Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Даъват

Даъват
06 Aralık 2017 - 9:00 'да юкланди ва 311 марта ўқилди.

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ДАЪВАТ

Хуршид Давронга

Не керак заминни титратмас сурур,
Кўкни зир титратмас оҳни нетамиз.
Кўп ҳам давроннишин бўлавермай, юр,
Ҳазрат Навоийга кетамиз.

Ўтмишни унутиб қўйсак, тушов шу —
Келажакка елган хаёл — Ғиротга.
Ҳеч маҳобат қилмай, кўтармай шов-шув,
Бир бориб келамиз қадим Ҳиротга.

Теран бир андуҳга қиламиз сафар,
Жўнаймиз, дўстгинам, юксак бир бахтга.
«Ўн миллион, юз миллион ва миллиард нафар»,
Ҳаммамиз сиғамиз шеърият — тахтга.

Ҳали жабру ситам кўҳнайгани йўқ,
Бир қиз бор, азоби ўлимдан ёмон.
Кетдик, «Чор девон»да ҳар бир киприк — ўқ,
Кетдик, «Чор девон»да ҳар бир қош — камон.

Аста қилич серпаб қиё қарашлар,
Юракка солади ҳеч битмас яро.
Лекин зид келса ҳам дунёқарашлар
Бизни дорга тортмас Ҳусайн Бойқаро.

Ҳикматга йўғрилган унда ҳар бисот,
Қароққа жойлаймиз бари-барини…
Бир бориб келамиз. Тушимда ул зот
Қаттиқ соғинибди набираларни.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар