Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Висол

Висол
01 Aralık 2017 - 9:00 'да юкланди ва 241 марта ўқилди.

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

 

ВИСОЛ

Кўзларимда чақнаб жуфт бардош
Чек қўйди ғамларнинг барига.
Оғир эди ҳижрон деган тош —
Чўктирдим ўтмишнинг қаърига.

Борлиғимни васлинг ёқаркан,
Унут бўлди ўкинч, нолалар,
Ёдимда йўқ, нега оқарган
Менинг бошимдаги толалар.

Шаҳзодага теккан алвасти
Изтиробим, бас-э, талтайди.
Ишонмайман мен унга асти,
У ёсуман ёмон алдайди.

Уқубатлар — ғурбат сипоҳи,
Қилаётир бир-бир жон таслим.
Салом, менинг хазонрез чоғи
Ғолиб келган ям-яшил фаслим.

Не фаслсан, қомати шамшод,
Ипак сочи тарам ва тарам.
Энди чексам чекаман ғам шод,
Севги деган бир дардга қарам.

Юрагингда жон қушим тутқун,
Бу қафасдан кетмайман ҳеч ҳам.
Сен ҳақда кўп бийрондир нутқим,
Жимлигим ҳам сен ҳакда чечан.

Мен учун сен жон билан тенгсан,
Менга сиғмас кулфатнинг ҳадди.
Мени кимки, нимаки енгса
Сендан жудо қилиб енгади.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар