Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тарихи Муҳаммадий. Хотима

Тарихи Муҳаммадий. Хотима
11 Aralık 2017 - 7:00 'да юкланди ва 1674 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 246
(давоми)

ТУГАНЧИ
(хотима)

Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун шунча қилғон оғир хизматлари, ислом дини йўлида тортган чексиз азоблари, машаққатларининг ажр-савобларини у зотга Аллоҳ таоло Ўзи ато қилсин.

Бу китобда ёзилган Расулуллоҳнинг сифатларини ўқиганлар, ҳар бир ўринда айтган сўзларини англаб, қилғон ишларидан мусулмонлар улгу олиб, амал қилсалар, Аллоҳнинг улуғ раҳматига лойиқ бўлиб, унинг дийдорига мушарраф бўлғайлар, иншааллоҳ.

Ушбу сўзларини тўплаб,китоб ёзгувчи бу гуноҳкор бандани ҳам эскариб дуода ёд қилгувчилар бўлса, уларниҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни шафоат вақтида ёд қилғайлар.

Эй Раббим, мундоқ улуғ неъматни — ҳабибинг Расулуллоҳ Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарих ва тавсифларини ёзишни мендек ғариб қулингга насиб қилдинг. Мен энди бу улуғ давлат шукрини қандоқ адо қила олгайман? Унинг даргоҳида шу тилим бирла нима деб шукр айтишимни била олмайман.

Байт:

Бу улуғ неъматни шукрин мен каби ожиз қули,
Қанча айтса бўлдиролмасдур анинг мингдин бири.

Имом Бухорий ривоят қилур, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтурлар: «Илонодамни кўрганида ўз инига қараб қочганидек, иймон ҳам Мадинага қочади».

Расулуллоҳ охирзамон аломатлари баёнида бу сўзни демишлардур. Аларнинг айтганлари шу кунларда бошимизга келиб, кўзимиз билан уни кўриб турибмиз.

Улуғ авлиёлардан имом Шаъроний айтадур: «Тарих ҳижрат бир мингдан ўтди эрса, ажойиб замонлар бўлғай. Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, кўнгилга келмаган ишларни кўргайлар. Илм ошиб, ҳунар кўпайиб, табиат сирлари юзага чиққай. Лекин дин ташланганликдан иймон, инсоф, адолат ер устидан кўтарилгай.

Расулуллоҳ айтганларидек, шу кунларда бутун ер усти кофирларга тўлди. Ярим миллиарддан кўп мусулмон аталган кишилар ичида Ислом ҳомийи бўлғудек бирор подшо ёки бирор ҳукумат ҳеч ерда йўқдур. Динсизлик офати бутун оламни қопламишдур. Дин илми халқ кўнглидан бурунданоқ кўтарилмиш эди.

Яқин минг уч юз йил исломиятда ўтган Бухоро, Самарқанд, Фарғона, буткул Туркистон болалари шу кунларда мусулмончиликдан «Бисмиллаҳ»ни ҳам билмай қолдилар. Оғизда бўлса ҳам иймон калимасини ўқишдан ажрадилар. Ер устига тарқалмоқда бўлган динсиз коммунистик ҳокимиятига биринчи қадамдаёқ ватанлари, динлари, ўзлари қурбон бўлди.

Шарқий Туркистонни Хитой босқинчилари босиб олиб, ерлик мусулмонларни инсонлик ҳуқуқларидан бутунлай ажратдилар. Шу кунларда эса шу ялмоғизларга босқин бўлиб, аларни еб-ютиб, сингдириш даражасига олиб келиб қўйдилар. Қуръоннинг хати, Исломнинг номигина қолади, деган Расулуллоҳнинг сўзларича шу кунгача узилмай келаётган Исломнинг қуруқ номи ҳам энди унутилишга яқинлашди. Мана шундай оғир бир даврда мен бу қутлуғ китобни ёзишга киришдим.

Тарих ҳижратнинг 1380 йили 26 рамазон ойида «Коҳота» маҳалласида бу китобни оққакўчирдим. Мунинг устида жон ҳовучлаб юриб, қўрқинчлик билан кўп йиллар ўтказдим.

Аллоҳнинг ёрдами, Расулуллоҳнинг шарофатлари бўлиб, охири шу тилагимга етдим.

Кишилар:

— Энди замона ишлари шундай бўлса, сенинг бу китобингни кимлар ўқиб, ким бунга қизиқади? Бунинг бозори қачонлардан бери касод бўлиб, дўконлари бузилмиш эди. Бу сўз гавҳарига энди ким ҳаридорчилик қилади? — десалар, аларга жавоб ушбу ҳадиси шарифдур:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Ислом дини дастлабда ғариблик билан бошланди, энг кейин яна ғарибликка қайтади. Шу ғарибликка тушган динларини ташламай кутган ўша замондаги ғариб мўминлар меним қандай яхши умматларимдур! Дин ғариб бўлиб, шариати ташланган кунларда ким менинг суннатимга қаттиқ ёпишиб, олов чангаллагандек қийналса ҳам ундан ажрамай дунёдан ўтса, Аллоҳ таоло ундай мўминга юз шаҳиднинг савобини ато қиладир, — деб марҳамат қилдилар».

Яна Расулуллоҳ айтдилар:

— Меним бир тоифа умматим бордурким, қиёмат бўлгунча ҳам ҳақ йўлдан адашмайдилар.

Мана бу ҳадислар «Саҳиҳ Бухорий»да ва бошқа ҳадис китобларида ҳам бордур. Шу мазмунда келган яна бошқа ҳадислар ҳам кўпдур. Ҳадисларнинг мазмунларича, Ҳазрати Исо алайҳиссалом осмондан тушиб, Дажжолни ўлдирганларидан сўнгра яна қирқ йил умр кўргайлар. Ўша замонда бутун дунё халқи Ислом динига киргай. Исо алайҳиссалом Қуръон ҳукмини бутун ер юзига юргизгайлар. Бу зот вафот топгандан сўнгра яна оламни куфр қоронғилиғи босгай. Ана шу чоғда ҳам Байтуллоҳни мусулмонлар тавоф қилишар экан.

Ҳадислардан маълум бўлурким, дин ҳар қанча заифлашиб ер устида Ислом ҳукумати қолмаса ҳам, лекин ҳақиқатдан адашмайдирган бир тоифа умматлари қиёматгача ер устидан узилмас эканлар. Энди мен ҳам ўзимни ҳақ йўлдан адашмайдиган шу мўминлар қаторига қўшдим. Шунинг учун мен бу китобимни Расулуллоҳнинг шу тоифа умматларига атаб ёздим. Менинг бу китобимни, иншааллоҳ, шулар ўқиб, фойдаланиб, баҳра оладилар, деб Аллоҳдан умид қилдим.

Эй меҳрибон Раббим! Сен рози бўлғудек, Пайғамбаринг яхши кўргудек ҳақ йўлда жонбозлик қилмоқчи эдим. Тақдирга тўғри келмагач, у тилагим қўлга келмади. Бу ҳақда қилган бандачилик гуноҳларим учун ўзингдан афв ўтинадурман.

Эй улуғ тангрим! Энди эрса ёшим етмиш учдан ўтди, ёшлигим ғафлат била қўлданкетди, сенинг даргоҳингга борар чоғим яқинлашди. Ҳабибинг Муҳаммаднингшафоатидан, Ўзингнинг чексиз раҳматингдан бошқа менинг паноҳим йўқдур.

Эй Раббим, менинг фарзандларимни ва мендан тарқалган наслларимни ҳақ йўлдан адаштирмагил. Бу китобни ўқиб, бунга амал қилган мўминларни Ҳавзи Кавсар сувидан қондириб, Расулуллоҳ шафоатларини аларга насиб қилгил.

Маълумдурким, шу кунги даврда динсизлик офати бутун дунёга тарқалди. Мунинг энг қаттиқ зарбаси биз ерлик халқ — Ўзбекистон ва Шарқий Туркистон мусулмонлари устларига тушди. Бахти қочган бечора халқимиз ҳақиқий исломиятдан кўп йил илгариёқ ажраган эдилар. Шунинг натижасидурки, охири ватанларидан, динларидан, бутун инсоний ҳуқуқларидан ҳам ажрадилар. Лекин юзаки исломият Ўзбекистон ва Шарқий Туркистон мусулмонлари ичида шу кунларгача ҳам кўрилмоқда эди. Энди бундан ҳам ажралиш навбати етиб келди.

 Дунё бўйича турклик бешиги ҳисобланган икки Туркистон ватанимизни ютиб, сингдириш учун коммунистик ҳокимияти остида Шарқдан қора ялмоғизлар, Ғарбдан сариқ ялмоғизлар ўз эркларича ейишга киришдилар. Миллий, диний расм-одатларимизни, айниқса, диний ишларимизни туб илдизидан қуритдилар. Ватаним мени ҳайдаса ҳам, ўзимга суюкликдур. Миллатим мени хўрласа ҳам ўзимга қадрликдур. Булар учун ҳар яхшиликни қилмоқчи эдим, қилолмадим. Оз бўлсаям қилмай қараб туролмадим ва келажакдаги қаҳрамон миллат болаларига, балки бутун Туркистон мусулмонларига ўзимдан ёдгорлик қолдирмоқчи бўлиб она тилда Чиғатой туркийси билан бу китобни ёздим. Саводлик, саводсиз, турк тиллик ҳар қандай кишиларга ҳам тушунарлик бўлсун деб арабий, форсий сўзларни кўп аралаштирмадим. Бундин мақсад Ислом динини халққа тушунтириш, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни умматларига танутиш эди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳар элнинг ўзидан пайғамбар чиқариб ўз тили билан китоб туширган эди.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни бутун дунё халқи, инсу жинга пайғамбар қилиб юборди. Анинг динини дунё халқига тарқатиш хизматини ҳар эл, ҳар ернинг ўзидан чиққан уламолариға топширди.

Шундай бўлгач, ҳар миллатнинг ўзидан етишган олимлари Аллоҳ амрини, Қуръон ҳукминишуларнинг ўз тилларида очиқ-ойдин қилиб айтиб туришлари, албатта, лозимдур. Ўқиганда ёкиўқитиб эшитганда кишилар тушунгудек қилиб ўз тилларида китоблар ёзиб қолдиришларизарурдир. Шу сабабдан мен бу китобни бошқа тил қўшмай сўзларини соддалаштирибёздим. Ўқиган ва эшитганлар яхши тушуниб турсалар, мақсадимиз шулдур.

Бу китобни ёзганимда ушбу асарлардан фойдаландим: «Зоду маъод», «Сийратул Ҳалабийя», «Сийратун набий», «Шифои Шариф», «Нурул яқин». Шуларни кўз олдимда тутдим, айниқса, «Сийратул Ҳалабийя»нинг маълумоти кенгроқ бўлгач, унга кўпроқ қарадим. Меърож воқеасини «Саҳиҳ Бухорий»дан кўтардим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари, ёзилмиш китобларнинг мўтабарлари шулардур. Ушбу асарларнинг муаллифларини Аллоҳ раҳмат қилсин. Расулуллоҳнинг сифатлари, таржимаи ҳоллари, балки кундалик қилган ишларини бизларга етказган зотлар саҳобалардур. Аллоҳ улардан рози бўлсин, улуғ ажрлар ато қилсин. Меним яна васиятим шулдурким, ўз авлод-наслларимдан ҳар бир оилада бу китобдан бир нусха сақланиши, албатта, зарурдир. Агар келгуси замонларда имконият топилар экан, беш-ўн минглаб бостириб, ҳар икки Туркистон халқига, асли ватан эгаларига тарқатишни уларга топширдим. Меним бу топшириғимни вақти келганда бажариш ўз авлодим устига юкланган муқаддас бир улуғ вазифадур.

Агар мусулмонлар шу китобда ёзилмиш сўзларни амалга оширсалар, Расулуллоҳ сўзларича, дунё хорлигидан, охират азобидан қутулишлари шубҳасиздур. Ҳеч бўлмаганда Пайғамбаримиз айтган қиёматгача ҳақ йўлдан адашмайдиган, нажот топган бир тоифа умматларидан бўладилар ва ҳам ислом динининг асосига тушуниб, динсизлик балосидан ўзларини, авлод-наслларини қутқара оладилар. Чунки, бу балодан қутулиш учун дин тарихини билишдан ўзга чора йўқдур. Дин тарихини билишга, Расулуллоҳнинг таржимаи ҳолларидан хабардор бўлишга бизнинг китобимиз кафилдур.

Хоҳи авлодларим, хоҳи бошқа ватандош дин қариндошларимиз бўларлар, ибрат кўзини очиб, ақл кўзгусини қўлига олиб, ҳар йили бу китобни бир йўл бошдан-оёқ ўқиб туширишни ўзларига вазифа қилсинлар. Иншааллоҳ, китоб хатм бўлган чоғда қилган дуолари Худо даргоҳида мақбулдур. Анинг учунким, 360 жангчи — Бадр ғозийларининг муборак исм-шарифлари бу китобда ёзилмишдур. Шунинг учун ўқигувчиларнинг дуолари ижобат бўлиб, офат ва балолардан омонда бўлғайлар. Шу ҳақда айтилмиш аларнинг хосиятлари мўтабар, улуғ ҳадис китобларда ёзилмиш, ваъдалари тажриба қилинмишдур.

Эй фазли карамлик, раҳмон, раҳим сифатлик, меҳрибон Раббим! Бу китобда номлари ёзилган яхши бандаларнинг ҳаққи-ҳурмати, мен ғариб қулингни ёлғончи қилмагил, ўқигувчиларни офат ва балолардан асраб, иймонларини саломат сақлаб, охиратларини обод қилгил. Мендан кейин авлод-наслларим ҳақ йўлдан адашиб, Расулуллоҳ олдида хижолатга қўймагил. Буларнинг динларини, дунёларини, охиратларини ўзингга омонат топширдим.

Бу китобимни ёмон кўздан, ёмон қўллардан сақлаб, қиёматгача бундан фойдаланишни Муҳаммад умматига насиб қилгил.

Эй бор Худоё, Муҳаммад умматини раҳмат қил, уларни балодан қутқаргил. Абадий-азалий илминг сиғдирганича Расулуллоҳга ва унинг аҳли байтларига, ашобларига биздан салавот ва саломларимизни еткургил. Омин.

Ҳижрий 1380-йил Рамазон ойининг 26-кунида Тошкент шаҳри, «Коҳота» маҳалласида бу китобни оққа кўчирдим.

(тугади)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort