Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Вал-Фажр

Вал-Фажр
08 Aralık 2017 - 5:00 'да юкланди ва 222 марта ўқилди.

«ВАЛФАЖР» КИТОБИДАН

 

 

ВАЛФАЖР

(Бир оҳангда)

1
Силамоқ шарт эмас музнинг бошини.
Унга яхшиликни истаган ҳар ким
Якинига бормай,
Сухбатлашсин чеккарок туриб.
Агар у «яшасин» десангиз,
Уни илиқликка ўргатманг,
Ўргатманг бизларнинг муносабатга.
Музлиги – унинг ўзлиги.
Қўлқоп кийдирмангиз музга ҳеч қачон.

2
Қўйиб юборинглар унинг ўзини,
Олдига борсин у болаларининг.
Лекин олиб қолинг тилини,
Тилини чинорга боғланглар,
Хивич кесиб олинг,
Саваланг!
Ахлоққа нолойиқ бир даражада
Каттариб кетган бу филсифат тилни.
Саваланг, токи фил
Қувноқ қўшиқларни айтиб юборсин.
Ишонманг, ҳеч қачон ишонманг
«Фил қўшиқ айтмайди» деган ношудга.

3
Оч одамга нонни ўйламоқ
Куллий азобдир.
Тўрт девор ичида ўтириб,
Қанот орзу этмоқ ундан ҳам ёмон.
Шундай экан, қўшиб юбормоқ зарур
Бу икки тасаввур,
Икки азобни:
Яъни учаётиб нонни унутсин,
Нон еб ўйламасин парвозни одам!.

4
Дарахт ўсмоқчими, ўсаверади,
Рухсат сўраб келмас меникига у.
Шамол эсмоқчими, эсаверади,
Қуёш ҳам ўзининг айтганин қилар.
Фақат мен бирор не ўйласам
Айтмоғим душвордир ўйлаганимни.
Мўъжиза юз бериб айтиб кўpсам-чи,
Айтганимни қилолмайман ҳеч!.

5
Ўзгарар заминнинг жамоли,
Одам қиёфаси узгарар.
Муҳаббат ҳам энди бошқача –
Кечаги кўйлагин бугун киймайди.
Мардлик ҳам ўзгарди,
Кечаги мардлар
Бугун истеъфода, қарасалар-ки,
Бу хислат мазмуни кенгайиб,
Чуқурлашиб борар хотира каби.
Бу-ку турaверсин
Тузоқ-чи, у ҳам
Воз кечди ўзининг сийқа шаклидан.
Энди тепасида шабнамлар ёнар,
Булбуллар сайрайди унинг бошида,
Қошида товуслар керишади жим,
Унинг ўзи эса мутлоқ тилладан.
Факат тахрир килиш керак исмини.

6
Идоранинг эшиги
Бошқа эшиклардан фарқ қилмайди ҳеч.
Лекин ҳар бир идоранинг
Ўзига хос деразаси бор.
Ундан тикилганда кўчага
Уйингдаги каби
Онанг қараб турмас ортингдан.
Онадан азизроқ,
Барча оналардан ҳам машҳур
Портрет тикилиб турар елкангга.
Сен бўлса дераза pаҳида
Бирор марта мажлисга кирмаган
Чумчуқни кўриб ҳайратга тушасан.

7
Умримни япроққа қиёслаб,
Йиғлаб ўтирмайман унинг устида.
Сизни ражитмайман ҳеч қачон
Катта океанга ўхшатиб уни.
Чунки мен япроқдан кўпроқ яшайман,
Узоқ яшолмайман океан каби.
Айтгандай қиёснинг не кераги бор?
Умр деганлари – сўққабош одам,
Ҳатто уйланса ҳам бирор қиёсга
Боласи бўлмайди умрнинг.
Йўқ, йўқ, ҳар бир киши ўз умрин
Улкан бир қоғознинг шаклида
Тасаввур этсин,
Деворга оcсин уни,
Агар лойиқ девор топилса.
Сўнгра узоқлашсин девордан
Олтмиш-етмиш йиллик масофага у.
Ўша узоқликдан туриб қоғозга
Қарасин.
Бирор из кўрмаса унда,
Яқинроқ келсин, қирқ йил яқинроқ…
Шунда ҳам ҳеч нарса кўра олмаса
Деворнинг тагига келсин у одам.
Кўзига бешламчи кўзойнак тақиб,
Тикилса бепоён қоғозга.
Кўрмаса бирорта изни шунда ҳам,
Майли, у қоғозни йиртиб ташласин.

8
Етар, индамайман энди мен.
Деразанинг шаффоф ойнаси каби
Ўтказавераман нурларни, Лекин индамайман ҳеч қачон!.
Қишки деразанинг ойнаси сингари
Кўкариб кетайин, музлаб қолайин.
Аммо индамайман бир оғиз!
Майли, чил-чил синай шамолда,
Бўрон қанотимни деворга урсин,
Бари бир индамай ўламан.
Молу мулкингизни эҳтиёт қилинг,
Агар ўғри тушса кўксимни ўйиб,
Мен сизни уйғотиб юрмайман энди,
Жаранглаб кетмайман ҳеч қачон!.

1980

(112)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (71-75-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар