Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Уларда жон йўқ – руҳиятлари мажруҳ эди…

Уларда жон йўқ – руҳиятлари мажруҳ эди…
07 Aralık 2017 - 9:00 'да юкланди ва 444 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

10-қисм

Еттинчи боб

Баҳром тонг оқариб келаётганда уйғониб кетди. Ҳар бир мусулмонга, ҳар бир номозхонга хос бу одат унга ҳам йиллар бўйи сингиб кетганди. У шунда ҳам ибодатга деярли кечикканди. Шундай бўлса ҳам, таҳорат олиб намоз ўқимоқчи бўлди.

Ҳар тугул Қозоғистонда қўрқмасдан намоз ўқиса бўларди. Бутун ўлкада барчага масжидларнинг эшиги бирдек очиқ эди. Уйида дамини ичига ютиб азон айтадиган ўзбекистонликлар учун бу гўё ушалмас орзу эди. Долонга чиқиши билан унинг кўзлари икки опа-сингилни – Батангул билан Сатангулни икки қўлтиғига қисиб, кереслода ухлаб қолган Тайсинга тушди. Кеча аразлаб чиқиб кетган Сатангул яна қайтиб келганди. Уларнинг орқасида тўстувак ушлаган Гулисипса ҳам тикка туриб ухларди. Белидаги чиқинди соладиган елим халта ғижимланган қоғозсочиқларга тўла эди. Хонтахта устида ичилган бўш шишалар қалашиб ётарди. Ярим чала чекиб эзғиланаверган сигарета қолдиқлари кулдонни тўлдириб, ён-атрофига сочилганди. Телевизор ёқиқ қолганди. Экранда бир филни тўдасидан ажратиб олиб овлаётган арслонлар ҳақида кўрсатув борарди.

Житириқга мослаштирилган ётоқхонага чордоқсифат кароват ўрнатилгач, барча буюмларни хонадан чиқарган эдилар. Полдаги гиламлар қолганди, холос. Тўрабика Житириқнинг каровати остига кириб, ҳалигача мириқиб ухларди. Мирзелимбай ҳам бошини остига курткасини буклаб қўйиб, бир чеккага чўзилганди.

Хона кенг-мўл ва иссиққина эди. Мардикор бозори билан солиштирганда бу жойлар жаннатмакон эди. Қибланинг мўлжалини ололмаган Баҳром, кўнгли буюрган томонга қараб ният қилди-да, намозини ўқиб олди.

Унинг боши зил-замбил бўлса ҳам, уйқуси ўчганди. Тан-баданига балчиқдек ёпишиб олган ланжлик уни лоҳас этарди. У ўтган тундаги еган калтаклари ва чарчоқ зўридан кўзларини очолмасди. Боши ғувуллаб, қулоқларида шовқин турганди. У кўзларини юмиб анча ётди, қовоқлари осилиб кетаётган бўлса ҳам ухлолмади. Ўрнидан туриб, ҳайкалдек қотиб қолган Житириққа боқди. У кўзларини шифтдан олиб, деразага тикканди. Бу билан Дуйсенбайнинг истагига гўё монелик кўрсатишни бас қилаётгандек эди. Уни атайлаб боққа қарата ётқизгандилар. Хўрозлар ва товуқлар ёхуд бошқа тур жониворлардан вакиллар беморни кўргани келишса, унга ётган тўшагида мулоқот қилиш қулайлиги яратилганди. Житириқ улар билан тиллаша олмаганда ҳам, ҳарна кўриб турса, кўнгли ёзилади, дея ҳисоблашарди. Кеча минг турли ташвишлар билан бирор нарсага эътибор бермаган Баҳром деразадан ташқарига қараб, хаёлига ҳам келмаган манзарани кўрди. Кўзлари катта бир майдонга тушиб, росманасига сеҳрланиб қолди. Қиш уйқусига кетган боғ ўз-ўзидан йўқолиб, ўрнида бошқа дунё қад ростлаганди…

…Қорасарой билан майдон ўртасидан катта кўча кесиб ўтганди. Нарида йўл билан ёнма-ён жойлашган фаворалар бор эди. Фаворалар осмону фалакка сув сачратаётган бўлса ҳам, ичкарига шовқини эшитилмасди. Қоқ ўртадан юқорига зинапоялар кетганди. Нариги томонда, устунлар билан самоларга юксалтирилган арк, арк устида оёқлари зулм тўрига илиниб қолган лайлакларнинг тунукадан ясалган ҳайкаллари бор эди. Озодлик истаган лайлаклар тинимсиз қанот қоқмасинлар, тутқунликдан қутулишларининг иложи йўқлиги уларнинг ҳаракатларида моҳирлик билан акс эттирилган эди. Аркнинг чап томонидаги баланд бинода Дуйсенистоннинг жаҳолатпарварлари жойлашгандилар. Улар кун-тун Дуйсенистоннинг қонини сўриш билан, тараққиётини аросатда ушлаб туриш билан овора эдилар.

Улардан уч юз қулоч орқада, “Фисқу фасод ва фитналар уйи” бор эди. У ердаги жонли-жонзотлар Дуйсенбайнинг заҳри қотил захиралари таъминоти билан шуғулланардилар. Улар Дуйсенистонни маънавий жиҳатдан оғулаб, иқтисодий жиҳатдан заифлаштириш учун қўлларидан келгунча Дуйсенбайни хўтикка ўхшатиб хўт-хўтлардилар. Аркнинг остидан тўғрига юрилса, икки томон ям-яшил арчазор эди. Кенг йўлка тўрида, мармар даҳмага орқа бериб, онаси Русияга иш излаб кетган неварасига қуриган кўкрагини тутиб турган “Бахтиқора буви” ҳайкали эътиборни тортарди. Бечора кампирнинг узоқ бир вилоятдан келгани бутун вужудига ёпишган чарчоқдан билиниб турар, унинг тушкунлик соя солиб, ажин босган юз-кўзида ғам-андуҳ жилвалари кезарди.

Баҳром бир пайтлар, даҳма устида қўлини олдинга чўзиб, босқинларга кенг йўл очаётган Ленин ҳайкали бор эди, шекилли деб ўйлади. Миш-мишларга кўра у мустақиллик эълон қилингач, жаҳл отига миниб, даҳма остидаги ертўлага кириб кетганди. Баъзи лақмалар унинг бир кун ертўладан чиқиб, яна ўрнини эгаллашига – мустақилликни ер юзидан супириб ташлаб, Қизил Иттифоқни тиклашига қаттиқ ишонардилар.

Гап-сўзларга қараганда, орқасини даҳмага бериб ўтирган кампир унга Дуйсенбайнинг устидан арзу дод этиш учун бу ерга келганди. Унингча, чолини, икки ўғлини, ўнга яқин невараларини ва ака-укаларини ваҳҳобийликда айблаб қамоқларга ташлаттирган Дуйсенбай ноҳақ эди. “Бисмилло”сини билмайдиган чоли, икки ўғли, неваралари ва ака-укалари қандай қилиб ваҳоббийчи бўлганига кампир қурғурнинг ақли етмасди. Дуйсенбай аёнлари билан бир неча марта Лениннинг ҳаққи-ҳурмати, бу ерга келиб, кампир ҳайкали оёқлари остига гул қўйиб, бўйнига гулчамбар илиб, ялиниб-ёлвориб уни ҳайдамоқчи бўлди, аммо қўлидан бир иш келмади. Кампир яқинлари озод этилмагунча ёки Ленин ертўладан чиқиб арзу ҳол сўрамагунча, шу ерда тураверишини айтди.

У қайсарлигини намойиш этиб, ёз жазирамалари ва қишнинг қақшатқич қорли-ёмғирли совуқ кунларида йиллаб қилт этмасдан турди ҳам. Ахири Дуйсенбайнинг раҳми келиб, унга тиланчилик қилиши учун Кремл билан келишиб, “Занги ота” зиёратгоҳидан бир кишининг кети сиққудек жой сотиб олиб бермоқчи бўлди. Кампир ҳақиқатан ҳам қайсарнинг қайсари экан, сўзида туриб, бу таклифни рад этди. Жаҳли чиққан Дуйсенбай, “Кетинг бошингдан ошсин, орқангдан зах ўтиб ўл, ношкур банда”, дея қайтиб, унга ялинмади.

“Бахтиқора буви” ҳайкалининг чап томон орқасида “Ёлғон” қонунлар ишлаб чиқариш фабрикаси жойлашганди. Дуйсенистоннинг энг зиёлилари деб ҳисобланган бир неча авомбош хулқи бузуқлари, текин еб-ичиш ҳисобига бутун дунё қонунларини “Гумбазистон”да кўчириб, маҳаллий шарт-шароитларга мослаб, фабрика фаолларига оширгач, улар ишлаб чиқарилган “Ёлғон” фабрикаси маҳсулоларини ҳаётга тадбиқ этишга рухсат берардилар. “Гумбазистон”даги каби улар учун ҳам барча нарсалар текин эди. Улар, Дуйсенбайнинг бор-йўғи, “ҳа” ёки “йўқ” деган сўзларини такрорлаганлари учун, ўзларини дунёдаги энг бахтли инсонлар деб билардилар. Улар бор-йўғи шу икки сўз учун мояна олардилар, шу икки оғиз сўз учун ҳаммадан кўра яхши яшаяпмиз деб ўйлардилар.

“Бахтиқора буви” ҳайкали орқасидан қандайдир сой оқиб ўтганди. Ўнгга қайрилса, йироқлардан кўзга бир кошона ташланарди. Унинг олдида кўксидан ўқ еб ерга қулаётган турналар ҳайкали бор эди. Ҳамма жойда тирик ҳайкаллар эди. Мажмуани зиёрат қилаётганлар ҳам соялар сингари бир-бирларига айқашиб юрсалар-да, уларда жон йўқ – руҳиятлари мажруҳ эди. Кўксига ханжар урса, улардан бир томчи қон чиқмасди. Юз-кўзлари, бутун вужудлари уларнинг сўзлари каби таъсирсиз, қалблари ҳиссиз ва лабларидаги кулгилари совуқ ва жарангсиз эди. Улар сояда қолиб кетган гиёҳлар каби нимжон эдилар, рангсиз ва сўлғин эдилар. Қуёш кўрмаган башараларида нурдан асар йўқ, уларнинг нигоҳларидан, ёноқларидан бахтиёрлик жилвалари сизмасди. Улар тирик ўлган ҳайкаллар, тафтсиз гуханлар эдилар. Ўзлари билмаган ҳолларида қадамлардилар, еб-ичардилар, орзулар оламида армонга айлангандилар. Аммо тафаккур этмасдилар, фикрламасдилар…

Тўғрига уч юз эллик қадамча юрилгач, ҳар қандай ўлик жоннинг ҳам ўнг томондаги миллий услубда безатилган “Хотира” мажмуасига кўзлари тушмасдан иложи йўқ эди. Бир-бирига қаратиб қурилган икки айвон остидаги варақасимон темир парчаларга бедарак кетган ярим милёнга яқин шаҳидларнинг номи ўйиб ёзилганди. Ўша иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам Дуйсенбай қарашсизлиги йилларидаги каби миллат ўғлонларини қурбон бермаган, ўлка бу қадар маънавий ва иқтисодий талофат кўрмаган эди.

Темир лавҳага Дуйсенбайнинг ўлимидан кейин камида яна шунча инсонларнинг номи битилиши керак бўлади ҳали. Айвонларнинг энг тўрида, ўғлонларига аза очган “Мотамсаро она” ҳайкали қад кўтарганди. “Бахтиқора буви” ўлароқ “Мотамсаро она” мустақиллик йилларида сиёсий сабабларга кўра турли жиноятларда айбланиб, ном-нишонсиз кетган, қамоқхоналарда бешафқатларча йўқ қилинган бутун миллат ўғлонларига аза очганди. У тул қолган келинчаклар ва етим қолган фарзандлар ҳаққи, йиллар бўйи Дуйсенбайни ер уриб қарғарди. “Қаттолнинг оғзидан қони келиб ўлган кунни кўрсам”, деб кўксига муштларди. Қон йиғлайвериб, кўзларида ёши қолмаганди. У узоқ йиллардан буён бошини ердан кўтармасди. Юлдузли осмонларга боқиб, тўйиб нафас олмасди. Унинг оҳ-воҳларига осмонлар чидай олмай, ер бағридан дод чиқарди. Кеча-кундуз тинмасдан ёнаётган олов, ноҳақ тўкилган қонларнинг сояси – жабр-зулм ва бедодликка қўйилган ёвузлик ҳайкали эди. Дуйсенбай шу жойларга келса, қалби ором топарди. Бутун мамлакатни қора кунларга ошино этганидан ўзида йўқ қувонарди…

Энг даҳшатлиси, Житириқ ўлиб қолганди. Уни олиб кетишга келган “Ўлим” поезди ўз-ўзидан ернинг устига чиқиб қолганди.

– “Пахтакор” бекати! – деган овоз янгради у майдонда тўхтагач.– Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг “Алишер Навоий” бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!

Ҳамма тушди. Бироқ поездларга ҳеч ким чиқмади. Сўнгра:

– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деган овоз янгради. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ…

Барча воқеа-ҳодисаларнинг оёғи осмондан келиб, майдонда тантанали мотам маросими бошланганди. Дуйсенистоннинг давлат байроқлари туширилиб, олақуроқ туғлар тикланганди. Ҳарбийлар оркестрда мунгли куйларни ижро этардилар. Дуйсенбай “Бахтиқора буви” орқа бериб турган даҳма устидаги ер шарига минбар қўйдириб, микрофонни икки қўллаб чангаллаганча қопқасига суяниб олганди. Унинг бошида қора шиляпа, кўзида қора кўзойнак, қўлларида оқ қўлқоп бор эди. Қоянинг чап томонида, жаҳолатпарварлар – “Фисқу фасод ва фитналар уйи” ходимлари, “Ёлғон” қонунлар ишлаб чиқариш фабрикаси икки палатаси дангасалари ва Дуйсенистоннинг давлат мулозимлари турнақатор бўлиб тизилгандилар. Ўнг томонда опа-сингил Батангул билан Сатангул турарди. Уларнинг орқасида тўстувак ушлаб юрган Гулисипса ҳалиям тикка туриб ухларди. Кўзлари юмуқ эса-да, қўл-оёқлари бурчларини адо этишдан чарчамасди. Бир хилда қорага бурканиб, қора кўзойнак таққан опа-сингилларнинг ва Тайсиннинг думлари остида унинг қўллари тинмасдан ивирсир, белидаги чиқиндихалтаси ғижимланган қоғозсочиқларга тўлиб борарди. Опа-сингиллардан сўнгра, ола-була башарасига қора ниқоб тортиб, бошига ғиррим қалпоқ қўндирган Тайсин турарди. Опа-сингилларники сингари бугун унинг ҳам шимини туртиб чиқиб турадиган тўмтоқ думи орқасига ёпишганди. Икки ёнида икки мураббийси, Жак Андирсон билан Аббос Қасрий ва ўртада безакчи Шўлпаной Авакянлар унинг танқўриқчилиги вазифасини ўтаётгандилар. Улардан кейин маросимга келган чет эллик меҳмонлар ва Дуйсенистонда ерлашган дипломатик корпус вакиллари саф тортгандилар.

Ҳар хил фондлар тузиб, мўмай даромад ундиришга устаси фаранг Батангул вазиятдан фойдаланиб, Дуйсенбай билан келишгач, “Бахтиқора буви” жамғармасига пул йиғиш тадорикида эди. Сохта айбловлар билан қамалганлар оилаларига ёрдам сифатида ўртага чиқадиган бу аза марафонидан Дуйсенбай ўзини хабарсиздек тутмоқчи эди.

У ҳар сафар шунақа ишлар учун Батангулга фотиҳа бера туриб: “Карочи, мен бундан бехабарман. Одамлар барчасини “дода”дан яшириб қиляпти, деб ўйласинлар. Парот қилсанг, ўзинг жавоб берасан, аммо” дерди. “Ўзим жавоб бераман”, деган Батангул ҳам ҳар сафар кичик бир қувлик ишлатарди. Бу гал ҳам шундай қилди. Дуйсенбайнинг қиш ойларида чет эл сафарларига чиққанда киядиган қундуз телпагини хотини Татянадан уч соатга қоп-қоп ваъдалар бериб, ижарага олди. Маросим бошланмасдан олдин, миллий хавфсизлик бошлиғига айтиб, “Бахтиқаро буви” оёқлари остидан ертўлага телпакнинг сиғимида тешик очдирди. Сўнгра телпакнинг устки чокини сўктириб, тешикка тескари қўйганди, очдан ўлмаслик учун нон сўраб йиғлаётган гадонинг ҳовучига ўхшаб қолган телпак тешик билан йиғлаб кўришди. Сиртдан қараганда бир ҳовуч тиллавор билан тўлдириш мумкиндай кўринган телпак остида ўпқон борлигини ҳеч ким сезмаслиги лозим эди. Боқувчиларидан айрилган “Бахтиқора буви” гўё чолининг телпагини тескари қўйиб, мурувватли кишилардан садақа сўраётганга ўхшаса, олам гулистон эди. Батангулнинг фикрича, тадбир кампир қўли билан амалга ошса, бир ўқ билан икки ўрдакни урса бўларди. Фуқаро Дуйсенбайни мазлумларнинг ховондори деб ўйласа, унинг қундуз телпагини таниган давлат мулозимлари ва корчалонлар уни тўлдиришга зўр берардилар. Дуйсенистондан бир нима ундириш таъмасида юрган чет эллик меҳмонлар ва дипломатик корпус вакиллари Дуйсенбайнинг эътиборини қозониш учун марафонни “ким ошди” савдосига айлантирардилар. Дуйсенбай кўриб кўрмаганга олиб турса, жонидан умиди бор жонзод борки, Ҳотамтой бўлиб, ҳиммат камарини белига боғламасдан иложи йўқ эди. Икки ўртада Батангулнинг хориждаги милярдларининг чўғи кўпаярди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар