Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тасодиф – воқеалар йўналишини издан чиқарди…

Тасодиф – воқеалар йўналишини издан чиқарди…
02 Aralık 2017 - 7:00 'да юкланди ва 596 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

6-қисм

Тўртинчи боб

Миршаблар бошлиғининг Тўрабикага кўрсатган қўштирноқ ичидаги олижаноблиги Жақибга ёқмади. Житириқ шу тобда ветеринария шифохонасида эди. Унга бирор кор-ҳол бўлса, барчаси юқори маҳкамалар олдида бош очиб жавоб берарди. Ўлиб-нетиб, кўнгилсизлик юз берса, Дуйсенбай қотил аёлга қўшиб уларни ҳам йўқоттириб юбормаса, ҳовури босилмасди. Нурлибек ишсизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга мослаштирилган фирма номи билан иш кўрадиган, асли  “Мардикор бозори” бўлмиш “Одам овловчилар макони”га махсус бириктирилганди. У тушумга ўзидан юқори турган мансабдорлар каби кўз тиккан домангирлардан эди. Бу ишлардан хабардор Жақибга шу боис унинг ўзини тутиши ғалати туюларди. Йилида бир-икки марта содир бўлиши мумкин бўлган ўзбошимчаликни у шафқатсизларча бостирмаса, ишизловчиларнинг ўзларини эмин-эркин тутишлари муаммолар келтириб чиқариши мумкин эди. Ёмони, суиқасд сабаби аниқланиб, жиноятчилар жазоланмаса, ишизловчилар наздида мардикор бозорининг мавқейига путур етар, уларнинг оғзидаги ошни бошқа бир учар илиб кетиши эҳтимоли бор эди. Қозоғистонда Ўзбекистондаги сингари жиноий корчалонлик ҳукумат бошида ўтирганларнинг яширин имоси билан монополия қилинмасди. Эплаган муттаҳам қозоқ бўлса, ишни узилган жойидан улаб кетишга ўзини ҳақли ҳисобларди.

…Тасодиф – воқеалар йўналишини издан чиқарди. Миршаблар бошлиғи Ўзбекистоннинг Газли шаҳарчасидан экани вазият оқимини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди. У бундан ўн йиллар илгари оиласи билан Қозоғистонга кўчиб келганди. Қизил қонига бўялган жиноятчини камерадан олиб чиққанларида, миршаблар бошлиғи унга узоқ термулди. Хонага чўккан сукунат юракларни, шиша идишга тушган суваракни ҳавосизлик сиққандай, сиқиб қўйганди. Барча қаноти қийилган қушдек, елка қисиб турган муштумзўрнинг таъзирини ейишини кутарди. Ҳар замон бир-бир ҳиқиллаётган Тўрабикани айтмаганда, барча юрак ҳовучлаб, миршаблар бошлиғи Нурлибекни оғзини пойларди. Бу ҳолат Тўрабикани ҳам ҳушёр торттирди, чоғи, у қонли рўмолини учини тишлаб, камера эшигига қулоқ тутди.

– Сен Бухоронинг Қоракўлидан эмасмисан мабодо? – дея сўради ниҳоят ундан кўз узмаган миршаблар бошлиғи.

– Қоракўлдан! – деди юзи-кўзи дўмбирадай шишган Баҳром.

– Раҳматлик Тўймурод Қурбонни танийсанми?

– Амаким бўлади!

– Ҳамрохон Қурбоннинг ўғлимисан?

– Ҳа!

– Ўхшаб турипсан! Мени танимадингми?

– Йўқ!

– Мен Маҳмуд хўжанинг невараси, Юсупбек хўжанинг ўғлиман!

…!

Баҳром  Маҳмуд хўжани эшитган бўлса ҳам, бобосининг яқин дўсти бўлган у кимсани билмас, Маҳмуд хўжа у туғилмасдан бурун вафот этиб кетганди. Юсуфбек хўжани эса яхши танирди. Бу авлод билан Баҳромларнинг икки юз йилдан ортиқ дўст-биродарлиги, борди-келдиси бор эди. Қоракўлдаги чорвадор қозоқлар билан ўзбеклар узоқ ўтмишдан бақамти елкама-елка яшаб келардилар. Кўп йиллик ишончли алоқалар уларнинг бир-бирларига бўлган қон-қардошлик муносабатларни юқори мезонларга олиб чиққанди. Ҳар икки томон узоқ йиллар асносида, ҳаётнинг машаққатли дамларида ҳам, яхши кунларида ҳам бир-бирларига суянар, бир-бирларини қўллаб-қувватлардилар. Газли шаҳарчасидан газ топилиб, қозоқлар Қоракўлдан кўчиб кетганларидан кейин ҳам уларнинг алоқалари узилмаганди.

Баҳромнинг бобоси қатағонга учраб, 1936 йилда Москвада ўлиб кетганда ҳам, қозоқлар уларнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб тургандилар. Халқ душманининг оиласи дея маҳалла-кўй улардан қўл узганда ҳам, қозоқлар чекинмаган, бобосининг яхшиликлари ва кези келганда берган моддий ёрдамларидан улар кўз юммаган эдилар. Шунинг учун отасидан ўн ёшида етим қолган амакисини улар уйларига олиб кетиб тарбиялаб, кейинчалик институтда ўқитгандилар. Онасининг қўлида қирқ кунлик қолган отасига ҳам улар ҳаёт сўқмоқларида тентираб юрмаслиги учун кўп кўмак бергандилар. Қолдибоев ўғли каби ортидан эргаштириб юриб, уни ўрта мактабда ўқитганди. Институтга киргач, бошқалари қўллаб-қўлтиқлаб тургандилар.

Баҳром Нурлибекни жуда яхши танирди. Нурлибек ва унинг икки опасини отаси ҳар йил ёзги таътилда Баҳромларникига олиб келарди. Улар ойлаб қишлоқда қолиб кетардилар. Табиатан самимий Нурлибек билан Баҳром болаликда қалин дўст эди.

Баҳром уни дарров танимаганига ҳайрон қолди.

– Танидим! – деди у бирпасдан кейин ўзига келиб. – Сен эканлигинг хаёлимга ҳам келмапти!

– Адашмасам, сўнгги марта 1976 йилда учрашгандик. Шунга ҳам ўттиз йилдан ошипти! – деди бутунлай бошқа кимсага айланган Нурлибек.

У бир пишқириб, тинган асов дарёга ўхшарди. Уни биров бояги Тўрабикани бўралатиб сўкаётган кимса деб ўйламасди. Баҳром ҳам ёшлигида ўта юввош бўлган бу одамнинг оғзидан боди кириб-шоди чиқадиган бўлиб қолганига ҳайрон эди.

Хуллас, Житириқ тузалгунча Тўрабика унга қараб турадиган бўлди. Сангин билан Фирдавсни Тожикистондан чақириб олган кимсалар келиб, икки минг долларга сотиб олиб кетдилар. Қўзи оға ва ёнидаги йигитларни содир этган тартиббузарликлари учун икки баробар нархга сотиб оладиган мард топилмагач, уларни икки ой шу жойда қолиб, супур-сидир билан шуғулланишга маҳкум эттилар. Шотирлар бошлиғи ёрдамчиси Бахшиллони Марусияга хизматкорликка тайинлаб, ўрнига бошқа бировни қўйдилар.

– Жигарим, сени уйга олиб кетаман! – деди Баҳромга Нурлибек. – Кўчада ишлаб топадиган пулингни мен бераман. Отам билан онам сени кўриб хурсанд бўладилар.

– Боролмайман! – деди Баҳром. – Мени деб анави аёл қанча калтак еди, ҳақоратлар эшитиб, азоб тортди. Унинг битта ўзини ташлаб қочиш инсофдан эмас.

– У сен туфайли бадарға бўлишдан қутулиб қолди. Қамалиши ҳам мумкин эди! – деди Баҳромнинг сўзларини эшитиб қулоқларигача қизарган Нурлибек. – Уни бўри ейдими, Житириқ тузалгач, қўйиб юборадилар.

– Житириқ тузалмаса-чи? Ўлиб қолса нима бўлади?

– Унисини билмадим! Мен қўлимдан келганини қилдим!

Баҳром гапида туриб олгач, Нурлибек Дуйсенбайнинг одамлари билан гаплашиб, уни Тўрабикага қўшиб қўйди.

Бутун машмаша шу билан якун топди. Барчаси оддий эди. Ўзбекистондаги сингари воқеалар тизимини чалкаштиришдан манфаатдор қатламлар Қозоғистонда йўқ эди. Соғлом ақлга сиғмайдиган нариги соҳилдаги ҳийла-найранглар бу соҳилдагиларнинг етти ухлаб тушларига ҳам кирмасди. Кимдир уларни шундай қилишга мажбурлаганда ҳам, улар бу каби пасткашликлар содир этишга қодир эмасдилар. Бу соҳил раҳбари фитна ва фужурнинг жуда кўп усулларини ўзлаштирган эса-да, Ўзбекистондаги каби ҳизбут таҳрир, ваҳҳобий, террорист дея вазиятни мураккаблаштириш – жиноятдан ҳам кўра кўпроқ шармандалик эканлигини яхши англарди…

Баҳром билан Тўрабикани ортган миршаблар машинаси уларни Дуйсенбайнинг оламга машҳур итлари ва хўрозлари боқиладиган “Дуйсенитон” дея аталадиган амлокига олиб бориб ташлади. Баланд деворли бу жой ҳудуди ўн гектардан кам эмасди. Ҳовлида хўрозлар ва итлардан ташқари тўртта от, битта сигир ва учта буқа бор эди. Бостирма остида бўрдоқига боқилаётган қўйларни сони ҳам юзтадан кам эмасди. Панжарасига олтин суви югуртирилган ҳар битта катакда биттадан, жами ўттиз иккита ит бор эди. Шундан йигирма учтаси арлон бўлиб, қолган тўққизтаси зот берадиган қанжиқлардан иборат эди. Қирққа яқин жангари хўроз ҳам алоҳида-алоҳида жойлаштирилган олтин суви югуртирилган катакларда учтадан товуқ билан қамаб боқиларди. Росмана ҳайвонот боғига ўхшаб кетадиган бу жой дид билан тикланган бўлиб, чиннидек тозалигидан ёғ тушса ялагудек эди.

Оёқ остига Қазғондан келтирилган тоза мармар ётқизилиб, йўлакларнинг икки чеккаси пастаккина мис панжара билан иҳоталанганди. Бутун катакларни иссиқ-совуқдан асрайдиган баланд айвон пештоқи нақшинкор кунгуралар билан безатилиб, шифтида беданалар солинган тўрқовоқлар осилиб турарди.

Ҳар битта ит ёки хўроз тиқилган катак бурчагида кичик иссиқхона бўлиб, уларга тувакларда хонаки гуллар қўйилганди. Ҳар битта иссиқхона ичига жойлаштирилган аквариумларда турли-туман балиқлар сузиб юрарди.

Отлар ва буқалар каби қўйларнинг охурлари никелланган материалдан ясалган, итларга сирланган тоза тоғораларда овқат бериларди. Хўрозлар билан товуқлар соф хитойи чинни товоқларда дон еб, пахта гуллик Тошкент косаларидан сув ичардилар. Ҳайвонлар еб-ичадиган идиш-товоқларни ва охурларни хизматкорлар ҳар куни уч марта кир ювиш воситалари билан тозалаб ювиб, қуруқ дока билан ишқаб артардилар.

Бу ишларга эҳтиёж бўлмаса ҳам, Дуйсенбай ўзининг куч-қудрати ва бойлигини намойиш этиш учун шу усулни қўлларди. Дарвозадан кираверишдаги хизматкорлар яшайдиган кулбалардан ташқари, ҳовлининг охирида икки қават қилиб кўтарилган маҳобатли яна бир кошона бўларди. Бу қора мармардан тикланган кошонанинг номи Қорасарой эканлигини бутун дунё беш бармоғидай биларди.

Унда уч йилдан буён чемпионликни бой бермай келаётган Тайсин лақабли ола ит яшарди. Тайсин бир вақтнинг ўзида Дуйсенистон бош боқони лавозимида ҳам фаолият олиб борарди. Ҳар қандай ит чемпионликни қўлга киритгач, Дуйсенбай уни сотиб олмаса, қўймасди. Янги чемпион Қорасаройга кириб жойлашган онларидан, ўз-ўзидан Дуйсенбайнинг ўнг қўлига айланарди. Иморатнинг ертўласи бош боқоннинг еб-ичиб, чўмилишига мўлжалланганди. Бу ерда ошхона, емакхона ва учта музлаткич бор эди.

Музлаткичлар сут-қаймоқ, мол гўшти, товуқ гўшти, тухум, балиқ ва увилдириқларга тўла эди. Тайсин айниқса қазини суйиб егани учун қази-қартага кўпроқ жой ажратилганди. Яна ертўлада анчайин катта ҳовза бўлиб, унга туташ туркча ва русча ҳаммомларни ёнма-ён жойлаштиргандилар. Биринчи қават – бош боқонннинг машғулотлардан бўш вақтини кўнгилли ўтказишига, кези келганда, ҳордиқ чиқариб, мириқиб ухлашига мўлжалланганди. Бир неча ётоқхонаси бўлган биринчи қаватнинг тенг ярмисини жуда ҳам кенг-мўл бўлган долон эгалларди. Долоннинг тўрдаги деворига юпқа экранли, ёзув тахтасидай келадиган катта телевизор илинганди. У бўш қолди дегунча телевизорда ўзининг ашаддий рақибларининг жангларини томоша этарди. Уларнинг ожиз қирраларини ўрганиб, навбатдаги жангларга руҳий тайёргарлигини оширарди.

Кайфияти зўр бўлса, опа-сингил – Батангул билан Сатангулни қўлтиқлаб, у италянча чарм ғилофли Юнонистон ёнғоғидан ясалган юмшоқ мебелларда ястаниб, ўзининг жангларини томоша қилишни суярди. Опа-сингиллар Дуйсенбайнинг энг қадрли қанжиқлари сирасига кирардилар. Улар ҳуда-беҳудага ҳиринглаб, Тайсинни бир-биридан рашк этиб, дум булғаб, ҳар дақиқа қовушишга зўр берардилар.

Бош боқонни мудроқ босса, аччиқ-аччиқ қаҳва ичиб ҳушёр тортар, қони жўш уриб кетса, думини диккайтириб, вовуллаб, опа-сингиларнинг опасини ётоқхонасига олиб кирарди. Унга қонмаса, талвасага тушиб, ҳуриб, синглини нариги ётоқхонага бошларди. Рашк ўтида куйиб, шуни кутиб зўрға чидаб ўтирган сингил думини кетига қисиб, эшикдан лип этиб хонага кириб кетганини ўзи сезмасдан қоларди. Пишқириб кетса, опа-сингилларни бир хонага қамаб, бир йўла иккисига хуруж этарди. Бош боқоннинг баъзан хумори тарқамай, ҳафталаб ётоқхонасида қолиб кетадиган пайтлари бўларди. Тўстувак кўтарган фаррошнинг хонама-хона юравериб силласи қурирди. Долондаги гулларни парваришлаб, акварумдаги балиқларга хўрак ташлайдиган Марҳабо, Тайсин ойилмагунча, шеригининг ёнидан бир қадам ҳам жилмасди.

Ҳар кун эрталаб саломга келадиган Дуйсенбай, эшик олдида тўстувак кўтариб турган фаррошга кўзи тушса, қўл силтаб ортига қайтиб кетарди. Бу ҳолни кўравериб кўзи пишган Дуйсенбай бош боқоннинг нима билан машғуллигини кўрмасдан туриб ҳам дарров англарди. Қизиғи, шундай маҳобатли кошонанинг ҳожатхонаси йўқ эди. Тайсиннинг ва қанжиқларнинг кетига тўстувак тутиб, қоғозсочиқ билан юқини артиб қўядиган фаррош шунинг учун ҳам ичида Дуйсенбайни ёзғиришдан тийилмасди.

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея тинмасдан жаврайдиган бу аёлдан кимдир:

– Нечата боланг бор? – дея сўраса, у:

– Айтсам, баракаси учади, – дея ҳеч қачон болалари сонини ўла қолса, айтмасди.

– Бир этак дейсан. Эринг этагингнинг тагидан чиқмас экан-да? – дейишса:

– Гўрсўхта эрим этагимнинг тагида ётиб бир этак бола ясаганда. Ётмаганда, бир этак болани ким ясарди? – дерди у.

Аммо, у учта итнинг орқасини супириб-сидираётгани учун мояна олаётганини, Ўзбекистондаги бир этак болалари ва эрини шу пуллар эвазига боқаётганини инобатга олмасди. Ичкарида ҳожатхона қурилиб ишсиз қолиб кетишига фаҳми етганда, у Дуйсенбай қолиб, ўзини ёзғирарди.

Долон деворининг бир томонини фил суяги билан безатилган ойнакли сервант банд этган бўлиб, уни тўлиғича Тайсиннинг тарихи билан боғлиқ ашё-далиллар эгаллаган эди. Бу бразилча сервантнинг энг юқори токчасида Тайсиннинг катта бобоси Оққушнинг олти ойлик чақалоқнинг жуссасидек келадиган соф олтиндан қуйилган ҳайкалчаси виқор тўкиб турарди. Унинг ёнида яна бир бобоси Туҳматнинг, ундан кейин отаси Оқтошнинг кумушдан қуйилган бюсти бор эди. Пастки токчани унинг чоғалигида Кўрқоплон билан тушган фотосуратлари банд этганди. Шу каби токчадаги онаси Марлонинг холаси ва тоғалари билан тушган ноёб суратлари кўзни қамаштирарди. Марло бемисл гўзал қанжиқ бўлиб, унинг Ҳолливудда юлдузликда кечган йилларидаги атоқли рассомлар томонидан чизилган картиналари жуда ҳам қимматбаҳо турарди. Мумбайдаги ким ошти савдосида уларнинг ҳар бирини Дуйсенбай бир юз йигирма беш минг доллардан сотиб олганди. Яна унинг ўша йиллардаги лаб бўёқлари, тароғи, тирноқолгичи, ялоғи ва тўстуваги ҳам диққатга сазовор эди. Қимматбаҳо тошлар қадалган иккита сийнабанди билан куя илматешик қилган битта ичкиси, айтишларича, йўқолиб кетаётган тур сифатида Қизил китобга киритилганди.

Дуйсенбай мана шу каби бир талай буюмларни жаҳон музейларида намойиш қилиб, ақл бовар қилмас маблағлар ишлаб топарди. Айниқса, Тайсиннинг бир ҳафталигида кесилган қулоқлари билан думи, катта бобоси Туҳматнинг бўйинбоғи билан таглиги одамларда катта қизиқиш орттирарди. Дуйсенбайни мол-дунёга, шон-шуҳратга чулғаган юқоридаги каби омиллар қарашсизликнинг[1] чексиз имкониятлари туфайли эди. Шунинг учун ҳам ота-боболари Туркманистондан бўлган Тайсин ўзининг ижтимоий келиб чиқишидан фахрланарди.

Унинг ички туйғуларини яхши англайдиган Дуйсенбай ҳам унинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиш мақсадида, Туркманбошининг уч томлик “Руҳнома” китобини минг машаққатлар билан Ашқабоддан келтиртиргач, тўртбурчак ойнакка солдириб, долоннинг шифтига остириб қўйганди. Тайсиннинг юраги завқ-шавққа тўлиб, ғайрати ичига сиғмай қолган кезларда шифтга осилган китобларга қараб ўпкасини босиб оларди. Учинчи қават жисмоний машғулотларга мўлжалланганди. Саксон фоизи ойнакдан иборат яхлит катта бир долонда Тайсиннинг жисмоний чиниқиши учун барча шароит муҳайё эди. Энг сўнгги модада ишлаб чиқарилган компютерлаштирилган чиниқтириш асбоб-ускуналари ва иккита чет эллик мураббий Тайсиннинг беминнат хизматида эди. Елкасига оппоқ сочиқ ташлаб олган Тайсин ойнакдан бутун шаҳарга, олис-олислардаги тоғларга термулиб, ҳар куни тонгдан пешингача чиниқиш машғулотларини ўтказарди. Сўнгра ертўлага тушиб, ҳовзада мириқиб чўмиларди. Туркча ҳаммомдаги чинни кафеллардан терилган супа устида чўзилиб, кўзини юмиб, хаёллар оғушига ғарқ бўларди. Унинг белгиялик бўлган икки мураббийсининг бири белгача уқалашнинг устаси бўлса, марокашлик бўлган иккинчиси белдан энсасигача уқалашнинг ҳаддини олганди. Елкасидан тепа қисми билан Париждаги бутунжаҳон “Каллапазлар” конкурси мусобақасида олий ўринни эгаллаган Шўлпаной Авакян шуғулланарди. У Тайсиннни ҳар куни қўғирчоқдай безаб, кўзларига сурма тортарди. Қошларини ўсма билан бежаб, қулоқ-бурунларидаги мўйларни терар, оқара бошлаган сочларини хинога бўяб, охирида жимитдаги икки юз доллар турадиган шампун билан ювиб, артиб, уни адёлга ўраб қўярди.

Ханжар тишларини гўшт қолдиқларидан битта-битта тозалаб, уларни ўзининг Вашингтондан олиб келган мисвоги билан оқармагунча ювишдан чарчамасди. Бўшашган Тайсин хуррак отиб ухлаб қоларди. У кўзларини очганда, тепасида белига пушти гулли фартук боғлаб ўзининг уйғонишини кутиб турган ошпазни кўрарди. Унинг орқасида тўстувак ушлаган фаррош бўларди. Тайсин стол бўйига эринчаклик билан келиб ўтираркан, аввалида керишиб, кейин чуқур ҳомуза тортарди.

Қоғозсочиқ ушлаб турган фаррош унинг кўзларидан тирқираб чиққан кўз ёшларини артгач, у арман конягидан бир рюмка отиб, бирпас дамини ичига ютарди-да, уфлаб юбориб, Украинадан атайлаб келтирилган олий навли шоколаддан газак этарди. Столнинг усти бутунлигича пиширилган курка, ғоз, ўрдак, товуқ, қуён ва чўчқа боласига ўхшаш турли хил пишириқлар билан лиқ тўла эди.

Тириклигича пиширилган эшак махсус ойнакли музлатгичга тиқилган бўлиб, у тишларини кўрсатиб, кўзларини лўк этганча қотиб қолганди. Хил-хил ширинликлар, хитойи чинни косаларга солинган сут ва қаймоққа ўхшаган нарсаларни айтмаса ҳам бўларди. Столнинг қоқ ўртасига ўрнатилган катта вазадаги минг турли ҳўл меваларни Тайсин бир чақага олмасди. Кези келганда креслода ёнбошлаб, писта-бодом каби қуруқ меваларни эрмак қилишни суярди.

У бугун ҳам жўжа гўштидан пиширилган қайноқ  шўрвадан туз тотмади. Иккинчи рюмкани кўтаргач, қазини паққос тушира бошлади. Қўпол қилиб айтганда, у қази еб, қази чичарди. Ухлагани ётганда ҳам устидан қора халат тушмайдиган фаррош, у кавшаниб турганда ҳам орқасига тўстувак тутиб, кетини қоғозсочиқ билан артиб юраверарди.

Бечора фаррош ҳовлига фақат ҳожат учун чиқарди. Йўқса ўзбекистонлик икки эшикбеги уни эшик олдига яқинлаштирмасди. У остона ҳатлаб эшикдан чиқиши билан ҳовлидаги бутун итлар ўзлари қамалиб ётган катакнинг панжарасига тикланиб, жон олиб, жон бериб ҳуришга тушардилар. Тайсиндан ортган сарқит билан боқиладиган бу итларнинг бурунлари қази ҳидини олгач, руҳиятларида исён турарди.

Тайсин нуқул қази-қарта ейди, нима учун бизга мумкин эмас, деган савол уларга кеча-кундуз тинчлик бермасди. Мабодо уларнинг бирор-биттаси панжарани бузиб чиқса борми, бўйи-бастидан қази-қарта гупираётган фаррошни тирик тутиб ерди. Шунинг учун ҳам фаррош жони бўғзига келмагунча шамоллашга чиқмасди.

Қўриқчиларнинг кўзларини шамғалат этиб, “кичиги”ни бош боқонннинг тўстувагига қўйвориб юраверарди. Тўстувакни ҳар соатда эшикбегиларнинг ўзлари навбати билан олиб чиқиб, итларга кепак қайнаётган қозонга тўкардилар. Урушда ғалаба қозонмаган ёхуд нархи чиқмаган итга Дуйсенбан бундан ортиқ нарса бермасди.

Дуйсенбайнинг шаҳарда бир нечта қовоқхоналари бўлиб, Тайсиннинг дастурхони ҳам мазкур жойларда пиширилган озиқ-овқатлар ва ноз-неъматлар билан тўлдириларди.  Тайсин ва қанжиқлардан ортган емаклар кечқурун келган жойига қайтариб олиб кетиларди.

[1]Қарашсиз – мустақил.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар