Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Оппоқ кунларни қора зулмат қопларди…

Оппоқ кунларни қора зулмат қопларди…
04 Ocak 2018 - 7:00 'да юкланди ва 1069 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

34-қисм

Ўн тўртинчи боб

Дуйсенбай қуёш тиккага келганда уйғонди. Беминнат нур таратаётган қуёш борлиқ оламни эртаклардаги тилсимланган сеҳрли шаҳарга айлантирганди. Дуйсенистонни босган оппоқ қор заррин нурлар билан чоғишиб, кумуш каби товланарди. Оқликка бурканган дов-дарахтлар қаноти синган қалдирғочлар мисоли, елка қисиб қотиб қолган эдилар.

Шохларга қўниб-учиб юрган чумчуқлар, чуғурлашиб, гўё қишдан кузнинг саховатини тилардилар. Юки оғир карвон, имиллаб кўчар деганларидай, ҳалиям ҳарсиллаган кузак охиригача кўчларини йиғиштирмаган эди. Унинг изларидан қушлар ризқ-рўзларини терардилар. Этакларига ёпишиб, баҳорнинг тирикликни тараннум этгувчи кунларига етиб олмоқчи эдилар. Дераза ойнасидан боққа боқиб турган Дуйсенбайга бу каби ишлар аҳамиятсиз ва беҳуда туюларди. У нақдига ўрганиб қолганди. Тушим бўлмаса, бир дақиқа емаса ошқозони безовта этадиган хўрдадон каби ичини олов яларди.

Ҳар куни у учун кирим кириши шарт эди. Бўлмаса, отаси ўлган кимсадек қошу қовоғини осиб оларди. Асаблари ўйнаб, атрофидагиларнинг ҳам еган-ичганини қора қонга айлантирарди. Дуйсенистонда оппоқ кунларни қора зулмат қопларди. Чарақлаб турган қуёшлар ўчиб, осмонларни ғазабига чидолмасдан ўкираётган ёвуз булутлар босарди. Мабодо, чиқим бўлса… Бундай пайтлардаги унинг ҳолатини тасвирлаш учун одамнинг юраги тошдан бўлиши керак эди. Одамизотга хос бўлмаган феъл-атвор хусусида қалам тебратиш учун воқеаларни ахлатга тушиб олиб баён этишга тўғри келарди…

Унинг боши зил-замбил, танаси тўнка каби ҳиссиз эди. Ўй-хаёллари тароқ, тахайюли заранг эди. У занглаб қолган темир парчасига ўхшарди. Мияси хумга жойлаб, кўмиб ташланган вужуд сингари англатиб бўлмас бир азоб ичида қайнарди. У кеча тунда ичавериб, амалиётнинг яримида ўчиб қолганди. Кейинги бўлиб ўтган воқеаларни минг ўйласа ҳам эслай олмасди.

Қип-яланғоч исқиртига булғаниб ётганига қараганда, у амалиёт жараёнида керагидан ошиқча кўп ҳунарларни кўрсатганди. У бу ишлари учун истиҳола тортмасди. “Улар”нинг кўзига қандай қарайман дея, ич-ичидан азобланмасди. Унинг андиша, уялиш, ўнғайсизлик каби ҳис-туғулар билан боғлиқ қўрғонларига ўт кетганига минг йиллар кечганди. Ўхшатмаса, учратмас деганларидек, қизлари ҳам ўзидан баттар эди. Қолганлар, боёқи. У чорак аср давомида атрофига ўзидан ҳам ношуд, мансаб, мол-дунё деса ўзини томдан ташлайдиган савия даражаси ҳамин қадар тубанларни жамлаган эди. Улар бир бўлиб, бутун Дуйсенистонни ўзлари ботиб қолган балчиққа томон тортиб кетаётган эдилар.

– Додаж-о-он, дода! – дея иккала қизи илкисдан хонага уриб киришини кутмаган Дуйсенбай бир қалқиб тушди. У изқувар мистер Куарога айлангач, Дўрмондаги қароргоҳга бормаётган эди. Режалаган ишларини охирига етказмаса, унинг кўнгли жойига тушмасди. На еб-ичганида, на уйқусида ҳаловат бўларди. Икки қизи кела-сола ёпишиб, икки юзидан чўлпиллатиб ўпгач, унинг кўкрагига бош қўйдилар. Ҳали ювинмаган, ҳамом халатида турган Дуйсенбайдан алламбало ёқимсиз ҳидлар келарди. Бунинг қизлари учун аҳамияти йўқ эди. Улар кеча тунда додалари билан бўлиб ўтган хунук ишларни аллақачон унутган эдилар. – Бутун дунё сиз ҳаққингизда – Бин Лодиннинг ваҳшийликлари хусусида гапиряпти. Сизни бу улкан мувафақият билан чин юрагимиздан табриклаймиз. Илоё бизларнинг бахтимизга ҳамиша омон бўлинг. Бизлар сояйи давлатингизда мазза қилиб юраверайлик. Бунақанги муттаҳамона, разилона ишларни биргина сиз очиб ташлашингиз мумкин. Риё ва мунофиқона амалларни очиб ташлаш биргина, сизнинг қўлингиздан келади. Биласизми, бу учун одам қанчалар пасткаш ва жирканч бўлиши лозим…

Опа-сингилларнинг ортида тўстувак ушлаб юрган Гулисипсанинг димоғига Дуйсенбайнинг қўллансаси урилгач, унинг кўзлари олдида кечаги ота-болачиликка хос бўлмаган ишлар гавдаланди.

– Вой, ўлмасам, нималар бўлаяпти?! Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор! – деди у ичига тупуриб. – Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ. Сен, менга ҳеч нимани кўрсатмадинг!

Мирзелимбай қизларнинг орқасидан шошиб кириб телевизорни ёқди. У ҳам шодлигидан терисига сиғмай кетаётган эди. Дуйсенбайнинг оёқ-қўлларини опа-сингил – Батангул билан Сатангул каби ялашга ҳам у тайёр турарди. Бир дақиқа ўтмасдан бутун боқонлар бош боқон Тарлон бошчилигида ёприлиб кириб, Дуйсенбайнинг оёқ-қўлларини ялашга чоғландилар. Оламшумул ғалаба билан муборакбод этиб, уни замонанинг Адолф Гитлери, Чингизхони, Амир Темури дея мақташга тушдилар.

Телевизорда бутун каналлар гаровга олинган Белгия фуқароси Жак Андирсон билан Моракаш фуқароси Аббос Қасрий ҳақида гапираётган эди. Амриқоликлар иддао қилганлари каби Усома Бин Лодин ўлмаган эди. Чунки, Амриқо президентининг ўзи ҳам у билан бирга гаровга олинган асрларни қийноққа солаётганди. Бин Лодин ўлган бўлса ҳам, у Маҳдий сиймосида океаннинг тагидан тирилиб чиқиб, ишини қолган жойидан давом эттиришга бел боғлаганди. Барчаси, Амриқо президенти билан бамаслаҳат амалга ошаётгани тасвирларда яққол кўриниб турарди. Демак, енг ичида битириладиган дастуруламаллардан Исроил хавфсизлиги хуфияларининг хабарлари бор эди. Шу учун маъракага бош қўшганлар, охир-оқибат ютиб чиқардилар.

Занжирга боғланган асрларнинг бошига автомат қўндоғи билан уриб, шифтларга ўқ узаётган кимса, худди Бин Лодиннинг ўзи эди. Уни кўриб туриб, ўлган эди дейишга тил бормасди. Унинг думғазасига дум боғлаган икки қанжиқ жазмани билан рақсга тушиб, уруштириб виска ичаётганлари умуман ислом ақидаларига тўғри келмасди. Никоҳига кирмаган номаҳрамни бурчакка тортиш шайтоний амал бўлиб, икки қанжиқнинг бир бўлиб бир эркакнинг устига чиқиши ғирромликдан ўзга нарса эмасди. Шарҳловчиларнинг яна айтишларича, бу мусулмонларнинг мунофиқлигини, сўзи бошқа амали бошқалигини кўрсатарди. Бутун дунёни “ислом хавфи”дан тинмасдан огоҳ этиб келаётган ўлкабошининг эътиборсиз қолдирилган сўзлари ўз исботини топган эди.

Занжирлар билан устунга ўраб ташланган Жак Андирсон билан Аббос Қасрийларнинг оёқлари остида ҳам, қандайдир она-бола асрлар ўтирардилар. Ўғлининг уввос солиб йиғлаётганига чидай олмаётган она жуда ҳам хомуш эди. У қаттиқ хафа бўлгач, қош-қовоғи осилиб кетиб, икки кўзи кўринмай қолганди. Чатоқ томони, уларнинг ҳалигача шахслари аниқланмагани эди. Тахминларга кўра, кампир ҳали ўн олти ёшида эканида ўғирланган. Ўғлини ҳам у тутқинликда туққан. Унинг саксон ёшдан ошиб кетгани эътиборга олинса, унинг гаровга олинганига камида етмиш йилдан ошган. Дунёдаги биринчи рақамли террорчи уни шунча йиллардан буён қийноқларга солиб келганди. Бу фикр у озод этилгач ўз исботини топса, Ўзбекистон президентига кўра, унга Мустақиллик майдонида, “Асрларни асрликда қаритган она” ҳайкали ўрнатиларди…

Бошқа бир каналларда Оврупонинг ва Амриқонинг баъзи бир шаҳарларида гаровдагиларни қутқариш аксиялари бошланиб кетгани ҳақида сўз борарди. Ўзларини сиёсий фаол ҳисоблаган милёнлаган ақлли-ҳушли фуқаролар, сўфи кетини ювмасдан транспоратлар кўтариб кўчаларга чиққандилар. Ўн минглаган, юз минглаган Бин Лодиннинг суратлари туширилган плакатларни норозиликларини намойиш этиш учун ёқиб, оёқлари билан тепиб, топтаб ташлаётган эдилар. Иккинчи томонда Бин Лодиннинг ранг-баранг суратлари туширилган плакатларни босиб чиқараётган нашриётларнинг қўллари-қўлларига тегмасди…

Боқонлари билан телевизордан томоша қилиб ўтирган Дуйсенбайнинг кўриб, ақли шошиб қолди. У Бин Лодиннинг ўзи эканлигига ишонмасди!

Ўзининг гаровдагиларнинг бошига автомат тиркаганларини кўргач:

– Шу, ўзимми?! – дея, у чўчиб кетди.

– Ўзингиз, ўзингиз! – дея боқонлари фахрларга тўлиб, жўр овоз бўлиб жавоб қайтардилар.

Амриқо президентининг террорчилар билан бемалол оғиз-бурун ўпишиб юрганини кўрган Араб давлатларида эса, ҳукумат тепасидагиларга қарши исёнлар бошланганди. “Нима учун Амриқо президенти Бин Лодин билан очиқ мулоқот қиладию, бизникилар алоқаларини яширади”, деган савол ғалаёнчиларнинг шиорига айланганди. Қўшни юртада эса адолат қарор топиши муносабати билан катта байрам, расмий тантаналар бошланиб кетганди.

Сиёсий майдонда охир-оқибат ҳақ бўлиб чиққан ўлкабоши шарафига ҳар бир маҳаллада ош тортилаётган эди. Хонадонларда қўйлар сўйилиб, доно раҳбар ато қилган Раббига шукроналар ўқилаётган эди. Қуръон тиловат қилиниб, етим-есирларга садақалар тарқатиларди. Куни туғиб қолган имомлар ҳар кирган хонадонларидан бир қўйнинг сони билан икки шиша рус ароғини қўйнига тиқмаса, остона ҳатлаб кўчага чиқмасдилар.

Хизмат ҳаққи икки юз доллардан беш юз долларгача кўтарилганди. Сўмни долларга ҳисоблаб, икки баравар ошириб берсалар ҳам, имомлар сўмни назар-писанд этмасдилар. “Чўнтакка тиқса дўппайиб қолади, қопга тиқиб орқалаб юриш ноқулай” деб гина-гузаронликка тушардилар. Домулла хафа бўлмасин, деб уй эгалари бозордан саррофни чақиртирардилар.

Ҳали хушхабар юртага етиб келмасдан, долларнинг сўмга нисбатан қиймати икки баробар кўтарилганди. Ҳамма байрам кайфиятида эди. Оқил ва доно ўлкабошилари борлигидан фахрларга тўлиб кетаётган элнинг ёш-яланглари ва қари-қурилари телевизордан шодликларини баён этиш учун уч юз чақиримлик навбат пайдо қилган эдилар. Навбатда турганларнинг боши телемарказда бўлса, кети қайсидир бир узоқ вилоятга етаётганди. Навбатига яна уч-тўрт ўринни қўшиб олганлар, ялиниб-ёлворганларга ҳар бир навбат ўрнини минг доллардан, уч минг долларгача пуллардилар. Телевидение ходимлари пулнинг остида қолиб кетганди. Ўлкабошилик маҳкамасидагилар ҳам ҳар битта қўнғироқ учун фалон доллар олмасалар, бировга илтимос қилмас эдилар.

Чайқовчиликда учига чиққан ДЭВОчилар билан Олий ўқув юртлари ўқитувчилари ҳам порахўрликда ҳалигача бунақанги юксакликни забт эта олмагандилар. Хуллас, асл ҳақиқатнинг юзага чиқиши муносабати билан юртада бир ҳафталик байрам таътили эълон қилинди. Бори боридан, йўғи йўғидан йўндириб, ҳар ким топганини йўқлашга тушди. Чорак асрдан буён сув келса симириб, тоғ келса кемириб, “эрта бир гап бўлар. Худо, ўзи беради” деб барчасига кўникиб қолган халқ, ўлкабошининг мувафаққият қозонганига унча севинмаган бўлса ҳам, “ҳаммасини еб-ичиб қўйсам, эртага нима бўлади” деб тараддудланиб ўтирмасдан, ичиш-ейиш учун баҳона топилганига – янги гап чиққанига хурсанд эди…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort