Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жоҳилнинг жоҳили

Жоҳилнинг жоҳили
02 Ocak 2018 - 8:00 'да юкланди ва 557 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

32-қисм

Эшитиб, ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетган мистер Куаро, пайсалга солмасдан ишга киришди. У бу хушбарни эшитган заҳоти, генерали билан ўрталаридаги бўлиб ўтган нохушликни дарров унутганди. У ўзи Усома Бин Лодин ролини ўйнамоқчи эканлигини айтганда, ҳамма уни қутлаб қарсак чалиб юборди.

Мистер Куарога айланган Дуйсенбайнинг дунёдаги биринчи рақамли террорчи ролини ижро этиши, Қорасаройда байрам кайфиятини пайдо қилганди. Унинг тутинган қизлари – Батангул билан Сатангул юракларида рақсга тушиш иштиёқи туғулганини айтиб, додаларини хит қила бошладилар. Дуйсенбай ҳали унчалик қаримаган бўлсада, ўта қўрқоқ, пасткашлиги ва жоҳиллиги сабаб кексалик маразини бошидан кечираётганди. Куракда турмайдиган хурмача қилиқларини бутун мамлакатга ўтказаётган бўлса ҳам, қизларининг ёнида жони йўқ эди. Ўзи учига чиққан иғвогар хархашачи бўлса ҳам, хархашани кўтаролмайдиган бўлиб қолган ношуд, Мирзелимбайга Қорасаройда маскарат дастурхони тузашликка буйруқи олий берди.

Биратўла, “Қўйнингдан тўкилса, қўнжингга” амалиёти, шоу маскаратга қўшиб ўтказилишини эълон қилди. Хавфсизлик боқони ёлғон гапириб хол қўйгач, Мирзелимбай иккаласи бир-бирлари билан апоқ-чапоқ бўлиб қолгандилар. Ўша кунги Мирзелимбайнинг Дуйсенбай ва ватан олдидаги буюк хизматини кейин пайқаган мистер Куаро, уни хавфсизлик боқонининг ўрнига мўлжаллаб юрарди. Ҳеч қачон хуфия ишлар билан шуғулланмаган, ҳарбу зарбдан саводи йўқ ишбошқарувчига, “Ватан ва халқ олдидаги буюк хизматлари учун” дея, у ўзи билан Житириқ тушган суратга қўшиб, полковник унвонини ҳам берганди. Сезиб қолган генерал шунинг учун ҳам отни қамчилаб, мистер Куаронинг ишончини қайта қозониш учун ҳеч кимнинг хаёлига келмаган шумликни ўйлаб топди.

Рашк қичиқни кучайтиради, деганларидек, номсиз бир ёввойи нафсоният генералнинг захирадаги имкониятлари кўзини очиб юборганди. Баробарида, бу номсиз бало унинг ўзини-ўзига кашф этиб берди. Қорни қанорқопдай келадиган жониворни ёғ босиб кетганидан вужудида туйнук нари турсин, гижжаси мўралашга тешиги қолмаганди. Ёлғони сабаб, унинг бор тешиклари очилиб кетиб, у бузуқ вазиятнинг соф ҳавосидан нафас ола бошлади.

Айниқса, Сейитзелмбайнинг мистер Куаронинг назарига қайта тушиши, Баҳром билан Тўрабиканинг жонини киргизди. “Шарқий экспресдаги қотиллик” амалиёти қурбонлари бўлишларига бир баҳя қолганда, Мирзелимбайнинг мистер Куаро олдидаги нуфузи, уларни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолди. Житириқнинг ҳаётига суиқасд уюштирганларни топиб, одил суд олдида жазо беришга бел бойлаган изқувар бир муддат шаштидан қайтиб, Житириқнинг уйқудан ойилишини кутишга қарор берди. Житириқ ҳалигача ҳам оёқларини осмонга кўтариб, шифтга икки кўзини ўқдек қадаб, қилт этмасдан ётарди.

Тўрабика унинг шалақ қайчи сингари очилиб қолган оғзига, “ҳа” деганда, “ма” деб, нинадан сув томчилатиб турарди. Тўстувак кўтариб олган Баҳром, туну кун унинг орқасини пойламасин, ойлар ўтаётган бўлса ҳам ҳеч нима кўринмасди. Нуқул, қорни дўмбирадек шишиб, палакат тошдек қотиб қолган бўлса ҳам, семириб кетаётганди. Тўрабика Оқгул билан Марҳабога ёқиб қолиб, улар дарров иноқлашиб олган эдилар. Шу сабабдан, Баҳром билан Тўрабиканинг еганлари олдида, емаганлари кетида, тараллабедод олиб юрардилар, деса ҳам бўлаверарди. Афсуски, улар бўрдоқига боқилаётган новвос эмасдилар. Бугун чекинган хавф-хатарнинг бир кун тўсатдан бош кўтариши муқаррарлигини улар яхши ҳис қилганлари учун, уларга на ўйин-кулгу, на ҳазил-ҳузул татирди.

Мистер Куаронинг ишончини қозонган Сейитзелимбай, қарашсизлик даврининг тенгсиз қаҳрамони эди. Унинг пулсизликдан, етар-етмасликдан қийналганлари яқин ўтмишдаги тарихларда қолганди. Унинг ихтиёрига иккита енгил машина ажратган мистер Куаро, уни шону шуҳратга буркаб, молу дунёга кўмиб ташлаганди. У бу ишларни боқонларининг кўзини куйдириш учун атайдан, “кўриб, ичи ёниб ўлсин”зайлида амалга ошираётганди.

У Дуйсенбайга бўлган садоқат баҳоси жуда ҳам қимматбаҳо эканини кўрсатмоқчи эди. Керагидан ортиғига эга бўлган Мирзелимбай эса бошини йўқотиб қўйганди. У энди на Туркистон, на унинг келажаги ҳақида бош қотирарди. У билан Баҳром ўртасида, яхши бир муносабат пайдо бўлган бўлиб, улар фақат дунё – мол-давлат, ўзбекистонлик мардикорлар Дуйсенистонга олиб келаётган ҳадсиз фойда, тижорат хусусида фикрлашишлари мумкин эди. Қолганлари шуҳрат отига минган Мирзелимбайни ўйлантирмасди.

Янги чемпионнинг жинсий ҳолатидан кўнгли тўлмай юрган опа-сингилларга эса, додаларининг Мирзелимбайга нисбатан ҳаддан зиёд ижобий муомиласи унча ҳам ёқмаётган эди. Улар Мирзелимбайнинг юзи учун тиржайиб гаплашсалар ҳам, орқасидан бурнини жийириб, аламзада бўлиб қолардилар. Уларни асабий қилган омил, аслида бу нарса эмасди. Модани суядиган янги бош боқоннинг мелодрамаларга унча ҳам ҳуши йўқ эди. У Батангул билан Сатангул иккалаларини эпақага келтиришдан қийналиб, қочиб мистер Куаронинг атрофида кўпроқ тимирскиланарди. Ундан бир қадам орқада қолса, опа-сингиллар уни ичкарига тортиб олиб, зўрлашга ўтардилар. Жинсий зўравонликнинг қурбони бўлаётган бош боқоннинг шу учун ҳам опа-сингилларни кўришга кўзи йўқ эди. У ўзининг жинсий жиҳатдан жуда заиф эканлигини минг бора очиқчасига тан олмасин, опа-сингиллар уни тушунишни хоҳламасдилар.

Опа-сингилларнинг кутулмаганда бахти кулгач, айниқса, Гулисипсанинг шакл-шамойили ўзгариб кетганди. Бош боқон ва ворисларнинг фарроши “одми кийимларда юриши кўрган кўзга яхши эмас” деб ҳисоблайдиган Мирзелимбай, унга бухороча зардўзи халат билан сурхонча лўтти попукли дўппи кийдириб қўйганди. Авакян унинг юз териларини текистлаб, яхшилиб тортгач, фаррошнинг ҳусни-жамоли очилиб, у ойдай бир нозанинга айланди.

Пардоз-андоз унча қизиқтирмаган бўлса ҳам, моянасининг икки баробар оширилгани, уни тўлқинлантириб юборди.

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея тинмасдан жаврайдиган бечора бир қарич ўсиб: – Батангулу Сатангул, Гажак думи хаданг гул, Пардоз-андоз нон бўлмас, Отанг бозор, онанг пул! – дея опа-сингилларга шеър тўқиб ташлади.

Эшитиб кулиб юборган Мирзелимбай, ҳазиллашиб:

– Нечата боланг бор? – дея сўради, атайлаб уни гапиртириш учун.

– Сонини айтсам, баракаси учади. Бир этак! – деди у.

– Бир этак деган сўзни гўё бир вагон дегандай қилиб, бўртиришингга қойилман. Эринг этагингнинг тагидан чиқмас эканда?

– Гўрсўхта эрим, этагимнинг тагида ётиб бир этак бола ясаганда. Ётмаганда, бир этак болани ким ясарди? – дея у ҳар доимги сўзларини такрорлади.

Ёмони, Батангул билан Сатангулнинг ҳақиқий отаси Қўтиртери, қизларининг Дуйсенбайга арзанда бўлганларини эшитиб қаттиқ хафа бўлганди.

– Хафа бўлса, бурнини тишласин! – деди қизлари ҳам. – Отамизга мансаб-мартаба бўлса, бас. Унга уй-рўзғор, бола-чақанинг қизиғи йўқ. Онамиз билан йиллаб кет уриштириб, бир-бирига тескари ётади. Бир-бири билан елка қоқиштириб, бир-бирини ялаб-юлқаганларини бирор марта ҳам кўрмаганмиз. Шу учун ҳам онамизнинг эси оғиб қолди шекилли, кун бўйи ҳожатхона тешигига термулиб, этик шўткаси билан сочини тарайди. Бир кунмас-бир кун тахтда ўтириб, ўзи ҳам ўлиб қолади. Тахти-бахтини мурдасига қўшиб кўчага отадилар. Гўрида, икки тирсагига оғиз солади, фойдаси бўлмайди. Бизларнинг келажагимизни топтагани қолади. Унинг бачкана амаллари касрига, бизлар ёмонотлиқ бўламиз…

Қизларининг сўзлари қулоқларига етиб борган Қўтиртери, улардан бир йўла кечиб юборди. Кун бўйи ҳожатхонанинг тешигига термулиб сочини тарайдиган хотинини кароватига занжирлатиб, тўртта қоравул ёллади. Бу ноқобил қизлар туққан онага у томонидан берилган рамзий жазо ҳисобланарди. Бутун дунё матбуотининг биринчи саҳифалари бир ҳафта ота-қизларнинг муаммоси билан банд бўлди.

Авакян бошда, изқувар мистер Куарони дунёда биринчи рақамли террорчи деб ном қозонган Усома Бин Лодин қиёфасига киритди. У бекордан-бекор Париждаги бутунжаҳон “Каллапазлар” конкурисида олий ўринни қўлга киритмаганди. Жараёнга бевосита гувоҳ бўлиб турган хавфсизлик хизмати боқони билан бош боқоннинг тирик Усома Бин Лодинни кўриб, ўтакаси ёрилай, деди. Бин Лодиннинг пўстини кийиб олган Дуйсенбай қорнини бир қучоқ қилиб, елкасига Калашников автомати осиб олганди. Белида қони оқиб турган қини йўқ ханжар, икки биқнида портлашга шай тўрттадан саккизта бомба, киндигига тушган оқ аралаш қора жингалак соқолининг учи қовуғини пайпасларди. Оёғида маҳси-кавуш, бошида нуқра рангли салла, узун оқ кўйлаги тиззасидан келарди. Нияти, у бундан кейин ҳам қўшни юртани тинч қўймоқчи эмасди. Қаловини топсанг қор ёнади, деганларидек, у текин пул қилишнинг йўлини кашф қилганга ўхшарди. Ўлкабошини қўрқитиб, у юртанинг қолган-қутган бойликларини ҳам Дуйсенистонга ташимоқчи эди. Отаси қамалиб қолиб, ўлкабошини ҳали туғилмасидан онаси қорнида Муллақандов сиймосида ваҳима чалганидан у яхши хабардор эди. Уни онасига ўхшатиб, “вос-вос” қоқтига тутиб, қайтариқ қилиб ўқиб турса, тахт учун қўлида борини бериб қўйганини билмасдан қоларди. Фуқаронинг ўлгани-қолгани у учун бир чақалик эди. Унинг қуёнюраклигидан фойдаланадиган вақт етганди. Дуйсенбай омининг омиси, жоҳилнинг жоҳили бўлса ҳам, бир ниманинг учини қўлига туттириб қўйсалар, илдизи билан суғуриб олмаса, қўймасди.

Авакян бош боқон Тарлонни эса, Бин Лодиннинг ўнг қўли ёрдамчиси қиёфасига киритди. Хавфсизлик генерали Амриқо президенти ролини ижро этадиган бўлди. Мирзелимбай Тўра-бўра тоғларидаги хўжалик ишлари мудири, Баҳром билан Тўрабикани унга хизматкор қилиб тайинладилар. Опа-сингил – Батангул билан Сатангул Бин Лодиннинг ўйнашлари тимсолида гавдаланди. Марусия билан Бахшилло, шахси аниқланаётган гаровдаги она-бола ролига танланди. Житириқ террорчилар қурбонига айланган мазлум сифатида, оёғини осмонга кўтариб, икки кўзини ҳар доимгидек шифтга тикиб қилт этмасдан ётса, олам гулистон эди.

Авакяннинг ўзи, Бин Лодиннинг сартароши ролини қойиллатишга сўз берди. Унинг маҳорати боис, ҳамманинг қиёфаси ўзгариб қолди. Бирор кимни туққан онасига кўрсатсалар, уни туққан онаси ҳам танимасди. Айниқса, қайта таъмирланган Қорасарой, милён йиллардан буён қуёшнинг бир тутам нурини кўрмаган, Тўра-бўра тоғларидаги моғор босган ғордан заррача ҳам фарқланмасди. Авакянинг дизайнерлик иқтидори ҳар қандай мақтовларга сазовор эди. У ўзининг бошқа қирраларини кашф қилаётганидан терисига сиғмай кетаётганди. Ҳаяжонланганидан ҳар қадамда уч литирлик банка қўйиб турмаклаган бошини ҳар қайга уриб олаверарди.

Базм шоуси ўзи, ўз-ўзидан террорчилик амалиёт жараёнига айланиб кетди. Бутун воқеа-ҳодисалар дуйсенистонликларнинг манглайларидаги пистонлар орқали,“чап қанот” қароргоҳига узатиларди. Ўзбекистонлик мардикорларнинг манглайларига учинчи даражали инсонлар сифатида, пистон ўрнатмаган эдилар. Дуйсенистон депутатлари уларни пешоналарига пистон қоқиб юришга нолойиқ топгандилар. Бетайин қулнинг хўжаси бўлмайди, дея, таълим-тарбия кўрмаганга йўйгандилар. Мирзелимбайнинг хотини ҳам, “ҳусни-жамолингизга тиғ теккиза кўрманг” дея, унга рухсат бермаган эди. Бир умр эрини, “эр сиёқли эр бўлсанг, рўзғорни эплардинг” деб, ерга уриб келган бўлса ҳам, ошиғи олчи бўлгач, у эрига меҳрибон бўлиб қолганди. Оқгул ҳам ошпазга олифталикни ким қўйипти, дея кўнгилли равишда жарроҳлик амалиётидан бош тортганди. Марусияни қари кўриб, юраги дош бера олмайди, дея безовта этмаган эдилар. Унинг ўзи ҳам манглайига пистон ўрнатишларига тиш-тирноғи билан қарши турганди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар