Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мурожаат хати

Мурожаат хати
16 Aralık 2017 - 19:47 'да юкланди ва 1272 марта ўқилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори
И.Б.Абдуллаевга
Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазири
П.Бобожоновга
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Инсон хуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)
У.Н.Муҳаммадиевга

Ўзбекистон Республикаси Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармасига қарашли муассасалардаги, ҳусусуан, Қарши шаҳар Шайх Али қўрғонидаги 49 – ЖИЭКда содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол равишда бузилаётган маҳкумларнинг оила аъзолари томонидан жиддий мавзудаги

М У Р О Ж А А Т      Х А Т И

Ўзбекистон айни дамда мустақил давлат сифатида барча соҳадаги сиёсатида туб бурилишлар, улкан ислоҳотларни амалга оширишни бошламоқда. Шу жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан инсон ҳуқуқлари ва суд ҳуқуқ йўналишида кенг кўламли янгиланиш режалари белгилаб берилмоқда. Ҳусусан, 2017 -йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили » деб эълон қилиниши, одил судлов ва қонун устиворлиги тамойилллари асосий мақсад даражасида таъкидланиши алоҳида эътиборга молик.

Айни чоғда, жорий йилнинг 29 -май куни «Сиёсий бошпана бериш » га оид, шунингдек, Ислом Маркази фаолиятини кучайтириш, «Адолат Саройи » ни қуриш ҳақидаги Ўзбекистон президентининг Фармони эълон қилиниши нафақат мамлакат аҳолисини, балки, дунё ҳамжамиятини ҳам лол қолдирганлигига шубҳа йўқ.

Шу баробарида Оммавий Аҳборот Воситаларида танқидий -таҳлилий чиқишлар ҳеч бир истисносиз йўлга қўйилиши Ўзбекистон чин маънода хуқуқий демократик давлат мақоми сари интилаётганлигини кўрсатади.

Бироқ, тан олиш керакки, мамлакат раҳбарининг бундай изчил, оқилона ва одилона сиёсат юритишига иштиёқи давқлат бошқарувидаги айрим ўрта ва қуйи бўғинлардаги маъсул мансабдор шахсларга ё тушунарсиз бўлмоқда ёки ҳамон бехабар қолмоқдалар ёҳуд бундай эзгу ишлар уларга малол келган кўринади. Аниқроғи, президентимизнинг бундай саҳоватли ташаббуси уларга кўпам ЁҚМАЯПТИ !!!

Мустақиллик эълон қилинганидан кейин ўтган салкам 30 йиллик давр мобайнида она тилимиз бир қанча янги сўзлар билан бойиди. Бу билан тилимиз ҳар жихатдан ривожланиб, такомиллашди демоқчи эмасман. Аксинча, аввал қандай қадрсиз бўлган бўлса, давлат тили мақомини олгандан кейин ҳам қадр – қиммати пасайса пасайиб бордики, аммо юксалмади. Ҳозирги кунда кўча – кўйда, жамоат жойларида, транспортда, таълим даргоҳларида, ишлаб чиқариш корҳоналарида, бозорларда ва бошқа давлат идораларида давлат тилида мулоқот қилиш у ёқда турсин, сўкиниб гаплашиш ёки ўғрилар тили ( воровской жаргон) да гаплашиш борган сари урфга, янада ачинарлиси, миллий қадриятга айланиб бормоқда. Ҳозирги кунда ҳеч ким мент, лохмач, гад, стукач, козёл, прокурва, шизо, шмон, раскрутка, точковка деган сўзлардан ажабланмаса керак, чунки булар уларнинг лексиконига мустаҳкам ўрнашиб бўлган. Сабаби, бир томондан маънавиятимизга ёт бўлган бундай сўзларни эркагу аёл, ёшу қари, вазиру хоким, ўқитувчию врач ҳар дамда ва ҳар қадамда қўллаётганлиги бўлса, иккинчи томондан юртимизда жиноятчиликни, айниқса, аёллар ва балоғатга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчилик кўламини борган сари кенгайиб бораётганлигидир.Лекин,ҳозир гап бунда эмас. Атрофимиздаги кўриб,эшитиб,билиб турган воқеа ҳодисаларни қандайдир натижа, оқибат деб қарайдиган бўлса, унинг сабабини ижтимоий сиёсий таҳлилчилар вақти – соати келиб ўрганиб чиқишади ва ҳолисона ҳулосаларини беришса, ажаб эмас.

Ҳозир эса гап асосан “точковка” ҳақида.

Демак, диққат !!! Ўзбекистонда бугун : “ Қонундаги точковка “ ( Точковка в законе) ёҳуд Қаршидаги қаршиликлар.

“ Точковка” мазмун моҳияти жихатидан ғайриқонуний, ғайриинсоний усул бўлиб, ўтган йиллар давомида фақат айрим, айтиш мумкинки, “ қора рўйхат”га киритилган маҳкумларга тадбиқ этиб келинган. Булаар асосан, мухолифатдаги сиёсий маҳкумлар, инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилотлари вакиллари, мустақил журналистлар, шунингдек, диний эътиқоди туфайли қамалган махкумлар бўлиб, булар орасида жуда кўп миқдорда наркотик савдоси билан айбланган жиноятчилар ҳам бўлган.

“Точковка”даги маҳкумга ҳар йили камида икки марта сунъий равишда маъмурий жазо қўлланилиб келинади. Бу эса ўз ўзидан маҳкумни қонунда белгиланган инсонпарварлик далолатномаси қўлланилишидан маҳрум этади, унга нисбатан амнистия, манзил колонияси, АТИ, МИЖШОЭ(УДО) каби эзгулик тамойиллари қўлланилмайди.

Бу тадбир ҳар йили йилнинг маълум бир қисмида амалга оширилади.Айнан ўша кезда Ўзбекистон ЖИЭК ларидаги маҳкумлар ўртасида “тартиббузарлик ҳолатлари” сони кескин кўтарилиши статистикаси ҳам фикримиз далилидар.Бундай усулнинг яна бир жирканч томони шундаки, давлат органлари ( ИИВ, прокуратура, суд, божҳона ва солиқ идоралари, МХХ, шунингдек, вазирликлар ва хокимият) нинг нопок ва коррумпциялашган вакиллари ўзларининг жиноий қилмишлари фош қилинишидан хавфсираб, ҳалол ва тўғрисўз журналистларга, нодавлат инсон хуқуқлари ҳимоячиларига ва шу каби қонун устиворлигини талаб қилиб, хақиқатни юзага чиқармоқчи бўлаётган адолатпарвар инсонларга нисбатан тухмат ва бўхтондан иборат қалбаки хужжатлар билан соҳталаштирилган буюртма иши ясашда шундай йўлдан фойдаланишади. Бундай тубан ва мараз ишлар учун “ариза” ёзиб берадиган пасткаш “эчки”лар ҳозирги кунда юртимизда керагидан ҳам кўпроқ топилади.

Давлат органи вакилининг ножўя хатти – ҳаракатларига ёки ноқонуний фаолиятига тўсқиник қилаётган ёҳуд уни фош қилишга уринган “бечора хақиқатгўй” ана шундай йўллар билан бир амаллаб ҳибсга олинса бўлгани, унинг айбсиз ёки айбдор эканлиги кейинчалик биронта ҳам терговчи, прокурор ёки судни қизиқтирмайди. Эндиликда у “точковка” тамғаси остида ўзига белгиланган жазо муддати бир йил бўладими ёки бир юз бир йил бўладими, фарқи йўқ, – “звонок” ўтиради. Жазо муддати тугаганидан сўнг уни яна шу усулда “раскрутка” қилиб, худди яна шу усулда унга қўшимча муддат берилади.

Айни дамда сунъий равишда “нарушения” қўйиш 49 – ЖИЭКда қизғин паллага кирган. Бунинг учун “точковка” ли маҳкумлардан мажбурлаб тушунтириш хати ёздириб олишмоқда. Ёзишдан бош тортганларга эса қўрқитиш, тазийиқ қилиш йўли билан босим ўтказилмоқда. Нима бўлганда ҳам туркум жамоа кенгаши (ТЖК) номидан туркум “завхоз”и ва “култур”и қалбаки қарор чиқариб, қилинмаган ишни қилди деб, ёлғон гувоҳликда тушунтириш хати ёзиб беришмоқда. Дилмурод Саид, Аъзам Турғунов, Ўктам Умаров, Субҳон Муҳамедов, Анвар Рамазонов, Музаффар Ирматов, Фаҳриддин Тиллаев, Исроил Холдор, Руҳиддин Фаҳриддинов, Лутфиддин Муҳиддинов, Қутбиддин Норалиев, Абубакир Кенжаев каби юзга яқин маҳкум штабга чақирилган ва тушунтириш хати талаб қилинган. Ёзишдан бош тортган- ларга эса барибир “ҳайфсан” ёки бошқа кўринишдаги жазо қўллаш хақида хужжат тўплаб, расмийлаштирилган.

Маҳкумни “точковка” билан тамғалаб, кейин унга “нарушения” қўйиш, сўнгра “раскрутка” қилиш айни чоғда КИМга ва НИМА УЧУН кераклиги ҳануз ечимини кутаётган долзарб муаммо ! Тўғри, илгари бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмасди. Ҳатто, бундай жирканч ва тубан ҳаракат тепасида КИМ турганлиги ҳам ҳеч кимни қизиқтирмасди.

Бугун вазият ўзгарди! Ўзгармоқда !! Бунга кўп йиллар давомида “ аристонлар роба”сида юрган маҳкумлар ҳам ишонишмоқда. Бироқ….. Ҳеч кутилмаганда яна “точковка” қилиш бошланди ва… эндигина ўсиб келаётган умид учқунлари яна саробга айланди.

Бир қанча маҳкумлар ходимларнинг ноқонуний талабини бажаришдан бош тортган ва прокурор билан учрашувни талаб қилган. Аммо ходимлар бу номаълум «тепа»нинг буйруғи эканлигини рўкач қилиб, прокурор билан учрашишни рад этганлар.

Бизнинг диёримизда ҳам ҳозир ХХ1 аср, 37- йиллар эмас. Давлатимиз ҳам мана 25 йилдирки мустақил, кимларгадир қарам хам эмас. Бошқарув ҳам ўз қўлимизда, қандайдир Берия ёки Гдлянлар измида эмас. Шундай экан, репрессия машинасини юргазаётган ана ўша “Буйруқчи тепа” КИМ ёки ҚАЕР ?! Бу саволга жавоб йўқ, ҳозирча.

65 ёшли журналист Аъзам Турғунов ана шундай уйдирма буюртма айблов билан 2008 йил 12 июлда қамалиб, жазо муддатини ўтаб чиқди.

55 ёшли журналист Дилмурод Саид ҳам худди шундай усулда қамоққа олиниб, 2009 йил 22 февралидан бери 12,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаб келмоқда. Буларни озодликка чиқишига яна ўша “точковка” тамға тўсқинлик қилмоқда. Шу ўринда кичик бир изоҳ:

1. Дилмурод Саидов(Дилмурод Саид) 1962 й.т. Таниқли мақоланавс, “Advokat press” газетаси ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқларини Химоя Қилиш “Эзгулик” жамияти муҳбири.

2. Аъзам Турғунов 1952 йилда туғилган, таниқли мухолифатчи, “ЭРК” партияси Марказий Кенгаши аъзоси, “ MAZLUM” ИҲҲҚ ташкилоти раҳбари.

Ўзбекистондаги мавжуд ЖИЭМ ларда буюртма (уйдирма) айбловлар билан қамоққа олинган ана шундай юздан ортиқ сиёсий маҳкумлар ҳали ҳамон ноқонуний жазо муддатини ўтаб келмоқдалар. Буларнинг зиндонбанд этилишидаги ягона айби ҳалоллиги, тўғрисўзлиги, ҳақиқатгўйлиги, адолатпарварлиги,иймон эътиқоди бўлса, сабаби бундайларнинг озодликка чиқишидан ҳозирги кунда жамиятимизда гуркираб илдиз отаётган коррупция жуда қаттиқ ҳавотирда эканлигидир.

Айниқса, Ўзбекистон президентининг коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги фармонидан кейин айнан мана шундай ҳалол ва тўғрисўз инсонларга мухтожлик сезилди. Аммо, айнан коррумпциялашган раҳбарларнинг ҳали ҳануз давлат бошқарув идораларида ўтирганлиги “точковка” ва “буюртма жиноят ишлари” каби ифлос усулларни сақланиб қолишига омил бўлиб қолмоқда.

Маҳкумлар ҳуқуқини камситиш одатий ҳолга айланган, уларга нисбатан сўкиниб гапириш, ҳақорат қилиш эса деярли «олий мода» ҳисобланади. Масалан, ишга чиқувчи маҳкумларга якшанба ва байрам кунлари учун иш ҳақи тўланмайди. Ишлаб чиқариш корҳонаси зарарли корҳоналар тоифасидан бўлсада, қонунда кўрсатилганидек қўшимча витаминли ва сут маҳсулотлари берилмайди. Ичимлик суви танқис, 2 -3 кунда бир марта киши бошига 1- 1,5л сув берилади. Озиқ овқат, кийим кечак таъминоти ҳам ишлаб чиқилган қонун нормалари талабига мутлоқо жавоб бермайди. Маҳкумлар яшаш саҳни ва ётоқ жойларида аҳвол бундан яхши эмас.

Масаланинг янада ачинарли томони шундаки, “точковка”даги маҳкумларнинг аксарияти муҳтарам президентимиз эслатиб ўтганидек, Ватанимизга, жамиятимизга,халқимизга ҳали кўп фойда келтириши мумкин бўлган олий маълумотли, малакали мутаҳассислардир. Булар ўзларининг юксак билими, намунали аҳлоқ одоби, салоҳияти билан нафақат оиласи ёки маҳалласида, балки туман ва вилоят миқёсида ҳурматли Президентимиз бошлаб берган улкан ислоҳотларга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиши мумкин эди.

Шунингдек, маҳкумлар томонидан ёзилган шикоят аризалари қонунга хилоф равишда цензура қилинади,3- 4 ойлаб ушлаб турилади ёки шунчаки,йўқотиб юборилади. Ҳусусан, маҳкум Турғунов Аъзамнинг 2016 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Бош прокурори номига назорат тартибида ёзган шикоят аризаси, ҳамда Қоракалпоғистон прокурори Е.Т.Каипбергенов номига ёзилган очиқ хати, шунингдек, 2017 йил 3 октябр куни Бош прокурор номига назорат тартибида ёзган навбатдаги шикоят аризаси шу вақтга қадар тегишлилиги бўйича юборилмаган.

Мавжуд муаммоларни бир варақ қоғозда ёки бир оғиз сўз билан баён этиш имконияти йўқ.Юқоридаги эътирофлар тегишли маъсуллар томонидан жойига чиқиб синчковлик билан ўрганилса, ҳар томонлама текшириб чиқилса, ҳолисона ҳуқуқий баҳо берилса, энг аввало, Ўзбекистон президентининг Инсон хуқуқлари ва манфаатлари ҳамда АДОЛАТ ва қонун устиворлиги борасидаги таъкидларига тўлиқ мос келади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ана шу ҳолатларни текшириш ва амалий чора кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, ИИВ, Омбудсман, ОАВ вакиллари, чет элда ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган ИҲҲҚ ташкилотлари иштирокида нуфузли комиссия тузилса, янаям мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ушбу мурожаатимизга алоҳида имзо қўймадик, сабаби ўзингизга маълум. Чунки, бизнинг ҳамда юқорида номлари кўрсатилган ва кўрсатилмаган маҳкумларнинг хавфсизлиги учун ҳозирги кунда Ўзбекистонда ишончли ва қонуний кафолат мавжуд эмас.

Ўзбекистоннинг барча жазони ижро этиш муассасаларида ноҳақ жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг оила аъзолари номидан.

ЎХҲ таҳририятига келган мактуб

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort