Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Автобус ҳақида баллада

Автобус ҳақида баллада
04 Aralık 2017 - 9:00 'да юкланди ва 556 марта ўқилди.

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

АВТОБУС ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Янгилик бўлмаса ҳамки, мавриди келди, айтай – биз ҳаводан нафас оламиз. Оладигинимиз нафас бизнинг тирикчилигимизни таъминлайди, уни тўла қонли инсоний ҳаётга айлантиршимиз учун имкон яратади. Қўшиқ эса ана шу тўлақонли инсоний ҳаётнинг руҳини белгилайдиган муҳим жиҳат. Қўшиқ  ҳам, маълумки, ўпкага тўлдириб олинган нафас билан ижро қилинади…

Бироқ нақадар муҳим бўлмасин, ўпканинг ўзи билангина иш битмайди.

Юрак ҳам керак. Юракдан берилиб куйлаш учун.

Ақл ҳам керак. Ҳар ҳил қаланғи-қасанғи сўзлар йиғиндисини қўшиқ деб элга тақдим қилавермаслик учун.

Истеъдод керак. Сўзни билиш учун. Созни билиш учун. Ва шуларнинг ҳар иккаласини мутаносиблаштириб, муштарак бир мўъжиза аҳволига келтириш, ана шу мўъжизани арзирли овоз билан одамларнинг ҳам ақлига, ҳам юрагига етказиш учун. Бу ҳаммасидан ҳам қийин. Чунки, агар ёқимла бўлса, одамнинг овозидан хушоҳанг мусиқа асбаби йўқ. Агар ёқимсиз бўлса… худо сақласин!..

Ҳозир фикру зикримиз ана шундай юракли одам борасида…

Ҳозир фикру зикримиз ана шундай ақлли, доно одам хусусида….

Ҳозир фикру зикримиз ана шундай истеъдодли одам ҳақида…

Ҳозир фикру зикримиз ана шуларнинг барини бир ерга жамлаб, ҳаётдек қўшиқ, қўшиқдек ҳаёт тарзида халққа тухфа қила билган инсон тўғрисида…

…Отажон оғанинг вафотидан анча илгари унинг автоаварияга тушиб, ҳалок бўлганлиги тўғрисида миш-миш тарқалди. Буюк одамлардан пасткашлик ана шундай тарзда ўч олиб юради, ўзи. Ўзининг қабиҳлиги, буюкнинг буюклиги учун. Аслида суюкли ҳофизимиз енгилгина жароҳат олиб, бир неча кунга касалхонага жойлашган экан. Ҳам жароҳат олган муҳтарам Ҳофизнинг ҳолидан хабар олиш, ҳам бир телевизион лавҳа тайёрлаб, шов-шувларга чек қўйиш учун, ёзувчи ва журналист дўстим Шуҳрат Маткарим билан касалхонага, Отажон оғанинг палатасига кириб бордик. Довруқли ҳофиз бир неча кун олдин ўлган “ўлими”дан мутлақо хабарсиз, маза қилиб янги бир қўшиғини хиргойи қилиб ўтирар эди. Ҳол аҳвол сўрашдик, ҳазил-мутойиба қилдик, ҳеч гапдан хабарсиз кишилардек, ихчам бир кўрсатув тайёрлаб, эфирга узатдик…

Барибир, одам осмонга устун бўла олмас экан. Бироқ Отажон Худойшукуровдан осмонга усутун бўлгулик қўшиқлар қолди. Шу боисданми, уни ўйласам, ана шу қалбаки ўлим ёдимга тушаверади… Ҳозир ҳам Норинжон Бобо томонларда, ўз ўлимларидан хабарсиз, ўзининг буюк қўшиқларини астойдил ва бамайлихоти  куйлаётгандек…

Дунёда борлигингдан қувонадирман
Сайфи Нажмий

Келаётир эдим Ҳазораспдан жим,
Тирбанд автобусда ҳорғин, асабий,
Худди бу тирбандлик, тўполон учун
Бошқалар олдимда гуноҳкор каби.

Кимдир сўкинарди, нўноқ киссавур
Чўнтагига қўшиб танин кесгандек.
Ҳар бир янги бекат биз учун жавр,
Ҳар янги ҳамроҳдан роса безгандик.

Автобус ойнаси диққинафасдан
Ботганди кўзёшдек-кўзёшдек терга.
Аёвсиз бир қарғиш лаҳза тинмасдан
Кимнидир топтарди тенг қилиб ерга.

Билмадим, гуноҳи не эди унинг,
Ҳеч ким ҳам ҳеч кимнинг айбин билмасди.
Шу пайт битта йигит магнитофоннинг
«Чирқ» эткизиб ногоҳ тугмасин босди.

Қоронғу дилларни ёритиб бирдан
Жаранглай бошлади нурафшон сўзлар.
Аланглаб турди-да бундай сеҳрдан,
Мўлтираб қолдилар ўқрайган кўзлар.

Хонанда чекарди кассетада оҳ,
Кимнингдир кимгадир зорлиги учун.
Юракдан ҳайқириб қувонарди гоҳ
Бировнинг дунёда борлиги учун.

Илғаб ҳар бир сўздан қутлуғ зиёни,
Кўзларини очди бир парча воҳа.
Ҳар юракда пинҳон минг бир дунёни
Ёритиб юборди Отажон оға.

Сароб йўқолгандек шу бир нафасда,
Кетди андуҳларни янгроқ куй олиб.
Боя маймунлардек эдик қафасда,
Энди-чи, турардик мулзам, уялиб.

Йигитни индамай тушундик бизлар,
Билдик, ғамимизни еганлигини.
Англадик, дунёда мусаффо ҳислар
Абадий барқарор эканлигини.

Йигит бир бекатда тушиб қолган сўнг
Бир-бировга боқиб жим ўйга толдик.
Энг бахтли туш бирдан келган каби ўнг,
Машина кенг экан биз пайқаб қолдик.

Эсладик: ҳамиша шодланганмиз-ку,
Кимнингдир бизларга зорлиги учун.
Ҳозир ҳам сафарга отланганмиз-ку,
Кимнингдир дунёда борлиги учун.

Шундан бери мени қийнар ўзга ҳол,
Ўзга уқубатдан юрагим ғам ер.
Баъзан ҳаволаниб гар сурсам хаёл
Ўша автобусга менгзаб кетар Ер.

Тўғри, сайёрамиз ҳудудсиз, лекин
Кўнгиллар торликдан унда мотамлар.
Офтоб бепул, ҳаво бўлмаса текин
Қирилиб кетгудек шўрлик одамлар.

Бир чимдим тупроққа кўзи тўйгувчи
Юҳофеъллар ҳамон яшар қалашиб.
Ўз ўрнин эплашга етмас-ку кучи,
Чанг солар ўзганинг ерин талашиб.

Ғаддор режалардан турмасак огоҳ,
Ер ҳам бир тугмага боғлиқ такдир-ку.
Тугмани мен боссам… янграса ногоҳ
Бомбалар ўрнига меҳрбахш бир куй.

Англасалар ҳамма беизоҳ, бешарҳ,
Менинг кўнглимдаги орзуни ҳам жим.
Ахир, она замин яшар уриб чарх,
Одамнинг одамга зорлиги учун.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар