Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Оналаримиз – Расулуллоҳнинг хотинлари

Оналаримиз – Расулуллоҳнинг хотинлари
03 Aralık 2017 - 7:00 'да юкланди ва 378 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 243

(давоми)

ОНАЛАРИМИЗ – РАСУЛУЛЛОҲНИНГ ХОТИНЛАРИ

Шуни албатта билмак керакким, бир ишни танқид қилган киши ул ишнинг қайси замонда бўлганлигини билиб, ўшал давр аҳлларининг расм-одатларича тушуниш лозимдур. Агар шу нарсаларга яхши тушунмас эрса, бу ҳақда айтган танқидий сўзларининг хато бўлиши шубҳасиздур.

Оврупа ёзувчиларининг ўктачилари (танқидчилари) Расулуллоҳни кўп хотин олган, хотинпараст киши эди, деб камситмоқчи бўладилар.

Ҳолбуки, Расулуллоҳнинг бу ишлари эрса шариатдан ёки ўшал замон расм-одатларидан ташқари эмас эди. Балки бунда ақлга тўғри кўп ҳикматлик ишлар бор эди.

Расулуллоҳнинг Ҳазрати Оишадан бошқа қиз хотин олмаганлари ҳаммага маълумдир. Булар ичида тўрт-беш болалик Умму Салама каби тул хотинни ҳам олдилар. Қирқ ёшлик Ҳадичани олганларида Расулуллоҳ йигирма беш ёшда эдилар. Пайғамбарлик давридан ўн йил ўтиб, эллик ёшга тўлганларида Ҳадича онамиз дунёдан ўтдилар. Демак, 25 йил бутун йигитлик даврида шу улуғ ёшлик хотин билан умр ўтказдилар. Амакилари Абу Толиб ҳам шу йилда вафот топмиш эди. Шундай икки жонфидо ёрдамчиларидан бир йилда ажраганлари Расулуллоҳга жуда қаттиқ таъсир қилган эди.

Бу икковларининг вафотларидан сўнгра кучли ҳимоячилари қолмаганликдан душманлари ҳам қаттиқ ҳужумга киришган эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу йилни «ғам-қайғу йили» деб атаган эди. Онамиз Ҳадичага ажал келган чоғда Расулуллоҳ унга аталган жаннатдаги жойни кўриб ўзига башорат бердилар. У эрса бир дона гавҳардан ясалмиш улуғ қаср эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамиз Оишанинг олдида Ҳазрати Ҳадичанинг сўзини қилиб, уни мақтадилар эрса, Оишанинг рашки қўзғалиб:

— Худо сизга ундан яхшироқ хотинларни берган бўлса ҳам, яна шу кампирни гапирасиз, — дедилар.

Анда Расулуллоҳнинг ғазаблари келиб:

— Аллоҳ менга ундан яхши жуфт бергани йўқ. Ҳамма кишилар мени ёлғончи деганида, у менга ишонди. Меним розилигим учун мол-дунёсини сарф қилди, бошқалар дунёсини мендан аядилар. Ундан топган бир неча болаларим бордур. Сизлардин фарзанд кўрмадим. Худо уни раҳмат қилсин, — дедилар.

Иккинчи жуфтлари онамиз Савда бинти Замъадур. Эри ўлиб, тул ўлтирганида Расулуллоҳ уни никоҳларига олдилар. Ёши улғайиб кампир бўлиб қолганликдан, ётиш навбатини Оишага бериб, ўзи эрса Расулуллоҳ никоҳларида дунёдан ўтишга рози бўлди. Расулуллоҳ ҳам қабул қилдилар. Ҳазрати Умар халифалик даврида оламдан ўтдилар, разияллоҳу анҳо.

Учинчи жуфти поклари Абу Бакр Сиддиқ қизлари онамиз ҳазрати Оишадурлар. Бу зотнингсифатлари ҳадис китобларида кўп ёзилмушдур. Бу онамизнинг қандай улуғ фазл-камолгаэга эканлигига шу етарликдурким. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг охиргинафасларида шу онамиз қучоғида туриб дунёдан ўтдилар. Хотинларга зарур бўлган диниймасалалар ҳақида келган ҳадисларни кўпроқ шу онамиз Пайғамбаримиздан ривоятқилдилар. Ҳусн-жамолга, ақлу камолга етганликдан Расулуллоҳнинг илтифотига эга бўлмишэдилар. Ҳижратнинг 56-йилида Мадинада вафот бўлиб, Бақеъ гўристонига дафн қилиндилар.

Жанозаларини Абу Ҳурайра ўқиди. Ёшлари олтмиш еттида эди, разияллоҳу анҳо. Тўртинчилари Ҳазрати Умарнинг қизи Ҳафса эрур. Ваҳийдан беш йил бурун туғилмиш эди. Расулуллоҳ амрларига қаршилик қилиб қўйганлиги учун Пайғамбаримиз уни талоқ қилдилар. Отаси Ҳазрати Умар буни англаб:

— Бу кундан бошлаб Худо ва пайғамбар олдида меним қадрим йўқолди, — деб бошига тупроқ сочиб йиғлади.

Шу ҳолда экан Жаброил алайҳиссалом келиб Расулуллоҳни бундан қайтариб:

— Бу эрса кундузи рўза тутар, кечаси саҳар намозини ўқир, у сенинг жаннат жуфтларингдан бўлур, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гуноҳини афв қилиб, яна никоҳларига олдилар. Олтмиш уч ёшда вафот қилдилар, разияллоҳу анҳо.

Олтинчи онамиз Хузайма қизи Зайнабдур. Хайр-саховатда номи чиққан хотинлардан эди. Шу учун араблар уни жоҳилият замонида ҳам «Умму Масокин», яъни, «Мискинлар онаси» деб атамиш эдилар. Икки-уч ойгина Расулуллоҳ хизматларида тургандан кейин вафот топмиш эди. Унинг жанозасини Расулуллоҳ ўзлари ўқиб, Бақеъ гўристонига дафнқилдилар. Ёшлари ўттиздан ўтмаган эди. Расулуллоҳнинг тирикликларида вафот топганхотинлари Ҳазрати Ҳадича билан Зайнаб икковларидурлар, разияллоҳу анҳумо.

Саккизинчи онамиз Абу Умайя қизи Умму Салама. Дастлабки иймон келтирган мусулмонлардан бўлиб, эри Абу Салама билан биргаликда Ҳабашистонга ҳижрат қилмиш эдилар. Умму Салама Қурайшнинг насаблик хотинларидан бўлиб, ўз қавми ичида ҳурмат ва обрўга эга эди. Ҳабашистондан қайтиб Мадинага келганларида эрса эри ўлиб, беш-олти болалари билан тул қолмиш эди. Идда муддати ўтгач, Расулуллоҳ совчи юборибдилар.

Анда Умму Салама:

— Расулуллоҳга жоним фидо, лекин менда уч камчилик бор: биринчиси, етим болаларим бор; иккинчиси, меним кундошлигим қаттиқдур; учинчиси, менга эга бўлгудек бу ерда ўз қавму қариндошларимдан ҳеч киши йўқдур, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Болаларинг ризқини Аллоҳ етказур, бошқа ишларингни ҳам ўзи ўнглар. Мени ёқтирмаган қариндошларинг йўқдур, — деганларида, ул муҳтарама никоҳларига ризолик кўрсатди.

Расулуллоҳдан кейин узун умр яшаб, 60-ҳижратда вафот топди. Ёши саксон тўртда эди.

Ҳазрати Абу Ҳурайра жанозасини ўтаб, Бақеъ қабристонига дафн қилиндилар, разияллоҳу анҳо.

Онамиз Зайнаб бинти Жаҳш. Илгариги эри Расулуллоҳнинг ходимлари Зайд ибн Ҳориса эди. Бу хотин Қурайш қабиласидан бўлиб, насаблик, ҳусн-жамоллик бўлганидан уни ўзига тенг кўрмай, оралари бузилмиш эди. Охири иккови келишолмасдан ажрашдилар. Расулуллоҳнинг кўнгиллари унга мойил бўлгач, Жаброил алайҳиссалом бу ҳақда ваҳий келтириб, илоҳий никоҳ билан Расулуллоҳ уни хотинликка олдилар. Шунинг учун Расулуллоҳнинг никоҳларига киргач, кундошларига:

— Сизларни отанглар никоҳ қилган бўлса, менинг никоҳим Арш устида бўлган, — деб фахрланар эди.

Бир куни оналаримиз:

— Ё Расулаллоҳ, сиз вафот бўлсангиз, сизга қайси биримиз илгари эришамиз? — деб сўрадилар.

— Кимнинг қўли узун бўлса шу илгарироқ эришади, — дедилар.

Бу сўзнинг зоҳирига қарашиб, қайиш олиб ҳаммалари қўлларини ўлчашиб кўрдилар. Ҳаммаларидан онамиз Савданинг қўли узун чиқди. Кейин кўрдиларким, барчаларидан илгари Зайнаб онамиз вафот топдилар. Араблар қўли очиқ, саховатли кишини ҳам қўли узун дер эдилар. Бу онамиз эрса кўп саховатлик, хайр-эҳсонлик эдилар. Булар ўлгандан сўнграмаълум бўлдики, Расулуллоҳнинг қўли узун деганлари саховатлик деганлари экан.

Зайнаб бинти Жаҳш 21-ҳижрийда эллик уч ёшга етганда вафот топиб, Бақеъ гўристонина қўйилди, разияллоҳу анҳо.

Ўнинчи онамиз Жувайрия бинти Ҳорис. Мадина атрофидаги Бани Мусталиқ деган қабила раисининг қизи бўлиб, урушда асир олинмиш эди. Мундан бошқа шу қабиладан икки юз оила асир олиниб, аскарга тақсим қилинмиш эдилар. Бу қабила эрса араблар олдида обрў ва ҳурматга эга бўлганликдан бу иш уларга қаттиқ таъсир қилди. Расулуллоҳ буларнинг оилаларини озод қилишни истасалар ҳам, лекин бу тўғрида ҳукм чиқармиш Қуръон қонунига тўғри келмас эди. Шунинг учун Жувайрияни никоҳларига олдилар. Буни кўрган саҳобалар:

— Энди Расулуллоҳ бу қабилага куёв бўлиб қолдилар. Расулуллоҳнинг қайнота ва қайноғаларининг қиз-хотинларини асир олиб ўлтиришимиз бизга ярашмайди, — дейишди ва бу қабиладан олинган бутун асирларини Пайғамбаримиз ҳурматлари учун озод қилдилар. Бу эса шу қабиланинг иймон келтиришларига сабаб бўлди. Шунинг учун онамиз Оиша:

«Жувайрия қандай бахтли хотин. Расулуллоҳнинг никоҳига кирди ва бутун қавмини қулликдан қутқарди», дедилар.

Жувайрия бинти Ҳорис 56-ҳижрийда етмиш ёшда Мадинада вафот қилди, разияллоҳу анҳо.

Ўн биринчи онамиз Райҳонадур. Бу онамиз Бани Назир яҳудларининг раиси Язиднинг қизи бўлиб, Бани Қурайза асирлари билан бирга тушган эди. Ўлжа асирлари аскар ўртасида тақсим топганда, уни ўзлари учун олиб қолдилар. Ўзи суйган динда туришга ихтиёр берган бўлсалар ҳам Ислом динини хоҳлагач, озод қилиб никоҳларига олдилар. Никоҳ тўйи бериб, маҳр боғладилар. Аммо бу хотин кундошларига кўп рашкли бўлгани учун талоқ қилдилар.

Сўнгра бу хотин Расулуллоҳ суҳбатларидан маҳрум қолдим, деб кўп йиғлаб эди, раҳмларикелиб яна никоҳларига олдилар. Расулуллоҳ вафот бўлишларининг олди ёки ортидан бу онамизҳам вафот бўлиб, Бақеъ гўристонига қўйилди, разияллоҳу анҳо.

Ўн иккинчи онамиз Умму Ҳабиба Абу Суфён қизи, Муовиянинг опаси эди. Бурунги эри Убайдуллоҳ билан иккинчи ҳижратда Ҳабашистонга кетган эди. Эри муртад бўлиб, у жойда насоро динига кирди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам муни англаб Умар ибн Умайяни Нажошийга юбориб:

— Агар Умму Ҳабиба ихтиёр қилар экан, Нажошийни вакил қилдим, менга уни никоҳ қилади, — дедилар.

У чоғда Нажоший ғойибона Ҳазрати Жаъфар қўлида иймон келтирган эди. Нажоший бу сўзни англагач, вакиллик билан Расулуллоҳга уни никоҳ қилди ва юз тилло маҳр боғламиш эди. Сўнгра ҳижратнинг 7-йили хизматга қул-чўрилар қўшиб Мадинага йўллади. Ҳижратнинг 44-йили Мадинада вафот топди, разияллоҳу анҳо.

Ўн учинчи онамиз Сафия бинти Ҳуяй. Унинг отаси Бани Назир яҳудларининг раиси эди. Хайбар қалъалари фатҳ қилинганда қўлга тушган кўп асирлар ичида у ҳам бор эди. Аларнинг насаби Ҳорун алайҳиссаломга етганликдан Расулуллоҳ бек ҳурмат қилиб, никоҳларига олдилар. Зиёда ақллик, фазллик хотин эди. Бир куни Расулуллоҳ уйга кирсалар бу хотин йиғлаб ўлтирибдур.

Анда Расулуллоҳ:

— Нега йиғладинг? — деб сўрасалар, ул онамиз шундоқ дедилар:

— Оиша, Ҳафса биз сендин ҳар тўғрида яхшидурмиз, биз Расулуллоҳ амакиларининг қизидурмиз. Сен бўлсанг яҳудий қизидурсан, дедилар.

Бу сўзларни англагач, Расулуллоҳ:

— Сендан улар қандай яхши бўла олурларким, сенинг отанг Ҳорун алайҳиссалом, амакинг Мусо пайғамбар, эринг Муҳаммад алайҳиссаломдур. Яна гапирсалар шундай дегил, — деб аларни юпантирдилар.

Сафия бинти Ҳуяй ҳижратнинг 52-йили Мадинада вафот топиб, Бақеъ гўристонига қўйилдилар, разияллоҳу анҳо.

Ўн тўртинчи онамиз Маймуна эрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 7-ҳижрийда Умранинг қазосини қилиш учун Маккага борганларида бу хотинни никоҳларига олдилар. 51-ҳижрийда Макка яқинидаги Сариф деган жойда саксон ёшда вафот топди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилурлар:

«Пайғамбарлик даврида қайси хотинни олган бўлсам, ё қизларимни кимга берган бўлсам, бариси ваҳий орқалик бўлди».

Бу ёзилган оналаримизнинг, разияллоҳу анҳумо, сонлари ўн тўрттага етган бўлса ҳам, Расулуллоҳнинг вафотларида булардан тўққизтаси никоҳларида эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча чўрилари ҳам бор эди. Алардан бири Мория ўғиллари Иброҳимнинг онаси, мисрлик қибтийлардан бўлиб, Миср подшоси Муқовқис Расулуллоҳга ҳадя қилиб юборган эди.

Расулуллоҳ саҳобаларга васият қилиб:

— Мендан кейин Мисрни фатҳ қилмоқ учун кирганингизда уларга юмшоқлик қилинглар. Чунки уларнинг қариндошлиги бор, ҳам қайинликлари бор, — дедилар.

Қибтийларнинг қариндошлиги эрса, Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар қибтий қизи эди. Қайин деганлари эрса, Расулуллоҳнинг чўрилари Мория. Мисрдан келган қибт қизидур. Расулуллоҳ уларга куёв бўлиб қолдилар. Мориядан Иброҳим туғилгач, Миср халқи Иброҳимга тоға бўлиб қолишди.

Яна бир жорияларининг номи маълум эмасдур. Онамиз Зайнаб уни Расулуллоҳга ҳадя қилиб бермиш эдилар.

Учинчиси эрса оти Зулайҳо. Бани Қурайза яҳудларидан олинган асирлардан эди, разияллоҳу анҳо.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар