Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Трамп қарорини қоралади

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Трамп қарорини қоралади
14 Aralık 2017 - 18:47 'да юкланди ва 433 марта ўқилди.

Чоршанба куни Туркияда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда мажлиси бўлиб ўтди. 57 мамлакат аъзо орган АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Қуддусни Исроил пояхти сифатида тан олиш қарорини қоралади. Саммит иштирокчилари Фаластин давлатини тан олишга чақирди.

Истанбулда ўтган мажлисда 22 мамлакат раҳбарлари ва 23 давлат ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.

Анжуман мезбони, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоған АҚШ ва Исроилни танқидга олди. Унинг назарида, Исроил Фаластиннинг ҳамма ерларини ўзлаштирмоқчи, яҳудий хавфсизлик кучлари эса ўзларини террорчилар каби тутмоқда.

Эрдоған халқаро ҳамжамиятга бир таклиф билан мурожаат қилди.

“Халқаро қонун ва адолатни ҳурмат қиладиган барча давлатлардан Қуддус шаҳрини истило остидаги Фаластин давлатининг пойтахти сифатида тан олишни сўрайман. Бу масалани ортиқ чўзиб бўлмайди. Мусулмон мамлакатлар сифатида биз Фаластинни суверен ва мустақил қилиш, Қуддусни унинг пойтахти деб кўриш талабимиздан ҳеч қачон қайтмаймиз”, – деди Эрдоған.

Бироқ бир кунлик анжуман минтақада аҳиллик йўқлигини кўрсатди. Саудия Арабистони ва Миср каби йирик давлатлар раҳбарлари саммитда қатнашмади.

“АҚШ бу икки давлат учун жуда муҳим, шу сабаб улар Америка қарорига қаршилик кўрсатишни исташмайди. Масалан, Туркия, Иордания ёки Эрондан фарқли ўлароқ, улар сукут сақлашни афзал кўради”, – дейди туркиялик олим Месут Ҳакки Часин.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг айтишича, Трампнинг бу қарори уни яккалаб қўйди.

“Бу билан Қўшма Штатлар воситачи сифатида холислигини йўқотди ва сиёсий жараёндаги ролини бой берди. Бундан кейин Американинг тинчлик жараёнида қатнашишини истамаймиз. Исроилга тарафкашлик қиляпти”, – деди Аббос.

Анжуман қатнашчилари якуний баёнот қабул қилиб, Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишга, Шарқий Қуддусни эса унинг пойтахти сифатида эътироф этишга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котибаси Хезер Нойертнинг айтишича, Трамп маъмурияти Яқин Шарқ тинчлик жараёнидан чекинмайди.

“Исроил ва Фаластин маъноли тинчлик битимини имзолаши учун Қўшма Штатлар ҳар иккиси билан ишлашда давом этади”, – дейди расмий.

Манба: Америка Овози

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар