Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бутун ўқитувчиси борми, шифокори борми, мўр-малахдай Қозоғистонни босди…

Бутун ўқитувчиси борми, шифокори борми, мўр-малахдай Қозоғистонни босди…
04 Aralık 2017 - 7:00 'да юкланди ва 628 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

7-қисм

Бешинчи боб

Дуйсенбайнинг аржуманду салтанати амлоклари ерлашган “Дуйсенистон”нинг ажойиб тарихи бор эди. Қарашсизлик йилларида қад ростлаган бу жойларнинг нуфузи бийдек саҳрода бунёд этилган Дубайникидан ўтса-ўтарди, қолишмасди. Хоразмдан келтирилган оппоқ пишиқ ғиштдан нақшинкор қилиб жуда баланд девор кўтарилганди. Беш юз мингдан ортиқ ғиштни силлиқлаб териб чиқиш учун Хивадан келган махсус қурулиш бригадаси бир йил тер тўкиб, Дуйсенбайнинг туғилган куни зўрға ишни ниҳоялашга улгурган эди.

Эни ўн тўрт, баландлиги йигирма тўрт, қалинлиги саккиз қулочли деворнинг қоқ ўртасига тоза жездан Руссияда қуйиб келтирилган олти тоннали дарвоза ўрнатилди. Деворнинг пештоқига одам бўйи ҳарфлар билан Дуйсенбайнинг шарафига “Дуйсенистон” деб ёзиб қўйдилар. Дуйсенбай мамлакат ичидаги мамлакат эди. У ўзини ўлканинг жонли тимсоли сифатида кўрарди. Шунинг учун “Дуйсенистон” деган ёзув остидаги “Дуйсенистон – келажаги буюк давлат!” деган шиорга кўзи тушган кимса ҳайратдан ёқа ушламасди. “Шаҳар бедарвоза эмас!” деган сўзларни кўриб, томоқ қириб қўярди, холос.

“Мустақиллик – миллий давлатчилигимизнинг улуғ ғалабасидир!” деган сўзларда олам-олам маъно борлигини уққан одам, сезиб туриб ҳам, унинг айнан нима эканлигини англаш учун қанчалар пешонасини тириштирмасин, сирнинг тагига етолмасди. Дарвозадан ҳатлаб ўтган кимсанинг, “Ўз уйингни ўзинг асра!” ёки “Соғлом бола йили!” деган шиорларга кўзи тушгач, юрагига ваҳима ораларди. “Огоҳлик – давр талаби!” деган уч сўздан иборат алжираш, ваҳимани олий мақомга кўтарарди. Бу жойдаги барча нарсаларнинг номутаносиблиги мантиқни ўлдириши баробарида, Дуйсенистоннинг феъл-атворига ғалати ёзувда чизгилар битарди. Ўз уйингда, ором олиш учун кўрпа тагига киргач ҳам, “Ўз уйингни ўзинг асра!”, ёхуд “Огоҳлик – давр талаби!” деб пичирлаш қанчалар азоб ва машаққат эканлигини бошига иш тушганлар билардилар.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”, “Ашҳаду алла ла илаҳа иллаллоҳ”ни унутиб алжираш, мусулмонман, деган бандасини бошига тушмасин экан…

Маҳобатли дарвоза бир томонга ўз-ўзидан сурилиб очилгач, ҳовлига “Тез ёрдам” машинаси кириб келди. Машина тўхтаб, оқ халат кийган икки йигит замбилғалтакда Житириқни олиб тушди. Боши ва икки қаноти остидан оқ дока билан бойланган Житириқ икки оёғини осмонга кўтариб, қимирламасдан ётарди. Унинг кечаги турқи-таровати йўқ, важоҳати сўнган, ғайрат-шижоатидан асар ҳам қолмаганди. Кўзлари милтираб, сузилиб боқар, оғзи очиқ туравериб, тили қуруқшаганди. Ҳайдовчининг ёнидан тушган шаҳар шифохонасининг бош ҳаками уни чойшаб билан ўраб, устига эгнидаги палтосини чиқариб бостирди.

– Ғам ема бовурим, барчаси ўтиб кетади. Отдай бўлиб кетасан, – деди овози хириллаб.

– Беморни қайга олиб кирамиз? – дея сўради замбилғалтак кўтарган йигитлар.

– Тўғрига юринглар! – деди, бош ҳакам сўзга лаб жуфтлашга улгурмай, орқадан етиб келган танқўриқчилардан бири.

Девдай келадиган икки танқўриқчининг олдида пакана ва қориндор бир кимса тош йўлга тушган коптокдай пилдираб келарди.

– Ассалому алайкум, Дуйсенбай оға! – деди унга кўзи тушган бош ҳакам. – Житириқни ўз қўлим билан сизга топширай деб келавердим.

– Яхши қилипсан! – деди туриш-турмушидан бесаранжомлик ёғилиб турган Дуйсенбай. – Аҳволи қалай? Одам бўлар сиёқи борми?

– Худой асраб, вақтида хабар топдим. Бўлмаса, молдўхтирлар қаҳрамонимизни ўлдириб қўяркан. Ветиринарларга ҳам шунақа жиддий ишни ишониб топшириб бўларканми?! Житириқга ўхшаган хўрозлар ҳар кун ҳам туғулавермайдилар. Юз йилда, минг йилда бир туғиладилар. Унинг мияси чайқалган, жигарида ўзгариш бор, – деди у. – Қўлимдан келган барча чорани қўлладим. Энди, бу ёғига адашмаслик керак.

– Адашмаслик учун нима қил, дейсан?

– Житириққа тинчлик керак. Зарур дори-дармонларни олиб келганман. Йигитлардан бирини ёнида қолдираман. Вақтида укол санчиб, вақтида дори-дармон ичириб турса, кўрмагандай бўлиб кетади.

– Худой кўрсатмасин, у ўлиб қолса, куйигига чидолмайман, тутаб адо бўламан!

– Қаҳрамонимизни кимни хўрози бу кўйга солди? Ер юзида ундан ҳам зўрроқ хўроз бор эканми?

– Қайда! – деди дарди янгиланган Дуйсенбай. – Шишесини … сартни бир қанжиғи, кекирдагидан олиб деворга урипти. Житириқ тузалиб кетмаса, қанжиқни қиймалагичдан ўтказдиртириб, этини итларга ташлаттираман аммо!

– Мустақил бўлиб, сартлар бошга битган бало бўлди! – деди бош ҳакам. – Бутун ўқитувчиси борми, шифокори борми, мўр-малахдай Қозоғистонни босди. Энди итларига навбат етипти-да. Президенлари ўлмаса, эрта бир кун бургасию бити, қурт-қумурсқаси ҳам бу ёққа қараб қочади-ёв!

– Тушунмадинг! Қанжиқ деб сартни аёлини айтаётирман. Қанжиқ билан уларни орасида фарқ қолмади.

– Энди тушундим! Эркак сиёқли эркак бўлмаганидан кейин, хотин хотинлигини эплай олмайди-да, оға. Нима, Житириқ сартнинг қанжиғини арпасини хом ўрипдими?

– Уларни тўқлик қутуртиряпти. Қозоқ ақчасида нима балоси бор, билмадим?!

Житириқ билан унинг икки хизматкорини Тайсиннинг қўшимча ётоқхонасига жойладилар. Тайсиннинг қўлтиғига кириб, телевизорда буқалар жангини томоша қилиб ўтирган икки қанжиқнинг тумшуғи ола, думи парпарасига бу ёқмади. Сатангул ўрнидан дик этиб туриб, қовоқ уйиб, эшикни тарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Юрагини ҳовучлаган бош ҳакам бу овоздан бир сапчиб тушиб, замбил кўтарган йигитларнинг тиззалари қалтирай бошлади. Улар ҳам ўзбекистонлик мардикорлар эдилар. Қозоғистонлик бўлганларида, том қуласа пинакларини бузмасдилар.

Дуйсенбайнинг эса пингги-парвойига ҳам келмади. Лабига сигарета қистириб олган Тайсин сигаретни кулдонга эзғилаб, қўлтиғидаги қанжиқнинг юзига тутунни пуфларкан, унга кўзини қисиб, кулиб қўйди. Батангул қовоқ уяётганга ўхшаб кўринса ҳам, Тайсиннинг битта ўзига қолганидан ич-ичидан боғ-боғ очилиб, терисига сиғмай кетаётганди.

Аслида Батангул билан Сатангул битта она-отанинг болалари эди. Уларнинг отаси, Қўтиртери лақаби билан дунёйи оламга машҳур эса-да, насли-насаби аниқ эмасди. Юзсизлиги ва беномуслиги унга омад эшикларини очган эди. Унинг пасткашлиги ва нуқул мағлубият чегараларидан чекинмаслиги, ғалабасини таъминлаш билан бир пайтда, ўзигагина хос имижини ушлаб турарди. Оналари ҳам айниган итларнинг зуриёдидан дунёга келганди. Икки бетайиндан пайдо бўлган Батангул билан Сатангул опа-сингил бўлсалар-да, бир-бирларини кўришга кўзлари, отишга ўқлари йўқ эди. Икки опа-сингилни икки йил аввал Дуйсенбай биринчи рақамли безори – Тайсинга узатган эди. Бу авлоднинг ўта риёкорлиги ва андишасизлиги унга маъқул тушганди. Нияти бузуқ, бети қалин йўналишдан насил олиб, питпул билан чатиштирмоқчи эди. Мабодо Тайсинни енгадиган ит чиқиб қолгудек бўлса, уларни ўша соатда янги чемпионга тутарди.

Опа-сингил Тайсинга етгунча ҳам йигирмага яқин паҳлавоннинг танобини тортган эди. Уларга йўлиққан бахтиқаролар, охирида Қўтиртерининг ғазабига учраб, Амриқо ёки дунёнинг учинчи бир мамлакатига қочиб жон сақларди. Асосийси, улар опа-сингилларга уйланганларида, киссаларида ҳемирлари бўлмаса ҳам, қочиб қутулганларида номлари милярдерлар рўйхатига тиркалган бўларди. Чархи кажрафдорнинг ҳунарини қарангки, ҳар сафар умрида қорни тўйиб нон емаган такасалтангларни Қўтиртерининг қизларига дучор этарди. Уларни бой-бадавлат этиб, қорнини тўқлагач, қўлидаги бахтини тортиб оларди. Ёруғ жаҳонни кўзларида жаҳаннамга айлантириб, тароватли кунларини мотамсаро этарди. Дунёдаги энг бой арлонларнинг бирига айланган куёвтўралар қорнилари тўйиб нон емаган бахтиёр дамларни эслаб, қолган умрларини армонда ўтказардилар…

Бодом қовоқли, қийиқ кўзли, миқтидан келган Сатангул қанчалар жиззаки бўлмасин, узун бўйли, териси суягига ёпишган, кўкраклари тиззасига довур осилиб турадиган опаси Батангул айёра ва маккораликда шайтонга кишт берарди. Бетамиз ва ёвузлигини битиш учун қалам ожизлик қилар, унинг този итларга қўшилган жойи бўлмаса ҳам, узун ва ўта ингичкалиги уни тозига ўхшатиб қўйганди. Ҳар қулоғи шапалоқдай бўлишига қарамай, уларга симлари чиқарилган велосипед ғилдиракларини осиб олиши унинг қиёфасини жуда ғалати кўрсатарди. Тор шимидан тешиб чиққан гажжак думи жаҳли чиққанда хаданг бўлиб кетар, шундай пайтларда уни Тайсин ётоқхонага олиб кириб совутмаса, ўла қолса думини туширмасди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар