Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг!

Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг!
03 Ocak 2018 - 7:00 'да юкланди ва 719 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

33-қисм

Шоу базм билан аралаш-қуралаш амалиёт туни билан давом этти. Барчаси, гўё Тўра-бўра тоғларида содир бўлаётганди.

Ғорнинг ўртасидаги устунга занжирлар билан боғланган Жак Андирсон билан Аббос Қасрий ўтган кунлар ичида чўпдай озиб кетганди. Уларнинг соч-соқоллари ўсиб, туриш турмушлари маймунларникига менгзаб қолганди. Сурункали қийноқлар, совуқ ва зах хона уларни адойи тамом қилганди. Уларнинг оёқлари учида она-бола – Марусия билан Бахшиллони тиз чўктириб қўйгандилар. Осилган қовоқлари кўзларини ёпиб турган кампирнинг ичидан нималар кечаётганини билиб бўлмасди. Аммо, қўрққанидан титраб кетаётган Бахшиллонинг иштонини ҳўллаб қўйгани аниқ эди. Гаровдагиларнинг гир-атрофида столларни тизиб, устини турли-туман овқатларга тўлдириб ташлаган эдилар. Бутунича пиширилган чўчқа боласи дейсизми, товуқ ёхуд бузоқ гўштию, қази-қарта дейсизми, нимани истасангиз дастурхонда муҳайё эди. Ичимликларнинг турини санаб, саноғига етиб бўлмасди. Бўкиб еб-ичиб, жазмани ролини ижро этаётган икки қизи билан рақсга тушаётган Бин Лодиннинг кайфияти аъло эди.

– Нарироқ туринглар. Дуйсенбайлигимни билиб қолишади, – дея, у ҳар замон-ҳар замон икки танқўриқчисини ёнидан ҳайдарди.

Хира пашшадай атрофида уймаланиб ўрганиб қолган танқўриқчилари бирпас ўтиб, яна уни ўраб олардилар. Буни кўриб, жазмани ролини ўйнаётган қизларининг жонлари чиқарди. Улар Тайсиндан ажралганларидан буён, эркакка тўймаган эдилар. Ароқ ичавериб, ақллари шошган опа-сингиллар, шу учун ҳам додаларини ийдиришга тиришаётган эдилар. Боши уларнинг елкасидан келадиган додалари, уларнинг кўксига юзини босиб, тугмаларидан сўргани-сўрган эди. Дода Оқгул баркашда олиб келган рюмкадаги вискини отиб олиб ҳам, дастурхон тўла ноз-неъматларга боқмай, уларнинг тугмасидан ўпиб газак этарди. Опа-сингилларнинг орқасида тўстувак кўтариб юрган Гулисипса, бўш рюмкани чиқинди халтасига тиққач:

– Вой, ўлмасам, нималар бўлаяпти! – дерди, қоғозсочиқни юзига парда этиб. – Ота билан қизларнинг ачом-ачом этиб, ўпишишини қаранг. Мени, бундай қилиб ўзимни эрим ҳам ўпмаган. Мен ҳам эримга бунақанги қилиб қичиғимни суртмас эдим. Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг! Қозоқ-қозоқ қарсилдоқ, Бултур бердим, бир улоқ, Қани менга қовурдоқ?!…

Уни эшитиб юраги жўш урган Бин Лодин, қизларини суриб ташлаб, елкасидаги автоматни олардида, Жак Андирсон билан Аббос Қасрийга ўқтарди.

– Пулни қачон топасизлар! – дея уларнинг бошларига автоматнинг қўндоғи билан туртиб, бечораларни тинмасдан азоблашга тушарди.

– Амриқодан ёрдам сўраб мурожаат қилинглар дерди! – Амриқо призиденти ролини ижро этаётган хавфсизлик хизмати бошлиғи, гаровдагиларга. – Сизларга Амриқо ёрдам кўрсатмаса, бошқа биров ёрдам бера олмайди.

– Менга барибир! – дерди қутуриб кетган Бин Лодин. – Менга айтилган пулни тўлашса, бас. У Амриқо бўладими, Русия ёхуд Хитой бўладими, така бўлсин, сут берсин. Қолганининг қизиғи йўқ!

– Амриқо, денглар, Амриқо! – дерди тағин хавфсизлик хизмати бошлиғи. – Барибир ҳаммасининг орқасида Исроил турипти. Ким нима деса десин. “Ўнг қанот ҳам” “чап қанот ҳам” барибир унга тегишли. У нима деса, шу бўлади.

– Бас, қил! – дерди шифтга тариллатиб ўқ узган Бин Лодин. – Амриқонинг президенти эканман, дея, мен билан ҳазиллаша кўрма. “Эгизак”ларингни ер юзидан гумдон қилганим сингари Капитолинг билан Пентагонингни ҳам ер юзидан супуриб ташлашга қурбим етади ҳали. Нима, мени ўлди деганларига ишониб юрипсанми, говкалла? Ҳозир, менга пул зарур, пул. Мани-мани-и, тушундингми, бовурим!

– Тушундим! – дерди кўксига қўлини қўйган Амриқо президенти. – Сиз нима десангиз, шу бўлади. Қолганига тупурганман!

Бин Лоддиннинг ишончли кимсаси ролини ўйнаётган бош боқон думини тиклаб, “шундай бўлсин” дегандай, Амриқо президентига сўйлоқ тишларини кўрсатиб, ириллаб қўйди.

Чўкка тушиб ўтирган Марусияга барибир эди. Шу Худо қарғаган жойлардан бир илож қилиб чиқса, бошқа бир юртларга қочиб кетиш ҳақида хаёл сурарди. Ўткунчи ҳаётда инсоннинг Аллоҳ инъом этган эркини ўзига ўхшаган бошқа бировга ўғирлатиб яшаши мумкинлигини у тассаввурига сиғдира олмасди. У умри бино бўлиб бу каби хўрлик тортмаган бўлсада, ўзини йўқотиб ҳам қўяётгани йўқ эди. Ҳамма уни чувринди, исқирт бир аёл деб ўйлаган билан, унинг бошқалардан афзал жиҳатлари бир мунча кўпроқ эди. Кичик ва чегараланган бўлса ҳам, мақсади сарҳадлари ва ҳаёти чегараларида унинг ўзи учун муққаддас  идеаллари бор эди.

Ўлимини бўйнига олган Бахшилло, дамини ичига ютиб йиғлагани-йиғлаган эди. Баҳром билан дастурхонни суяк-сирноқдан тозалаб юриган Тўрабика, аҳволини кўриб, унинг қулоғига:

– Қозоқнинг итига дум бўлмай ўлгур, қилмишингга яраша! – дея шивирлаб ўтарди. – Этган топади, эккан ўради. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бировга эрта, бировга кеч келади. Сабр эт, бундан сатта баттарларини кўрасан!

Тонгга яқин додаларини ётоқхоналарига авраб олиб кирган опа-сингиллар, уни ечинтириб, Тарлонни зўрлаган каби зўрламоқчи бўлдилар. Уларнинг мақсадларини аллақачон англаб етган бош боқон, хонага кирмасдан эшик орқасида қолди. Ичиб маст бўлган Дуйсенбайнинг қўриқчилари, “Қачон пулни қайтарасан”, дея Жак Андирсон билан Аббос Қасрийни қийноққа солиш билан оввора эдилар. Ичавериб карахт бўлиб қолган Дуйсенбай, бошида нима бўлаётганини тушунмади. Қизлари уни қип-ялонғоч қилиб, оёқларини кўтариб қулоқларига босганда, кўксига сиғмаган қорни сиқилиб, варанглатиб ел қўйворди. Ҳамиша улушини биринчи оладиган Батангулнинг кўкси, додаси елига нишон бўлди шекилли, у учиб бориб шифтга ёпишдида, қайтиб келиб кети билан унинг қорнига тушди. Дуйсенбайнинг ғуббабоғи ушламади. Бор егани уриб чиқиб, кичик қизини деворга ёпиштиргач, устидан шуваб ташлади. Сатангулнинг девордан тўрт панжаси билан чотининг орасига қисган думининг учи чиқиб қолди. Нима бўлганини тушунмай қолган Дуйсенбай, тура-сола долонга пилдираб чиқди. Қип-яланғоч вужуди қўл-оёқ билан қош-қовоқ битган турвузга ўхшарди. Унга биринчи рўпара бўлган кимса, хавфсизлик хизмати генерали бўлди.

– Сен Амриқонинг президентиман, дегандингми? – дея, сўради ундан у.

– Ҳа! – деди генерал нима дейишни билмай.

Дуйсенбай Бин Лодин қиёфасидан ўзининг қиёфасига қайтгани билан ҳали амалиёт охирига етмаганди. У “йўқ” деса, Дуйсенбай уни жазолаши мумкин эди.

– Мени ўлдирган ҳам сенмидинг?

– “Чап қанот”нинг буйруғини бажаришга мажбур эдим, Бин Лодин жаноблари. Иложи бўлса, мени кечиринг. Қайтиб бунақанги номаъқулчилик такрорланмайди.

– Мурдамни нима қилдиларинг?

– Тобутга солиб, океанга чўктирдик. Барчаси ислом қонун-қоидалари асосида амалга оширилди.

– Исломда ўлган ўликни тобутга солиб сувга чўктиришар эканми?!

– Билмасам, махфий йиғинда, шундай деймиз, деб келишгандик. Аслида, ҳозир ҳам СРУнинг музлатгичида бўлакларга бўлинган жасадингиз музлаб ётипди.

Дуйсенбайнинг авзойи бузулаётганини сезиб турган хавфсизлик генерали, унга сирт бериб турарди. Унинг кутмаганда, шайтонлаб, ит хаёл этиб, бировларга ташланишини у яхши биларди. Мабодо у бирдан ташланса, унинг оғзига думбасини ёхуд қорнини тутмоқчи эди. У эгилмаса, Дуйсенбай унинг қулоғи ёхуд бурнидан тишлай олмасди. У оёғининг учида турса, тумшуғи генералнинг киндигига базўр етарди. Дуйсенбайга ўхшаган беш-олти хапгир бир бўлиб ташланса ҳам, генералнинг думбасидан ярим қадоқ ҳам тоши камаймасди. Яратган аллакимларга қошу қовоқ, кўзу дудоқдан берган бўлса, генералга кенг-мўл қорин билан гўнгтепадек келадиган думба берганди.

Хаёли ўзида эмас Дуйсенбай бўйи баравар йиқилиб, оғзидан оппоқ кўпик соча бошлади. Одатини ҳамма билгани учун, унга яқинлашишга ҳеч кимнинг юраги бетламас эди. Ҳамманинг қулоқ-бурни ўзига керак бўларди.

– Ўзбекларга ўхшаб бақрайиб қараб тураверасизларми? – деган Гулисипса, жон аччиғида чинқириб юборди. – Ўлаётган жонивор, сизга бизга ўхшаган бир одам-ку, ҳайвон эмас-ку ахир… Вой, ўлмасам, нималар бўлаяпти?! Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг!

Тўрабика унинг оғзига полдастани тиқиб, тилини қайтариб олганда ҳамма енгил нафас олди.

Ҳушига кела бошлаган Дуйсенбай ҳали кўзини очмасдан:

– Пешат қани, пешат? – деди қўлини чўзиб, синиқ овозда.

Танқўриқчи муҳрни қўлини ойнасига қўяркан, у хуморига чидолмаган беданабоз каби муҳрни сиқиб, бағрига босди. Кейин ўпиб, кўзларига суртди. Шунда, унинг кўзлари очилиб кетиб:

– Депутатлик мандатим?! – дея бўкириб юборди.

Танқўриқчи иккинчи чўнтагидан яна бир олтин қутича чиқариб, ичидан депутатлик гувоҳномасини олдида, Дуйсенбайнинг қўлига тутқазди. У мовий гувоҳномани муҳр каби обдон ҳидлаб-ўпиб, кейин пешонасига ёпди. Пичирлаб, у билан нималар ҳақидадир гаплашар экан, ўз-ўзидан хохолаб кулиб, ўрнидан турди.

– Тарлонни енгмоқчи бўлган чиченнинг итини зап бобладимми?! – деди сўнгра қўриқчиларига. – Берикжон, сартларга сотилган…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар