Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Унинг на тарихи, на ўтмиши бор эди…

Унинг на тарихи, на ўтмиши бор эди…
06 Aralık 2017 - 7:00 'да юкланди ва 431 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

9-қисм

Олтинчи боб

Энди Тўрабикка сиёҳранг уст-бошда эди. Баҳром қоп-қора халат кийиб, белига оппоқ этак боғлаганди. Унинг чўнтакларидан қаппайиб турган қоғозсочиқларни ва қўлидаги тўстувакни кўрган Тўрабика пиқиллаб кулиб юборди.

– Пешат қани, пешат?! – деди у шодликдан кўзлари порлаб. – Пешатнинг укаси, мандат йўқолмадими? Оҳ-ҳ, кўзими нури, умримнинг қувончи…

Унинг сўзлари оғзида, қўллари ҳавода муаллақ қолди. Эшик орқасида пойлаб, эшитиб турган Тайсин билан Батангул хонага отилиб кириб, Тўрабикага ёпиша кетди. У чаққонлик қилиб Житириқ ётган чордоқсифат кароватга чиқмаганда, Худо билади нима бўларди. Ертўлада ивирсиб юрган ишбошқарувчи пайдо бўлиб, Тайсин билан Батангулни отанг яхши-онанг яхши дея, елкасини силаб ҳовуридан зўрға туширди. Уларга Тўрабиканинг Дуйсенбайни устидан кулгани оғир ботган эди. Баҳонада, “келгинди сартлар”га масхаралаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи эдилар, чала қолди.

– Бир неча муддат бир-бирларингиз билан келишиб яшашга мажбурсизлар, – деди ишбошқарувчи.  – Ҳаммаси вақтинчалик. Житириқ оёққа турса, ўзининг маконига кетади. У кетгач, хизматкорлар ҳам бу жойда қололмайдилар. Унгача икки ўртада муросаю мадора қилишга мажбурсизлар. Бу ҳаммамиз учун муҳтарам бўлган Дуйсенбай доданинг талаби. Доданинг хоҳиши Дуйсенистондаги сингари қорасаройдагилар учун ҳам қонун эканлигини ҳамма яхши билади. Тинчлик ва осойишталик – додамиз сиёсатининг бош мезони! Турли миллатлар ва элатлардан ташкил топган Дуйсенистон барчамизнинг умумий уйимиздир!

“Биз бунга қарши эмасмиз” дегандек, Тайсин, узиб-узиб ҳурди. Унга жўр бўлган Батангул, “Додани масхара қилмасин-да” дегандек, ҳали ҳам каравотда Житириқнинг оёғи учида тикка турган Тўрабикага қилтаноққа менгзаш тишларини тиржайтириб ирилларди. Ўтган йиллар давомида ўз ишининг устаси бўлиб кетган фаррош шу лаҳзаларда ҳам Тайсин билан Батангулнинг думи тагини артиб-сидириб, хиргойи қилиб юрарди. Вазият қай томонга қараб ўзгармасин, унинг учун ҳамиша баҳор эди. Ишини бажара туриб ҳам, ҳордиқ чиқараётганда, шод ёхуд ғамгин юрганида ҳам у, “Қозоқ, қозоқ қарсилдоқ, Бултур бердим, бир улоқ, Қани менга қовурдоқ” деган уч қатор термани тилидан қўймасди.

Дуйсенистондаги жонли-жонзот борки, Дуйсенбайни “Дода” дерди. 1991 йилдаги тўс-тўполонларда, кутилмаганда ўз тасарруфига ўтган амлокларга ноқонуний эга турган Дуйсенбай ўзини султон деб эълон қилган эса-да, ўзига тобе барча жонли-жонзотларнинг “Дода” деб чақиришини жонидан ортиқ суярди.

Ишбошқарувчи ўзини Мирзелимбай деб атаркан, Баҳром билан Тўрабикани қорасаройликларга қайта таништирди. Тайсиннинг фаррошини исми Гулисипса, аквариумдаги балиқлар билан гултуваклардаги гулларни парваришлайдиган аёлнинг исми Марҳабо, сарой ошпазининг исми Оқгул эди. Мирзелимбай Баҳром билан Тўрабикага долонда қаҳва ичиб, валақлашиб ўтирган икки эркак бир аёлни кўрсатиб:

– Уларнинг кимлигини билишларингиз шарт эмас, – деди.

Улар Тайсиннинг мураббийлари, белгиялик Жак Андирсон билан моракашлик Аббос Қасрий эди. Учинчиси пардозчи Шўлпаной Авакян бўлиб, у ахлат тўла ўрага тушган сичқон сингари ҳар доим бурнини жийириб юрарди. Жиззакилиги ҳаддан зиёда бўлиб, қиёфасини бачканалаштирган чизгилар аъмолига битилган атворидан сўзларди. Унинг ўтган асрнинг олтмишинчи йиллардаги услубда турмакланган сочи термит уясига ўхшаб, бошидан ярим қулоч юқорига кўтарилиб турар, сочлари орасида бошига тескари қилиб қўйилган уч литрлик банка борлигини биров сезса, биров сезмасди. Худо мўл-кўл туртиб чиққан ёноқ ва қовоқ ато этган бўлса ҳам, уни кенг пешонадан ва қошу киприкдан қисганди. Бит кўзлари ўрнига тушмаган хол сингари кичкина ва беўхшов эди. Йўқлигидан чизиб қўйган қошлари остидаги қовоқларини  қирмизи-яшилга бўяб, кўзларига ясама киприк ёпиштиришни одатга айлантирганди. Бир сўз билан айтганда, унинг юзи арчилган тухумга, банка қўйилган бошидаги турмаги тухум устидаги бир ҳовуч қора қурумга ўхшарди. Зангор ниначининг қаноти сингари ясама киприклари, кўзи очиб-юмилганда, елкасидан юқориси қанот чиқазиб учиб бораётган – пасха байрами муносабати билан бўялган тухумни эслатарди. Тухум тепасида бир ҳовуч қора қурум борлигини ҳам хаёлдан соқит қилиб бўлмасди, албатта…

Моракашлик мураббий Аббос Қасрий ҳам мўрига тушиб-чиққан печкачи сингари қоп-қора эди. Тим қора жингалак сочи лайлак уяси каби боши устида бир қучоқ бўлиб, ёввойи супурги каби ғовлаб турарди. Муштдек келадиган тўмтоқ бурни Шўлпанойнинг бурнидан ўн баравар гўштдор бўлиб, ҳар қулоғи Шўлпанойнинг қулоғининг атиги учдан бирича келар, кичкина оғзи ва энди ёрилмоқчи ғўза кўсагидай қалин лаблари ҳам Шўлпонойнинг юпқа лабларининг акси эди. Қошлари  эшак эгарининг қошидек эгик ва қалин, катта-катта айлана кўзлари қонталаш эса-да, қатрондек тим мужгонлари ва қоп-қора башараси уларни оппоқ қилиб кўрсатарди. Ўн бармоғида ўнта узуги бор эди. Узукларининг қошлари хил-хил бўлса-да, барчасига ярим ой ва юлдузлар тасвири туширилганди. У қўлтиғига ва бурнининг ичига мўй битишга йўл қўймасди. Қулоғидаги ва кўксидаги жунлари қарийиб бир қарич эди. Жун босган бўйнидаги олтин занжири Тайсинникидан икки баравар йўғон, унга илинган ярим ой ва юлдуз шаклидаги тумор шапалоқдек келарди. Кафтдек келадиган Қуръони карим билан каҳрабо тасбеҳни қўлидан қўймасди. Мусулмонлигидан ҳам кўра у араб миллатига мансублигидан кўпроқ фахрланарди. Уникига тескари, оқимтир-қизғиш башарали Жак Андирсоннинг чизилмаган жойи қолмаган баданида битта ҳам тук йўқ эди. Бурнининг остида қўнғиз мўйлови бўлиб, иягининг учида қолдирган бир тутам майда ўрилган соқоли эчкиники сингари кўксига тушиб турарди. У соқоли учига капалаксимон қизил лента боғламаса, ўла қолса оғзига туз солмасди. Сап-сариқ силлиқ сочлари елкаларига тушиб турар, у кўпроқ битта шўртикда яланғоч юришни суярди. Танаси қўйнинг пўсдумбаси сингари кулранг, қўлтиқлари остидан бир қарич бўлиб чиқиб турган жунлари гўнгга кўмилган ўлик қарғанинг ер юзасига чиқиб қолган қанотига менгзарди. Бўйнига хочга тортилган Исо Масиҳнинг ҳайкалини осиб олганди. Лоф бўлмаса, бу хочнинг вазни етти-саккиз килодан кам эмасди. У Ғарб тамаддуни вакили эканлигидан ўзида йўқ хурсанд, бўлар-бўлмасга мақтанишни яхши кўрарди.

Ер юзида бечора ва ўгай биргина ўзбек эди. Тамаддундан йироқда, тараққиётдан овлоқда қолган ҳам шу эди. Унинг на тарихи, на ўтмиши бор эди. Дунё тамаддунига посанги қўйган Турондан чиққан юзлаб алломаларнинг унга алоқаси йўқ эди. У мустақиллик йилларида қўққисдан дўл каби осмондан тушган ёинки ердан чиққан қўзиқорин каби қора булутларнинг омонсиз тўқнашувидан, қаттиқ довуллар пайдо қилган ёмғирлардан пайдо бўлганди. Ёинки даҳшатли шамоллар уни ўзга саёралардан учириб олиб келганди. Берунийлар, Ибн Сино, Хўжа Исмоил Бухорийлар, Улуғбек, Марғилонийлар, Фаробийлару Яссавийларнинг авлодлари ер юзида қирилиб битгани каби, ўзбекнинг ҳам аждодлари қирилиб битганди. Дунё – тулки, у – бўғирсоқ эди. Кампир жодугар, чоли қурумсоқ, тилларда у ҳақдаги чўпчаклар достон эди. Тарих афсона, ўтмиш ёлғон эди. Ит ҳам, бит ҳам, қурт-қумурсқалар ҳам у хусусида ғийбатлашарди… Аслида у дарё эди. Аму эди, Сир эди. Тўрт асрдан буён раҳномаларининг оёқлари остида бўйра эди, қора ер эди. Бу дарёнинг миробларини, сарварларини подшолари дорга осар, юртдан қуварди, Навоийларини, Машрабларини қўй каби бўғизларди, зиндонларга ташларди. Барчаси дарёнинг ҳайқириб оқмаслиги учун, қон қусиб ётган Оролнинг раҳмат сувига ғарқоб бўлмаслиги учун эди… Унинг бу бебақо дунёда душманлари беҳисоб, дўстлари камёб эди. Ҳаммасига сабабчи раҳнамоликка даъво қилаётганлар ва қорани оқ дейдиган зиёлилари эди. Душман ичкарида, кўзлар ва қулоқлар ташқарида эди…

Мирзелимбайнинг айтишича, у Чирчиқда туғилиб ўсганди. Беш йил илгари бутун оиласи билан Чимкентга кўчиб келиб, Қозоғистон ватандошлигини олганди. У Чимкентга кўчиб келгунга қадар Тошкентдаги қанақадир илмий-текшириш институтида геолог олим – профессор эди. Ишлари жўнашмай турган бир пайтда уни Яратган Дуйсенбай билан дучлаштиради. Дуйсенистондаги ишларни жўнаштирадиган уддабуррон ишбошқарувчи излаб юрган Дуйсенбайга бу айни муддао эди.

Мирзелимбай Баҳром билан Туркистон масаласида ҳамфикр эди. Қарашларда уйғунлик бор эди. Улар кечгача суҳбатлашиб ўтирдилар. Дуйсенбай охирги марта келганда Мирзелимбайга бу кеча уйига кетмаслигини, Баҳром билан Тўрабикани тонгача назоратда ушлаб туришни айтганди. Баҳром билан Тўрабика киприк қоқмасдан, Житириқнинг устида тонг оттириши жоиз эди. Мирзелимбай Дуйсенбайнинг ортиқ келмаслигини айтгач, Тўрабикка Житириқга ухлатадиган нина санчиб, ўзини полга таппа ташлаб, ухлаб қолди. У икки кунлик азоб-уқубат ва хорликлардан ўлгудек чарчаганди. Ундан баттар чарчаган Баҳром, иложи йўқлиги боис, тўстувакни ёнига қўйиб, Мирзелимбай билан суҳбат қурарди. Унинг ичган одамдек боши карахт, хаёллари тарқоқ – барчасини тушида кўраётгандек эди. Боши ва қаноти остидан оқ дока билан боғланган Житириқ оёғини осмонга кўтариб, икки кўзини шифтга бақрайтирганча, қурқшаган тилини диккайтириб ётарди. Унинг ухлаётганини ҳам, уйғоқлигини ҳам билиб бўлмасди. Ҳамма ёқ тинч деса ҳам бўларди. Қорасаройда Тайсин билан Батангулдан бошқа ҳамма ширин уйқуга чўмганди. Телевизорда хўрозлар жангини томоша қилаётган Тайсиннинг қўлтиғига кириб олган Батангул бўлар-бўлмасга ҳиринглаб кулар, гап пойлаш учун Житириқ ётган хона эшиги олдига икки орқа оёғи учида юриб келиб, тор шимидан чиқиб турган думини чотига қисиб, эшикка қулоқ тутарди. Вазиятни беш бармоғидай яхши биладиган Мирзелимбай шундай пайтларда мавзуни ўзгартириб, атай Дуйсенбайни мақташга тушарди. Ҳайратланарлиси, Баҳром Батангулнинг эшик орқасига келганини ҳам, кетганини ҳам сезмасди. Мавзуга қайтган Мирзелимбай унинг орқасида тўстувак кўтарган Гулисипсанинг ҳам оёқ товушларини эшитаётганини таъкидларди. Баҳром бунга ишонмаса ҳам, унинг измига юриб, унини чиқармас, дамини ичига ютарди. Ҳар сафар Мирзелимбайнинг Дуйсенбай тўғрисидаги мақтовларини эшитганда кўзлари олдига Ўзбекистон президентининг қиёфаси келарди…

Айтганимиздек, Ричарднинг “Камелон”идан ҳам маҳобатли Қорасаройда ҳожатхонаси йўқ эди. Тишини тишига қисиб охиригача чидаган Баҳром, жони халқумига келганда шамоллашга чиқмоқчи бўлди. Гажак думини хаданг қилган Батангул вовуллаб, уни эшик олдида турган икки эшикбегининг ёнигача кузатиб қўйди. Берилиб телевизор тамоша қилаётган Тайсин қайрилиб ҳам қарамади. Эшиклар автоматик равишда икки томонга сурилиб очилгач, бир эшикбеги уни кузатиб чиқди. У ҳожатхона қайси томонда эканлигини сўраган эди, эшикбеги хўмрайиб, қошлари билан чап томонга ишора қилди. Эшикбегиларнинг бир оғиз ҳам гапиришлари мумкин эмаслигини у билмасди. Унинг кейинги саволлари ҳам жавобсиз қолди. У қайтиб келаётганда панжараларга ёпишиб ҳураётган итларга қайрилиб қарамоқчи бўлганди, қўриқчи унинг биқинига туртди. Бу, тўғри юр, аланглама дегани эди. У барчасини дарров фаҳмлади. Қўриқчи билан гаплашмаслик, атрофдаги жонзотларга кўз югуртирмаслик Дуйсенистоннинг ёзилмаган қонунлари мажмуасига киритилганди.

Баҳром қайтгач, ажиб манзаранинг гувоҳи бўлди.  Батангул эшикка қулоғини босиб, кейинги икки оёғида турганча гап пойларди. Орқасига тўстувак тутган Гулисипса тик оёқда ухлаб қолганди. Ҳайратланарлиси, унинг кўзлари мутлақо юмуқ бўлса ҳам, кетини ҳар ёққа ўгираётган Батангулнинг орқасидан қолмасди. Ўзи билмаган-кўрмаган ҳолида қоғозсочиқ билан Батангулнинг чотига қисиб олган думининг тагини артиб, қоғозсочиқни белига осиб қўйилган чиқиндихалтага тиқарди. Унинг кўзлари юмуқ ҳолда, юриб туриб ҳам мўлжални аниқ олиши оламшумул ҳодиса инсон ички захираларининг битмас-туганмас имкониятларга бойлиги намунаси эди. Буни кўриб анграйиб қолган Баҳром ўз орқасидан Тайсиннинг пусиб келганини сезмай қолди.

Тайсин тумшуғини унинг сонига тиркаб ҳуриб юборганда у бўйи баравар сапчиб тушди. Бир газ учиб қўнган Батангул ҳам хонага отилиб кириб, қайтиб чиққач, осилиб турган кўкракларини кўтариб, остига тупурар экан, “ўтакамни ёриб юбординг-ку” дегандек, тишларини ханжар каби қайраб, Тайсинга тикланди. Шунда кўзлари юмуқ Гулисипса айланиб ўтиб, Тайсиннинг орқасига тўстувак тутди.

Ичкарига қочиб кириб, эшикни ёпган Баҳром ич-ичидан: “Батангул гапирдими, деб ўз-ўзидан сўраркан, ит ҳам гапирадими, менга шунчаки эшитилган бўлса керак”, деб ўйлади. Унга барчаси эриш туюла бошлаганди. Чунки Мирзелимбай ҳам донг қотиб ухлаб қолганди. Ичкарида гаплашадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Батангул нимани пойлаётганди, Худо билади. У ўтириб роса бош қотиргач, кўрганларидан шубҳага тушиб, “кўзимга кўринган бўлса керак. Ҳаммаси қаттиқ чарчаганимдан” деган хулосага келди. Шунда ҳам унинг тўзғиган хаёллари қўним топмади. Нималар рўй бераётганини тушунмай, мияси ачиб, қийналиб кетди. Охир-оқибат чарчоқ зўр келиб, у тонгга яқин тошдек қотиб ухлаб қолди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар