Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Муаммони бартараф этишнинг энг биринчи йўли, муаммо борлигини тан олиш…

Муаммони бартараф этишнинг энг биринчи йўли, муаммо борлигини тан олиш…
06 Aralık 2017 - 12:17 'да юкланди ва 543 марта ўқилди.

Кўп эмас, икки йил аввал муаммолар ҳақида ёзганлар, муаммоларни олиб чиққанларни ношукрликда, қора кучлар таъсирига тушганликда, ватан хоиниликда айбланар эди. Муаммони очиқлаган, муаммони гапирганни бошига муаммолар солишга ҳаракат қилинарди.

Алҳамдулиллаҳ. Холат ўзгарди. Одамлар муаммоларни бемалол айта оляпти. Муаммоларни олиб чиқяпти. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб этяпти. Президент таълим тизимида, соғликни сақлаш, суд-ижро тизими, прокуратура, орган, қўйингки, барча соҳаларда муаммо қалашиб ётганини, ўтган йиллар давомида фақат қарсак чалингани, ишга совуққонлик билан ёндошилгани ҳақида қайта ва қайта гапиряпти.

Энди ҳеч ким шукр қилишга чақирмай қўйди. Ҳеч ким муаммони гапирганни оғзига урмаяпти. Муаммолар шу қадар кўп айтилганидан, фақат муаммолар ҳақида ўқияпмиз, эшитяпмиз, кўряпмиз.

Аввал шукр қилишга чақирганлар, аввалги холатдан буткул розиларга бу нарсалар ёқмаяптими, ёки бошқа омил борми, билмадим. Улар ҳам бир нима дейиши керак-ку, тўғрими? Энди улар янги усулга ўтишди “муаммони гапиряпсанми? Унга ечим ҳам бергин”. Бир қарашда тўппа-тўғри гап. Муаммога ечим бериш керак. Йўқса у муаммолигича қолаверади. Ечимни ким бериши керак? Қаерингиздир оғриди, сиз оғриган жойингизни шифокорга кўрсатасиз. Шифокор ташҳис қўяди ва муолажани бошлайди. Мен ҳеч қаерда кўрмаганманки, шифокорга белингиз оғриғидан шикоят қилсангиз “ҳўш, бемор, қаерингиз оғрияпти, деб ўйлайсиз? Нима учун оғрияпти? Уни қандай қилиб тузатса бўлади?”, деган докторни кўрганмисиз?

Сиз касалликни, нима учун оғриётганини, қандай тузатиш мумкинлигини билсангиз, унда шифокор нима учун керак?

Муаммони бартараф этишнинг энг биринчи йўли, муаммо борлигини тан олиш. Охирги вақтда телевизорда кўрсатилаётган амалдорлар билан суҳбатларнинг жуда кўпида, муаммолар инкор этилади.

Мана шунинг учун аввал уни тан олиш керак. Муаммони тан олиш учун, муаммо ҳақида гапириш керак.

Бизнинг вазифамиз қаеримиз оғриётганини аниқ кўрсатиб бериш. Муолажа эса иш бошиларда бўлади.

Кўчалар асфалт қилинмаганини айтиш – бу муаммо.

Ўқитувчилар пахта даласига чиқарилаётгани, мажбурий мехнатга жалб этилаётгани – бу муаммо.

Шифокор ойлиги паст экани, зарурий тиббий анжомлар билан таъминланмагани, хизмат кўрсатиш паст эканини айтиш – бу муаммо.

Диний ибодатлар, ҳижоб, намоз, болаларни масжидга киритилмаслиги, диний эркинлик бўғилгани – бу муаммо.

Бу муаммоларни ечими, муаммони олиб чиққанларда бўлса, унда шу соҳа мутахассислари амал курсисида нима қилиб ўтирибди? Муаммога ечим излаш, катта халққа оталик қиладиган давлат аталмиш оила бошини муаммоси эмасми? Ахир биз анархияда яшамаймиз-ку?!

Оилада фарзандингизни пояфзали йиртилса, бу ишдан сизни огоҳлантиради. Билдириш беради. Бу муаммони ечимини эса ота бўлмиш сиз қидирасиз. Болангиз ўқишини ташлаб, пояфзал учун пул топгани кўчага равона бўлмайди.

Болангиз қорни очса йиғлайди. Йиғламагунча кўкрак тутилмайди. Муаммони айтган фарзандингизни бошидан муаммони аритишга имкон даражасида ҳаракат қиласиз. Бу ҳақиқий отанинг вазифасидир. Давлат ҳам ўз миллатини отаси.

Отангиз ўгай бўлмаса, муаммони айтишингизни ўзи кифоя қилади. У сиз учун муаммо ечими ҳақида бош қотиради. “Йўқ, болам, пояфзалинг йиртилмаган, сен яхшилаб қара, туппа тузик турибди”, демайди. Оёғингиздан сув ўтиб кетганини кўриб, индамай, тескари қараб маишат қилмайди!

Отаси ўгайлар, “ўзинг учун ўл етим”, дейди-да, қўни-қўшни озгинадан пул ташлаб, бошқа линиядан газ тортгани пул йиға бошлайди.

Sayyid Islom

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар