Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кумушни йиғлатган Отабекни ўйлатган шоир

Кумушни йиғлатган Отабекни ўйлатган шоир
07 Aralık 2017 - 14:55 'да юкланди ва 608 марта ўқилди.

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидан цитата:

“Отабек хуфтон намозидан сўнг турмуш ташвишларидан фориғ бўлиш кайфиятида мойчироғ ёнига ўтириб, Фузулий девонини қўлига олади. Нима сабабдандир унда «бирор фожиага тушкувчининг ҳолати бор эди. Киши изтиробга тушган кезларида тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи бир ишларга уринадир». Шунингдек, у ҳам жиддий бир равишда Фузулий мутолаасига берилди… «Фузулийни яхшилаб ўқиш керак!» дейди Отабек. «Шеърлардан бошини кўтармайдир, гўёки китобга михланган… Нигоҳи китобга қадалган Отабек қушлар каби латиф, товуш чиқармаслик қилиб гилам устида одимлаган малакнинг хонага кириб келганини ҳам сезмайди. – Фузулий яхши китоб, — дейди Кумуш, — мен ҳам ёлғиз қолган кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим…”

Гап хозирги Ироқ ҳудуди ҳисобланган Карбалода туғилган ва ўз асарларини ўғуз туркчасида ëзган Фузулий Бағдодий ҳақида кетмоқда.

Советлар бу шоир тилини озарийча¸ Навоий тилини ўзбекча қилиб тайинлашидан анча олдин Туркистонда яшаган Отабек ва Кумуш буни оригиналда ўз шоири дея ўқишган.

Агар Ҳиротда туғилиб “Низомий болидан ҳалво пиширган” Навоий ўзбек бўлса Карбалода туғилган Фузулий ҳам ўзбек.
Агар Фузулий Озарбайжон бўлса Навоий ҳам Озарийдир.

Аслида Навоий ҳам Фузулий ҳам улуғ турк шоирларидир.

Фузулий Ироқда яшаган шоирдир. Карбалода туғилган. Бошқа манбаларга кўра¸ Ҳуллада дунëга келган. Оти Муҳаммад. Отасининг Сулаймон деган олим бўлгани айтилади.

Ўзини турклигини Фузулийнинг ўзи ëзиб кетган.

“Туркий майдонда табъим отини елдирдим ва турк зарифларини (тилни нозик сезувчилар, тушунувчиларини) туркийгўйлик латойифлари билан (таматгу) қойил қилдим. Бу ҳам менга ташвиш келтирмади. Зеро, менинг аслимга мувофиқ тушди.”

Навоий Низомийдан илхомланиб Лайли ва Мажнунни ëзади ва илхом қайноғи Низомий эканлигини аниқ айтади. “Низомий болидан ҳалво пиширдум”¸ дейди. Яъни Навоий “бол тутиб бармоғини ялаганлигини” эътироф қилади.

Фузулий эса Навоийдан таъсирланиб Лайли ва Мажнун асарини ëзади.

Келинг бу асардан биз ҳам баҳра олайлик.

“Лайли-Мажнун”дан :

Манимтак ҳеч ким зору паришон ўлмасун, ё Раб,
Асири дарди ишқу доғи ҳижрон ўлмасун, ё Раб.
Дамодам жаврлардур чекдиким бераҳм бутлардан,
Бу кофирлар асири бир мусулмон ўлмасун, ё Раб.
Кўруб андешаи қатлимда ул моҳи будир дардим—
Ки, ул андишадин ул маҳ пушаймон ўлмасун, ё Раб.
Чиқармоқ истаса тандин чекуб пайконин ул сарвинг,
Чиқон ўлсун дили мажраҳу пайкон ўлмасун, ё Раб.
Жафоу жавр ила мўътадим унларсиз нўлур ҳолим,
Жафосина ҳадду жаврина поён ўлмасун, ё Раб.
Деманким, адли йўқ ё зулми чўқ, ҳар ҳол ила ўлса,
Кўнгил тахтина ундан ўзга султон ўлмасун, ё Раб.
Фузулий бўлди ганжи офият майхона кунжинда,
Муборак мулкдир ул, мулки вайрон ўлмасун, ё Раб.

Бу сатрлар менинг она тилимда ëзилган ва мен ҳам Кумуш каби Фузулийдан бош кўтара олмайман. Зотан “Муборак мулкдир ул, мулки вайрон ўлмасун, ё Раб.”

Энди фараз қилайлик марҳум хофиз Фаҳриддин Умаров мана бу сатрларни танбур куйига мослаб айтди. Ҳўш фарғоналик зиëли бир ўзбек англамайдими¸ менимча англайди. Зотан бу матн Навоий¸ Огаҳий ëки Ҳамза тилидан айрича эмас:

Фалак айирди бани жавр ила жононимдан,
Ҳазар этмазми ажаб, нолау афғонимдан.
Ўда ёндирсам агар шуъла ила нафларни,
На батар оташи оҳи дили сўзонимдан.
Ғами пинҳон бани ўлдирди, бу ҳам бир ғамким,
Гулруҳим ўлмади огаҳ ғами пинҳонимдан.
Оҳ эди ҳамнафасим, оҳки ул ҳам охир
Чиқди игроҳ қилуб кулбаи аҳзонимдан.
Бан на ҳожатки қилам доғи ниҳоним шарҳин,
Оқибат зоҳир ўлур чоки гирибонимдан.
Ҳақ билур, ёр дагил жону дилимдан ғоиб,
Нўла гар ғойиб эса дийдаи гирёнимдан.
Жон агар чиқса танимдин асари меҳр ила,
Асари меҳрини сонмонгки, чиқар жонимдан.
Лутф эдубсан магар, эй бод, букундан бўйла,
Верасан бир хабар ул сарви хиромонимдан.
Эй Фузулий, ғами ҳажр ила паришондир ҳол,
Кимса огоҳ дагил ҳоли паришонимдан.

Кошки буни Фаҳриддин ака айтса эди¸ бошимни тебратиб ох воҳ деб кўкрагимга шаппатлаб тинглаган бўлар эдим…

Буни бировлар ўғуз туркчаси¸ бировлар ғарб туркчаси дейди¸ яна бировлар эса чиғатой дейди.

Аммо ким нима деса ҳам мен буни қалбан англадимку¸ юрагим торлари чертилдику.

Агар модерн ўзбек шеърияти тамалида Абдулҳамид Чўлпон турган бўлса¸ Ҳамид Олимжон эътироф қилгани каби “замонавий ўзбек шеъриятининг тили Чўлпон тили” бўлса¸ Чўлпоннинг тили Фузулий тилидир.

Чўлпондан иқтибос:

Илк аввал гўзими ишқ ила очдим,
Ишқнинг майдонина қоними сочдим,
Ишқсиз ўлкалардан у онда қочдим,
На замон боғладим зуннори ишқи.
Жаннат баним ичун қуру саҳродир,
Ишқинг саҳросиким, банго маъводир.
Аксини сан банго на қадар қондир,
Қонмам чунки, бўлдим гулзори ишқи.
Сўйларкан дилларим на ёмон сўзлар?!
Ёзаркан қаламим на ҳазин оғлар?!
Сода дил бунлардан на маъни онглар?
Билмаз куж ўлдуғин изҳори ишқи!

Изоҳ ўрнида: Бу ëзувлар ҳиссиëт билан иш кўрадиган рассом ва фақат совуқ фактларгагина ишонадиган журналистнинг кўз қарашлари¸ фикр мулоҳазаларидир.

Боз устига каминанинг қулоғи Хоразмдаги ўғуз туркчасини эшита эшита қонган.

Бу матн Сталин тарафидан туркий қавмларни туя тўқимидек парча парча қилиб ташлангани ва советдан олдин яшаган қадим шоирларга ўзидан сўрамасдан паспорт бериб бу паспортга ўзбек ëки озари деб ëздирилганига протестдир.

Бу матн турк деса лабига учуқ тошиб жазавага тушадиганлар учун эмас балки мушоҳада қиладиганлар учундир. Янглишимиз бўлса узр. Фузулий айтганидек “Гўзи ëшлиларнинг холин на билсун мардуми ғофил”

Шуҳрат Бобожон

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар