир эшик орқасидаги миршаблар қўлида эди. Уларнинг зардали овозлари таҳдид солиб турмаганда, икковлари оч бўридек бир-бирларини ғажиб ташлашга тайёр эдилар.

Эшикни қия очиб ичкарига мўралаган кимса қисиқ кўзлари билан аллакимни қидирди.

– Бу ёққа чиқ! – деди Бахшиллога кўзи тушгач, русчалаб.

Бу шотирлар бошлиғи, собиқ қозоқ миршаби эди. Тўс-тўполонни бостирган миршаблар уни уйидан чақиртириб олгандилар. Орадан бир соатдан кўпроқ вақт ўтса ҳам ҳеч бир кимсани тергамаётганларининг боиси мана шунда эди. Бахшиллонинг чақирилиши можорога аралашган ишизловчиларнинг элакдан ўтказилишидан дарак берарди.

Бахшилло чиқиши билан миршаблар бошлиғи унга тарсаки тортиб юборди.

– Нима қиляпсан? Урма, бу ўзимизники! – деди шотирлар бошлиғи.

– Шишесини с… бу сартни, – деди у. – Таниб турипман, Жақиб. Яхши ишламаганидан сўнгра ураман-да. Ўрнига тузукроғини қўйсанг бўлмайдими?

– Шошмасанг-чи, Нурлибек, сўраб-суриштирайлик-чи, нима гап экан ўзи. Бахшилло сартлардан эмас, тожик.

– Оқ ит, қора ит, битта ит, ўзбек тожик бир гўр. Иккаласи ҳам сарт!

– Тинчликми? Нима гап? – дея Жақиб Бахшиллодан тўполон сабабини суриштирди.

У барчасини ипидан игнасигача айтиб берди.

– У қанжиқ қаерда ўзи? – дея Нурлибек Тўрабикани сўради.

– Ичкарида!

– Чақир-чи бу ёққа!

Тўрабика барчасини эшитиб турганди. Шунинг учун қонли рўмолни бошига ўраб чиқди.

– Тўмарис бўлмоқчимисан? Қув кўринасан, шишенгни с… сартни қанжиғи…

Миршаблар бошлиғи ўзбек тилида гапирди.

– Тўмарис ким ўзи, кўке? Анави фаррош кампирни айтяпсизми?

– Ҳэ, онангни… Қорнинг тўйиб, пишқириб қолдингми? Пишиқ-пухталик қиламан дея ўраб олган нарсасини қара!

– Рўмолдаги қонлар бунинг ўзиники эмас!

– Кимники бўлмаса, онангни с… сартни боласи?

Бахшилло гапириб хато қилганини англади.

– Ўзбекчада “онангни” деб сўкиш қулоққа ёмон тегаркан! – деди ётиб қолганча, отиб қол, қабилида иш тутган Тўрабика. – Командир, қозоқчалаб “шишанг”ни деб сўкаверинг, илтимос. Шунисига кўникканмиз.

– “Шиша” эмас, шеша! – деди миршаблар бошлиғи. – Бутилка билан онани фарқига бормайсанми? Зўрсан-ку. Қайсисини айтганда ҳам, онанг битта-ку!

– Пайғамбар ҳадисларида ўқиганим бор, кўке. Ким бировни онасини сўкса, ўз онасини сўккан бўлади. Бироқ ўзбекчада “онангни” дея сўкса, юракка қаттиқ ботаркан.

– Бўлипти, шешангни … сартни қизи. Рўмолингдаги қон кимники?

– Ҳа-а, энди-и бу бошқа гап, кўке. Қозоқчадагиси қулоғимни бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқиб кетади…

– Маҳмадоналик қилмасдан саволга жавоб бер. Сўралмаган нарсани гапирсанг, тилингни суғуриб оламан. Шешангни .., чечан чиқиб қолдинг-ку!

– Қон қусгур шотирлар бир бечорани қора қонига бўядилар, кўке. Рўмолимни ечиб, сиқсам, бир челак қон оқади!

– Кимни айтяпсан?

– Мени Бахшиллодан ҳимоя қиламан дея тепки тагида қолган кимсани айтяпман!

– Отаси от қўймаганми у ифлосга? Исмини айтиб гапир. Мен фолбин эмасман, учини чиқарсанг, буёғини улаб кетаверадиган. Давлат одамиман, тагимда курсим, қўлимда пешатим бор, касб-корим мендан ҳар бир нарсани аниқ ва лўнда ечишни тақазо этади.

– Тушундим, кўке. Аммо у кимсанинг исмини билмайман-да!

– Сени Бахшилло нима учун урди?

– Бир ҳароми хўрозни дея! – деб Тўрабика қонталаш ёноғини силади.

– Хўрозни нима қилдинг!

– Ҳеч нима қилмадим, хотинбоз ўлгурни ўзи шилқимлик қилди. Ўзимни ҳимоя қилдим.

– Қандай қилиб?

– Ундан қочгандим, бошим билан деворга урилиб йиқилдим. Бетовфиқ устимга чиқмоқчи бўлди, кекирдагидан ушлаб сиқдим, холос.

– Сиқмасанг нима қиларди?

– Сиқмаса, …ди! – дея бир миршаб луқма ташлади.

Қолганлар хохолаб кулиб юбордилар.

– Жим, жим! – деди сўзи бўлинган Нурлибек икки қўлини юқорига кўтариб.

– Нима қиларди, тегажоғлик қиларди! – деди Тўрабика бир нима демаса қутулмаслигини англаб.

– Тегажоқлик қилса, нима бўларди?

– Кейин… кейин ҳеч нима бўлмасди!

– Ҳеч нима бўлмаса, нима учун кекирдагидан ушлаб сиқасан, шишенгни .., сартнинг қанжиғи?

– Ёлғон гапиряпти. Бу аблаҳ хўрозни кекирдагидан омбурдек сиқиб, уни ўлимтик сингари деворга тоблаб-тоблаб урганларини айтмаяпти, командир!

– Мен сендан сўрамаяпман! – деди Бахшиллога бўғизланган буқа сингари бўкирган миршаблар бошлиғи. Сўнгра яна Тўрабикага кўзларини қадади. – Қани, жавоб бер-чи? Отинг Тўрабўками, Тўрабуқами, нима эди?

– Тўрабика!

– Нима бўлса бўлар, давом эт!

– Бор гап шу!

– Бор гап шу бўладиган бўлса, нима учун хўрозга қўл кўтардинг?

– Айтдим-ку, яна нима дейман?

– Сенинг нархинг қанча туради?

– Нархим… Қанақа нархим?

– Жақиб, бу шешангни … сартни нархи қанча туради?

– Беш юз доллар.

Остона ҳатлаб кирган ҳар бир ишизловчининг нархи ҳақиқатан беш юз доллар турарди. Жинси, ижтимоий келиб чиқиши, ҳунари бори-йўқлиги, қари-ёшлиги ёки куч-қуввати аҳамият касб этмасди. Сон муҳим эди. Буюртмачи нақд тўласа, уларнинг ичидан ўзига ёққанини сайлаб олиб чиқиб кетаверарди.

Гап нимадалигини англаган Тўрабиканинг хўрлиги келди. У ўзини бозорга солинган мол сингари ҳис қила бошлади.

– Хўрознинг нархи қанча туради?

– Адашмасам, ўттиз минг доллардан кам эмас! – Жақиб бу саволга ҳам дарров жавоб қайтарди.

– Бу пулга олтмишта сартнинг сара қизини сотиб олса бўларкан!

– Одам билан хўрозни тенг қилиб бўлмайди! – деди Тўрабика миршаблар бошлиғига. – Инсон деган ном ёнида бошқа нарсаларнинг сариқ чақача қиймати йўқ.

– Бўлмаса, нима учун хўрозга ташландинг? Уни емоқчи эдингми?

– Бу ҳаромхўрни чўчқа еса қутуриб ўлади. Сарқит еганимдан кўра очдан ўлганим яхши!

– Ҳаромхўр деётганинг хўрози баҳоси сенинг қийматингдан олтмиш ҳисса кўп эканлигини кўриб-билиб туриб, тағин нимлар деб валдираяпсан? Шешангни … сартнинг қизи!

– Ҳеч нимани кўриб-билиб турганим йўқ, кўке. Сизнинг олдингизда қадр-қимматим бўлмагани билан, юртимда, қариндош-уруғларим ёнида, етарлича қадр-қимматим бор. Кимлигингиздан қатъи назар, шаънимни ерга уришга ҳаққингиз йўқ. Мен ҳам онангиз, опа-сингилларингиз ва хотинингизга ўхшаган бир аёлман. Сизни қизингиздан кам жойим йўқ. Менинг ҳам сиз каби отам бор эди, мени ҳам сизни туққан аёлга ўхшаш бир аёл туққан. Арзимаган ҳаракатим билан ўзимни ҳимоя қилишга уриниб, бирор жиноятга қўл урган бўлсам, бутун Қозоғистондаги аёллар судланмасдан қамалишлари зарур бўлади…

Тўрабиканинг шашти баландлигини кўрган Нурлибек гавдасини кўтариб, курси суянчиғига орқа берди. Унинг ўрнида ҳақ гапга тоқат қилолмайдиган ўзбек миршаблари бўлганларида, аёлни аёвсиз калтаклар, номусини ерга қориб, жосусдан олиб жосусга солардилар. Қозоқ миршаблари қанчалар қўпол бўлмасинлар, гапирган гапини билиб гапирган кимса билан қонунлар доирасида муомала қилишга ҳамиша ўзларида куч топа олардилар. Кексалар билан аёлларни таҳқирлашдан иложи борича ўзларини тиярдилар.

– Мендан нима учун хафа бўляпсан? – деди у. – Айтаётганинг каби юртингда – қариндош-уруғларинг ёнида қадр-қимматинг бўлса, қаҳратон қишнинг қақшатгич совуғида бу жойларда нима қилиб юрипсан? Тузуккина, сулувгина бир аёл экансан. Эрингнинг қучоғида мазза қилиб ётмайсанми? Болаларинг бордир, уй-рўзғоринг бордир, ахир?

–  Кўнгилхушлик учун олти йилдан буён бу жойларда дарбадар бўлиб юрганим йўқ. Юртимда тирикчилигимни таъминлайдиган бирор иш топганимда, қандай яшашни ўзим билардим. Ўз уйинг, ўлган тўшагинг, деган гап бор. Ўзбекнинг бахти қора аёлларига ҳам шундай кунлар насиб қилиб қолар…

– Биламан, ҳолинг келганда, хоҳласанг кўнгилхушликни ўша ёқларда ҳам қилаверардинг. Тузук эр йўқ, эркак йўқ…

 Тўрабика бошини қуйи солди.

– Бор, бунинг кўчларини йиғиштириб кел! – деди шунда миршаблар бошлиғи Бахшиллога.

Бу сўзлар Тўрабиканинг Қозоғистондан бадарға қилинишини билдирарди.

– Командир кўке, илтимос, бундай қилманг! – деди у. – Уйимни гаровга қўйиб, фоизга пул олиб келгандим. Қуруқ қўл билан қайтсам, уйимдан айриламан. Вояга етмаган битта қизим бор, эрим билан ажрашганман.

– Қизингни кимга ташлаб келдинг?

– Онам қараб қолди, кўке.

– Ичкарига кир!

Тўрабиканинг ялиниб-ёлворишларига Нурлибек қулоқ солмади.

– Буларнинг қайси бирига раҳм-шафқат қилиш мумкин! – деди у. – Иш излаб, санғиб юрган сартлар сони сувараклар сонидан ҳам ошиб кетди.

– У ўзбек эмас! – деди Тўрабикани йўлсумкасини кўтариб кирган Бахшилло.

– Ким бўлмаса?

– Тожик!

– Тожик? Паспортини бер-чи!

Бахшилло халтани титиб, паспортлар ичидан Тўрабиканинг паспортини олди.

– Ўзбекистон фуқароси-ку! – деди Нурлибек уни варақлагач.

– Миллати тожик-да! – деди яна Бахшилло.

– Каллангнинг гўштига … ўзбекми, тожикми ёки қозоқми, нима фарқи бор? У Ўзбекистон фуқароси!

– Шишенгни … боласи, сўраса гапир, сўрамаса қисиб ўтирсанг-чи! – деди шунда Жақиб Бахшиллога  бўғилиб. – Жонга ҳам тегдинг!

– Бу шишенгни … боласини йўқот, семизликни кўтара олмайдиган бўлиб қолипти! – деди унга миршаблар бошлиғи ёвқараш қилиб:

– Менга нега бундай қарайсан?! Арпангни хом ўрдимми? – дея Жақиб уни шартакилик билан узиб олди.

– Жинни-пинни эмасмисан?! Қарасам нима бўлипти? Бирор-бир жойингни тешиб қўймадимми, бовурим?

– Бундай қараганингдан кўра тешганинг дуруст бўларди…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар