Тилимизни, динимизни буздилар…

Тилимизни, динимизни буздилар…
50 views
20 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

21-қисм

– Ҳар бир ўзбек сизнинг даъвойингизни қилади. Бу одатга айланган. Адабиётимиз бир, тарихимиз бир дея оғиз кўпиртиради. Қанақасига?

– Шунақасига. Ўзбекнинг илғор зиёлилари ҳали Совет йилларида, Ўлжас Сулаймоновдай миллатнинг забардаст ўғли бор, дея унинг асарларини ўқиб фахрланардилар. Унинг ёзганларидан турклик руҳини туйиб, ўзларидан-ўзлари бир қучоқ бўлиб семириб юрардилар. Уни қирқинчи йиллардан кейинги ўтган адибларнинг Туркистондаги шаҳаншоҳи ҳисоблардилар. Ҳозиргача ҳам унга ҳеч кимни тенглаштирмайдилар. Чингиз Айтматов ҳам бизлар учун худди шундай бир мақомда. Сиз бизларнинг юрагимиздаги шу каби эътироф ҳис-туйғуларини юлиб олиб, Туркистонни тикламоқчимисиз ҳали? Тарихимиз бошқа-бошқа бўлса, Форобийларни, Яссавийларни бобокалонларимиз деманглар. Бир замонлар Қипчоқ даштларидан қозоқларни сиқиб чиқарган Шайбонийларнинг боболари Абулхайрхонларни бошларингизга кўтарманглар… Тўғри, бизлар мустаққилликка эришиб, раҳбарга чув тушдик. Бу нарса миллатнинг озодлигини, миллий меросларимизга эгалик ҳуқуқини таъминлай олмади, албатта. Тилимизни, динимизни буздилар. Қадрятларимизнинг қадр-қимматини тушунмаслигимиз учун қўлларидан нимаки келса, қиляптилар. Аммо қозоқ қардошларимиз ҳар тугул раҳбарга ёлчидилар-ку. Нима учун бизлар бундан суюнмаслигимиз керак? У ҳам бизники сингари уқувсиз бир жоҳил бўлганда, бизлар қўлга киритганларимиздан ҳам айрилмасмидик?! Кундалик ҳаётимизда бизларга рўпара келаётган муаммолар янаям улканроқ бўлмасмиди? Шундай бўлганда, талафотларимизнинг чеки-чегарасини билмасдик. Қўшнининг кимлиги жуда муҳим масалалар сирасига киради. Сизлардаги раҳбарнинг қаътияти, холис нияти бизларга фақат ва фақат яхшиликлар олиб келади. Буни биз жудаям яхши биламиз. Биз ўзбеклар Туркистон республикаларидаги ҳар бир соҳага шу тамойилдан келиб чиқиб ёндошамиз. Биз нафақат Туркистон, бутун дунёни шу назар билан ўқиб ўрганамиз, ўзлаштирамиз. Сизлар ўзиб кетсангизлар, бизлар ҳеч қачонда орқада қолиб кетмаймиз. Аксинча, истасак-истамасак ҳаётнинг ўзи бизни орқангиздан чопишга мажбур қилади. Сизлар бир жойда депсиниб туриб қолсаларингиз-чи? Бизлар олис-олисларда қолиб кетамиз. Кунимиз бундан ҳам қора, бундан ҳам зимистон бўлади. Кеча, Қозоғистоннинг ҳудудлари Ўзбекистоннинг пойтахтигача кириб борган, Тошкент аслан қозоқларники деб мақтаниб ўтирипсиз. Мазкур чегараларни ўтган асрнинг йигирманчи йилларида бизларга Сталин бошчилигидаги Шўро ҳукутмати белгилаб бермаган эдими?! Ундан олдинроқ, Қўқон хонлигининг чегаралари Олмаотадан юзлаб чақирим нариларда эмасмиди? Ундан ҳам аввал Бухоро амирлиги у ёғи Аштархон, бу ёғи бутун Сибирни назорат қилмасмиди? Ундан ҳам олдинини қўя турайлик… Бизлар индамаймиз-ку! Чунки энди бу гаплар фойдасиз. Билъакс, қозоқ қардошларимизнинг чексиз-чегарасиз ҳудудларда ястаниб ётган мулкларини кўриб ич-ичимиздан қувонамиз. Бу биргина қозоқларнинг эмас, бутун туркистонликларнинг мувафаққияти-ку, ахир. Шу ҳудудларни ҳам Руссия ўз мулкларига айлантирганда, қўлимиздан нима келарди? Тошкент хусусида беҳуда гап-сўз қилгандан кўра, Шарқий Туркистон ҳақида ўйлаш керак! Бизда бўлди нимаю, сизларда бўлди нима?! Ўттизинчи йилларнинг бошида бутун қозоқларни Сталин очарчиликка маҳкум этганда, милёнлаб қозоқлар совуқдан, очликдан ўлиб кетмадиларми?! Милёнлаб қозоқларни ажал домидан олиб қолган ўзбеклар эмасмидилар?! Дуйсенбай ва сиз ўшаларнинг болалари эмасмисизлар? Муштипар ўзбек, ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, яна босқинчи, ёмонотлиқ бўлади. Ўша йилларда қозоқлар жон асраш илинжида Тошкент ва Сирдарё бўйларида жойлашган бўлса, Тошкент қозоқларники бўладими? Бундоқ олсак, Чимкентдан тортиб Жамбулу Туркистонгача бўлган кенгликларда Чор Русияси босиб келмагунга қадар умуман қозоқлар яшамаганлар ҳисоби. Бу дегани бу ерлар қозоқники эмас деган маънони англатмайди. Қозоқ халқи кўчманчи чорвадор бўлгани сабаб, бутун Туркистон ҳудудларини қуюн сингари кезиб юрган. Бутун Туркистон ҳудудларида худди бошқа маҳаллий халқлар сингари уларнинг ҳам ҳақлари борлигини бизлар яхши биламиз. Ҳозир ер талашишнинг мавридими? Борига қаноат қилиб, бўладиган ишлар билан шуғулланганимиз маъқул эмасми? Дунёнинг тенг ярмини идора қилган ота-боболаримиздан қолган бир кафт тупроқ биз ўзбекларга етиб ортади. Ўз уймизда тинч бўлсак, озод бўлсак, шунинг ўзи бизларга парвозлар йўлини беради. Жилла қурса, раҳбаримиз сизларнинг раҳбарларингиз даражасида бўлганда эди, бизлар мустақилликнинг ўтган йиллари асносида Японияга етиб олган бўлардик. Шунинг учун ҳам бизларга меҳнат қилиш учун, ижод қилиш учун имконият беринглар. Озодликда, эркинликда тараққиёт қанақа бўлишини дунёларга кўрсатиб қўямиз, дея қичқиргиларим келади… Ҳурликни ўзимиз қозонмасак, бизларга уни ким олиб беради? Ҳеч ким…

– Сиз жуда чуқурлашиб кетдингиз! – деди ўзини ноқулай ҳис қила бошлаган Мирзелимбай. – Мен бу маънода гапирмадим.

– Балким. Аммо гап-сўзларингиз шунақа мазмун касб этяпти. Тожиклар хусусидаги гап-сўзларингиз ҳам, Алишер Навоий хусусидаги иддаоларингиз ҳам менга ёқмаяпти. Наҳотки, тожиклар Туркистоннинг бир бўлаги эканлигини инкор этсангиз?

– Улар форслар бўла туриб қанақасига Туркистонга алоқадор бўладилар? На тили, на маданияти туркларникига ўхшамайди-ку!

– Эронда турк қавмлари йўқми? Тиқилиб ётипти. Нима, уларнинг Эронга тегишли жойи бўлмаслиги керакми? Тожиклар тил жиҳатдан форс гуруҳига киради, холос. Руҳиятлари ўзбекларникидан тирноқча ҳам тафовутланмайди. Ўзбек билан тожик – бири жон, бири тан бўлган битта вужуд. Уларнинг бир-бирларисиз бу дунёдаги барча иддаолари беҳуда. Ахборатингиз учун Хоразм, Бухоро тамаддунлари дея дунё эътироф этган буюк тамаддунлар ҳам уларнинг гўзал урф-одатлари асосига қурилиб, ислом билан ишлов берилган. Тожикларнинг Туркистондаги ҳар битта ғиштда панжа изи бор, ҳар битта осори атиқада чеҳрасининг акси, безакларида нафаси ифори бор. Дунёда ўзбексиз тожик, тожиксиз ўзбекнинг бўлмоғи гумон. Уларсиз Туркистоннинг озодлиги – ушалмас орзу, гўё бир афсона! Қадимда Туркистоннинг Туркистон бўлиши йўлидаги меҳнат-машаққатларда уларнинг хизматлари бошқа турк қавмлариникидан кам эмас. Яна сизлар сарт дея атаётган халқ, аслида, ҳозирда қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, уйғур, тожик деб аталаётган қавмлардан таркиб топган. Ҳамиша илм-фан, маърифатпарварлик ғоялари гуллаб-яшнаб турадиган ҳозириги Ўзбекистон деб аталган давлат ҳудудларида араблар, худди форсийлар каби, ҳар битта турк қавми ўзининг ўғил-қизини ўқитишни, илмли-ҳунарли этишни орзулаган. Оқибатда бу макондаги ассимиляция жараёнлари ҳеч қачон тўхтаб қолмаган. Бу қоннинг, ирсиятнинг ҳамиша янгиланиб туришига, потенциал иқтидорнинг кучайишига олиб келган. Урф-одатлар, инсонларнинг турмуш тарзлари шунинг учун ҳам бу жойларда гуллаб-яшнаб, ҳаёт тўхтовсиз тараққий этаверган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи ва адабиёти бугун ҳам бутун Туркистон ўлкаларига тегишли бўлиши керак!

– Сарт деган ном қаердан пайдо бўлган? Бу ном нима маънони англатади? Минг ўйласам ҳам бунинг таг-замирига етолмайман!

– Сартлар – ота-боболаримизнинг айтишларига кўра, кўчманчи турк қавмларининг ўтроқлашган бир қисми. Қўпол қилиб айтганда, маданийлашгани. Илму ҳунарга, савдо-сотиққа қунт қилган, қилич билан отдан довот-қаламни устун қўйган қавмлардир. Яъни “ўзлик”ларидан чекинмаган бошқа турк қавмлари наздида: сараланганлари – қаттиқ – ишига пишиқ, пухталик, киборлик касб этганлари. Саҳройиликдан узоқлашиб, “нозиклаша” бошлаганлари – “нимжон”лари.

 – Ўзбек номи қаердан келиб қолган?

– Йигирма тўртинчи йилда Туркистонни парчалаш керак бўлган. Ўшанда бошқа эллар каби кун тартибида ҳозирги Ўзбекистонни “нима деб атаймиз” деган масала ҳам кўндаланг турган. Шунда, бизникилар “…ном қидиришга ҳожат йўқ. Бизнинг ерлар азалдан Туркистон” деб аталган деган иддаони олға сурганлар. Шунда, Сталин: “Назовите хоть чёртом, но чтобы не был Туркестан” деган экан. Чунки у Туркистонни жинидан ҳам ёмон кўрган. Иккинчи томондан, туркистонликларнинг ўзларининг туркиялик қардошлари билан боғлиқ эканликларини билишларини у истамаган. Туркистон деган ном қолса, туркистонликларнинг ҳар дақиқада Туркияни эслаб туришлари табиий эди. Сталин бу халқ қон-қардошларини билмасин, аста-секин тарихини, тилини, динини унутсин, деган ниятда бўлган. Туркистонликларнинг тарихий хотираларидан жудо бўлишлари коммунизмнинг узил-кесил ғалабасини таъминлашини ўша пайтда коммунистлар жуда яхши англаганлар. Русларнинг ярмидан кўпроғини ташкил этадиган турк нишонли элатлар каби туркистонликлар ҳам русларга вақти етиб ассимиляция бўлса, бу минтақаларда буюк давлат тиклаши мумкин бўлган бошқа бир халқ қолмас эди. Бу руслар билан хитойларнинг кимса билмас режаларига мос тушарди. Улар ўз назарларича, гўё минг йиллар асносида қутқу солиб келган катта хавфдан қутулардилар. Шунинг учун ҳам улар ишни Туркистонни парчалашдан, бир бутун турк халқларини бир-бирларига қарши қўйишдан бошлаганлар. Ўшанда, ўртага “Сартия” деб атасак қандай бўларкин, деган таклиф тушади. Кимдир, “сарт” дегани қозоқ, қирғиз тилида сўкиниш, “сарт – сари ит ” дегани, дейди. Шунда бошқа биров айтадики, ўн олтинчи асрда Дашти қипчоқдан бир қисм ўзбек деган қавм Шайбоний бошчилигида кўчиб, Туркистон марказига келиб ўрнашган. Улар ҳам ўзимизнинг қавмимиз. Келинглар, шуларнинг номи билан Марказий Туркистонни “Ўзбекистон” деб атайлик, деган таклифни олдинга суради. Шундан сўнгра Марказий Туркистон – Ўзбекистон, бир бутун турклар – ўзбеклар дея юритила бошлайди.

Шунинг учун ҳам ялтоқланишни суядиган Ғофур Ғулом:

Иосиф Сталин улуғ отамиз,
Ўзингиз бердингиз халқимизга ном.
Шунинг-чун ўзбеклар ҳар қутлуғ ишда,
Азиз номингиздан олади илҳом,

дея ўз вақтида Сталинга шеър бағишлаган эди.

Яна, ўзбек деган сўзнинг ўзагини “Ўғузбек” деган номдан келиб чиққан деб ҳам айтишади.

(давоми бор)